Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҲАВОСИЗ ЯШАБ БЎЛМАЙДИ

Аммо бугун, бемалол матбуотсиз яшаш мумкин. Чунки...

ҲАВОСИЗ ЯШАБ БЎЛМАЙДИ

Ўғилчам билан бозор оралаб ўтаётганда у балиқларни томоша қилишни хуш кўради. Юзлаб балиқлар катта шиша идишларга тўлдирилган сув ичида ўзларини у ёқдан бу ёққа отиб, баъзан тепага сапчиб, саросимали ҳолда безовта сузиб юришади. Оғзини катта-катта очиб, ҳапқираётган балиқлар одамнинг раҳмини келтиради.

— Дада, ана у пуфакчалар нима? — сўраб қолади ўғлим.

— Ҳаво, — дейман унга тушунтиришга ҳаракат қилиб.

— Балиқлар нафас олиши учун ҳаво юбориб турилмаса, улар ўлиб қолиши мумкин. Ана, ҳув ана у юқорида қимирламай ётган балиқлар борку, ўшалар ўлиб қолган...

— Нега бизга ҳам ҳаво юбориб турилмайди?..

Ҳарорат пасайиши билан ис газидан заҳарланиш хавфи нисбатан ошади. Ис гази ўпкани тўлиқ эгаллаб олса, у ерга тоза ҳаво кирмаса, инсон нобуд бўлади. Бу жуда аянчли ҳолат. Энг кўп ва бепул нарса ҳисобланган ҳаво кимгадир етмай қолиши оқибатида умрига якун ясалади. Кўпда унчалик эътибор берилмайдиган оддий ҳаво нафақат инсон, балки барча жонзотлар учун энг муҳим омил аслида. Лекин бу ҳақда фикр юритиш аксарият ҳолларда шунчаки қуруқ гап сифатида қабул қилинади. Сабаби, ҳавони на кўриб бўлади, на ушлаб.

Ҳаво туфайли биров бой бўлиб кетгани ё билимли бўлиб қолганини, кимдир шу туфайли бирон жиддий муваффақиятга эришганини ҳеч ким кўрмаган, эшитмаган. Қисқаси, нафас олаётганимиз ҳавога ҳаётимиздаги энг аҳамиятсиз нарсалардан бири сифатида қарашга ўрганиб қолганмиз. Ана шу ҳаво аслида бизнинг тириклигимиз омили эканини эса, кўпда мулоҳаза қилавермаймиз.

Балки бунга бизнинг бир қадар моддийлашиб бораётганимиз боисдир?..

Моддиятпарастлик, Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, инсоннинг асл қадр-қийматига зид турувчи бир воситадир. Аслида ҳаётимизда номоддий омиллар кўпроқ аҳамият касб этиши ҳеч инкор қилинмайди. Шундай бўлса ҳам маънавий омиллар аксар уйимиз тўрини эгаллаган моддият ҳузурида пойгакда қолиб кетаверади.

Тарихимизда «иккинчи ренессанс» даври деб юритилаётган ўтган асрнинг бошларида зиёли боболаримиз инсоният тараққиётининг моҳиятини илмфан ва маърифат воситасида кўришди. Ислоҳ қилиниши зарур бўлган биринчи соҳа бу — таълим-тарбия эди. Бунинг учун аввало жамиятда халқнинг фикри-тафаккури уйғониши, янги замон талабларига уйғун бўлмаган биқиқ фикрлаш тарзини ўзгартириш зарур эди. Одамларга янги усулдаги таълим моҳиятини тушунтириш эҳтиёжи туғилган эди. Шунингдек, янги даврнинг ўзгаришларидан халқни воқиф этиш, дунёдан узилиб, тараққиётдан ортда қолмаслик учун ҳаракатга тушиш заруратини таъкидлаш, бундай фикрларни кенг оммага етказиш биринчи галдаги долзарб вазифа тусини олди. Шунда зиёлилар бу ишни оммавий тарғиботнинг энг мақбул шакли сифатида матбуотга мурожаат қилишди.

Таълим ислоҳоти ҳақида Мунавварқори, дунёга юзланиш, бошқалардан ортда қолмаслик, жамиятга суқилиб кериб келаётган янги омилларнинг туб аҳоли ҳаёт тарзига қай даражада уйғунлиги тўғрисида Беҳбудий, жаҳолат қўйнидаги ҳаётни қай йўллар билан тараққиётга олиб чиқиш масаласида Қодирий, бадиий адабиётнинг туб моҳияти ҳақида Чўлпон каби зиёлилар матбуотда бир қатор чиқишлар қилишди. Матбуот зиёлилар учун катта минбарга айланди. Фикрни оммага — ўз эгаларига энг мақбул тарзда етказишнинг бирдан-бир йўли матбуот эканини ўша пайтдаги илғор зиёлилар тўғри мулоҳаза қилишган эди. Ўз навбатида бу ҳаракат бир қанча кутилган натижаларни ҳам берди. У инсонлар ҳаёти, турмуш тарзини ислоҳ қилишда, уларни жаҳолатдан уйғотишда кучли воситага айланди.

Аммо халқнинг қуллик исканжасида бўлишидан манфаатдор томонлар бундан дарров ҳушёр торта бошлади. Қисқа вақт ичида матбуотга жиддий ҳужум уюштирилиб, бир қанча газета ва журналлар ёпиб қўйилди. Матбуот ўша пайтда энг қудратли деб ишонилган им периянинг кўп минг сонли армиясидан ва ундаги ўқотар қурол-яроғлардан ҳам кучлироқ таъсирга эга бўлолган эди.

Матбуот халқнинг ишончига, суянчига айланиб улгурганди. Оддий халқ ўз сармоясини таълим-тарбияга, матбуотга, илм-фанга сарфлади. Бу йўлда учрайдиган тўсиқлар маърифат истагидаги халқни ўз маслагидан чекинтиролмади.

Бу ҳолат то 37-йилнинг даҳшатли қатлиомларигача озми-кўпми давом этди. Ғайриинсоний қатағонлар бу каби маърифат ва маънавият фидойилари фаолиятига узил-кесил нуқта қўйди. Халқ эса, нафақат миллий маънавият, миллий таълим-тарбия тизими, ўзликни англаш, миллий давлатчилик тузуми, балки бу каби катта ислоҳотларни бошлаш ва оммага тушунтиришдаги мақбул механизм саналган матбуотдан ҳам ажралиб қолди.

Чинакам матбуот ҳеч қачон катта сармоя тўплашни ўзининг асосий мақсади қилиб ололмайди. Агар шундай бўлса, бу сўз ва фикр эркинлигига соя солиши шубҳасиз. Мижознинг чўнтагидаги пулини қўлга киритишни бош маслак қилиб олганлар учун матбуотдан бошқа пултопар тижоратлар ҳам кам эмас. Ҳар қандай жамиятда матбуот халқ ва ҳукумат ўртасида холис туриб, давр тарозусининг адолат шайи вазифасини бажариши шарт. Акс ҳолда, матбуот ўз вазифасини бажармай қўяди ва моҳиятини йўқотади.

Бугун негадир бекорчилик пайтларида одамлар бошини қотиришни кўзлаган, шунинг орқасидан жарақ-жарақ пул топиш илинжида юрган баъзи нашрларга даврий матбуот деб қарайдиган бўлдик . Ёки шунчаки олди-қочди гаплар, қайсидир гўянданинг қуюшқондан чиққан қилиқлари ҳақидаги хабарларни матбуот сифатида кўриб, дийдамиз қотди. Тўғриси, бу каби нашрлар халқнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётидаги бирон муаммони ечишга ҳисса қўшмаганидан одамларда матбуотга бўлган ишонч аста-асталик билан батамом сўниб борди. Энг даҳшатлиси, шундай нашрлар «юқоридан буйруқ бўлган» деган сохта дўқ-пўписалар билан обуна қилдирилгани ҳам ҳақиқат. Бундай ёндашув бора-бора халқнинг норозилигига сабаб бўлди. Салла ўрнига каллани оладиган айрим маҳа ллий бюрократлар «мажбурий обуна» фонида халқни матбуотдан бутунлай узиб қўйди.

Эндиликда ўттизга-қирққа чиққан йигитлар бир ишнинг этагини тутмагани, ҳалигача ота-онасига ёки давлатга боқиманда бўлиб келаётгани, безорилик, фирибгарлик, жиноятчилик, оилавий ажрашишлар тез-тез кузатилаётгани жамиятни жиддий ташвишга солмоқда. Жойларда таълим-тарбия тизими бор. Болалар мактабларда ўқиб савод чиқаришяпти. Интернет орқали ўзлари истаган маълумотлар, хабарларга ҳам эга бўлишяпти. Бир дақиқадан камроқ вақт ичида дунёнинг хабарини кўздан кечиришяпти. Фақат бу хабарлар қачонки маърифат билан уйғун бўлсагина манфаатли илмга айланади. Маърифат аввало катталарда, ота-оналарда бўлиши зарур. Сабаби, жамиятнинг келажаги бўлган ёшларни улар тарбия қилади. Ўзида аниқ мақсад-маслак бўлмаган ота-она фарзанди келажаги учун нима қила олади?

Соҳа мутахассислари иштирокида таҳлилий-танқидий материаллар бера оладиган ахборот во ситалари бизда унча кўп эмас. Борлари ҳам халқнинг эътиборига, қўллаб-қувватлашига эҳтиёж сезади. Чинакам матбуотнинг вазифаси халқнинг оғирини енгил қиладиган, муаммоларига ечим топилишига кўмаклашадиган чиқишлар учун минбар вазифасини бажаришдан иборат. Шунинг учун ҳам шиддатли уруш пайтларида, кутилмаган табиий офатларда, қўйинки, ҳар қандай ҳолат ва шароитда ҳам оммавий тарғибот тўхтовсиз фаолият юритган. Ҳеч қачон танаффус билмаган. Халқдан узоқлашмаган. Халқ ҳам ўз ҳаётини усиз тасаввур қилолмаган.

Бир қарашда шунчаки қуруқ гапларга ўхшаб туюладиган оммавий тарғибот ҳамиша халқнинг назарида бўлган. Аслида халқнинг маънавияти кўз билан кўриладиган моддий ҳодиса эмас. Лекин унинг аҳамияти инсон тириклигини таъминлаб турувчи ҳаво кабидир. Инсоннинг ҳаводан нафас олиши учун ҳеч бир ортиқча харажат ё ҳаракат талаб қилинмайди. Энг муҳими, у тўсиб қўйилмаса ёки булғалмаса, кифоя.

Абдукарим АВАЗБЕКОВ

P.S. Биз ҳам мана шундай яхши ниятлар билан «Оила даврасида» газетасининг 2021 йилдаги илк сонини қўлингизга тутқазяпмиз. Газетамиздан оз бўлса-да маърифат, зиё, бир сўз билан айтганда, «тоза ҳаво» топа олаётган бўлсангиз, демак биз тўғри йўлдамиз.

Йил давомида биз билан ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб, мулоҳазаларингизни биз билан ўртоқлашиб борасиз, деган умиддамиз.




Ўхшаш мақолалар

ХАЛҚНИНГ САБРИ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ СИЗ...

ХАЛҚНИНГ САБРИ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ СИЗ...

🕔16:41, 22.01.2021 ✔65

Бугун ижтимоий тармоқларда, телеграм каналларию турли оммавий ахборот воситаларида, ҳатто маҳаллада йиғилиб гап сотадиган хотинлар ўртасида ҳам битта мавзу энг кўп муҳокама қилинмоқда.

Батафсил
ЖОНСИЗ, АММО СОДИҚ ДЎСТ

ЖОНСИЗ, АММО СОДИҚ ДЎСТ

🕔16:34, 22.01.2021 ✔32

Жисмимиз соғлом ва бақувват бўлиши учун турли-туман фойдали моддаларга бой озуқаларни истеъмол қиламиз. Аммо руҳият ва қалбимизни бундай неъматлар билан тўйинтириб бўлмайди. Улар учун соғлом ақл, тоза туйғулар, кенг тафаккур зарур.

Батафсил
ҲАВОСИЗ ЯШАБ БЎЛМАЙДИ

ҲАВОСИЗ ЯШАБ БЎЛМАЙДИ

🕔20:30, 13.01.2021 ✔318

Аммо бугун, бемалол матбуотсиз яшаш мумкин. Чунки...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ХАЛҚНИНГ САБРИ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ СИЗ...

    ХАЛҚНИНГ САБРИ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ СИЗ...

    Бугун ижтимоий тармоқларда, телеграм каналларию турли оммавий ахборот воситаларида, ҳатто маҳаллада йиғилиб гап сотадиган хотинлар ўртасида ҳам битта мавзу энг кўп муҳокама қилинмоқда.

    ✔ 65    🕔 16:41, 22.01.2021
  • ЖОНСИЗ, АММО СОДИҚ ДЎСТ

    ЖОНСИЗ, АММО СОДИҚ ДЎСТ

    Жисмимиз соғлом ва бақувват бўлиши учун турли-туман фойдали моддаларга бой озуқаларни истеъмол қиламиз. Аммо руҳият ва қалбимизни бундай неъматлар билан тўйинтириб бўлмайди. Улар учун соғлом ақл, тоза туйғулар, кенг тафаккур зарур.

    ✔ 32    🕔 16:34, 22.01.2021
  • ҲАВОСИЗ ЯШАБ БЎЛМАЙДИ

    ҲАВОСИЗ ЯШАБ БЎЛМАЙДИ

    Аммо бугун, бемалол матбуотсиз яшаш мумкин. Чунки...

    ✔ 318    🕔 20:30, 13.01.2021
  • Дунё яна қизил рангга кирмоқда

    Дунё яна қизил рангга кирмоқда

    Ўзбекистонга ҳам карантин чоралари қайтадими?

    ✔ 297    🕔 12:01, 04.01.2021
  • КОРОНАВИРУСНИНГ «мақсади» аниқ бўлди

    КОРОНАВИРУСНИНГ «мақсади» аниқ бўлди

    «Инсоният бошига бало бўлаётган SARS-CoV-2 коронавирусининг «мақсади» – эндемик бўлиш», деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассиси, профессор Дэвид Хейманн. Унинг сўзларини  «Guardian» нашри келтирган, деб ёзмоқда «Xabar.uz».

    ✔ 511    🕔 12:00, 04.01.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар