Давр нафаси      Бош саҳифа

Шавкат МИРЗИЁЕВ: Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади

Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Шавкат МИРЗИЁЕВ:  Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу байрам илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтди. Бу – мамлакатимизда таълим ва тарбия масаласи алоҳида устувор йўналиш даражасига кўтарилганининг яққол далили.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаат йўллади.

БМТда Ўзбекистон ёшлар ҳуқуқларини кўтарди

«Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Шу боис, мана шундай қувончли кунда барча шогирдларингиз, бутун халқимиз номидан сизларга юксак ҳурмат-эҳтиромимиз, эзгу тилакларимизни билдириб, чин дилдан таъзим қиламиз», – деди Президент. «Улуғ шоиримиз мавлоно Фурқат илм-маърифатни кўнгилларнинг сурури, кўрар кўзларнинг нури, деб таърифлаганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Дарҳақиқат, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.

Мен бугун билдирадиган фикрларни, аввало, ҳурматли муаллим ва ўқитувчиларга, қадрли тарбиячиларга, барча жонкуяр зиёлиларимизга йўлланган мурожаат сифатида қабул қилишингизни истардим», дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75- с е ссиясида сўзлаган нутқида бошқа кўпгина муҳим масалалар қаторида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишга оид Ўзбекистон ташаббусига яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратди. «Ёшлар ҳуқуқи деганда, биз, биринчи навбатда, уларнинг тинч ва соғлом яшаш ҳамда таълим олишга бўлган тўлақонли ҳуқуқини тушунамиз. Шу боис, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа ҳисобланади.

Бутун дунё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемиясини бошидан кечираётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимиз таълим тизими ҳам жиддий синовга дуч келди. Бугунги қийин шароитга қарамасдан, давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ва сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бу борадаги ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, қисқа муддат ичида юртимизда «онлайн мактаб» лойиҳаси ва масофавий таълим жорий этилди.

Яқинда республикамизнинг аксарият мактабларида, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, янги ўқув йили бошланди. Эзгу анъанамизга мувофиқ, қарийб 650 минг нафар 1-синф ўқувчисига Президент совғалари сифатида 72 миллиард сўмлик ўқув қуроллари топширилди. Шунингдек, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болаларга қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуролларидан иборат 426 миллиард сўмлик моддий кўмак берилгани ҳам ана шундай эзгу ишларимиз қаторига киради.

Айни вақтда, бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ўқувчи ва педагогларнинг саломатлигини асраш масаласи барчамизнинг алоҳида эътиборимиз марказида турибди. Шу мақсадда мактабларни зарур тиббий ва антисептик воситалар билан таъминлаш учун Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 17 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Хабарингиз бор, бу йил 1,5 миллионга яқин ёшларимиз олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўп демакдир. Биз мана шундай оғир вазиятда тест синовларини очиқ стадионларда, эпидемиологик хавфсизлик талабларига қатъий амал қилган ҳолда, муваффақиятли ўтказишга эришдик.

Буюк давлат арбоби Индира Гандининг «Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз», деган сўзларида катта ҳаётий ҳақиқат борлигини албатта ҳаммамиз яхши тушунамиз. Шунинг учун жорий йилда қишлоқ жойларда яшаётган, кам таъминланган оилаларга мансуб қизларимиз олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида давлат гранти асосида ўқишлари учун 940 та ўрин ажратдик.

Ўйлайманки, қизларимиз учун яратилган бундай қўшимча имконият яна юзлаб оилаларга билим ва маърифат нурини олиб киради. Бу, ўз навбатида, ёш қизларимизнинг келажакда жамият учун муносиб касб эгалари бўлиб камол топишига пухта замин яратади. Биз бу борадаги ишларимиз кўламини бундан кейин ҳам янада кўпайтириб борамиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Тараққиётнинг тамал тоши

«Бир ўйлаб кўрайлик, дунёдаги рив ожланган давлатлар қандай қилиб юксак тараққиёт ва турмуш фаровонлигига эришмоқда? Энг аввало, илм-фан ва таълимга қаратилган улкан эътибор туфайли эмасми?

Шунинг учун ҳам кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бу борада ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилингани сизларга яхши маълум. Мана, куни кеча тасдиқланган «Таълим тўғрисида»ги қонун ушбу соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб беради. Қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди», дея қайд этди Президент.

Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганини таъкидлади. «Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Таълимда миллий руҳ

«Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур.

Шу муносабат билан Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Мусулмонлар идораси, Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази буюк мутафаккирларимизнинг илмий-маърифий ва маданий меросини фундаментал асосда нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва кенг оммага етказиш, шунингдек, уни ўрганиш методикасини ишлаб чиқиб, амалда қўллаш чора-тадбирларини кўрсин», деди мамлакатимиз раҳбари. Бу масалага Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев масъул этиб белгиланди.

Намунали мактаблар ташкил этилади

«Нима учун бошқа вилоятларда, дейлик, Андижонда, Фарғона, Самарқанд, Хоразм ёки Қаршида, Жиззах ва Сирдарёда бундай мактаблар йўқ?», дея долзарб саволларни ўртага ташлади Шавкат Мирзиёев.

Шу боис Халқ таълими вазирлиги ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир туманда камида биттадан мана шундай мактаб яратиш чораларини кўриши зарурлиги қайд этилди. «Ўзингиз раҳбарлик қилаётган вилоятларда мана шундай намунали мактаблар ташкил этиш учун сизларга олти ой муҳлат берамиз.

Албатта, янги мактабларни қуриш, чиройли қилиб жиҳозлаш, безаш мумкин, лекин уларни замонавий маъно-мазмун, илм-маърифат, тарбия билан тўлдириш қўлимиздан келадими?», дея Президент маҳаллий раҳбарлар олдига масалани аниқ қўйди.

Стратегик вазифа

«Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз.

Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз.

Мен ишонаман – ҳурматли ота-оналар бу ташаббусни албатта қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўладилар», деди Шавкат Мирзиёев.

Мактабгача таълим

Бугун йирик шаҳар ларимиздан тортиб, чекка туманлар, қишлоқ ва овулларимизда янги-янги замонавий боғчалар барпо этилмоқда. Қисқа вақт, яъни тўрт йил ичида республикамизда боғчалар сони 3 баробар ошиб (5 минг 200 тадан 14 минг 200 тага), болаларни қамраб олиш даражаси 28 фоиздан 54 фоизга етди.

Давлатимиз раҳбари шу ҳақда тўхталиб, соҳага давлат-хусусий шериклик механизми жорий этилиши туфайли 223 мингдан ортиқ ўринга эга бўлган 7 минг 400 та хусусий боғча ташкил қилингани, бу мақсадлар учун 1 триллион 850 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилиб, 20 мингга яқин янги иш ўрни яратилганини қайд этди. «Соҳада давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириб, нодавлат секторнинг улушини 75 фоизга етказиш, мактабгача таълим қамровини эса 80 фоиздан ошириш зарур.

Болалар боғчалари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг амалдаги тизими давр талабларига жавоб бермайди. Қолаверса, мактабгача таълимда замонавий ўқитиш шакллари, янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий қилиш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди», дея таъкидлади Президент.

Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда мактабгача таълим соҳасидаги ушбу муҳим вазифалар ижроси юзасидан ҳукумат қарорини қабул қилиш вазифаси топширилди.

Ўқитувчига эътибор

«Яшириб нима қилдик, кўп йиллар давомида ўқитувчига эътибор борасида сўзимиз бошқа, ишимиз бошқа бўлиб келди. Оқибатда соҳа ходимлари гўёки кераксиз ва ҳимоясиз қатламга айланиб қолди. Мактаб ўқитувчиларининг асо сий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз олди. Янаям очиқроқ айтсак, муаллимларнинг «хўжайини» кўпайиб кетди. Бундай ножўя ишлар нафақат таълим сифатига, балки соҳа ходимларининг ўз кас бига бўлган муносабатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Қанчадан-қанча тажрибали ўқитувчилар дили оғриб, севган касбини ноилож ташлаб кетганини ҳам биламиз.

Мана, яқин-яқингача ўқитувчи-муаллимлар, айрим жойларда ўқувчилар ҳам, тўрт ойлаб пахта йиғим-терими, чопиқ ва яганага чиқарилгани сир эмас. Натижада ўқитувчи бир ойда ўртача 80 соат дарс ўтиши керак бўлса, тўрт ойда 320 соат йўқотадиган вазият вужудга келди. Ўз навбатида, ўқувчи бир ойда 136 соат сабоқ оладиган бўлса, тўрт ойда 544 соат дарсни бой беришга мажбур бўлди.

Агар бу рақамларни ўн бир йилга кўпайтирсак, биласизми, қанча бўлади? Бу, ахир, юқори синф ўқувчилари учун белгиланган 8,5 минг соатлик ўқув дастурининг қарийб 3 минг соати – 30 фоизи далада мажбурий меҳнатда ўтди, дегани эмасми? Бошқача айтганда, бола 11 йил ўрнига атиги 7 йил ўқишга мажбур бўлди.

Яратганга шукрки, бундай салбий ҳолатлар энди тарихда қолди. Ҳамма соҳани ўз эгасига, жумладан, қишлоқ хўжалигини ҳам фермер ва кластерларга топшираётганимиз туфайли бунга эришмоқдамиз.

Жамиятда устоз ва мураббийларга қаратилаётган эътибор туфайли қарийб 15 минг нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтди. Аммо, шуни таъкидлаш керакки, ҳали бу борада кўзланган натижага эришганимиз йўқ. Ҳозирги кунда ҳам халқ таълимидаги педагогларнинг қарийб 70 фоизини аёл ўқитувчилар ташкил этмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

Ўқитувчиларнинг доимий ва узлуксиз психологик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги қошидаги ҳудудий малака ошириш институтларида синф раҳбарларини тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курслари ташкил этиш вазифаси қўйилди. «Бугунги кунда жамиятимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг қадди, шаъни ва ғурури тикланаётгани барчамизни қувонтиради. Айни вақтда бу ўта муҳим масала энг долзарб вазифамиз эканини алоҳида таъкидлаб, уни амалга ошириш бутун жамиятимизнинг бурчига айланишини истардим.

Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси макт абдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди», деди Президент.

Ўқитувчининг мақоми

«Мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини ўйлаб, ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилашни таклиф қиламан. Ушбу қонунда ёшларга таълим ва тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кафолатланиши керак . Жумладан , мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақоми аниқ белгиланиши лозим.

Ўқитувчиларга устамалар тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши зарур. Амалда бу масала ўта мураккаблиги ва ортиқча қоғозбозлик талаб қилиши ҳам ҳақиқат. Бунда аксарият эскирган қонуности ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, бекор қилинса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади», дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Мактаб жамоатчиликка ҳисобот беради

«Бугун шиддат билан ривожланаётган замон ҳар биримиздан доимо изланиб, ташаббус кўрсатиб, янгича ишлашни талаб этмоқда.

Бир ўйлаб кўрайлик, нега қанчадан-қанча мактабларда битирувчиларнинг 10 фоизи ҳам олийгоҳларга кира олмаяпти? Ота-оналар репетитор ёллаб, пул тўлаб болаларини ўқишга тайёрлашга мажбур бўляпти.

Савол туғилади: нима учун аксарият мактабларимиз 11 йил ўқитган ўқувчилар олийгоҳга кира олмаяпти-ю, репетитор 2 йилда бунга эришяпти?

Бу саволлар ҳар бир мактаб ўқитувчиси, жамоаси ва директорини, ҳар қайси виждонли педагогни ўйлантириши зарур, деб ўйлайман.

Энди мактаб жамоатчилик олдида ҳисобот берадиган бўлади. Мактабни битирган ўқувчи олийгоҳга кириши керак ёки мактаб давридаёқ бирор-бир касб-ҳунарга эга бўлиши шарт. Айнан шу мезон асосида мактаб жамоаси ва директори фаолиятига баҳо берилади», дея таъкидлади Президент.

Долзарб масала

Муаллим ва ўқитувчиларнинг билими ва малакасини ошириш ҳақида гапирар экан, давлатимиз раҳбари бугун жамиятимизда долзарб бўлиб турган яна бир масалага тўхталиб ўтди.

шлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади.

Афсуски, биз кейинги йилларда «мажбурий обуна» баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар.

Ўзингиз биласиз, дунёда компьютер технологиялари энг ривожланган давлатлардан бири бу – Япониядир. Лекин ушбу мамлакатда кунига 3-4 миллион нусхада нашр этиладиган газеталар борлигига нима дейсиз? Айтмоқчиманки, ҳаётимизда радио-телевидение, Интернет билан бирга босма нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор», дея алоҳида қайд этди Президент Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда босма нашрларни таълим муассасаларига, ўқитувчи-профессорларга етказиб бериш ҳам жиддий муаммога айлангани, бу борада матбуот тарқатиш ва почта тизимининг фаолияти мутлақо талабга жавоб бермай қўйгани таъкидлаб ўтилди.

Олий таълим муаммолари

«Аввало, соҳада давлат- хусусий шерикликни ривожлантириш, айниқса, ҳудудларда нодавлат олий ўқув юртларини ташкил этиш секин бормоқда. Мана, Фарғонада Корея билан, Хоразмда Малайзия билан ҳамкорликда олий ўқув юртлари ташкил этиляпти. Лекин, нима учун бошқа вилоятларда бундай ҳаракатлар сезилмаяпти?

Аксарият битирувчиларнинг билим ва малакаси меҳнат бозори талабларига жавоб бермаётганини ҳам тан олишимиз керак. Маҳаллий таълим муассасаларида инновацион фаолият ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш даражаси жуда паст. Тизимда илмий даражали ўқитувчилар улуши ўртача 37 фоиз экани бизни қониқтирмайди. Ҳудудларда бу кўрсаткич янаям паст даражада сақланиб қолмоқда.

Олий таълим масканларини илмий лабораториялар билан жиҳозлаш, тизимда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш даражаси ҳам паст эканини қайд этиш лозим.

Сир эмас, бугунги пандемия жуда кўп соҳалар қаторида соғлиқни сақлашнинг илм-фан йўналишида ҳам ҳали билимларимиз заиф эканини кўрсатиб қўйди. Барчамиз бундан жиддий хулоса қилишимиз керак», деди мамлакатимиз раҳбари.

Учинчи Ренессанс пойдевори

«Барчамиз яхши биламизки, инсоннинг онги ва дунёқараши, фикри ўзгармаса, жамият ўзгармайди. Жамият ўзгармаган жойда ҳеч қандай ижобий натижа ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди. Одамларнинг онгу тафаккурини ўзгартирувчи куч эса, ҳеч шубҳасиз, аввало, ўқитувчи-мураббийлар, олийгоҳ домлалари, илм-фан арбоблари, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларидир.

Бугун биз яшаётган жамиятга янги фикр, янги ғоя, энг муҳими, ислоҳотларни амалга оширишга қодир бўлган янги авлод кадрлари керак. Албатта, халқимизнинг мардона меҳнати, ўқитувчи ва мураббийларнинг жонбозлиги туфайли таълим соҳасини тубдан модернизация қилиш бўйича кўп иш қилдик. Лекин ҳаммамиз яхши тушунамизки, булар – катта мақсад йўлида ташланган дастлабки қадамлар, холос.

Барчангиз гувоҳсиз, бугун замон шиддат билан ўзгариб, барча соҳалар қатори таълим тизими олдига ҳам ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Биз дунё миқёсидаги кескин рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини яратишимиз зарур. Шу мақсадда, аввало, таълим масканларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, ўқув дастурлари ва стандартларини оптималлаштириш, соҳа ходимларининг иш ҳақини босқичма-босқич ошириб бориш, уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Бугун мен, аввало, таълим-тарбия соҳаси фидойиларига, барча юртдошларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: азиз дўстлар, биродарлар, агар интилсак, астойдил ҳаракат қилсак, ҳар қандай баланд маррани эгаллаш қўлимиздан келади. Биз маърифат борасида, таъбир жоиз бўлса, «илиги тўқ» халқмиз. Илм-фанга интилиш бизнинг қонимизда, бугунги тил билан айтганда, генимизда бор.

Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш – беш-ўн йилда бўладиган иш эмас. Бунинг учун, аввало, юзлаб, минглаб истеъдодли кадрлар, фидойи шахслар керак.

Бугун давлатимиз томонидан илмфан, таълим ва тарбия, маданиятни ривожлантириш учун қанча куч, қанча маблағ керак бўлса, ҳаммасини топамиз. Қандай имконият зарур бўлса – яратамиз», деди Президент.

Чиндан ҳам, бугун биз улуғ ниятлар билан пойдевор қўяётган янги Уйғониш даври мамлакатимизда мана шундай улкан бойлик яратишга, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилишга ва келгуси авлодларга ўзимиздан муносиб мерос қолдиришга хизмат қилади. «Мен янги Ўзбекистонни – обод ва фаровон, демократик мамлакатни барпо этишда сиз, муҳтарам педагогларни, профессор-ўқитувчиларни ўзим учун энг катта куч, таянч ва суянч, деб биламан. Сизларнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фаолиятингизни қўллаб-қувватлаш, сизлар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароити яратиб беришни Президент сифатида ўзимнинг муқаддас бурчим, деб ҳисоблайман», деди Шавкат Мирзиёев.




Ўхшаш мақолалар

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

🕔10:36, 23.10.2020 ✔40

Муҳтарам ватандошлар!
Сиз азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Батафсил
«САРДОБА» СУВ ОМБОРИ КЕЛАЖАГИ НИМА БЎЛАДИ?

«САРДОБА» СУВ ОМБОРИ КЕЛАЖАГИ НИМА БЎЛАДИ?

🕔09:35, 16.10.2020 ✔313

Халқаро пресс-клубнинг Мирзаобод туманида ташкил этилган сессиясида ушбу савол ҳам ўртага ташланди. Шу каби қатор долзарб саволларга Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Ҳидоятов, тегишли бошқарма ва ташкилотлар масъуллари жавоб берди.
 

Батафсил
ХОЛИС ЯХШИЛИК ЭҲТИЁЖИ

ХОЛИС ЯХШИЛИК ЭҲТИЁЖИ

🕔09:34, 16.10.2020 ✔188

Кейинги пайтларда одамлар орасида меҳр-оқибат, бировга чин кўнгилдан яхшилик қилиш каби ўзбекона қадриятлар сал бўлса-да йўқолиб бораётгандай туюлади назаримда. Буни одамлар орасидаги бир-бирига бўлган муносабатлардан ҳам билсак бўлади. 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

    Муҳтарам ватандошлар!
    Сиз азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

    ✔ 40    🕔 10:36, 23.10.2020
  • «САРДОБА» СУВ ОМБОРИ КЕЛАЖАГИ НИМА БЎЛАДИ?

    «САРДОБА» СУВ ОМБОРИ КЕЛАЖАГИ НИМА БЎЛАДИ?

    Халқаро пресс-клубнинг Мирзаобод туманида ташкил этилган сессиясида ушбу савол ҳам ўртага ташланди. Шу каби қатор долзарб саволларга Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Ҳидоятов, тегишли бошқарма ва ташкилотлар масъуллари жавоб берди.
     

    ✔ 313    🕔 09:35, 16.10.2020
  • ХОЛИС ЯХШИЛИК ЭҲТИЁЖИ

    ХОЛИС ЯХШИЛИК ЭҲТИЁЖИ

    Кейинги пайтларда одамлар орасида меҳр-оқибат, бировга чин кўнгилдан яхшилик қилиш каби ўзбекона қадриятлар сал бўлса-да йўқолиб бораётгандай туюлади назаримда. Буни одамлар орасидаги бир-бирига бўлган муносабатлардан ҳам билсак бўлади. 

    ✔ 188    🕔 09:34, 16.10.2020
  • «ЖАНГ»ДАН КЕЙИНГИ «ҚАҲРАМОН»ЛАР

    «ЖАНГ»ДАН КЕЙИНГИ «ҚАҲРАМОН»ЛАР

    ёхуд танқидни ўз вақтида «эшитмаётган» раҳбарлар қачон уйғонади?

    ✔ 697    🕔 11:08, 09.10.2020
  • Шавкат МИРЗИЁЕВ:  Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади

    Шавкат МИРЗИЁЕВ: Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади

    Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

    ✔ 473    🕔 11:33, 02.10.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар