Ўзлик      Бош саҳифа

БЕҲБУДИЙ БИЗНИ КЕЧИРАРМИКАН?

Ҳаётий тажрибамда давлатнинг икки хил тизимида кўп ўзгаришларга, яхшисига ҳам, ёмонига ҳам гувоҳ бўлдим. Вазиятдан чиқиш мақсадида шошилинч тадбирлар кўрилгани, турли экспериментлар ўтказилгани ҳам бор гап.
 

БЕҲБУДИЙ БИЗНИ  КЕЧИРАРМИКАН?

Фақат халқ билан маслаҳатлашиб, етук мутахассислар, ҳатто халқаро экспертлар хулосасини олиб яратилган Ҳаракатлар стратегиясида мен чинакам халқпарвар концепция ва реал амалиётни кўрдим. Бу стратегиянинг босқичма-босқич, узлуксиз ва муштарак амалга ошиши ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ислоҳотларнинг изчил боришини таъминлаяпти. Дарвоқе, буни билиш қийин эмас. 
Истаган соҳа ходими қўлига қалам олиб, кейинги уч-тўрт йил ичида ўз фаолиятига халақит берган ва олиб ташланган (бекор қилинган) бюрократик тўсиқларни санаб чиқишининг ўзи кифоя. Иккинчи рўйхатга барча касб эгалари, хусусан, тадбиркорларга берилган имтиёз, имконият, янгиликларни киритинг. Энди одилона баҳо беринг: сал олдинроқ бундай ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини тасаввур қилганмисиз?
Пандемия жуда катта шижоатимизга барибир салбий таъсир кўрсатди. Чунки глобал муаммолар ҳамиша инсониятни шундай синовга дучор этади. Бироқ Ўзбекистон раҳбарияти ана шу вазиятда ҳам ўзи бошлаган кенг қамровли ислоҳотлар йўлида собит турди ва туряпти ҳам. Хўш, бу собитликни биз нимада кўришимиз мумкин?
Биринчидан, халқаро талаб – пандемия шароитида карантин шартларини тўкис-тугал бажариш. Вирусдан ҳимояланиш ва касалликни даволашда халқаро ёрдам баробарида ички имкониятлардан фойдаланиш.
Иккинчидан, хориждаги ҳамюртларимизни олиб келиш.
Учинчидан, хорижда таҳсил олаётган ёшларни автоматик тарзда маҳаллий олий таълим муассасалари (ОТМ)га кўчириш, ОТМлар ўқув лабораторияларини замонавий ускуналар билан таъминлаш. Онлайн дарслар учун шароит яратиш. Пандемия даврида олимлар, муаллимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш.
Тўртинчидан, электростанциялар қувватини ошириш, сайёҳлик зоналарини барпо этиш. Қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда кластерлар тизимини шакллантириш.
Бешинчидан, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш. Тўқимачиликда брендлар яратишга киришиш. Пилла ҳосилини тўла қайта ишлашни йўлга қўйиш.
Олтинчидан, замонавий уй-жойлар қуриш. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» лойиҳаларини рўёбга чиқариш. Архив, статистика тизимини қайта ташкил этиш. Санъат ва маданиятдаги янги тартиб-қоидалар. Божхона ва стандартлаштиришдаги янгиликлар. Оила ва маҳалла тизимини такомиллаштириш. Барча соҳада электрон маълумот базасини яратишга киришиш.
Еттинчидан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар. Ёшлар парламентларини шакл­лантириш. Хусусий мулкни кафолатлаш.
Халқ тили билан айтганда, оғзимиздан чиққан истагимиз ўрганилиб, таҳлил қилиниб, муҳайё этиляпти. Ҳатто хорижда ишловчиларни мамлакатда бепул касбга тайёрлаш, уларга четда қулай шароит яратиш чоралари ҳам белгилаб берилди.
Келинг, одилона таҳлил қилайлик, жорий йилнинг қарийб 240 куни ўтди. Халқига куюнчаклик билан меҳрибонлик қилаётган Президент деярли ҳар куни раҳбарлардан аҳволимизни сўраб турганини кўряпмиз. Жойларга бориб, аҳоли аҳволидан хабар олишга, янги лойиҳалар ижроси билан танишишга, деярли ҳар куни бугун ҳаётимиз учун зарур бирон соҳани таҳлил қилишга имкон топаяпти. Ҳар гал нутқини бир хил якунлайди: «Биз халқимизни пандемиядан эсон-омон олиб чиқишимиз, иш билан, яхши ҳаёт билан таъминлашимиз керак. Давлат бу йўлда ҳеч нарсани аямайди».
Энди, ўзингизнинг фаолиятингизга сал четдан бир назар солинг. Эрталабдан кечгача нима ишни режалаштиряпсизу, нималарга эришяпсиз? Қарийб 240 кунлик умрингизни нималарга сарфладингиз? Кимга ёрдамингиз тегдию, ким сиздан нима ибрат олди?
Мен бу саволни бежиз ўртага ташламадим. Унга бериладиган жавоб ҳар биримизнинг ҳаётга нуқтаи назаримизни белгилайди. Унга жавоб орқали мамлакатимиздаги ислоҳотлар моҳиятини англаймиз.
Тан олмоқ лозим, дунёни, атрофдаги воқеаларни анг­лаш доимо осон кечган эмас, кечмайди ҳам. Негаки, унда ҳар ким ўз манфаатини ахтаради. Бундай пайтда турфа қарашларнинг, талабларнинг бўлиши табиий. Айтайлик, икки мансабдор бир-бири билан ўчакишади, кимдир лавозимидан ажралади, кимдир йиллар давомида оқиб келган даромадидан маҳрум бўлади. Қайсидир ношуд раҳбар ишга бечора ёки яхши мутахассисни эмас, қариндоши ёки совға берганни олади. Кимдир оилавий келишмовчиликдан азият чекади. Кимнингдир эса қисқа муддатда замона қаҳрамонига айлангиси келиб қолади.
Хуллас, ҳамма даврда ҳам, ҳамма тизимда ҳам, ҳамма давлатда ҳам фаровонликка эришишда камчилик ва қарама-қарши манфаатлар бирга юради. Бу ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди.
Худди ана шу нуқтада миллатнинг қаймоғи – зиёлилар зиммасига катта масъулият тушади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатяптики, миллат фидойилари аҳолини тўғри йўлга бошлашда, одамларнинг ўз тақдири учун масъулиятини оширишда катта кучга эга. Зеро, миллат тарихида жадид боболаримиз бундай жасоратни кўрсата олишган.
Ана шу жараёнга дунёвий нуқтаи назардан қараб кўрайлик. Жадидлар деҳқон ёки чорикор эмас, ўзига тўқ инсонлар фарзандлари, илмли, фикрли кишилар бўлишган. Улар жамиятга теран кўз билан қарашган. Бу қарашларни нималарда кўришимиз мумкин?
Улар пайтида ҳам ноҳақлик етарли бўлган: кимнингдир ери тортиб олинган, кимдир ноҳақ қамаб юборилган. Лекин улар бунақа жабр кўрганнинг қўлидан ушлаб, идорама-идора югурмаган. Муаммонинг сабабини қидирган. Чунки жамиятдаги камчиликни айтиб «уввос» солиш қаҳрамонлик эмас, жаҳолат эканини англаб етишган.
Улар миллатни маърифатли қилиш ҳисобигагина яхши ҳаёт қуриш мумкин, деб ўйлаган. Натижада миллат болалари учун замонавий мактаб қуришган, алифбодан тортиб барча дарсликларгача ўзлари ёзган, чоп этиб, мактабларга беришган. Бунинг учун тил ўрганишган, қўлланмаларни таржима қилишган. Иқтидорли болаларни хорижга ўқишга юборишган.
Чор ҳукумати улар очган газетани неча марта ёпиб қўйса, яна шунча марта бошқа ном билан чиқараверган: қийналдик, деб «дод-вой» қилишмаган. Дунё­даги аҳволни таҳлил қилиб, одамларга сиёсат моҳиятини тушунтиришган. Уйларини, ҳовлисини мактабга бўшатиб беришган. Бизда эса профессорнинг ойлик маошини 15 миллион сўмга ошириб қўйишса-да, яна пора оляпмиз, таъна қиляпмиз. Муаллимларга пандемия шароитида ойлик маошини сақлаб туриб, тағин моддий ёрдам кўрсатилса-да, уларнинг айримлари бир-бирининг устидан (эҳтимол, бекорчиликдандир) мағзава тўкиб, аризабозлик қилиб юришибди. Уларни Шакурий, Авлоний авлодлари дейишга тилим бормайди.
Газета тахламларини варақлайман. Жадидлар мақолаларини ўқийман. (Надоматлар бўлсинким, аксарият зиёлиларда бунга вақт, ҳафсала, иштиёқ топилмаяпти). Бирор жойида нолиш йўқ. Миллатни маърифатга, бирлашишга чорлашади. Мисол учун, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қозоқ биродарларга мактубини олинг. Биз эса сал мансаб ёки манфаат тегмаса, миллатчилик қилишдан уялмаяпмиз. Энг ёмони, жамиятимизда ўзини оқлашга уриниш деган иллат тарқалди. Эътирозни қабул қилиш ўрнига, муаммо четда қолиб, фикр билдирган одамни ёмон кўришни ўргандик. Раҳбарни танқид қилиб, «обрў» орттиришни ўргандик.
Бугун жамиятда мулоқот, мунозара, баҳс учун ҳамма шароит яратилган. Ижтимоий тармоқлардан ташқари, давлат телерадиоканаллари, газеталари ҳам барчага бирдек очиб қўйилди. Аммо ҳамон бу минбардан ҳаётда омади чопмаган ёхуд ҳақиқатдан ҳам адолатсизлик туфайли жабр кўрганлар овозини эшит­япмиз. Ҳақиқий зиёлилар айни шу шароитда аҳолига давлат сиёсатининг моҳиятини тушунтириб, одамларни иллатларга қарши ҳамкорликка чорлаши, халқдаги бунёдкорлик хислатини кучайтиришга хизмат қилиши керак эмасми? Ваҳоланки, онгу шууримиздаги, турмуш тарзимиздаги қусурларни гап билан, ваъда билан бир кечада бартараф эта олмаслигимизни биламиз-ку! Эътироз билдираётганлар ёнига кириб, бугунги сиёсат моҳиятини тушунтириб, муаммосини енгиллатишга ёрдам берсак бўлмайдими?!
Маҳмудхўжа Беҳбудий «Муаллим ила муҳаррир миллатнинг икки қўлидур» деган эди. Самарқандлик яна бир адабиётчи Сайдулла Мирзаев «Олим ва зиёли – миллат маънавиятининг юзи» деб ёзган. Зиёли фақат муаллим ва олимгина эмас, бугун шифокору инженер, қурувчи, ҳатто талаба ҳам зиёли. 
Катта кучмиз. Шундай пайт­да ҳар биримиз ўз оиламизда, маҳалла ва жамоамизда одамларга Янги Ўзбекистонда қилинаётган ишлар, Янги Ўзбекистон кўзлаётган марралар ҳақида гапирсак, Ватан ҳақида тасаввуримиз янада ёрқин, маънавиятимиз эса бой бўлади, деб ўйлайман. Нима дейсиз, азиз зиёлилар?
Фармон ТОШЕВ,
журналист




Ўхшаш мақолалар

БЕҲБУДИЙ БИЗНИ  КЕЧИРАРМИКАН?

БЕҲБУДИЙ БИЗНИ КЕЧИРАРМИКАН?

🕔13:15, 28.08.2020 ✔595

Ҳаётий тажрибамда давлатнинг икки хил тизимида кўп ўзгаришларга, яхшисига ҳам, ёмонига ҳам гувоҳ бўлдим. Вазиятдан чиқиш мақсадида шошилинч тадбирлар кўрилгани, турли экспериментлар ўтказилгани ҳам бор гап.
 

Батафсил
ҒОЛИБЛАРГА БАЙРАМЛАР ЯРАШАДИ

ҒОЛИБЛАРГА БАЙРАМЛАР ЯРАШАДИ

🕔13:12, 28.08.2020 ✔593

Бир дўстим коронавирусдан вафот этди. Йигирма кун аввал кўргандим. Соппа-соғ юрганди. У билан болалигимиз бирга ўтган, мактабда олдинма-кетин ўқигандик. Собиқ футболчи эди. Юрагим ачишиб кетди.

Батафсил
МАЪРИФАТНИ АНГЛАШ ЙЎЛИДА

МАЪРИФАТНИ АНГЛАШ ЙЎЛИДА

🕔13:12, 28.08.2020 ✔715

улкан ишларга қўл урилмоқда

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар