Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«АЛПОМИШ»НИ ТИНГЛАБ КЕЧАЛАР...

Достон эшитган боланинг тафаккурида қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?

«АЛПОМИШ»НИ ТИНГЛАБ КЕЧАЛАР...

Ёшлигимда ёзнинг иссиғи қайтган кечанинг бағрида достон тинглаб, ёстиққа бош қўймасдан ухлаган вақтимиз жуда кўп бўларди. Эласэлас хотирлайман, ёшим олтида эди. Тенгқурларим билан достон эшитиш учун нариги маҳа ллага боришни режалаштирдик. Чунки биздан салкам уч чақирим наридаги маҳа ллада бугун «Алпомиш» куйланиши керак…

Ёшлигимда онам билан қишлоққа – бувимникага кўп борардик. Ёзги таътил бўлгани учун бир-икки ойгача қишлоқда юрардим. Орадан неча йиллар ўтди. Ҳали ҳам қумсайман, достон эшитиб, ой ёруғида бувимнинг пинжида уйқуга кетган дамларимни. «Бувижон, нега достонни ҳамма севиб эшитади, достонларнинг ўрнига қўшиқ эшитса ҳам бўладими? Достон айтадиган бобо, момонинг овозида қандай сеҳр борки, уларнинг достонини эшитса, қизларнинг кўзига ёш, йигитларнинг юзига кулги, ёшларнинг кўзига эса уйқу келади?», дея саволга тутардим.

Бир куни бувим мени достон кечасига олиб боришидан олдин «Болам, достон қадимиятнинг буюк бир эҳсонидир. Ўзлари яратилган даврнинг буюк бир умумий дунёқараши саналади. Мазмун ва шакл жиҳатдан гоҳ торайиб, гоҳ кенгайиб, аждодлардан оғзаки тарзда етиб келган адабий ёдгорликлар ҳисобланади. Халқ миллий тарихининг афсоналар қобиғига ўралган қаҳрамонлик воқеаларининг ўзига хос бадиий ифодасидир. Бу гапларимни эслаб қолсанг, улғайсанг тушуниб оласан», дедилар. Ўқимаган бувимнинг содда мулоҳазалари замирида нақадар катта гап борлигини мана энди-энди англаяпман. Катта институтда ўқиб, бувимнинг содда ҳақиқатларини энди тушуняпман.

Достон ўқишни бошладим дегунча, ёдимга бувим айтган сўзлар келади. Гарчи достоннинг ярмини эшитиб, қолган қисмини уйқуда эшитсак ҳам, эшитган ва англаган қаҳрамонларимизни ёшимизга муносиб кашф қилишга уринар эдик. Эшитган достонларимни сарҳисоб қиладиган бўлсам, жуда кўп нарсани ўзим учун кашф қилганимни англайман. Адабиётга, шеърга бўлган чексиз муҳаббатим тамал тошлари бувимнинг пинжида ўтириб эшитган достонларим туфайли қўйилган бўлса эҳтимол. Тафаккурнинг ўлчовсиз узунлигида эшитган достонларимдаги қаҳрамонлар ҳаётига ва неча замонлар олдин бўлиб ўтган воқеаларга улар худди ҳозир рўй бераётгандай кириб бораман.

«Алпомиш» достони халқимиз орасида жуда кенг тарқалган, асрлар давомида бахшилар томонидан куйлаб келинган. Шу билан бирга у туркий халқларнинг муштарак достони ҳисобланади. Унинг намуналари ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, олтой халқлари эпик анъаналарида достон ҳолида, татар, бошқирд халқлари орасида эса, эртак ва ривоятлар тарзида, яна аниқроғи, оралиқ шаклда сақланиб қолган ҳамда бу халқларнинг тил хусусиятига кўра, «Алпомиш» турли номлар билан айтиб келинган.

«Алпомиш» достони ўзбек вариантларининг тўпланиши ва нашр этилиши тарихи ғоятда қизиқарлидир. Бу ўзбек фольклоршунослигининг фан сифатида шаклланиши ва ривожланиши билан бевосита боғлиқдир. Ёдимда, ўша вақтда достон айтувчи бобо ва момоларим:

Алпомишни айтса ойлар,

Тинглаб ҳатто тўлин ойлар,

Ешитганлар дилга жойлар,

Сўзи созга мос келганда,

Мавжланади тошқин сойлар,

 – дея такрорланмас ва жозибадор сатрлар билан изоҳларди.

Мана шу байтга диққат билан эътиборни қаратайлик, дастлабки икки байтда тажнисли-омоним сўзлар жуда усталик билан қўлланган. Биринчи мисрадаги «ой» сўзи бир йилда келадиган 12 ойнинг маълум ойларини ифодалайди. Кейинги уч ва бешинчи мисрада сифатлашнинг ниҳоятда чиройли, оригинал шакли келади. «Мавжланади тошқин сойлар». Достонда уруғчилик ўз аксини топганки, буни асардаги воқеалар асослайди. «Бурунги ўтган замонда, ўн олти уруғ Қўнғирот элида Добонбий деган ўтди...» Бахши достонда қўнғиротнинг 16 уруғга бўлиниши, уларнинг бош боболари ҳақида маълумот берадики, бу бахшининг уруғ этногенизини ниҳоятда чуқур билишини кўрсатади. Аҳамиятли томони шундаки, «Алпомиш» авлоди шажарасини ҳам бериб ўтади. Бахши созда шундай баён этади:

Қадим ўтган замонда,

Бобо товдан туманда,

Қўнғирот деган эл бўлган,

Бойсун деган томонда.

Қўнғирот зўр эл бўлган,

Яйлови кенг чўл бўлган.

Шўра-янтоқ мўл бўлган,

Олтмиш тўртта хил бўлган…

Элас-элас бел қолди,

Хотин эрта тул қолди,

Алпинбийдай беклардан,

Икки бирдай ул қолган.

Каттасига Бойбўри

Кичигига Бойсари.

Деган асл ном қўйди.

Иккови ҳам эл зўри...

Бу достондаги бошқа қаҳрамонлар ҳам эзгу сифатлар билан тасвирланган. Алпомишга дўст тутингани учун ўзининг инсофсиз яқинлари ҳамда қариндошларига қарши курашган Қоражон, инсоний фазилатлари билан кўпчилик эркаклардан баланд тура оладиган Ойбарчин ва Қалдирғочойим тимсоллари миллатимизга хос юксак инсоний сифатларни акс эттирганига сиз ҳам амин бўлган бўлсангиз керак. Ёшлигимда қизиқиш билан эшитган «Алпомиш» шунчаки бир достон эмас, балки халқимизнинг маънавий олами ва руҳият дунёсини кўрсатувчи кўзгу эканлигини бугун тобора чуқурроқ англаётганимни яширмайман.

Фольклор – ўтмишнинг акс-садоси бўлибгина қолмай, ҳозирги замоннинг ҳам янгроқ овози. Халқ достонлари қадимиятнинг буюк бир эҳсони, ўзлари яратилган даврнинг умумий дунёқараши, айни пайтда жонли анъанавий ижод ва ижро шароитларида халқ руҳининг объектив ҳолатини даврлараро ифодалаб, мазмун ва шакл жиҳатидан гоҳ кенгайиб, гоҳ торайиб, аждодлардан авлодларга оғзаки равишда етиб келган адабий ёдгорликлар ҳисобланади. Зеро, улар халқ миллий тарихининг афсоналар қобиғига ўралган қаҳрамонлик воқеаларининг ўзига хос бадиий ифодасидир.

Ўзбек халқ қаҳрамонлик достонлари асрлар давомида яратилди ва уларнинг энг яхши намуналари халқ санъаткорлари – бахшилар томонидан жонли эпик анъаналарда оғзаки равишда бизгача олиб келинди. Бундай достонларнинг қадимий илдизлари саклар, массагетлар, суғдийлар, хоразмийларга мансуб уруғ ва қабилаларнинг афсона ва ривоятларига бориб тақалсада, уларнинг каттагина қисми ўзбекларнинг ягона халқ сифатида шаклланишида асос бўлган уруғ ва қабилаларда патриархал-уруғчилик муносабатларининг емирилиши ва илк феодал тузумнинг юзага келиши даврларида яратилган. Чунки улар халқимизнинг ўзлигини англашининг буюк обидалари, унинг ягона халқ сифатида шаклланиш ва бирлашиш сари ташлаган улкан қадамининг шеърият соҳасидаги тенгсиз намуналари сифатида намоён бўлади. Достонлар гултожи «Алпомиш» халқимиз яратган ана шундай эпик шеърият намуналаридан бири, балки биринчисидир.

Агар сиз ўзбек халқини юксалтирган, уни дунёга танитган ахлоқий хусусиятлар нималар эканини туймоқчи, боболаримизни оламга машҳур этган маънавий фазилатлар илдизи қаердалигини билмоқчи, аждодларнинг ор-номус, сўзга эгалик, бағрикенглик ва кечиримлилик сингари жиҳатларидан ўрнак олмоқчи бўлсангиз халқ оғзаки ижодига мансуб жамики достонларни диққат билан ўқиб чиқинг.

Фарзандларимизни ҳам халқ достонлари билан яқинлаштиришимиз керак. Зеро, ёшлигида достон эшитган, ўқиган боланинг қалбида миллатга, ўзлигига ва адабиётга бўлган муҳаббат уйғонади ва шаклланиб боради. Боболаримизнинг буюк мероси ҳеч қачон қадрини ҳам, қийматини ҳам йўқотмайди. «Алпомиш» ана шу мероснинг ҳақиқий гултожи саналади.

Муроджон РАҲМАТОВ




Ўхшаш мақолалар

«АЛПОМИШ»НИ ТИНГЛАБ КЕЧАЛАР...

«АЛПОМИШ»НИ ТИНГЛАБ КЕЧАЛАР...

🕔20:30, 21.02.2021 ✔152

Достон эшитган боланинг тафаккурида қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?

Батафсил
МЕН ЁЛҒИЗМАН, ОВОЗИМ ЁЛҒИЗ...

МЕН ЁЛҒИЗМАН, ОВОЗИМ ЁЛҒИЗ...

🕔16:16, 12.02.2021 ✔3716

Халқимиз севган, соғинган ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасанов бугунги саҳифамиз меҳмони

Батафсил
Зулайҳо БОЙХОНОВА:  «ОНАМ АЙТГАНИНИ ЭМАС, ҚАЛБИМ БУЮРГАНИНИ ТАНЛАДИМ...»

Зулайҳо БОЙХОНОВА: «ОНАМ АЙТГАНИНИ ЭМАС, ҚАЛБИМ БУЮРГАНИНИ ТАНЛАДИМ...»

🕔11:57, 04.01.2021 ✔2040

– Келинг, суҳбатимизни бироз аввалдан бошласак. Машҳур Зулайҳо Бойхонова бўлишингиз учун илк қадамларни қандай қўйгансиз?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар