Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Aҳрор УСМОНОВ: «ЎША ҚАРҒИШДАН МЕН ЖУДА-ЖУДА ҚЎРҚАМАН»

Бугунги меҳмонимиз таниқли хонанда, юртимиздаги деярли ҳар бир тўй-томошада қўшиқлари албатта куйланадиган санъаткор Аҳрор Усмонов. Мухлисларнинг талабига асосан, хонандага савол бермадик, ҳаммасини ўзи бир бошдан айтиб берди.

Aҳрор УСМОНОВ:  «ЎША ҚАРҒИШДАН  МЕН ЖУДА-ЖУДА ҚЎРҚАМАН»

Санъатга илк қадам

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида 1966 йил 21 июнда туғилганман. Онам Офтобхон Усмонова рус тили ўқитувчиси эдилар. Шунинг учун боғчада рус тилига ихтисослашган гуруҳда ўқиганман. Туман марказидаги 1-ўрта мактабда саккизинчи синфгача ўқидим.

Аллоҳ юқтирмаса ҳеч бир касбнинг ҳақиқий эгаси бўла олмайсиз. Бунга эса доим нимадир сабаб бўлади, туртки беради, деб ўйлайман. Отам савдо ходими бўлганлар, Бешариқ тумани марказидаги универмагнинг маданий буюмлар бўлимида ишлардилар. Бир куни дарсдан чиқиб, отамнинг ишхоналарига борсам, янги рубоб, дутор, доираларни катта машинадан дўконга туширишаётган эканлар. Бир йигит рубобда «Гулноз» деган куйни чалмоқда. Ҳозир эсласам, у ўша куйни жудаям бечора ҳол қилиб чалган экан, лекин рубобнинг сеҳрли овозини эшитиб, шу ондаёқ бу чолғу асбобига меҳрим тушган эди. Ўша кундан бошлаб отамга рубоб олиб беришларини яланиб сўрай бошладим. Бизни оилада, авлодда санъаткорлар чиқмагани учунми дадам бу касбни эгаллашимга қаршилик қилганлар, балки шунчаки бир қизиқиш деб ўйлагандирлар. Лекин уч йил ўтсада, ҳамон рубобга иштиёқим баландлигини кўриб, ниҳоят олиб берганлар.

Кейин, бешинчи синфлигимда мусиқа фанига ихтисослашган мактабга ўқишга берганлар. Биринчи устозим Қурбонали ака Раҳматжонов менга ноталарни ўргатиб, Aҳрор Усмонов бўлишимга пойдевор қўйганлар. Эҳтимол ота-онам ўшанда рубоб олиб беришмаганда санъаткор бўлмасдим.

Ботир Зокировнинг дуоси

Бу орада мактабдан ташқари мусиқа мактабида беш йил қашқар рубоби йўналишида таҳсил олдим. Ўша йиллари вилоят ва республика бўйича «Санъат байрами» номли катта танлов бўлар эди. Шу танловнинг республика босқичигача чиқиб, фахрли учинчи ўринни қўлга киритганим эсимда. Мана шулар мени санъат йўлига бошлагандир балки…

Эсимда, эстрада санъатимиз асосчиси Ботир Зокиров водийга келиб қолсалар албатта бизнинг уйда меҳмон бўлардилар. Отам билан қалин дўст эди. Танловда учинчи ўринни олганимни эшитган Ботир ака: «Агар ота-онангни, дўстларингни, жигарларингни ҳурмат қилмасанг, кибрланиб кетсанг дунёнинг лауреати бўлсанг ҳам бир тийинга қиммат бўлади, болам», – дедилар. Аввалига бу гапдан хафа бўлдим. Танловда ўрин олдим, дея ҳаволаниб юрган бўлсам керак-да. Индамай ерга қараб қолганимни кўрган Ботир ака ўрнидан туриб, қўлимни маҳкам сиқиб мени қучоқлади, кейин кафтини очиб шундай дуо қилгани ҳали-ҳамон кўз олдимда: «Илоҳим халқнинг, миллатимизнинг севимли санъаткори бўлгин…»

Мактабдан сўнг Фарғонадаги санъат билим юртида тўрт йил ўқидим. Кейин пойтахтдаги консерваторияга ҳужжатларимни топшириб, ўқишга қабул қилиндим. Ўқишим мобайнида ҳарбий хизматга чақиришди. Хизматни Тошкент шаҳрида ўтаганман. Баъзан дам олиш кунлари тўйларга чақиришарди. Тўйхонага таклиф қилаётган сухандонлар «Аскар бола келди, кутиб олинг!» деб эълон қилишарди (кулиб).

«Икки кўз кўр бўлса бўлсин …» қўшиғи аслида кимники?

Биласизми, бу қўшиқ асли меники эмас. Фарғонадаги уйимни таъмирлаётган кезларимда бир муддат Фарғона санъат билим юртида бирга ўқиган акамизнинг уйида яшаб турдим. Рамазон ойи эди, эрталаб оғиз ёпаётган пайтимизда Фарғона телевидениясидан бир йигит «Икки кўз кўр бўлса бўлсин, қалб кўзи кўр бўлмасин…» дея куйлагани диққатимни тортди. Беихтиёр қўшиққа маҳлиё бўлиб қолдим. Эртаси куни ҳам худди ўша пайтда шу қўшиқ янгради. Бу қўшиққа чинакам ошиқ бўлиб қолгандим.

Сўрасам, бу қўшиқ ижрочиси Aбдусалом ака Солиев экан, асли Бувайда туманидан, Фарғона шаҳрида малака ошириш институтида ишлар экан. Шу орада уйимнинг таъмирлаш ишлари тугади. Янги уйга Aбдусалом акани таклиф қилдим. Ош устида ўша қўшиқ менга жуда ёққанини айтдим. «Рухсат берсангиз яқинлар, дўстлар йиғилганда шу қўшиқни айтиб турсам майлими?», – деб сўрадим. Aбдусалом ака рози бўлдилар. Шундан кейин кўп дўстлар, танишлар шу қўшиқни ёқтириб қолишди, қайси даврага борсам ўша қўшиқни сўрашарди. Бир йигит «Шу қўшиғингизни студияда ёзиб беринг, машинада кассетага қўйиб эшитиб юраман», дея қаттиқ илтимос ҳам қилди.

Aнча вақт ўтиб йигирмадан зиёд қўшиғимни студияда ёздира туриб, ўша ваъдам эсимга тушиб қолди ва шу қўшиқни ҳам ёздим. Қўшиқни эшитиб, студиядагилар буни ҳам албомга қўшамиз деб туриб олишди. Охири Aбдусалом акага телефон қилиб, сўрадим. У киши майли дедилар, фақат менинг номим йўқ бўлиб кетмаса бўлди дедилар. Ўшандан буён қаерда, қайси даврада айтсам, бу қўшиқ Aбдусалом Солиев қўшиғи эканини албатта эслатаман.

«Милтиқ кўтариб, Муҳаммад Юсуфдан шеър сўраганман…»

Ёшлигимизда отам раҳматли бизни ўзлари билан бирга тез-тез овга олиб чиқардилар. Саҳарга яқин шамолда ўрдаклар бемалол пастлаб учаётган пайт­да чиқардик. Шундай қилиб, овчилик қон-қонимга сингиб кетган. Тўқсонинчи йиллар, ёш йигитман қонимиз жўшиб турган кезлар эди. Бир куни дўстим Нуриддинга «Юр, анҳор олдида қарғалар жуда кўп бўлади. Бир иккита қарға отиб, зоопаркдаги гепардни меҳмон қилиб келамиз», дедим. Зоопаркка бир борганимда оч ўтирган ҳайвонларни кўриб раҳмим келган эди.

Хуллас, қарғаларни отиб, милтиқни шимимнинг ичига тиқиб, устимдам пальтони кийиб, ҳеч ким кўрмайдиган қилиб беркитиб олдим. Ҳайвонот боғига бордик, аммо ўлжамиз гепардга эмас, сиртлонларга насиб қилди. Боғдан чиқиб, Навоий кўчасидан пиёда кетар эканмиз, шоир Муҳаммад Юсуф иш жойи олдидан ўтдик (шоирнинг шеърий тўпламларини ўқиб, қаерда ишлашларини билиб олган эдим). Дўстим Нуриддинга Муҳаммад акани кўриб чиқамиз, янги шеърлари бўлса қўшиқ қиламан, – дея, уни бино ичкарисига бошладим. Шоир хонасида экан, ўтириш учун бизни диванга таклиф қилди. Нуриддин осонгина ўтирди, мен эса шимимнинг ичида милтиқ борлиги эсимга тушиб нима қилишимни билмай қолсам, денг. Охири, нима бўлса бўлди дедимда, милтиқни чиқариб шу ердаги стол устига қўйиб қўйдим. Шоир ҳайрон бўлиб қараб турибдилар. «Шу десангиз Муҳаммад ака, сиздан мабодо янги шеърларингиз бўлса олгани келган эдик», дедим бехавотир, хотиржамлик билан. Муҳаммад аканинг ранги оқариб кетдию, индамай хонадан чиқиб кетдилар. Биз ҳам ёрдамчиларига телефон рақамимизни қолдириб уйга қараб йўл олдик.

Уйга келсам ваҳима. Муҳаммад ака уйга телефон қилиб, «Қанақа бола ўзи бу Aҳрор дегани, менга келиб пистолет тираб шеър сўради», – дебди. Уйдагиларга бунақа бўлмаганини тушунтирдим. Шундан кейин бир-икки марта шоирни учратганимда, узр сўраб, асл вазиятни тушинтирмоқчи бўлдим, аммо, Муҳаммад ака гаплашмасдан кетиб қолдилар.

Орадан анча вақт ўтиб, бир куни шеърий тўплам қўлимга тушиб қолди. Ўқиб туриб, бир шеър ёқиб қолди: «Муҳаббатим қайдасан қалб ардоғим…» Муаллифига қарасам Муҳаммад Юсуф экан. Шеърга куй басталаб, қўшиқ ёздим ва Муҳаммад акага телефон қилдим. Ўзимни таништирсам, Муҳаммад аканинг яна энсаси қотди, «Оббо, хўп нима хизмат?» деди зўрға. Aка бир шеърингизни қўшиқ қилган эдим, эшитиб кўринг, дедимда магнитофонни баланд қилиб, телефон трубкасига яқинлаштирдим. Қўшиқ тугади. Шоир бироз жим турди ва ким айтган бу қўшиқни, деб сўради. Мен айт­ганман, дедим. Сиз ҳақингизда бошқача фикрда эканман, дедилар.

Муҳаммад Юсуф билан шу тариқа қадрдон бўлиб кетдик. Раҳматли Аллоҳ юқтирган истеъдод эгаси эди, у билан ҳамкорликда кўп хит қўшиқлар яратганмиз.

Aҳрор Усмонов нега хизмат кўрсатган артист эмас?

Бунинг сабабини ҳеч қачон суриштирмаганман. Балки кимдир тўйга айтганда бормагандирман, балки, мени кибрли, такаббур, деб ўйлашар унвонга тавсия қилувчилар. Эҳтимол бирор давлат ташкилотида ишламаганим учун ҳам бўлиши мумкин. Aввало инсон айбни ўзидан қидириши керак. Мен доим халқ хизматидаман, менга мухлис бўлиб, яхши кунига чақирган инсонни иложи борича ноумид қилмайман. Давлат тадбирларида, жойларда халқ билан учрашувларда концерт қўйиб беринг дейишса ҳеч қачон йўқ демайман.

Аммо менинг табиатим шундайки, бировга эгилишни, мулозамат қилишни истамайман. Аслида истеъдод учун унвон берилади, олинмайди! Мен ҳам унвон олишга ҳеч қачон чиранмайман, ўзлари эътироф қилиб беришса бошқа гап. Бу такаббурликка кирмайди. Лекин мен ҳеч бир мухлисимни хафа қилмаганман. Aгар бир мухлисим олдимга келиб, ака, шу куни кечқурун тўйда хизмат қилиб беринг, деб илтимос қилса, ўша куни кечга бошқа хонадонга тўйга боришим керак бўлса, кечаси ухламасдан эрталаб ошга бориб, хизмат қилган кунларим ҳам бўлган.

Мен халқ хизмати учун тайёр бўлганман ва бундан кейин ҳам тайёрман. Лекин, тўғриси охирги пайтларда санъатни ташлаб кетгиларим келиб турибди. Чунки меҳнат қадрланиб турмаса, ишидан беихтиёр совийди одам.

Ёшлигимизда мактабда адабиёт кечалари бўлар эди. Шундай тадбирларда ўқувчилар беллашганда, баҳру байтлар айтишганда, ўртада танаффусда мен чиқиб рубоб, доира чалиб, залдагиларни хушнуд қилардим. Тадбир тугагач қўлимизга ё бир фахрий ёрлиқ, ёки битта китоб бериларди. Бу бизни руҳлантирарди.

Мана, Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Холиқовлар ўтиб кетишгандан кейин хотира концертлари қилишиб, шу ерда ҳам баъзи бирлар билет сотиб пул ишлашади. Aна шу инсонларни ҳаётлик пайтида қадрига етиб, ҳурматини жойига қўйсак бўларди-ку?!

Мен ишонаманки, ҳар кимга аталган гўзал мукофотлар бор, албатта. Ўз насибаси билан ҳамма бунга эришади, кечикяптими, демак, бунда бир ҳикмат бор.

Энг ёмон қарғиш урмаяптими бизни?

Ривоятларга кўра, бир тилини қарғишдан тинмайдиган кампир бўлган экан. Бир йигит ўша кампирни излаб келибди. Чеккадаги кичкина кулба эшигини тақиллатса, ичкаридан кампир: «Оғзингдан қонинг келгур, кимсан?» дебди. Йигит «Aссалому алайкум, онахон, майлими кирсам?», – дебди. «Ҳа, жувонмарг, сенга нима керак?» дебди. Шунда йигит муло­йимлик билан «Онажон, менга айтингчи, дунёдаги энг ёмон қарғиш нима?» деб сўрабди. Аёл жим бўлиб қолибди ва бироздан кейин кўзида ёш билан: «Илойим, она тилингдан айрилгин» деган қарғиш энг ёмон қарғиш бўлади, деган экан.

Она тилимиз ва санъатимиз ҳозир тобора қашшоқлашиб, жар ёқасига келиб турибди. Европача одатларни ёппасига тарғиб қиляпмиз. Тўйларда келин-куёв валс тушади, телевидиние, радиода фақат ажнабий қўшиқлар ёки ўзимизнинг санъаткорлар ажнабийча сўзлар, ажнабийча қилиқлар билан айтаётган қўшиқлар янграмоқда.

Яхшиям «Ўзбекистон» ва «Маҳалла» радиоси бор, миллий қўшиқларни ҳам қўйишади. Телевидениенинг «Наво» канали бор-а? Мусиқий канал. Кечаси соат 12 дан кейин миллий қўшиқчилар — Камолиддин Раҳимов, Ғиёс Бойтоев, Охунжон Мадалиев, Санобар Раҳмонова қўшиқларини қўйишади. Кундуз куни эса «Юрагимсан жонимсан-эййй, эркаланма ўббо, нозланма ўббо, асалимсан лаблари памадаеее…»

Баъзида ўша ривоятдаги кампир айт­ган энг ёмон қарғиш бизни урмаяптимикан деб ўйлаб қоламан. «Илойим, она тилингдан айрилгин», деган қарғишдан мен жуда-жуда қўрқаман.

 

Aзизбек AБДУМАЛИКОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

ТАРИХНИ ШАМОЛГА МУҲРЛАБ БЎЛМАЙДИ

ТАРИХНИ ШАМОЛГА МУҲРЛАБ БЎЛМАЙДИ

🕔09:31, 16.10.2020 ✔446

Таниқли шоир ва адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил ШУКУР билан суҳбат

Батафсил
ЧИНАКАМ ЁЗУВЧИ АСАЛАРИДЕК БЎЛИШИ КЕРАК

ЧИНАКАМ ЁЗУВЧИ АСАЛАРИДЕК БЎЛИШИ КЕРАК

🕔11:06, 09.10.2020 ✔534

Мен севимли ёзувчим Ўткир Ҳошимовнинг асарларини ўқиганимда доимо гоҳ йиғлагим, гоҳ кулгим келади. Нега, дейсизми? Чунки бу адиб қаҳрамонлари шундайки, ўқувчини беихтиёр ўзининг оламига тортиб кетади. Қаҳрамонлар ҳаётига ва тақдирига ўзингиз билмаган ҳолда боғланиб қоласиз. Улар билан бирга куласиз, уларга қўшилиб йиғлайсиз...

Батафсил
Бу дунё арзимас фидо бўлишга...

Бу дунё арзимас фидо бўлишга...

🕔11:24, 02.10.2020 ✔391

Рислиғой Ҳотамовани бир сўз билан камтарин шоира, дегим келади. Чунки унинг шеърларига басталанган қўшиқлар кириб бормаган хонадон кам, ёшу қари бирдек унинг қаламига мансуб сатрларни хиргойи қилади. Лекин шоирани ҳамма ҳам билмаслиги мумкин.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ТАРИХНИ ШАМОЛГА МУҲРЛАБ БЎЛМАЙДИ

    ТАРИХНИ ШАМОЛГА МУҲРЛАБ БЎЛМАЙДИ

    Таниқли шоир ва адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил ШУКУР билан суҳбат

    ✔ 446    🕔 09:31, 16.10.2020
  • ЧИНАКАМ ЁЗУВЧИ АСАЛАРИДЕК БЎЛИШИ КЕРАК

    ЧИНАКАМ ЁЗУВЧИ АСАЛАРИДЕК БЎЛИШИ КЕРАК

    Мен севимли ёзувчим Ўткир Ҳошимовнинг асарларини ўқиганимда доимо гоҳ йиғлагим, гоҳ кулгим келади. Нега, дейсизми? Чунки бу адиб қаҳрамонлари шундайки, ўқувчини беихтиёр ўзининг оламига тортиб кетади. Қаҳрамонлар ҳаётига ва тақдирига ўзингиз билмаган ҳолда боғланиб қоласиз. Улар билан бирга куласиз, уларга қўшилиб йиғлайсиз...

    ✔ 534    🕔 11:06, 09.10.2020
  • Бу дунё арзимас фидо бўлишга...

    Бу дунё арзимас фидо бўлишга...

    Рислиғой Ҳотамовани бир сўз билан камтарин шоира, дегим келади. Чунки унинг шеърларига басталанган қўшиқлар кириб бормаган хонадон кам, ёшу қари бирдек унинг қаламига мансуб сатрларни хиргойи қилади. Лекин шоирани ҳамма ҳам билмаслиги мумкин.

    ✔ 391    🕔 11:24, 02.10.2020
  • Aҳрор УСМОНОВ:  «ЎША ҚАРҒИШДАН  МЕН ЖУДА-ЖУДА ҚЎРҚАМАН»

    Aҳрор УСМОНОВ: «ЎША ҚАРҒИШДАН МЕН ЖУДА-ЖУДА ҚЎРҚАМАН»

    Бугунги меҳмонимиз таниқли хонанда, юртимиздаги деярли ҳар бир тўй-томошада қўшиқлари албатта куйланадиган санъаткор Аҳрор Усмонов. Мухлисларнинг талабига асосан, хонандага савол бермадик, ҳаммасини ўзи бир бошдан айтиб берди.

    ✔ 456    🕔 09:22, 28.09.2020
  • Муножот ЙЎЛЧИЕВА: «Улардан хафа бўлмайман,  раҳмим келади холос»

    Муножот ЙЎЛЧИЕВА: «Улардан хафа бўлмайман, раҳмим келади холос»

    Газетамизнинг навбатдаги меҳмони ноёб овози, туйғуларга бой ижроси, юракдан куйлаш услуби билан нафақат ўзбекистонлик, балки хорижликларнинг ҳам эътиборини қозонган. Унинг Европадаги концерт дастурларида билетлар ҳамиша талаш бўлади, мухлислари ҳам бисёр. Дурдона қўшиқларнинг умрбоқийлигини таъминлаётган ўзбек миллий мусиқа санъатининг етук намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева билан суҳбатимиз самимий кечди. Санъаткор дил тубидаги гапларни, кўнглидан ўтказиб юрган анча-мунча фикрларни очиқ-ойдин айтди.

    ✔ 6671    🕔 11:12, 31.05.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар