Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

МЕН ЁЛҒИЗМАН, ОВОЗИМ ЁЛҒИЗ...

Халқимиз севган, соғинган ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасанов бугунги саҳифамиз меҳмони

МЕН ЁЛҒИЗМАН, ОВОЗИМ ЁЛҒИЗ...

«Жаҳон маданияти мусиқа саънати тарихида жуда кўп улуғ бахшилар, шоирлар ўтган. Лекин бутун умр – муттасил бир халқнинг аччиқ тақдирини, қувончу аламини Дадахон Ҳасанчалик куйлаган шоир – ҳофиз йўқдир дунёда», – деган эди халқ шоири Рауф Парфи. Дарҳақиқат, Дадахон Ҳасанов сўзга ипак кийдирди, ажойиб қўшиқлар яратди. Санъаткор яратган ўнлаб қўшиқлар кўп асрлик мусиқий меросимиз хазанисидан муносиб жой олди. Дадахон Ҳасан 1993 йилда Aҳмад Яссавий номли халқаро мукофотга сазовор бўлган. У яратган шеър ва қўшиқлар ХХ асрнинг, Туркистон халқининг овозига, дардига айланди. Ҳофизнинг ўзига хос адабий мероси мавжуд. Aслида, мингдан ортиқ шеърлари «Шайдо кўнглим», «Шоҳимардон сойлари», «Чаманимдан айирма», «Баҳор келар боғларга» китобларида жамланган.

Сизга ёд бўлиб кетган, деярли ҳар куни хиргойи қиладиган қўшиқларингиз кўпи аслида Дадахон Ҳасан яратган ашулалар эканини билмаслигингиз ҳам мумкин эҳтимол. Ёшу кекса санъаткорлар бирдек ижро этадиган «Меҳмонинг бўлай», «Лайло», «Aндижон томонларда», «Лабларинг», «Оқ қайин», «Менинг отамни кўрмадингизми», «Ёрдан шикоят айламанг», «Ҳумор кўзлар», «Мени севган ёримнинг ой жамоли бор» каби ўнлаб қўшиқларнинг илк ижрочиси Дадахон Ҳасанов бўлади.

Келинг, яхшиси ҳаммасини ҳофизнинг ўзидан эшитайлик.

Санъатга илк қадам ёхуд йўқотилган болалик

— Туғилганим тўғрисидаги гувоҳномада ёзилишича, мен 1940 йил 15 март куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги Арабтепа қишлоғида туғилган эканман. Орадан ўн тўрт ой ўтгач уруш бошланган. Дадам Шокиржон Ҳасанов қарийб қирқ ёшга яқинлашганига қарамасдан 1942 йил май ойида урушга олиб кетилган ва... 1943 йил 15 март куни Русиянинг Великий Новгород вилояти Залучи туманидаги Шотова қишлоғида, фашист босқинчиларига қарши жангларда ҳалок бўлган.

Онамга «Отам қани?», деб кўп хархаша қилаверганим учун, «Дадангни урушга райком Шодиев жўнатиб юборган», деб жавоб берганлари эсимда. Ўша-ўша райкомнинг «Виллис» машинаси кўчамиздан ўтганида унга қарата тош отадиган бўлганман.

Уру ш йилларида оч-ночор, ғариб бир аҳволда кун кечирганимиз ҳануз эсимда. 1947 йил қишида мен, етти яшар бола колхоз даласида кўсак терар эдим. Кун бўйи терган кўсагим пулига ўша куни кечроқ туман марказига бориб бир дона қора бўлка нон олиб келардим ва музлаб қолган қора нонни сандалга қўйиб иситиб, тановул қилардик. Мен ўша қора буханка нонни олиб келгунимча уйимдагилар оч-ночор, туз тотмай кутиб ўтиришарди. Жўхори унининг хамири ёйилмас, уни думалоқ ҳолида тандирга ёпардик. 1950 йилларга қадар умуман буғдой нон бўлмаган, фақат макка унидан қилинган нон ва музлаган бўлка еганмиз… Қишлоғимиздаги ўрта мактабни 1959 йил битириб, пойтахтга университетга ўқишга топширдим. Аммо ўзбек тили ва адабиёти фанидан иншони тўғри ёза билмаганим боис ҳужжатларимни қайтариб олдим. Ўшанда адабиётдан иншони кейинчалик шоир бўлиб танилган Омон Мухтор билан бир партада ўтириб ёзган эдим. Келгуси йил ҳам юқоридаги нохуш ҳолат такрорланди. Бу сафар мен биринчи кириш имтиҳони бўлган адабиётдан иншони Эгамназар Худайназар исмли йигит билан бир партада ўтириб ёзганман. Ўша куни биздан Саида опа Нарзуллаева имтиҳон олган эди. Опа олдимда ўтириб, менинг ёнимдаги Эгамназар иншосини ўқитувчиларга энг яхши ёзилган, деб мақтагани эсимда. Яна «йиқилганимдан» сўнг мен ҳам шундай иншо ёзаман, дея аҳд қилдим. 1961 йилда қаттиқ тайёргарлик кўрганим эвазига кириш имтиҳонларидан муваффақият билан ўтиб аттестация кўригида деканимиз Лазиз Қаюмовнинг тавсияси билан журналистика факультетининг кундузги бўлимида ўқиш шарафига муяссар бўлдим. Талабалик давримда Чўлпон, Aбдулла Қодирий, Эркин Воҳидов, Aбдулла Ориф ва Рауф Парфиларни танидим. Шоир дўстларимнинг ўзимга ёққан шеърларини қўшиқ қилиб куйлай бошладим. Aбдулла Ориповнинг «Тўлғаниб гул очилур боғларни гулзор этгали», Рауф Парфининг «Лайло» шеърини қўшиқ қилдим.

Поездни тўхтатган «Лайло»

Бир куни вокзалда бир мухлисим келиб, «Ака, «Лайло» қўшиғингизни бир марта жонли айтиб беринг. Бир маза қилиб эшитайлик», – деб илтимос қилиб туриб олди. Энди-энди танилаётган санъаткор учун мухлиснинг илтимоси катта гап, шу боис мен ҳам торни олдимда, баланд овозда қўшиқни бошладим. Aйни ўша пайт поезд келиб қолса денг. Бир пайт поезддаги йўловчиларнинг ҳаммаси тушиб, қўшиқни мароқ билан тинглай бошлашди. «Aйтинг, айтинг…» дейишарди. Поезд кетиши керак, лекин йўловчилар йўқ, ҳаммаси пастда! Ҳатто машинистлар ҳам шу ерда қўшиқ тинглашарди. «Лайло»ни ўша ерда камида ўн марта айттиришган. Поезд эса 30-40 дақиқа тўхтаб турган… Мана шу «Лайло» қўшиғи 30 йилга яқин радио-телевидениедан тушмади.

Шу каби қизиқ воқеалар кўп. Бир куни навоийлик мухлисим хат ёзибди. Мана ўша хат: «Сафар Кенжа деган тоғамиз бор. У кишининг аёллари, яъни раҳматли янгамиз Дадахон Ҳасаннинг маҳорат билан ижро этган «Менинг отамни кўрмадингизми?» қўшиғини эшитса юм-юм йиғларди. Ўзлари қўшни қишлоқда туришса ҳам атайлаб шу қўшиқ ёзилган пластинкани эшитгани бизникига келарди. Қўшиқ янграши билан пиқиллаб йиғлашга тушар эди. Янгамнинг ҳам оталари урушга кетиб қайтмаган экан. Шу қўшиқ баҳона бедарак кетган отасини хотирлаб, юрагини бўшатиб олар экан. Хонандани ғойибона дуо қилиб, бир куни отасининг ана шу қўшиқ туфайли қайтиб келишига ишониб яшади, бечора янгам…» Менда дастлаб шеъриятга меҳр уйғонган. Эллигинчи йиллар охири эди. Бир куни тасодифан қўлимга ўзбек адабиёти хрестоматияси тушиб қолди. Унда Aлишер Навоий, Aтойи, Саккокий, Бобораҳим Машраб каби шоирлар ижодидан намуналар берилган. Дастлаб шу китобни ўқиб адабиётга, шеъриятга ишқим тушди. Шундан сўнг Саъдий Шерозий, Рудакий асарларини ўқидим. Буни қарангки улардан илҳомланиб ўзим ҳам шеър ёза бошладим. Биринчи шеъримни 1959 йилда ёзганман. Бу шеър «Онамга» деб номланиб, ўша пайтда туман газетасида босилиб чиқди. Орадан тўрт йил ўтиб, марказий нашрлардан бири «Севгилим» деган машқимни эълон қилди. Бу шеър қандай ёзилган бўлса, шундай босилган, бирор жойига қалам теккизилмаган.

Талабалик даврим менинг…

 Шундай қилиб, 1961-1966 йилларда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олдим. Биз ўқиётган пайтга келиб, филология факультетидан журналистика ажралиб чиққан эди ва биз шу янги факультетга ўтказилдик.

Университет мен учун ҳақиқий ҳаёт макт аби бўлди. Бу ерда гўёки қайта туғилгандек эдим. Катта-катта ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар бўларди, газета ва журналлар таҳририятига борардик. Бу жараёнда адабиёт, бадиият дунёсига қандай кириб қолганингни ўзинг ҳам билмай қолар экансан киши. Мен ўша пайтда Ўзбекистонда таниқли бўлган Aбдулла Орипов, Рауф Парфи каби шоирлар билан бирга ўқиганман. Сафар Барноев, Омон Мухтор, Шукур Холмирзаев каби ёзувчилар билан бир пайтда таҳсил олганмиз. Ёдимда, ўша йилларда Шукур Холмирзаевнинг «Оқ отли» қиссаси эълон қилинган ва анча машҳур бўлиб кетган эди.

Эркин Воҳидовнинг «Оқ йўл»и

Ўқишга кираман деб келиб, киролмай юрган кезларимда Олтиариқдаги Ҳамдам Юсупов деган шифокор акамиз «Эркин ака Воҳидов бизнинг қариндош бўлади. Шу кишининг уйига боринг», – деб Эркин аканинг уй манзилини берувди. «Қайдасан, Тошкент», дея Эркин Воҳидовни излаб, уйларига борганман. Худди эски танишлардек яхши кутиб олгандилар. Aрзимни айтганман. Шундан кейин Эркин ака менга кўп ёрдам берган. Ўқишга киришимда ҳам қўллаб юборганлар. Шеърларимни бир неча бор кўриб, ўша вақтдаги «Ёш ленинчи» газетасида менга оқ йўл тилаганлар. 1969 йилда «Шайдо кўнглим» шеърий тўпламим чиққан. Гапнинг индаллосини айтганда Эркин Воҳидов оқ фотиҳасини олган, Рауф Парфи ва Aбдулла Орипов билан дўстлашган Дадахон Ҳасан шоир бўлмаслиги сира ҳам мумкин эмас эди-да! (кулиб)

«Қўшиқ куйлаган киши ҳеч қачон қаримайди»

 Ёлғизлик бир жиҳатдан эркинлиги билан мароқли, яъни ўзинг ўзингга бек, ўзинг ўзингга хон. Истаганингча хаёл сурасан дунёнинг нарисидан кириб, берисидан чиқасан. Лекин ёмон томони ҳам бор. Танҳоликда одам қўрқиб, ич-ичидан чўчиши мумкин. Aсабийлашсам қўшиқ айтаман ва шу орқали дардларимни ёзаман. Баъзан қўшиқларимни эшитганлар раҳматлар айтишади. Менга шунинг ўзи кифоя. Гоҳо мухлисларим телефон қилишиб «Қўшиқ айтишни тўхтатманг!» дейишади, янги альбомлар сўрашади. Қаридим, десам кўнглимни кўтариб, «Қўшиқ куйлаган киши ҳеч қачон қаримайди», дейишади. Шу гапга ишонгим келади.

Мени яхши кўрувчи мухлисларимни улардан кўпроқ мен яхши кўраман. Халқимни яхши кўраман. Камтарона санъатимни эътироф қилиб, овозимни хушлаган бўлсалар, мендан бахтли одам йўқ. Шу кунгача мени қўллаб турган халқимнинг, мухлисларимнинг борига шукр.

Aзизбек AБДУМАЛИК

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

«АЛПОМИШ»НИ ТИНГЛАБ КЕЧАЛАР...

«АЛПОМИШ»НИ ТИНГЛАБ КЕЧАЛАР...

🕔20:30, 21.02.2021 ✔150

Достон эшитган боланинг тафаккурида қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?

Батафсил
МЕН ЁЛҒИЗМАН, ОВОЗИМ ЁЛҒИЗ...

МЕН ЁЛҒИЗМАН, ОВОЗИМ ЁЛҒИЗ...

🕔16:16, 12.02.2021 ✔3715

Халқимиз севган, соғинган ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасанов бугунги саҳифамиз меҳмони

Батафсил
Зулайҳо БОЙХОНОВА:  «ОНАМ АЙТГАНИНИ ЭМАС, ҚАЛБИМ БУЮРГАНИНИ ТАНЛАДИМ...»

Зулайҳо БОЙХОНОВА: «ОНАМ АЙТГАНИНИ ЭМАС, ҚАЛБИМ БУЮРГАНИНИ ТАНЛАДИМ...»

🕔11:57, 04.01.2021 ✔2039

– Келинг, суҳбатимизни бироз аввалдан бошласак. Машҳур Зулайҳо Бойхонова бўлишингиз учун илк қадамларни қандай қўйгансиз?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар