Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

У – МЕНИНГ МУАЛЛИМИМ ЭДИ

У олий ўқув юртини эндигина тугатиб келиб, бизни она тили ва адабиёт фанидан ўқита бошлаганида 4-синфда ўқиётган эдик. Ҳар биримизга оғизни қандай очиб, унли ҳарфларни талаффуз қилишни ўргатишдан бошлаган дастлабки дарс кейинчалик ҳар ҳафта бошқа синфлар билан ўзаро баҳсга бой кечалар, танловлар ўтказишга уланиб кетди.

У – МЕНИНГ МУАЛЛИМИМ ЭДИ

Барчамиз фаол ўқувчига айландик-қолдик. Мавлонберди Тожибоевнинг дарсларини интиқлик билан кутиш барчанинг одатига айланди.

Биз она тили ва адабиёт фанини намунали ўзлаштираётган мактабнинг энг фаол синфи ўқувчиларига айланиб улгурдик. Буни «Ижодкор» деворий газетасини чиқариш зиммамизга ишониб топширилганидан ҳам билса бўларди.

Ўқув йили ярмига етганида кутилмаганда Мавлонберди Тожибоев ўрнига бошқа бир ўқитувчи дарс ўта бошлади. Ҳамма ҳайрон ва таажжубда. Билсак, уни 13-умумтаълим мактаби директори ўринбо сарлигига тайинлашган экан. «Уфф, бизга Мавлонберди ака дарс ўтса бўларди», дерди синфдошларим афсусланиб. Бизни ўқита бошлаган Ширин Эшчанова гарчи яхши дарс ўтса ҳам биз Мавлонберди акага ўрганиб қолган эдик.

Қисқа муддатда директор ўринбосари сифатида Мавлонберди Тожибоев мактабда туб ўзгаришларни амалга ошира бошлади. Биринчи галда жамоатчи назоратчилар пости ташкил қилинди. Улар тартиб-интизомни кузатиб боришарди. Мактабга кеч қолиб келганлар, ўзаро уришиб, ёқа лашганларни қўлидаги дафтарга қайд этиб боришар, директор ўринбосари эса буни ҳар ҳафта муҳокама қилиб, дакки берар, баъзиларини «Прожектор» номли танқидий ҳажвий деворий газетада «уриб» чиқиб, тарбиявий таъсир чораларини оширарди. Назоратчилар дафтарига номи тушмаслик учун ўқувчилар тартиб-интизомга қатъий риоя қилишга интиларди.

Фақат қаттиққўллик билан болаларни тарбиялаб бўлмаслигини яхши англаган Мавлонберди ака синфлараро фан беллашувлари, кўрик-танловлар, байрам кечалари ўтказилишига ҳам катта эътибор берарди. Ҳар ҳафта бирор бир қизиқарли кеча бўлиб ўтар, барчада байрамона кайфият барқарорлашиб борарди. Юқори синф ўқувчилари физика ва астрономия фани бўйича беллашув ўтказиб, ҳатто қўлбола ракета ясаб учиришгани, электромобиль ясаб, намойиш қилишгани мактаб тарихида такрорланмас лаҳзаларга айланиб қолди. Марказдан анча олис қишлоқ мактабидаги бу ислоҳотлар кейинчалик олийгоҳга кирувчилар нуфузининг ортишига омил бўлгани шубҳасиз.

Мавлонберди ака ҳайҳотдай боғида узум етиштириб сотарди. Меҳнат таътилида Россияга савдо ишлари билан бориб келарди. Атоқли шоир Абдулла Орипов «Хато қилишингни кутарлар...» деганидек, унинг ютуқларини кўролмайдиганлар ҳам йўқ эмас экан. Кимдир унинг бу ишларини қоралаб, юқори идораларга имзосиз юмалоқ хатлар ёзгани ҳақидаги миш-мишлар урчиётган кунларда биз 8-синфда ўқиётган эдик. Уни директор ўринбос арлигидан олишганини эшитган кўпчилик синфдошларим қатори мен ҳам қаттиқ хурсанд бўлганман. Энди у яна бизни она тили ва адабиёт фанидан ўқита бошлайди деб ўйлагандик. Айнан шундай бўлди. У яна бизни ўқита бошлади. Бу пайтда мен таниқли ижодкорлар билан хат ёзишиб турардим. Лекин буни оиламиздагилардан бошқа ҳеч ким билмасди. Муаллим бир куни танаффусда мени адабиёт хонасига чақиртириб: «Сен шеър ёзасанми?» дея сўради кулиб. Айб иш қилиб қўйгандек, дарров ёлғон гапирдим: «Йўқ!» Мавлонберди ака қўлидаги иншо дафтаримни аста варақларкан: «Иншоинг ҳеч кимникига ўхшамайди, буни шоир одам ёзганмикан, деб ўйлаб юраман. Ёзадиган бўлсанг, тортинма, газета-журналларга юборишингга ёрдам бераман», деди. Барибир унга «сирим»ни очиқчасига айтолмадим.

Қишнинг чилласида мактабимизнинг шундоқ биқинидаги иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган ҳамқишлоқларимиз хотирасига ўрнатилган ёдгорлик атрофи хароб аҳволга келиб қолганини кўриб асабим қақшади. Мактаб қоровули ёдгорлик атрофида қўй-эчкиларини ўтлатишини эса виждонсизлик деб ҳисоблардим.

Одатда меҳнат дарсида ўқитувчи маъруза ўқир, мен эса машқ дафтаримга алланималарни қоралаб ўтирардим. Навбатдаги дарсда ҳам шундай бўлди: «Шунақаси ҳам бўлади» деган ҳажвий фельетонни бир ўтиришда қоралаб ташладим. Қайта-қайта ўқиб кўрсам, бинойидек туюлди. Уйга қайтаётиб почтадан Боғот туман газетаси таҳририятига жўнатиб юбордим. Орадан уч-тўрт кун ўтиб мақолам газетада чоп қилинибди. Почтахона олдида маҳалламиз кексалари газетани ўқиб турган экан, мени кўришлари билан: «Табриклаймиз, мухбир бўлиб кетибсан, мақоланг чиқибди», дейишди. Газетани қўлга олиб, уйга югуриб келганча: «Ойи, ойи! Газетада мақолам чиқибди!» дея ҳайқирдим. Онам газетани қўлимдан олиб синчиклаб ўқиб чиққач, оҳиста «Бахайр бўлсин!» деб қўйди.

Эртасига мактабга келганим заҳоти мени ўқитувчилар хонасига чақиртиришди. Эшикдан кирган заҳоти коммунистик партиянинг мактабдаги бошланғич ташкилоти раҳбари Ҳамид Табиев деган киши мени жеркиб уят сўзлар билан сўка бошлади. Барча ўқитувчилар хўмрайиб қараб ўтиришибди. Директор ўринбосари Ботир Жуманиёзов: «Бу мақолани ростдан ҳам сен ёздингми? Ёки кимдир ёзиб бердими?» деб сўради. Ўзим ёзганимни айтганимда у ҳам менга танбеҳ беришга ўтди. Мен йиғлаб юбордим. Шу пайт эшикдан Мавлонберди Тожибоев кириб келди. Вазиятни дарҳол тушуниб етди шекилли: «Шуми сизларнинг ёш иқтидор эгасига эътиборингиз?! Уят-э! – деди зарда билан. – Сиз унинг иншоларини бир ўқиб кўринг, агар қирқ дақиқалик дарс жараёнида ёзмаганида уни ҳам бирор бир ижодкор ёзиб берган дея иддао қиласиз».

Унинг бу сўзларидан сўнг сал ўзимга келгандек бўлдим. У бўлмаганида бу ўқитувчи-раҳбарлар мени руҳан мажруҳ қилиб қўйиши турган гап эди.

Синфга оҳиста қайтдим. Муаллим ортимдан кириб келди ва деди: «Ота-онанг сенга бежиз Пўлат деб исм қўймаган. Сенинг ироданг ҳам пўлатдек чидамли бўлиши керак. Ўз орзуларинг йўлидан сира чалғима!» Унинг бу тасаллисидан кўзимга ёш олдим. «Қизиқсан-а, койишса ҳам йиғлайсан, юпатсак ҳам», деганча куларкан, муаллим дарсни бошлаб юборди. 9 февраль куни Алишер Навоий таваллудига бағишланган кечага йиғилдик. Кеча айни авжга чиққан бир маҳалда Мавлонберди Тожибоев саҳнага чиқиб «Фарҳод ва Ширин» достони бўйича ёзган иншомни ўқиб эшиттира бошлади. «Оҳ, Ширин, Ширин, тақдир сени не кўйларга солди-я. Э-воҳ, ажал шаробини нечун сипқординг? Ахир сенинг ҳуснинг, сенинг малоҳатинг, сенинг фасоҳатинг учун мингта Фарҳод жонини бахшида қилса арзирди. Сен яшашинг, оламга қуёш бўлиб нур сочишинг керак эди...» каби сатрларимни қайта-қайта ўқиркан, «Ҳар бир ўқувчи Навоийни шу бола сингари англаб, тушуниб, муҳаббат билан ўқишини истардим», деди.

Олдинги қаторда менга «уруш эълон қилиб», танобимни тортиб қўймоқчи бўлган ўқитувчилардан баъзилари безрайганча пешонаси терлаб ўтирарди. Улар туман газетаси таҳририятига бориб мақоламга раддия чиқаролмай оввора бўлиб юрган бир кезда адабиёт муаллимимдан бундай хитобларни эшитиш – ўлганнинг устига юз таёқ уриш билан баравар эди.

Мен бу ёғига қўрқмайдиган бўлдим, чунки менинг ҳимоячим, далдаворим бор эди. Ана шундан сўнг қатор маҳаллий нашрларга мақолалар ёза бошладим. Адабиётга бўлган кучли ҳавас мени журналистика факультетига кириб ўқишга етаклади. Қайсидир йили Зулфияхоним ва Ҳамид Олимжоннинг суюкли қизи Ҳулкар Олимжонова назоратида имтиҳон топшираётган эдик. Мавзуга оид саволга жавоб берарканман, мумтоз ғазаллардан бирини мароқ билан ўқиб бердим. Ҳулкар Олимжонова: «Сиз арузни жуда яхши биларкансиз, қаердан ўргангансиз?» деб сўраб қолди. «Мактабда адабиёт ўқитувчимиз шундай ўқишни ўргатган», дея жавоб бердим. «Қандай яхши! Агар барча мактаб адабиёт ўқитувчилари ҳам сизнинг муаллимингиз сингари билим берганида эди, бугунги ўзбек адабиёти жаҳоннни эгаллаган бўларди», деди. Фахрланиб кетдим.

Сайёра деган синфдошим олий ўқув юртини тугатгач Тошкентда яшаб, ўқитувчилик қиларди. Оғир касалликка чалинганини эшитиб, Сайёрани кўргани бордим. Шунда у суҳбатимиз орасида: «Бизга Мавлонберди Тожибоев жуда яхши сабоқ берган экан. Мен ўқитувчиларнинг август кенгашида Алишер Навоийнинг «Топмадим» радифли ғазалини ўқиганимда бир кекса услубиётчи отахон: «Қизим, сиз бу ғазални маромида ўқишни қаердан ўргандингиз? Отангизга раҳмат», деди. Шунда бизга Мавлонберди Тожибоев жуда яхши сабоқ берганини тушуниб етдим», деган эди. Бу бир инсоннинг холис эътирофи эди.

Маълумки, «Топмадим» ғазалининг иккинчи мисраси қуйидагича: «Жон басе қилдим фидо оромижоне топмадим». Мавлонберди Тожибоев буни бизга аруз қоидаларга мослаб ўқишни ўргатаркан: «Жон басе қилдим фидоо/ ромижоне топмадим» дея ўқишни ҳижжалаб ўргатган эди. Аруз қоидаларига кўра баъзи унлилар ўзидан олдинги унлига сингиб, чўзиб ўқилар экан. Афсуски, кўпчилик уни «... қилдим фидо оромижоне топмадим» дея қўпол ва ғализ тарзда ўқишади, бу телевидение ва радиолардаги чиқишларда ҳам кўзга ташланади. Машҳур санъаткорлардан бири ҳам ана шундай хато тарзда қўшиқ куйлайди. Бундай хатоларни кўрганимда устоз Мавлонберди акани эслайман ва бизга мумтоз асарларни тўғри ва бехато ўқишни ўргатгани учун ич-ичимдан миннатдор бўламан. «Навоийдан наво истаб» китобим «Устоз Мавлонберди Тожибоевга эҳтиром ила бағишлайман!» деган жумла билан бошланади. Бу китоб чоп қилингач, тақдим қилганимда устознинг кўзларида ёш қалқди. «Менинг камтарона меҳнатларимни шунчалик улуғлабсан-а», деган эди устоз.

Укамни уйлантирганимизда таниқли шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким ҳам бир гуруҳ ҳамкасбларим қатори тўйга ташриф буюрди. Даврани Мавлонберди устоз бошқариб борарди. У қийиб қўйганча шеърлар ўқирди. Шу пайт Матназар ака мени имлаб ёнига чақираркан, сўради: «Бу қайси санъаткор?» Бир пас кулиб тургач жавоб бердим: «Бу киши бизни мактабда адабиётдан ўқитган муаллим, санъаткор эмас!» Матназар ака деди: «Омадли ўқувчи бўлган экансан».

Ҳа, мен омадли шогирд бўлганман, барча устозларим кучли билим, тафаккур ва чин одамийлик хислатларига эга инсонлар бўлган. Бироқ мен уларга муносиб шогирд бўлолдимми? Бу савол устида бош қотирарканман, бу ўй мени тинимсиз изланиш ва интилишга ундаётгандек ҳис этаман.

Аслида Мавлонберди Тожибоев сабоқларини тинглаб, ижодкор бўлмасликнинг иложи йўқдай эди. Унинг ўқувчини жозибали нафис сўз оламига етакловчи хитоблари кўпчиликни ҳаёт  чорраҳасида адаштирмасдан адабиёт сари ундаган. Каминадан ташқари раҳматли синдошим Сайёранинг ҳам шеърлари пойтахт нашрларида чоп қилиниб турарди, афсуски, умри қисқа экан. Зулфия Матёқубова эса бир-биридан сара шеърлари билан таниқли устоз шоирларнинг назарига тушди, Рустам Назардек фидойи болалар шоирининг дуои фотиҳасини олди. Отабек Менглиев умидли ёш қаламкашлар сафидан ўрин эгалламоқда. – Мавлонберди ака бизни мунтазам ўқитмаса ҳам баъзан бошқа домлаларнинг ўрнига дарсга кирарди. Барчамиз унинг устозлик маҳоратига маҳлиё бўлиб қолардик, чунки унда ўқувчини ўзига жалб қиладиган заковат ва аниқлик мавжуд эди, – дея хотирлайди «Хорезмская правда» газетаси мухбири Рўзибой Қулмат.

Виждон деган туйғунинг тимсоли азиз муаллимнинг равишларида акс этиб турарди. У ҳар қандай даврада қандай вазият бўлишидан қатъи назар тўғри сўзни айтарди, ёлғон сўзламасди. Уни жуда кўп бора қишлоқ фуқаролар йиғини раислигига сайлашмоқчи, мактаб директорлигига тайинлашмоқчи бўлишганини ҳам билардик. Бироқ у ўқитувчилик касбини табаррук билди, ундан воз кечмади. Ёшларнинг шуурини ёритиш, тафаккурини чархлаб, одамийлик сари етаклашни ўзининг бош мақсади деб билди. «Кичик раҳбарлар бошқа тепадаги раҳбарнинг тазйиқи билан баъзан халққа номақбул ишлар қилиб қўйиши ҳам мумкин. Мен эса асло бундай қилолмайман. Мени раҳбар қилиб тайинлашса ҳам, тепадагилар йўриғига юрмаганим учун тезда бўшатиб юбориши мумкин. Шунинг учун ҳам уларнинг таклифларига рози бўлмайман», дерди Мавлонберди устоз.

Қишлоқдошимиз Аҳмаджон оға шундай деб эслайди: «Туш маҳали эшик тақиллади, очишим билан Мавлонберди домла деди: «Жўражон, ўз уйинг олдидаги кўчанинг ўй-чуқурини тупроқ билан тўлдириб, тузатиб қўйсанг малол келмас эди». Уялинқираб, дарров болалар билан белкуракларни олганча ишга киришдик ва кўчадаги йўлнинг чуқурларига эҳтиёж учун олиб қўйган шағалдан ташлаб, эпақага келтира бошладик. Домла эса бошқа бир қўшнимизнинг эшигини тақиллатиб турарди...» Ҳаёт армонларга тўла. Икки ҳафта муқаддам азиз муаллим бу ёруғ оламни тўсатдан тарк этди. Сафар йўлида эдим. Ярим тунда қишлоқдошларимизнинг телеграм каналида ёзилган нохуш хабарни ўқиган заҳотим ортга қайтдим. Ҳамроҳларим: «кейинроқ борарсан», деб йўлдан қайтмаслигимни маслаҳат беришди. Йўқ, қайтишим керак эди. Ахир бу муаллим ҳаётдаги энг азиз инсонларимдан бири эди, унинг вафотини эшитиб, сўнгги йўлга кузатишга бормаслик – ношудликнинг бешбаттари эмасми?

Чошгоҳда қишлоққа етиб келдим. Устозни охират оламига кузатишга тайёрладик. Унинг табаррук оёқларини юварканман бундай зотлар пойига бош қўйиб, эҳтиром кўрсатишдан фақат савоб топишим мумкинлигини ҳис қилдим.

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТЛАРИ

ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТЛАРИ

🕔11:30, 02.10.2020 ✔399

инсон омилига муносиб муносабат кўрсатишдан бошланиши керак эмасми?

Батафсил
У – МЕНИНГ МУАЛЛИМИМ ЭДИ

У – МЕНИНГ МУАЛЛИМИМ ЭДИ

🕔11:29, 02.10.2020 ✔675

У олий ўқув юртини эндигина тугатиб келиб, бизни она тили ва адабиёт фанидан ўқита бошлаганида 4-синфда ўқиётган эдик. Ҳар биримизга оғизни қандай очиб, унли ҳарфларни талаффуз қилишни ўргатишдан бошлаган дастлабки дарс кейинчалик ҳар ҳафта бошқа синфлар билан ўзаро баҳсга бой кечалар, танловлар ўтказишга уланиб кетди.

Батафсил
ЧЕКЛОВЛАРГА ЛОҚАЙДЛИК ВА БЕПИСАНДЛИК

ЧЕКЛОВЛАРГА ЛОҚАЙДЛИК ВА БЕПИСАНДЛИК

🕔09:39, 28.09.2020 ✔531

коронавирусга чалинганлар сони тобора ортиб боришига сабаб бўлмоқда

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТЛАРИ

    ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТЛАРИ

    инсон омилига муносиб муносабат кўрсатишдан бошланиши керак эмасми?

    ✔ 399    🕔 11:30, 02.10.2020
  • У – МЕНИНГ МУАЛЛИМИМ ЭДИ

    У – МЕНИНГ МУАЛЛИМИМ ЭДИ

    У олий ўқув юртини эндигина тугатиб келиб, бизни она тили ва адабиёт фанидан ўқита бошлаганида 4-синфда ўқиётган эдик. Ҳар биримизга оғизни қандай очиб, унли ҳарфларни талаффуз қилишни ўргатишдан бошлаган дастлабки дарс кейинчалик ҳар ҳафта бошқа синфлар билан ўзаро баҳсга бой кечалар, танловлар ўтказишга уланиб кетди.

    ✔ 675    🕔 11:29, 02.10.2020
  • ЧЕКЛОВЛАРГА ЛОҚАЙДЛИК ВА БЕПИСАНДЛИК

    ЧЕКЛОВЛАРГА ЛОҚАЙДЛИК ВА БЕПИСАНДЛИК

    коронавирусга чалинганлар сони тобора ортиб боришига сабаб бўлмоқда

    ✔ 531    🕔 09:39, 28.09.2020
  • ЯПОНИЯНИНГ КОРОНАВИРУСГА  ҚАРШИ КУРАШИ

    ЯПОНИЯНИНГ КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШИ

    оддий, содда ва самарали

    Ҳа! Японияда ҳам коронавирус бор, табиий. Бинобарин, кунчиқар юртда ҳеч ким талвасага тушгани йўқ.

    ✔ 479    🕔 09:38, 28.09.2020
  • ИНСОН БАХТЛИ БЎЛИШИ КЕРАК...  АММО ҚАЧОН?

    ИНСОН БАХТЛИ БЎЛИШИ КЕРАК... АММО ҚАЧОН?

    «Дунёда зарур, бажармаса бўлмайдиган касблар қолганда эди, миллионлаб кишилар ишсизликдан очликка, муҳтожликка маҳкум бўлур эди», дейди немис социологи Либерман. Зарур касблар деганда олим шифокор, ўқитувчи, аскар каби касбларни санаб ўтади ва кўчада чақа-пулга этик тозалаб-мойлаб кун кўрувчини ёки тирноқ пардозловчини «зарур касб эгалари» сафига қўшмайди.

    ✔ 128    🕔 09:32, 28.09.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар