Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

ИСМСИЗ МАКОН СИНОАТИ

Ёзувчи Шодиқул Ҳамронинг «Қора кун» қиссаси ўзига хос кўп сюжетлилик асосида қурилган. Бу ўзига хослик асар қурилишида марказий устун вазифасини бажарган макросюжет ва микросюжетлар аро нозик муносабатда намоён бўлган.
 

Қиссанинг бошида воқеалар юз берган қишлоқда тобут йўқолади. Шундан сўнг бирин-кетин бошқа воқеалар содир бўлади. Хусусан: қишлоқ аҳли шуурини қамраб олган ваҳима ва даҳшат; тобут йўқолиши хусусидаги турли гап-сўзлар, тахминлар, башоратлар, муносабатлар; қишлоқ оқсоқолининг янги тобут ясатишга қарор қилиши; бунинг таъсирида ваҳималарнинг бироз чекингандек бўлиши; аммо лаҳзалик қувончнинг янги тобут билан бирга чилпарчин этган ғайритабиий воқеа; қишлоқ гўрковининг маййит учун қазилган қабр лаҳади остида қолиши; гўрков остида қолган туп­роқнинг зум ўтмай тош-метинга айланиши; ниҳоят қисқа фурсат и­чида асрлар бўйи гавжум бўлган қишлоқнинг кимсасиз ҳувиллаб қолиши каби воқеалар қиссанинг макро сюжетини ташкил этган. 
Ғирт етим, тақдир на ақл, на ҳусндан ёлчитган, тоғасининг хонадонида жоҳил янга дашномлари-ю калтакларини еб ҳиссиз бир тошга айланган, алал оқибат туғишган тоғаси томонидан номуси ўғирланган Жинни қиз ҳаётини ҳикоя қилувчи воқеалар дастлабки микро сюжетни ташкил этади. Иккинчи микро сюжет тобут йўқолган қиш­лоққа ўлган эшакнинг лошини егулик учун олиб кетгани келган, мақсадига етолмай, иссиқ жонини очлик ва қаҳратон совуққа топширган икки ўспирин тақдири ҳақида. Учинчи микросюжетда фаолиятлари ўйинқароқликдан кўра кўпроқ ёвузликка ўхшаб кетадиган қишлоқ болалари ҳақида ҳикоя қилинади. Ўлимтик орқасидан жарақ-жарақ ақча топаётган сомсапаз ҳақидаги ҳикоя микросюжетларнинг тўртинчисидир.
Шу ўринда мустақил ҳолатда ҳам бирор насрий жанр талабига жавоб бериши мумкин бўлган ушбу воқеаларни бир қисса ичига жо этишдан мақсад нима? «Қора кун» қиссасидаги бундай воқеаларни ўзаро нима боғлаб турибди?» каби ўринли саволлар туғилади.
Қиссага Пушкиннинг «Кўнгил жаннатни истайди-ю, аммо бўйнимда гуноҳларим кўп-да...» деган сўзлари бекорга эпиграф қилиб олинмаган. Шунингдек, юқоридаги турли воқеалараро бутунлик ҳам уларнинг катта-ю кичик гуноҳлар экани, образли айтганда ўзаро гуноҳлар занжири орқали боғланганида кўринади. Ушбу занжир ортида муаллифнинг «ҳеч бир гуноҳ жазосиз қолмайди», деган иқрори, фалсафаси мужассам.
Қиссанинг яна бир ўзига хослиги образлар ноанъанавийлигида намоён бўлади. Маълум анъаналарга зид равишда «Қора кун» қиссасида на бош, на ёрдамчи, на иккинчи даражали қаҳрамон бор. Англаб етмаганимиз қонуниятга кўра, қисса персонажларининг барчаси юз берган ҳодисотларга, гуноҳу савобларга тенг шерик – сабабчи. Бунинг асосида халқнинг «беайб парвардигор» деган буюк бир ҳикмати ётади. Қиссадаги образларнинг ҳар бири (ҳатто Жинни қиз ҳам) ўз яшаш тарзига, ўз фалсафасига, ўз фожиасига, бир сўз билан айтганда, ўз қисматига эга. Ушбу жиҳат қиссадаги образлар индивидуаллигига, қолаверса инсоннинг борлиқ ва жамиятда азалу абад ёлғизлигига урғу беради.
Асарда бадиий замоннинг шартли уч кўриниши фарқланади. Буларнинг биринчиси хурофий замон бўлиб, қисса воқелигида куннинг шом пайтига тўғри келади. Матнда эса шундай тасвирланади: «Одатда ҳар куни кун оғиб (?) уфқ бағри худди итнинг осилган тилидек яллиғланган пайт қишлоқни туйқус мубҳам бир сукунат чулғаб олар, тирик жон зоти борки, бари худди (?) қандайдир хавф-хатарнинг шарпасини пайқаб қолгандек, бирдан жонсарак қиёфага кирар, ҳеч қаердан «тиқ» этган товуш қулоққа чалинмас, ҳатто кун узоғи акиллайвериб жағи тинмайдиган итларнинг ҳам уни учиб қолар эди». «Нега шундай? Чунки: «...бу кичкина қишлоқда бирор-бир мусибатми ёки кўргулик юз бериб қолгудек (?) бўлса, у албатта... айни шом маҳали ўғри мушукдек соя ташлаб қолади». Матндаги «ҳар кун» сўзи шом пайтида қишлоқ аҳлини ваҳимага соладиган хурофий туйғуларнинг азалий ва абадий, мумкину муқаррар, шу билан бирга мавҳум ва нисбий эканига ишора қилади. Айни шу мавҳумлик ва нисбийлик хурофий ваҳима шарпасини даҳшатлироқ қиёфада гавдалантиради. «Ўғри мушукдек соя ташлаб қолади» ибораси эса нисбийлик ва мавҳумликка фавқулоддалик тушунчасини юклайди. Алқисса, асарнинг асосий воқеаси тобутнинг йўқолиши билан айни шом пайтида, яъни хурофий замонда бошланади.
Қиссадаги яна бир замон шаклини шартли равишда ҳодисага тобе вақт деб номлаш мумкин. Боиси микросюжет воқеалари макро сюжет воқеалари билан бир замонда юз бергандек тасаввур туғдирса-да, ўзаро хронотопик айният касб этмайди. Хусусан, Жинни қиз воқеаси, қисса замонига кўра тобут йўқолишидан «...тўрт-беш ой муқаддам рўй берган». Ўсмирлар воқеаси ўтган қиш чиллаларидан бирида содир бўлган. Сомсапаз тобут йўқолган дақиқаларда ҳам ўзининг гуноҳи кабирасида давом этган. Бироқ бу гуноҳи кабиранинг илдизлари-да ўтган замонга бориб тақалади. Хуллас, турли замонларда юз берган воқеа (гуноҳ)ларнинг ҳаракатдаги хурофий замон воқеаларига тобеланиши натижасида ўзига хос хронотоп поэтикаси ҳосил бўлган.
Асардаги учинчи замон кўринишини номуайян вақт деб атасак хато бўлмас. Сабаби қиссада йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар, соатлар, дақиқалар хусусида сўз боргани ҳолда, воқеаларнинг айнан қайси йили, қайси асрда содир бўлгани ҳақида бирор ишора йўқ.
Биз бадиий сўз дунёсининг «эрамиздан аввалги...», «ҳижрий...», «бир минг...» деб бошланувчи замонларига, Туркистон, Хитой, Париж, Москва, Берлин каби муайян маконларга одатланиб қолганмиз. Шу сабаб кўриб ўтганимиз ғайриоддий замонлар, энди кузатажагимиз исмсиз маконлар бироз ғалатироқ туюлиши мумкин.
Дарҳақиқат, «Қора кун» воқеалари кечадиган макон номсиз. Муаллиф қўллаган «қишлоқ» сўзи эса мутлоқ абстракт тушунча. Негаки, бу қишлоқ курраи арзнинг дуч келган нуқтасида бўлиши мумкин. Фақат матндаги «муаззин», «фосфор», «музей», «масжид» сўзлари асарнинг хронотоп доирасини бироз торайтиргандек туюлади. Аммо бу ҳам қисса воқеалари Туркистонда ёки бирор Шарқ мамлакатида содир бўлган экан дейишимизга асос бермайди. Агар инсон вужудини руҳ вақтинча ошён тутадиган макон ҳисоблайдиган бўлсак, қисса персонажларини ҳам исмсиз маконлар сирасига киритишимиз лозим бўлади. Негаки, персонажларнинг бирортаси ҳам одатий исмга эга эмас. Муаллиф уларни: Оқсоқол, Жувозкаш, сомсапаз, Жинни қиз, Жинни қизнинг тоғаси (Жинни қизни зўрлагач тоғани лозим кўрмай «қора шарпа» деб атайди), Гўрков, Сартарош, Фолбин хотин, чандиқ юзли бола, сап-сариқ юзли бола тарзида атайди. Замонларидаги хурофот ва даҳшатни, маконлардаги исмсизликни бу бадбахт қишлоқ аҳлининг фожиаси сифатида талқин этади.
Умуман, «Қишлоқ» дейилган бу макон ўзининг бутун борлиғи: савобу гуноҳлари, шодлигу кулфатлари, орзу ва фожиаси билан яккаю ёлғиз. Қалбни изтиробга соладиган даражада бенажот. Муаллиф таърифича бу қишлоқ: «Гўё оламдан узилиб қолгандек». Баъзи кичик деталларни мустасно этганда, қишлоқдан бошқа жойда ҳаётнинг мавжудлиги ҳатто сезилмайди. Гўёки бу қишлоқнинг ўзи бир дунё-ю, дунё эса шу қиш­лоқдан иборатдек.
Аммо ўқувчи «Воқеалар қаерда ва қачон кечади? Асар персонажлари қайси миллатга мансуб? Нега воқеалар тушунарсиз ва ғалати?» каби саволларга қалбидан жой бермаслиги лозим. Ҳатто муаллифнинг ҳам бундай саволларга изоҳ беришга ҳаққи йўқ. Негаки, бадиий сўз дунёси фақат хилма-хил талқинлар билангина гўзалдир. Шу маънода хоҳланг ушбу ҳувиллаб қолган қишлоқни ўз қишлоғингиз деб ҳисобланг, истанг бирор мамлакатга, истанг жабрдийда она еримизга ўхшатинг. Балки бу қисса, умуман бирор-бир халқ ёхуд миллат ҳақида эмасдир. Балки бу исмсиз макон эзгу туйғулар беомон тарк этиб кетаётган инсон қалбидир. Балки...
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари доктори




Ўхшаш мақолалар

Ўқишдан, фикрлашдан тўхтаган киши ТАРАҚҚИЁТДАН ОРТДА ҚОЛАДИ

Ўқишдан, фикрлашдан тўхтаган киши ТАРАҚҚИЁТДАН ОРТДА ҚОЛАДИ

🕔10:29, 23.10.2020 ✔66

Китоб ўқиш инсон учун муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Илм излаш, китоб, газета ва журналларни мутолаа қилиш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, ўзига хос лаззат бағишлайди. Ўзгалар олдида соҳибининг илмий, маданий ва ахлоқий савиясини юқорига кўтариб қўяди.
 

Батафсил
СОҚОВ ВА ДУДУҚ БЎЛИБ ҚОЛМАЙ ДЕСАНГИЗ...

СОҚОВ ВА ДУДУҚ БЎЛИБ ҚОЛМАЙ ДЕСАНГИЗ...

🕔10:28, 23.10.2020 ✔38

Академик лицейда ўқирдим. Лицейимиз директори ташаббуси билан «Бир ҳафтада бир китоб» лойиҳаси ташкил этилган эди. Лойиҳага кўра ҳар бир ўқувчи бир ҳафтада биттадан бадиий китобни мутолаа қилиши ва таассуротларини туман газетасига ёзиш топшириғи берилган. Танлов ғолиблари тақдирланадиган бўлди.
 

Батафсил
ҚИЁФАСИЗ КИМСАЛАР ФОЖИАСИ

ҚИЁФАСИЗ КИМСАЛАР ФОЖИАСИ

🕔11:03, 09.10.2020 ✔295

Ҳаётимиз ўткинчи нарсаларга шу қадар тўлиб кетганки, баъзан шуларсиз ҳаёт ҳаёт эмасдек, шуларсиз бир онимизни тасаввур этолмаймиз гўё. Ҳаётимизда пул, мол-дунё тўплаш, бир-биридан ўзиш шу даражада кескинлашганки, бунинг оқибатида одамлар қариндошми ёки дўст – бир-бирини танимай қиёфасиз кимсаларга айланиб бормоқда...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ўқишдан, фикрлашдан тўхтаган киши ТАРАҚҚИЁТДАН ОРТДА ҚОЛАДИ

    Ўқишдан, фикрлашдан тўхтаган киши ТАРАҚҚИЁТДАН ОРТДА ҚОЛАДИ

    Китоб ўқиш инсон учун муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Илм излаш, китоб, газета ва журналларни мутолаа қилиш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, ўзига хос лаззат бағишлайди. Ўзгалар олдида соҳибининг илмий, маданий ва ахлоқий савиясини юқорига кўтариб қўяди.
     

    ✔ 66    🕔 10:29, 23.10.2020
  • СОҚОВ ВА ДУДУҚ БЎЛИБ ҚОЛМАЙ ДЕСАНГИЗ...

    СОҚОВ ВА ДУДУҚ БЎЛИБ ҚОЛМАЙ ДЕСАНГИЗ...

    Академик лицейда ўқирдим. Лицейимиз директори ташаббуси билан «Бир ҳафтада бир китоб» лойиҳаси ташкил этилган эди. Лойиҳага кўра ҳар бир ўқувчи бир ҳафтада биттадан бадиий китобни мутолаа қилиши ва таассуротларини туман газетасига ёзиш топшириғи берилган. Танлов ғолиблари тақдирланадиган бўлди.
     

    ✔ 38    🕔 10:28, 23.10.2020
  • ҚИЁФАСИЗ КИМСАЛАР ФОЖИАСИ

    ҚИЁФАСИЗ КИМСАЛАР ФОЖИАСИ

    Ҳаётимиз ўткинчи нарсаларга шу қадар тўлиб кетганки, баъзан шуларсиз ҳаёт ҳаёт эмасдек, шуларсиз бир онимизни тасаввур этолмаймиз гўё. Ҳаётимизда пул, мол-дунё тўплаш, бир-биридан ўзиш шу даражада кескинлашганки, бунинг оқибатида одамлар қариндошми ёки дўст – бир-бирини танимай қиёфасиз кимсаларга айланиб бормоқда...

    ✔ 295    🕔 11:03, 09.10.2020
  • «КИШИ АЙБИНГ ДЕСА...»

    «КИШИ АЙБИНГ ДЕСА...»

    ёхуд Навоийнинг мунаққидлик маҳорати

    Алишер Навоий асарлари ҳақиқат мезонларида яралгани учун ҳам ўқувчини ўзига тез жалб қилади. Шоир ўз даврининг адолатпеша, ҳақиқатгўй сиймосини кўз олдимизда гавдалантиради.

    ✔ 451    🕔 09:18, 28.09.2020
  • ҲАҚИҚИЙ ТАШНАЛИК

    ҲАҚИҚИЙ ТАШНАЛИК

    ёхуд «қоғозга ўралган» гаплар

    «Китобимни очингиз ва унда баён қилинган воқеалар ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрингиз. Ишонаверишингиз мумкин, уни ўқиш натижасида ҳам жасоратли, ҳам доно бўласиз, чунки менинг китобимда бутунлай бошқача йўсиндаги руҳ ва қандайдир фақат юксак дидли кишиларга тушунарли бўладиган таълимотни кўрасизки, бу эса сизга бизнинг дин, худди шу каби сиёсатимизга доир ўта махфий ва даҳшатли сирларни очиб беради...»
     

    ✔ 424    🕔 09:09, 28.09.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар