Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Ўлганман, оёқда турганим ёлғон

ёхуд «Дилдаги доғ» спектакли томошасидан сўнгги ўйлар

Ўлганман, оёқда турганим ёлғон

Залворли  юк

Ота-оналик юки оғир экан. Фарзандларимизнинг гўдаклигидаги бедор тунлар, беморликларидаги ҳаловатсизликлар бу юкнинг бир заррагинаси экан холос. Ахир чақалоғимиз тузалиши, тинчланиши ёки уйқуга кетиши биланоқ у зарра елкамиздан учади-кетади. Юкнинг ҳақиқий залвори улар кўз олдимиздан узоқлашиб тенгдошлари сафига кирганида билина бошлайди. Уйдамисиз, ишдамисиз – фикру хаёлингиз унда бўлади: «Ўртоқлари тузукмикан?», «Ёмон йўлларга бошламаяптимикан, зарарли одатларни тарғиб қилмаяптимикан?», «Ҳаяллаб қолди, тинчликмикан?». Тўғри йўлда собит қолсин, бўш вақти қолмасин деб қўлига изма-из китоб тута бошлайсиз, тўгаракларга банд этасиз... Панд-насиҳатларингизни-ку адоғи бўлмайди: «Ундай бўлма, бундай бўл», «У йўл нотўғри, мана буниси тўғри»... Айниқса, XXI аср имкониятлари дея мақтанадиганимиз ахборот технологиялари ва интернет ҳаётимизни тобора қамраб олаётгани (ахир ишларимиз усиз битмаяпти-да), қарамлигимиз баробарида юкимизнинг тошини оширса оширяптики, асло камайтираётгани йўқ. Ахир ёнма-ён дўстларидан ҳар қанча ҳимоялаганимиз билан онлайн дўстларини, онлайн кириб бораётган ҳар саҳифани назорат қила олмаймиз-да. Бу ҳавонинг тарқалишини назорат этиш билан баробардир. Шундай бўлса-да интернет тўрига тушиб қолмаслик йўлларини ўргатган бўламиз, унинг домига ўралиб қолганларнинг қисматини келтирамиз, текин қуйруқ қопқонда бўлишини уқтирамиз. Хуллас, барча саъй-ҳаракатларимиздан мақсад пушти камаримиз, кўзимизнинг оқу қораси, наслимизнинг давомчиси бўлмиш дилбандларимизни асраб авайлаш, эл-юртга, Ватанга муносиб фарзанд қилиш, оппоқ шаънига доғ туширмасликдир. Ҳеч кимнинг бошига тушмасину, агар устомонлар фарзандингизни ўз йўриғига сеҳрлаб олиб, эзгулик либосидаги жаҳолат сари бошласа, ёмонотлиқ қилса борми?.. Унинг шаънига теккан қора доғ волидаю падарининг дилига тушади! Энг ёмони – бу доғ абадийдир, у ювилмас, кетмас, аксинча вужудни ич-ичидан муттасил кемириб боради ва қулатади! Яқинда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида «Дилдаги доғ» спектаклини кўриш асносида бунга яна бир бор амин бўлдим. Мени хавотирга солаётган юкнинг залвори ўйлаганимдан-да оғирлигини ва бу масъулият бежиз ботинимдан бот-бот садо бермаётганини ич-ичимдан ҳис қилдим. Журналист, шоир, драматург Қўчқор Норқобил асари асосида саҳналаштирилган ушбу спектакль интернет тўрига тушган фарзанднинг тақдири, унга «ҳисса» қўшувчи омиллар ва бу ҳолдан ота-онанинг не кўйларга тушишини шу қадар жонли тасвирладики, ушбу бир ярим соатлик дарс мобайнида биз ва жигаргўшамиз минг кунлик қуруқ насиҳатдан кўра самарали сабоқ олишимиз аниқ! Келинг, қисқача баён қилай.

 

Ёлғизимми, ёвузим?

Раҳим ака ва Муниса опа ўн йил деганда фарзанд кўришди, тилаб олганлари учун исмини ҳам Ёлғиз деб қўйишди. Оқ ювиб-оқ тарашди.

Ёлғиз олий маълумот олди. Университетни тугатгач, заводда ишлай бошлади. Оқкўнгил, содда, ишонувчан йигит ана шу пайтда эсктремистик тўданинг назарига тушди. Улар олижаноб кўриниши билан Ёлғизнинг кўнглидан жой олганига ишонч ҳосил қилишгач, келишган, бақувват номзодни ҳар томонлама ўзларига ўраб-чирмаб олиш учун устаси фаранг Камилла билан интернет орқали таништириб қўйишди. Манфур тўдадан бўлмиш Камилланинг асосий вазифаси аслида ижтимоий тармоқлар орқали содда инсонларни топиш ва «ўлдим-куйдим»лаб уларнинг нозик ҳис-туйғуларини банд этиб, ўзига қарам қилишдир. Онлайн «дарча» орқали изҳор этилган мойдай сўзлар ва нағмалардан севги дардига мубтало бўлган йигитлар унинг: «Ёнимга келсанг, турмуш қуриб, ҳашаматли уй-жойларда данғиллама ҳаёт кечирамиз, ота-онангга ҳар ойда яхшигина маош юборамиз» деганига ишониб, ҳайю-ҳуйт деб Россиянинг Уфа шаҳри сари йўл тортишар эди. Бахтли оила қуриш орзусида бу ерга келган навқирон йигитлар аслида Камилланинг навбатдаги топшириғини итоаткорона бажаришади – махсус лагерга бориш олдидан психологик тайёрланишади, чиркин мақсад сари бирлашишади. Ёлғиз ҳам сарвқоматнинг тузоғига тушди-қолди. Ота-онасига: «Янги шерикларимиз билан шартнома имзолаб келаман» дея Уфа сари йўл олди. Бу ёқда Раҳим ака ва Муниса опа «Ўғлимиз қўлидан иш кела бошлабди, раҳбариятнинг ишончига сазовор бўлибди», дея суюнганча, қўшни қиз билан ўғилларининг бошини бойлаб қўйишди.

Лекин... саккиз ой ўтса ҳамки ўғилнинг қораси кўринмасди. Камига ҳамқишлоғи, Ёлғизнинг дўсти-қадрдони Холли далли (девона) дам-бадам келиб фалончи тўй қилаётгани ҳақидаги хабар билан уларнинг шундоғам соғинчдан ва кечикаётган никоҳдан пажмурда юракларини хуфтон этиб кетарди. Хуфтон бўлишмасинми, аввалига қўнғироқлашиб турган ўғил, мана дом-дараксиз. На хати, на хабари бор. Ота-онанинг кўзида уйқу, еганида маза йўқ. Мана бугунам Раҳим ака қаттиқ чўчиб уйғонди! Ўзига келар-келмас кўча эшиги тақиллади. Қудаси Санобар экан, ранг-қути учганча деди: «Фотиҳани бузамиз, милицияда ишлайдиган укамдан Ёлғиз ҳақида нохуш хабар эшитдик...» Эру хотиннинг ҳангу мангликларининг устига ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари (ортларидан Холли ҳам) кириб келишиб, Ёлғиз Турсунов диний экстремистик тўдага қўшилиб қолганини, юртимизда қўпорувчилик қилиш, халқимиз ҳаётига чанг солиш учун ярамас ва иблис тўдалар гуруҳига қўшилиб хорижда юрганини маълум қилишди...

Раҳим ака инграб юборди. Муниса уввос тортиб йиғлай бошлади...

Спектаклнинг юракларни ларзага солувчи, сабоқлари билан кўзимизни очувчи чинакам кульминацион нуқтаси мана шу ердан бошланади. Осмондек орзулари чилпарчин бўлган ота-онанинг нидолари диалоглар орқали моҳирона очиб борилаверадики, уларга қўшилиб дард тортмасликнинг иложи йўқ. Айниқса персонажларнинг арияларини тинглар экансиз, беихтиёр томоша залини тарк этиб, тезроқ фарзандингизнинг ёнига боришга, уни ҳар томонлама ҳимоялашга ҳозирданоқ киришгингиз келади. Бундан муҳим ташвишингиз йўқлигига иқрор бўласиз. Она барибир она-да, ёлғизи эгри йўлдалигининг исботини орган ходими суратлар билан кўрсатган бўлса ҳам мўмин-қобил, қўй оғзидан чўп олмаган фарзандининг бундай номардликни тутишига ишонмади: Йўқ! Менинг болам, Ёлғизим бундай қилиши мумкин эмас!..

Сўнг хавотирдан йиғлай бошлайди, ота эса кўксини чангаллаб йиқилади.

Муниса опа:

Ишонманг, дадаси, ишонманг асло Бошламанг олдиндан хавфу хатарни...

Раҳим ака:

Онаси, ҳеч қачон кечирмас дунё Юртфуруш тарбия қилган падарни...

Ёзувчининг маҳорати шундаки, диалоглар қулоғимизга чалиниб келган ва биз ўрганиб қолган такрорий сўзлардан эмас, қисқа ва оригинал тасвирлар асосида тузилган.

Ёки мана бу пардага эътибор беринг.

Раҳим ака сочлари оқарган, ранги афтода. Асога суянган кўйи қуйидаги арияни куйлайди:

Бир кун келар – Мен ўтарман!

Ота номим ўчсин, бола.

Ўз юртига қўл кўтарган

Қўлинг синиб тушсин, бола.

Сен шу юртдан, шундай юртдан,

Не ёмонлик кўрган эдинг?

Бола, ахир шу умидда

Сени катта қилганмидим?!

Бир кун катта бўлсанг, десам,

Эл қайғусин ейсан, десам.

Отасини еган бола,

Онасини еган бола!

Ўз юртини сотиш учун

Бу дунёга келган бола!

Шу тобда рамкага солинган суратни кўксига босиб Муниса опа келади. Мунғайиб турган эрига қараб аянчли илжаяди. Йигирма ёшлар чамасидаги гўзал ва навқирон Ёлғизининг жилмайиб тушган расмини эрига кўрсатади. – Мана, мана менинг ўғлим. Болам Ёлғизим! Қаранг, Ёлғизим келди. Ёлғизимиз келди... (беўхшов ҳиринглаб кула бошлайди, чунки она жинни бўлиб қолган эди).

Муниса сўнг томошабинларга қараб дейди (мусиқа остида):

Болангиз қаерда?

Болангиз қайда?

Кутяпман. Ловуллаб ёнмоқда ичим.

Мен каби бепарво она бор жойда

Суратга термулиб қолмасин ҳеч ким.

Болангиз қаерда?

Болангиз қайда?

Болангиз кўчада қолмасин...

Жинлар бор. Ва яна аллақаерда –

 Шайтоннинг қўлига тушиб қолмасин.

Дунёга ҳушёрроқ қаранг, онажон,

Болангиз кўчада қолмасин ҳаргиз.

Ўлганман. Оёқда турганим ёлғон

Алданиб қолмасин нуридийдангиз.

У ҳаммани огоҳликка чақирар ва мусиқа остида айтилган бундай насиҳатдан ўртанмаслик, уйғонмаслик мумкин эмас...

Яна ҳаммага суратни кўрсатиб, бир нуқтага тикилганича давом этади: – Сизларнинг ҳам болаларингиз борми? Улар ҳозир қаерда? Уйдами? Кўчадами? Кинодами? А, қаерда-а? Театрдами? Болаларингизни эҳтиёт қилинг! Жинлар, шайтонлар олиб кетиб қолишмасин!

Ўғлининг доғида куйиб телба бўлган онанинг бу ўтли оҳларини эшита туриб, дарҳол оиламга, фарзандларим ёнига боришни, уларнинг ёнида бўлишни истадим. Гўёки менсиз бир муддатгина қолган зурриёдларимни айни пайтда кимдир тузоғига туширмоққа уринаётгандек!

Аслида театрнинг, жонли саҳнанинг бошқа масканлардан устунлиги ва тарбиявий самарадорлиги, таъсир кучи ана шунда! Инсон қалбига тез кириб боради ва мақсадга эришилади! Ахир ёлғизгина ўғлининг эгри йўлидан телба бўлган аёлнинг қисмати кимни ларзага солмайди, кимнинг кўзини очмайди дейсиз?!

Энг ачинарлиси ҳали бу эмас. Гап шундаки, элнинг кўзига кўзи тушишидан қочиб, уйдан чиқолмай қолган Раҳим ака бироз чалғиш мақсадида боғ атрофини йиғиштириб, ўчоққа ўт ёқмоқчи бўлади. Шунда ўчоқ ичидан китоб, варақалар, харита солинган юкхалта топиб олади.

Бу ҳақда дарҳол хабар бериш учун миршабни бошлаб келаман деб турганида тентираб, алжираб Холли келади. Унга қўшилиб келиб, супага чўкади. Холли яна маҳалла янгиликлари, тўйлар ҳақида гапириб, унинг куйган юрагини баттар алангалатади.

Раҳим ака чуқур уф тортади. — Уф деманг тоға, уф деманг, – тасалли беради Холли  Уф тортмай бўладими? – дейди Раҳим ака. – Ахир гуноҳимкорман. Гуноҳим – гумроҳлигим! Ваҳший йиртқични ўстирганим. Ундан кўра бир итни боқсам бўларди-ку, ён-атрофни қўриқлаб ётарди-ку... Тарбиялаган болам итчалик ҳам бўлмади-и-и. Элнинг кўзига қандай қарайман, иним. Ундан кўра икки кўзим оқиб тушса бўлмасми-ди... (чўккалаб, қўлларини мушт қилиб кўксига ура бошлайди, Холли қўшилиб йиғлаб, Раҳим аканинг қўлларини уқалайди). Сўнг давом этади: «Холливой, назаримда бу газандаларнинг шериклари бизнинг орамизда ҳам юрганга ўхшаяпти». – Бу нима деганингиз тоға? – чўчиб, атрофга аланглайди Холли.

Раҳим ака воқеани айтиб беради. – Энди нима қиласиз? Сумка қаерда ҳозир?! – у энди Раҳим аканинг орқа томонига ўтиб елкасини уқалашга тушади.

– Омборхонага ташлаб қўйдим, миршабни бошлаб келаман. Ҳиқ-ҳиққ-х-хх...

У бошқа гапиролмади, чунки Холли белидаги арқонини ечиб, уни бўғарди. Раҳим ака типирчилай-типирчилай жон берди. Шу топда Муниса келиб қолди. Вазиятни кўриб, қўрққанидан ортга тисарилади. Холли энди унинг ёнига бориб, бўйин томирига кафтининг қирраси билан зарб бериб ўлдирди...

Ҳайрон қоляпсизми? Спектакль бошидан хурмача қилиқларию гаплари билан томошабинни обдон кулдирган ва биз телба деб ўйлаганимиз Холли асло ақли ожиз, раҳм-шафқатга муҳтож инсон эмас, балки жиноий гуруҳнинг маҳалладаги «қулоқ»ларидан, энг муҳим фигураларидан бири бўлмиш соппа-соғ инсон эди. Шу боисдан ҳам унинг асл башараси очилганида томошабинлар ҳайратдан донг қотди!

 

Юрагимдаги  оғриқ  эди

Қўчқор НОРҚОБИЛ,

драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, сценарий муаллифи

– Бу мавзу олдиндан юрагимга оғриқ солиб турарди. Айниқса, ёшларни интернет орқали ўзига оғдириб оладиган,  «севги – муҳаббат» ўйини ортида яширинган жаҳолат, қанчалаб кишиларнинг ҳаётини вайрон қилаётган ёвуз кучларнинг кирдикорлари мени даҳшатга соларди.

Масалан, гўзаллик қиёфасидаги шайтон интерет орқали айрим йигитларни ўз комига тортиб, сўнгра уларни ўз халқи ва Ватанига қарши боришга, тиғ кўтаришга, террорчи тўдаларга қўшилиб сотқинлик қилишга ундаши нақадар даҳшат эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бу асар хаёлимда пишиб турган пайтда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори, халқ артисти Мирза Азизов қўнғироқ қилиб, ёшларни жиддий ўйлатадиган, ёвуз кучлардан огоҳ этувчи саҳна асари керак бўлаётганини айтди. Хаёлида ўйлаб юрган воқеа-ҳодисаларни гапириб берди ва асарни ўзи саҳналаштиришини айтди.

Айни муддао. Неча ойлардан бери ўйлаб юрган мавзум қоғозга тушди. «Дилдаги доғ» – ақидапарастлар гирдобига тушиб қолган содда йигитлар, уларни ўз тўрига илинтириб, жангарилар қўлига топширадиган фаҳш йўриғидаги ёвуз аёллар, унинг кирдикорларидан сўнг содир бўлган фожеа ҳақида. Айниқса, бундай тўдага тушиб қолган йигитнинг ортида чирқиллаб қолган ота-онасининг аянчли тақдири, бошларига тушган кулфат, дил азоблари ўзимни ҳам қаттиқ изтиробга солади. Шўрлик ота-онани ярамас фарзандининг касофати уриб кетади. Алал-оқибат волидаю падарни ҳам ўғил қўшилиб қолган тўданинг вакили ҳалок қилади.

Асарда айтмоқчи бўлганим – «Сен-ку кетдинг, лекин ортингда қолганларнинг ҳам ҳаётини вайрон этиб кетдинг, бу ишни ҳатто ҳайвон ҳам қилмайди», деган азобли ҳайқириқдир.

Ишонасизми, бош ролларни ўйнаган Маъсуда опа ва Турғун ака, Ҳамид акага ич-ичимдан ачиниб кетаман, баъзида ўзимни койийман, буларнинг елкасига бундай оғир юк ташлаганим учун. Спектаклдан сўнг улар анча пайтгача ўзига келолмай туришади. Бу шунчаки йиғисиғи, оҳ-воҳдан иборат асар эмас. Унда ижрочилар шунчаки рол ўйнамайди, балки яшайди.

 

Мени йиғлатган аёл

Холисхон ЖАЛИЛОВА,

томошабин, ўқитувчи

– Муқимий театри менинг энг севимли театрларимдан. Чунки бу ерда ҳаёт бор! Ҳаётдан айроликни кўрмайман, спектаклларини томоша қилаётиб саҳнадаги ҳаётга сингиб кетаман. Айниқса, мусиқали ижролари томоша асносида тин олишга, ўйлашга мажбур қилади.

Мазкур саҳна қадр-қимматининг сақланиб қолинишида театр жамоасининг, истеъдодли актрисаларининг меҳнати беқиёс. Маъсуда Отажонова мен билган, ролларини севиб томоша қилган актёрларимдан. «Дилдаги доғ»да она ролини шунчалик таъсирли ижро этганки, унга қўшилиб тўлғонмаслик, сотқин фарзанд доғида куймаслик, жигар тилка-пора бўлмаслик мумкин эмас.

Одатда фарзандлар эгри йўлга кирса ота-онани айблаймиз, эътиборсизлик қилган деб гуноҳкор этамиз. Лекин ҳамиша ҳам шундай дейиш ўринли эмас. Буни спектакль давомида англаш мумкин. Фарзандининг сафардан асл мақсади ҳақидаги хабардан сўнг аввалига ишонмай, сўнг телба бўлиб қолган аёл саҳнаси мени кучли зилзиладан ҳам ортиқ қўрқувга солди. Ўйнаётган ролини бунчалик ишонарли ижро этиш пайтида актёрнинг ўзи ҳам телба бўлиб қолиши, юраги ёрилиб кетиши ҳеч гап эмас, деган хавотир она сифатида мени қийнади. Волиданинг орзулари, ўғлининг суратларини бағрига босиб нолаю фарёд этаётганида қалбимда вулқон портлади, томоша залидан саҳнага отилишимга бир баҳя қолди.

Оҳ, онаизор! Умидлари сароб бўлган умидвор, унинг ширин хаёлу орзулари ўз фарзандининг камолидан эди, у ҳақли эди дилбандининг роҳатини кўришга! Шу хаёлда тўкилиб-тўкилиб йиғладим, бошқа чорам йўқ эди, чунки у дамда мен аллақачон томошабинлигимни унутган, ўша муқаддас ва бағриқон она бўлиб саҳнада эдим гўё. Ролини унутиб, ўзи ўша онага айланган Маъсуда Отажонова эдим! Мен-ку томоша таъсирида шунча азобландим, бағрим куйиб кетди, актриса ўзини унутиб, онаизорга айланганида юрак призмаларидан дардни ўтказганида не ҳолни бошдан кечирди экан?!.

Бу қимматбаҳо асар, уни барча кўриши керак, ота-оналар фарзанлари билан бирга кўриши керак, бирор бир мактаб ўқувчиси, талаба, ҳатто ҳеч ким қолмаслиги керак уни кўрмаган.

 

Халқаро эътирофга сазовор

Фируза ХОЛИҚОВА, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри матбуот котиби

— Сарвар Юсупов мусиқаси асосидаги «Дилдаги доғ» мусиқали драма театримиз директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов томонидан саҳналаштирилган. Ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Турғун Бекназаров (ота), Ҳамид Тўхтаев (ота – иккинчи ижодий жамоада), Александр Бекжонов (маҳалла раиси), «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Маъсуда Отажонова (она), «Шуҳрат» медали соҳиби Расулхон Қодирхонов (Ёлғиз), Гулноза Саидова (Камилла) ҳамда Умид Шодмонов, Азиз Латипов, Ҳабибулла Ортиқов, Музаффар Ҳамидов (лейтенант), Илҳом Атамирзаев (Суръат – жиноий гуруҳ етакчиси) маҳорат билан ижро этган. Мазкур спектакль нафақат юртдошларимиз меҳрини қозонди, ҳатто 2017 йилда Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилган «VI-АРТОРДО» халқаро театр фестивалида «Энг яхши спектакль» номинацияси билан мукофотланди. Шунингдек, ушбу фестивалнинг «Энг яхши эркак роли учун» номинацияси ҳам ота ролидаги ижроси учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаровга насиб этди.

 

Бир марта кўрган афзал

Дарҳақиқат, келиб кўринг ва ўзингиз баҳо беринг. Кетган вақтингизга сираям ачинмайсиз. Қайтанга, бисотингиздаги дуру жавоҳирларингизнинг энг нодири – зурриёдингиз билан кўпроқ ҳамсуҳбат бўла бошлайсиз, ўзингизга янаям яқин оласиз. У ҳам сизни кўпроқ ўйлай бошлайди. Хатолари аввало ота-онасига ташвиш келтириши мумкинлиги ва оқибатларини қалбдан ҳис қилади ва эгриликдан тийилади, ҳушёрлиги ортади. Фақатгина ота-она эмас, фарзандлар ҳам елкасидаги юкнинг залворини англайди. Оилалар мустаҳкамланади.

Шу эмасми театрнинг асл мақсади!

Мақола сўнгида спектаклда маҳалла раиси Ғани тилидан айтилган ва хотирамда ёд бўлиб қолган мана бу илтижони яна такрорлагим келди:

Кимнидир бошини тоғ қилар фарзанд,

Кимнидир кўксини доғ қилар фарзанд.

Кимнидир жонини жон қилар фарзанд,

Кимнинг ич-этини қон қилар фарзанд.

Танамда жон борми?

Танимда жон борми?

Бу кунни душманга кўрмайман раво.

Бундай кўргуликни, бундайин ҳолни,

Ҳеч кимнинг бошига солмасин Худо!

 

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА




Ўхшаш мақолалар

Ўлганман, оёқда турганим ёлғон

Ўлганман, оёқда турганим ёлғон

🕔13:18, 24.03.2021 ✔338

ёхуд «Дилдаги доғ» спектакли томошасидан сўнгги ўйлар

Батафсил
ЮЗ ФОИЗЛИ МУҲАББАТ...

ЮЗ ФОИЗЛИ МУҲАББАТ...

🕔13:12, 24.03.2021 ✔345

Муҳаббатнинг ҳам фоизи бўладими, дерсиз. Бўлар экан. Лекин бу ҳақида сал кейинроқ.

Батафсил
МАЙСАЛАР УСТИДАГИ ТОМЧИ-ТОМЧИ ЁШ

МАЙСАЛАР УСТИДАГИ ТОМЧИ-ТОМЧИ ЁШ

🕔11:13, 13.03.2021 ✔669

Рауф Парфи танлаган бадиий ифодалар оддий ва гўзал, улуғ шоир талқин этаётган мазмун-моҳият, шу йўсинда, оддий ўқувчига ҳам тушунарлидек туюлса-да, у яратган ҳар бир шеърий образ замирида рамзий маънонинг чуқур қатламлари ётар, парфиёна ижодда хаёлотнинг мураккаб олами жилваланаркан, даъваткор руҳ шеър шайдосини воқеликка яхшироқ назар солишга ундарди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ўлганман, оёқда турганим ёлғон

    Ўлганман, оёқда турганим ёлғон

    ёхуд «Дилдаги доғ» спектакли томошасидан сўнгги ўйлар

    ✔ 338    🕔 13:18, 24.03.2021
  • ЮЗ ФОИЗЛИ МУҲАББАТ...

    ЮЗ ФОИЗЛИ МУҲАББАТ...

    Муҳаббатнинг ҳам фоизи бўладими, дерсиз. Бўлар экан. Лекин бу ҳақида сал кейинроқ.

    ✔ 345    🕔 13:12, 24.03.2021
  • МАЙСАЛАР УСТИДАГИ ТОМЧИ-ТОМЧИ ЁШ

    МАЙСАЛАР УСТИДАГИ ТОМЧИ-ТОМЧИ ЁШ

    Рауф Парфи танлаган бадиий ифодалар оддий ва гўзал, улуғ шоир талқин этаётган мазмун-моҳият, шу йўсинда, оддий ўқувчига ҳам тушунарлидек туюлса-да, у яратган ҳар бир шеърий образ замирида рамзий маънонинг чуқур қатламлари ётар, парфиёна ижодда хаёлотнинг мураккаб олами жилваланаркан, даъваткор руҳ шеър шайдосини воқеликка яхшироқ назар солишга ундарди.

    ✔ 669    🕔 11:13, 13.03.2021
  • КЕЛИННИНГ  «ТОҒА»СИ

    КЕЛИННИНГ  «ТОҒА»СИ

    Наманган сафарларидан бирида Ғафур Ғулом даланинг шундоққина адоғида айқириб оқаётган катта сувга тикилганича ўй суриб ўтирган экан. Шу маҳал у турган жойнинг яқингинасидан аёл кишининг йиғиси эшитилиб қолибди.

    ✔ 512    🕔 11:12, 13.03.2021
  • ДЎСТЛИК  СИНОВИ

    ДЎСТЛИК  СИНОВИ

    Телефонини олди-да дўстига қўнғироқ қилди: — Онамнинг мазалари йўқ! Менга дориларга пул керак, — деди.

    ✔ 217    🕔 11:08, 13.03.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар