Инсон ўзинг      Бош саҳифа

МЕҲР ҲАҚИДАГИ «ВАЪЗ»

Якшанба куни эди. Ғанижон уйида иштиёқ билан қоғоз қоралаётганди. Чошгоҳ пайти қўл телефони шўх жиринглади. Қараса, нотаниш рақам. «Ким бўлдийкин?» деган ўйда тугмачасини босиб, телефонни қулоғига тутди.

МЕҲР ҲАҚИДАГИ «ВАЪЗ»

– Алло, алло!.. – Гўшакдан аёл кишининг овози янгради. – Ассалому алайкум, Ғанижон! Яхшимисиз, уй-ичларингиз омонми? Танимадингиз-а... Мен Ҳуринисоман. – Ҳуринисо?!. – Ғанижон бир зум ўйга толди. Кейин беихтиёр тўлқинланиб кетди. Э, бормисиз? Соғ-саломат юрибсизми?.. Танимаганим рост. Ахир, кўришмаганимизга, ҳатто телефонда гаплашмаганимизга ҳам анча бўлди-ку. Хўш, янги номеримни қаердан топдингиз? – Навоийлик «циганка» курсдошимиз Василахондан олдим... Дарвоқе, улар курсдош эдилар. Бундан 35 йил бурун ўқишни битиришганди. Кейин Ҳуринисо ўз юрти – Хоразмга кетди. Турмуш қурди, бола-чақали бўлди. Туман газетасида ишлаб, нафақага чиқди. Курсдошларидан Ғанижон, Сардор, Тоҳир, Оғабек, Шерқул, Саломат, Моҳинисолар эса Тошкентда қўним топишди. Ҳозирга қадар республика матбуотида ишлашади. Вилоятларда яшовчи курсдошлари келиб қолишса, дарҳол бир жойга жам бўлишади. Яна, ҳар беш йилда катта учрашув ўтказишади... Ҳуринисо охирги пайтда қандайдир дардга чалинган экан. Аниқ ташхис қўйдириш учун кенжа қизи билан бирга жума куни эрталаб Тошкентга келган экан. – Муҳими, таҳлил яхши чиқди, – деди у хушнуд кайфиятда. – Ҳозир Чилонзорда яшовчи холамникидамиз. Индинига қайтиш учун поездга билет олиб қўйганмиз. Унгача собиқ курсдошлар билан би-ир дийдорлашсам, дегандим...

Улар метро бекатида кўришдилар. Ҳуринисо ёшлигида чиройли-хушбичим қиз эди. Орадан шунча йил ўтса ҳам, юзига билинар-билинмас бир-иккита ажин тушганини-ю, сочларига сийраккина қиров инганини айтмаса, деярли ўзгармабди. Шаҳло кўзларини қисиб, одамга мулойим боқишлари ҳам, ҳар икки гапининг бирида бошини ортга ташлаганча, хандон отиб кулишлари ҳам – ўша-ўша.

Икковлон чеккароқ жойдаги ошхонада узоқ гурунглашдилар. Гап орасида Ҳуринисо «Сардор ҳалиям нашриётда раҳбарми? Уч йил олдин биз томонларга борганида бир нечта ҳикоямни китоб қилиб чиқараман деб олиб кетувди. Шуни нима қилдийкин?» деб сўраб қолди. – Бундан хабарим йўқ! – Ғанижон ростига кўчди. – Аммо ишхонасига бориб аниқлашимиз мумкин...

Улар эртаси куни курсдошларни бир жойга жамлашга келишиб, хайрлашдилар.

Ғанижон уйига келгач, бояги ваъдаси бўйича Сардорга қўнғироқ қилди.

Очиғи, Сардор янги лавозимга тайинлангач, анча ўзгарган, айрим курсдошлари билан борди-келдини деярли узганди. Тасодифан учрашиб қолишса, ўзини улардан олиб қочишга уринарди. Ҳозир ҳам шундай қилди. Ҳуринисо келгани ҳақидаги хушхабарни совуққина қаршилади. Жилла қурса, «Соғлиғи қалай экан?» деб сўрашни ҳам ўзига эп кўрмади. Ҳикоялар тақдиридан сўз очилганида, бепарволарча «Кабинетимда тургандир», деб қўя қолди.

 – Майли, бу масала ўз йўлига, – деди Ғанижон унинг каттазанглигидан ранжиганини сездирмасликка интилиб. – Ҳуринисо бошқа дўстларимиз қатори сизни ҳам кўрмоқчи экан. Шунинг учун эртага уни ишхонангизга олиб борсам, нима дейсиз? – Бўпти, соат ўнда келинглар! – Сардор суҳбатга тўраларга хос оҳангда якун ясади.

Ғанижон билан Ҳуринисо унинг ишхонаси олдига айтилган вақтда етиб боришди. Кўпқаватли бу бинода бошқа ташкилот-корхоналар ҳам жойлашганди. Кириш-чиқиш рухсатнома орқали эди. Ғанижон илгари ундаги таҳририятлардан бирида анча йиллар ишлагани боис буни яхши биларди. Шунга кўра, пастда туриб икки соат ичида Сардорнинг қўл телефонига беш марта қўнғироқ қилди. Бироқ у гўшакни кўтармади. Қабулхонасидаги котиба эса олдин «Сардор Алиевич мажлисда», иккинчи сафар «Цехларни текширгани кетдилар», охирида «У кишини юқори идорага чақириб қолишди» деган баҳонани рўкач қилди. Ғанижоннинг «Унга хоразмлик курсдошимиз иккимиз пастда кутаётганимизни эслатинг!» деган илтимосига эса ҳар гал «Телефонларини кўтармаяптилар», дея жавоб қайтарди. Охири Ҳуринисо ҳам нима гаплигини тушунди. – Бекор кепмиз, – деди афсус-ла бош чайқаб. – Сардорнинг биз билан кўришгиси келмаяпти, шекилли. Начора, суймаганга суйкалмай, яхшиси, кета қолайлик...

Ғанижон унинг гапини рад этолмади. Ёнбошдаги ошхона олдидан ўтишаётганида эса, сигаретаси тугагани ёдига тушди. Ҳуринисога «Икки дақиқага шу ерга кириб чиқай» деди-ю, ичкарига шошилди.

Бу ошхона асосан шу бинода ишлайдиганлар учун мўлжалланган бўлиб, унга туш пайти ҳовлидан ҳам, ташқаридан ҳам кириш мумкин эди. Ғанижон буфетдан сигарета олиб, ортига ўгирилган эди, бурчакдаги бўлмада базм қуриб, шодон қадаҳ уриштираётган хўрандаларга кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, улфатлардан бири боягина «юқори идорага мажлисга чақирилган» Сардор эди. У тўрда гердайиб ўтирар, нималарнидир айтиб, ҳаммани кулдирарди.

Бехос юришдан тўхтаган Ғанижоннинг асаби қайнай бошлади. Бир нияти шартта Сардорнинг олдига бориб, «Узоқдан келган курсдошимиз сени кўрай деб, манави девор ортида уч соатдан буён кутиб ўтирган бўлса, нега бунақа қиласан? Нега минг бир баҳонани ўйлаб топиб, тулкилик йўлини тутасан, пасткаш?» демоқчи ҳам бўлди-ю, барибир фойдаси йўқлигини сезиб, ошхонадан чиқиб кетди. Лекин Ҳуринисога Сардорни кўрганини айтмади. «Қани, бошқа ўртоқларни бир суриштирай-чи» деган ўйда Тоҳир, Оғабек, Шерқул, Саломат, Моҳинисога кетма-кет қўнғироқ қилди.      

Хайрият, улардан биргина Оғабек Андижонда хизмат сафарида, қолганлари шаҳарда экан. Кечқурун ўзлари танлаган тамаддихонага тўпланиб, узоқ суҳбатлашишди. Таажжубланарлиси, гўёки олдиндан келишиб олгандек, бирортаси ҳам Сардорни эсламади.

Ҳуринисо шу оқшом қизи билан бирга Ғанижонникида меҳмон бўлди. Унинг битта факультетни кетма-кет битирган турмуш ўртоғи учовлон алламаҳалгача қизғин гурунлашди.

Эртаси куни даврадошларнинг барчаси она-болани кузатгани вокзалга чиқишди. «Мингйиллик» қадрдонлари билан хайрлашар чоғи Ҳуринисо ҳаяжонини босолмади. Ўпкаси тўлиб, беихтиёр йиғлаб юборди...

Орадан ўн кун ўтиб, Ғанижон одобахлоқ мавзусига бағишланган бир кўрсатувда Сардорни кўриб қолди. Сардор ораста кийиниб, галстук тақиб олган, сочларини силлиқ тараган, суҳбатда қатнашаётган ёшларга зўр бериб, одам одамга ғаниматлигини тушунтирар, шунинг учун ота-онани, дўст-биродарларни тириклигида қадрлаш зарурлигини, ҳар қандай шароитда ҳам меҳр-оқибатни зинҳор-базинҳор унутмасликни, бу барчанинг инсоний бурчи эканини уқтирарди. Баъзан қўлларини ўйнатиб, жўшиб сўзлар, ўқтин-ўқтин тин олиб, томоқ қирар, гапларим маъқулми, дегандай, суҳбат иштирокчиларга виқор билан қараб қўярди.

Ғанижон унинг «доно ўгит»ларини эшитгани сайин, негадир бўғила бошлади. Охири бўлмади, телевизорни жаҳл билан ўчирди-да, дераза олдига бориб, иккала табақасини ҳам ланг очиб юборди. Хонага оқиб кирган кўклам ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олди. Майдалаб ёғаётган ёмғирдан қочиб, айвон бурчагида бир-бирининг пинжига суқилиб олган бир жуфт мусичага нигоҳи тушиб, уларнинг аҳиллигига ҳаваси келди. Кейин ўн кун олдинги воқеани ва бугунги кўрсатувни эслаб, ҳазин хаёлларга толди. Юзига урилган ёмғирнинг илиқ томчилар эса унга раҳмат нури бўлиб туюлди...

Абдунаби ҲАЙДАРОВ




Ўхшаш мақолалар

МЕҲР ҲАҚИДАГИ «ВАЪЗ»

МЕҲР ҲАҚИДАГИ «ВАЪЗ»

🕔20:24, 21.02.2021 ✔161

Якшанба куни эди. Ғанижон уйида иштиёқ билан қоғоз қоралаётганди. Чошгоҳ пайти қўл телефони шўх жиринглади. Қараса, нотаниш рақам. «Ким бўлдийкин?» деган ўйда тугмачасини босиб, телефонни қулоғига тутди.

Батафсил
ТРАКТОРНИ КЎТАРГАН ЭЧКИЭМАР

ТРАКТОРНИ КЎТАРГАН ЭЧКИЭМАР

🕔16:13, 12.02.2021 ✔265

(Бўлган воқеа)

Кўкламнинг ўрталари. Қуёш олов пуркайди. Қум аралаш келаётган гаримсел кўз очирмайди. Ҳайҳотдай Қизилқум саҳросининг чек-чегараси, адоғи йўқдай гўё. Чўл бағрини тасмадек кесиб ўтган бу йўлни унча ҳам текис деб бўлмайди. Бироқ шундай бўлсада, бу йўлдан онда-сонда т урли русумдаги техникалар ўтиб туради.

Батафсил
МИЛЛИЙ ҚЎШИН ОРЗУСИ

МИЛЛИЙ ҚЎШИН ОРЗУСИ

🕔16:37, 22.01.2021 ✔536

 (биринчи мақола)

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МЕҲР ҲАҚИДАГИ «ВАЪЗ»

    МЕҲР ҲАҚИДАГИ «ВАЪЗ»

    Якшанба куни эди. Ғанижон уйида иштиёқ билан қоғоз қоралаётганди. Чошгоҳ пайти қўл телефони шўх жиринглади. Қараса, нотаниш рақам. «Ким бўлдийкин?» деган ўйда тугмачасини босиб, телефонни қулоғига тутди.

    ✔ 161    🕔 20:24, 21.02.2021
  • ТРАКТОРНИ КЎТАРГАН ЭЧКИЭМАР

    ТРАКТОРНИ КЎТАРГАН ЭЧКИЭМАР

    (Бўлган воқеа)

    Кўкламнинг ўрталари. Қуёш олов пуркайди. Қум аралаш келаётган гаримсел кўз очирмайди. Ҳайҳотдай Қизилқум саҳросининг чек-чегараси, адоғи йўқдай гўё. Чўл бағрини тасмадек кесиб ўтган бу йўлни унча ҳам текис деб бўлмайди. Бироқ шундай бўлсада, бу йўлдан онда-сонда т урли русумдаги техникалар ўтиб туради.

    ✔ 265    🕔 16:13, 12.02.2021
  • МИЛЛИЙ ҚЎШИН ОРЗУСИ

    МИЛЛИЙ ҚЎШИН ОРЗУСИ

     (биринчи мақола)

    ✔ 536    🕔 16:37, 22.01.2021
  • Ўтказиб юборилган қўнғироқ

    Ўтказиб юборилган қўнғироқ

    Таҳририятдан қайтаётганимда ҳавонинг авзойи бузуқ эди. Бекатда бироз турганимдан сўнг, автобус келди.

    ✔ 1087    🕔 10:43, 28.12.2020
  • ҚАДРИЯТЛАР ТРАНСФОРМАЦИЯСИ

    ҚАДРИЯТЛАР ТРАНСФОРМАЦИЯСИ

    Ўзбекистон мазкур глобал жараёндан қандай сабоқ ва хулосалар чиқариши керак?

    ✔ 1324    🕔 18:23, 12.11.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар