Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Фарҳод ТОЛИПОВ: Марказий Осиё давлатларига бирдамлик етишмаяпти

Бугун дунёнинг айрим минтақалари замонавий кўринишдаги геосиёсий ўйинлар майдонига айлангани сир эмас. Мазкур жараён Марказий Осиёни ҳам четлаб ўтмаган.

Фарҳод ТОЛИПОВ: Марказий Осиё давлатларига  бирдамлик  етишмаяпти

Айни ҳолат қардош элларнинг ўзаро интеграциялашувини бирмунча қийинлаштирмоқда. Ташқи таҳдидлар таъсирида улар ўртасидаги яқин қўшничилик муносабатлари, шу жумладан, кўп форматли ҳамкорлик механизми жиддий синовдан ўтяпти.

Бундай мураккаб вазиятда Марказий Осиё мамлакатлари ўзини қандай тутиши керак? Минтақавий стратегик шерикликнинг кейинги истиқболи хусусида экспертлар нима дейди? Мавзуга доир айрим саволлар билан Ўзбекистондаги «Билим карвони» нодавлат илмий муассасаси директори, сиёсатшунослик фанлари доктори Фарҳод Толиповга юзландик.

— Марказий Осиё мамлакатлари мустақил бўлганига 30 йил тўляпти. Афсуски, шу чоққача улар на сиёсий, на иқтисодий жиҳатдан ўзаро интеграциялашди. Сиз бунинг сабабларини нималарда кўрасиз?

— Шахсан ўзим Марказий Осиё­да интеграция амалга ошмади, деган фикрга қўшилмайман.

Охирги ўттиз йил мобайнида минтақамизда юз берган геосиёсий жараёнларни таҳлил қилсак, уларнинг бир қанча муҳим ўлчамлари борлиги кўзга ташланади.

Совет Иттифоқи парчалангач, 1991 йилнинг ўзидаёқ Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Ашхобод шаҳрида учрашиб, интег­рацион тузилмани яратишга келишиб олади. Ўшанда «Туркис­тон – умумий уйимиз», деган шиорлар янграган. Ваҳоланки, ёш мустақил республикаларни бирлашишга ҳеч ким мажбурламаганди. Бундай интилиш табиий эҳтиёж, таъбир жоиз бўлса, минтақада азалдан шаклланган тарихий қонуният асосида юзага келган.

1991 йилдан 2006 йилгача Марказий Осиёда интеграция жараёни узлуксиз ва муваффақиятли давом этди. Ўзига яраша қийинчиликлар бўлди, албатта. Масалан, Европа Иттифоқининг шаклланиш тарихи ҳам осон кечмаган. 28 та мамлакатнинг боши қовушгунча қанчадан-қанча зиддияту талафотлардан ўтилмади дейсиз. Европадан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё мамлакатлари бир-бирига ҳам тарихий, ҳам этно-маданий жиҳатдан, ҳам қадриятлар тизими бўйича жуда яқин. Интеграция борасидаги салоҳиятимиз европаликлардан анча юқори, деб ўйлайман.

— Демак, сизнингча, 90-йилларда Марказий Осиё давлатлари интеграциялаша олди.

— Баъзи сиёсатшунос-таҳлилчилар Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгач, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан турли даражада ривожлангани учун ҳам минтақавий интеграция узоқ вақт давом этмаганини таъкидлайди. Марказий Осиё республикаларида минтақавий интеграциянинг асосий шарти бўлган муштарак тамойил ва қадриятлар мавжуд эмаслигини қайд этувчилар ҳам бор. Аслида эса минтақа мамлакатларининг ҳамкорлигига 2005 йилгача ҳеч нарса ва ҳеч ким тўсқинлик қилмади. Уларни тарихан бир-бирига боғлаб турувчи умумий қадриятлар ҳам талайгина. Бу – факт!

Афсуски, 2006 йилга келиб интеграция жараёни тўхтаб қолди. Чунки Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти аъзолигига минтақага дахли бўлмаган қудратли давлат – Россия Федерацияси қабул қилинади. Натижада ташкилот соф минтақавий институт сифатидаги қиёфасини йўқотди. МОҲТга Россиянинг қўшилиши Марказий Осиё давлатларига жуда қимматга тушгани бугун кундек равшан.

Боз устига 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг АҚШ билан муносабатларимиз кескинлашди. Бундай қалтис вазиятда Ўзбекис­тон раҳбарияти Россия томон юз ўгириб, Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо бўлишга қарор қилади. Бу икки тузилмага Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам қўшилганди. Минтақа мамлакатлари раҳбарлари Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти доирасида учрашишни ортиқча ҳисоблаб, кейинчалик уни тугатишга розилик берган.

Бироқ Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти минтақавий манфаатларга жавоб берадиган ҳамда умумий муаммоларни ҳал қилса бўладиган тузилма эмаслиги тез орада аёнлашди. Шу боис 2008 йилда Ўзбекистон уни тарк этди. Марказий Осиёда интеграцияни қайта тиклаш учун эса ўн йил талаб қилинди.

— Узоқ танаффусдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини яна бир стол атрофига жамлади. 2018 йилдан буён улар мунтазам равишда учрашмоқда. Маслаҳат учрашувлари форматига янгилик киритишнинг вақти келмадимикан?

— Мазкур механизм аввалига эҳтиёткорлик юзасидан маслаҳат учрашуви, деб номланган. Чунки ўн йилга «музлатилган» минтақавий интеграцияни бирданига институционал кўринишда тиклаб бўлмасди. Ҳар ёққа тарқалиб кетган Марказий Осиё республикалари бир-бирини яхшироқ таниб олиши, умумий тил топиши учун вақт керак эди. Остонада ўтказилган Биринчи маслаҳат учрашувида Қозоғистоннинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоев ҳам шунга ишора қилган ҳолда: «Биз ҳозир интеграция ҳақида эмас, мунтазам учрашувларни тиклаш ҳақида гапиряпмиз», – деган эди.

Албатта, маслаҳат учрашуви – вақтинчалик формат. Тез фурсатда уни такомиллаштириб, тўлақонли интеграцион тузилмага айлантириш мақсадга мувофиқдир. Кўп томонлама муносабатларни янги даражага олиб чиқиш зарур.

Бироқ айни дамда мени бошқа нарса хавотирга солмоқда. Охирги йилларда Ўзбекистоннинг диққат маркази Евроосиё интеграцияси томон силжиганини кузатяпмиз. Ҳозир мамлакат раҳбарияти мураккаб танлов олдида тургандек, назаримда. Бир томондан, Ўзбекистон Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олди. Иккинчи томондан, Президент Шавкат Мирзиёев аввал-бошданоқ Марказий Осиёни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши, деб эълон қилган. Мантиқан олиб қараганда, минтақавий интег­рация биз учун қолган форматлар (МДҲ, ШҲТ, ЕОИИ ва ҳ.к.)дан кўра муҳимроқ аҳамият касб этиши керак. Шу маънода, қардош давлатлар лидерлари муҳокама қилиб оладиган мавзулар талайгина.

— Қудратли давлатлар минтақамизга доимо геосиёсий қизиқиш билдирган. Қўшни рес­публикалар ўртасида турли низоларнинг келиб чиқишида ҳам мазкур омилни инкор этиб бўлмайди. Бир томондан, АҚШ ҳарбий қўшинларининг Афғонис­тондан олиб чиқилиши, иккинчи томондан, Қирғизистон – Тожикис­тон чегарасида юз берган қонли тўқнашув фонида минтақа мамлакатларининг ички ишларига аралашиш, уларга қарши информацион хуружлар уюштириш, ҳатто босим ўтказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай вазиятда Марказий Осиё давлатлари бирдамлигини қанчалик кўрсата оляпти?

— Бугун минтақамизда нафақат АҚШ, Россия, Хитой каби гигемонликка даъвогарлар, балки Эрон, Туркия, Ҳиндистондек ўрта бўғин давлатлари ҳам ўз мавқеини мус­таҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Мана шундай геосиёсий ўйинлар фонида марказий осиёликлар ўзини қандай ҳис қиляпти экан, деган савол туғилиши табиий.

Баъзи таҳлилчилар нима ҳам қила олардик, дея бир чеккада томошабин бўлиб ўтириш позициясини ёқласа, бошқа экспертлар, аксинча, минтақада Марказий Осиё мамлакатлари асосий актор бўлиши ҳамда умуммиллий манфаатларни биргаликда ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлайди. Ҳозирча сиз айтаётган ўша ахборот хуружлари, турли провокацион уйдирмаларни қайтариш даражасида бошимиз бириккани йўқ.

Ташқи таҳдидларни қайтаришнинг фақат битта чораси бор. Қардош респуб­ликалар муаммоларни якка ҳолда эмас, баҳамжиҳат ҳал қилмоғи даркор.

Муҳим сиёсий масалалар юзасидан ягона позицияни шакллантириш, «катта оға»ларнинг қош-қовоғига қарашдан воз кечиш, ҳар қандай вазиятда, аввало, миллий манфаатларга таяниб иш тутиш бизни кучли қилади. Жаҳон саҳнидаги овозимиз ҳам жаранглироқ эшитилади.

Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги ҳарбий можарони олайлик. Афсуски, бу масалага минтақавий кўз билан қаралмади. Икки мамлакат бир-бирига тош отди, ташқаридан воситачилар излади. Россия, Туркияга назар ташланди. Ваҳоланки, Марказий Осиё республикалари ўртасидаги чегаравий низолар асосан локал характерга эга. Улар юқори интенсивликдаги муаммолар сирасига кирмайди. Айни вазиятда қўшниларни минтақавий консенсус йўли билан яраштирса бўларди. Тўғри, Ўзбекистон, Қозоғистон президентлари тожик-қирғиз чегарасидаги ҳарбий можарога дарҳол ўз муносабатини билдирди. Бироқ қўшма баёнот қабул қилингани йўқ. Демак, ҳали бирдамлигимиз мустаҳкам эмас.

— Сизнингча, қайси соҳалар Марказий Осиё интеграциясининг драйверига айланиши мумкин?

— Сўзсиз, бизнес. Менга Президентимизнинг битта ташаббуси ниҳоятда маъқул. Ўзбекистон раҳбари минтақа доирасида қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратиш ҳамда ҳудудий кооперацияни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозир шу жараёнларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзбек автомобиллари Қозоғистонда йиғиляпти, чегара олди туманларда бизнес-форумлар, кўргазмалар ташкил қилиняпти. Бундай лойиҳалар маҳаллий тадбиркорларни степлер мисоли бир-бирига маҳкам боғламоқда.

Чегаралардаги ўтиш пунктларининг кўпайтирилиши, виза режимидаги қулайликлар ҳам минтақавий интеграцияга ижобий таъсир кўрсатяпти. Бундан ташқари, Марказий Осиёни кесиб ўтувчи халқаро транспорт коридорларини барпо этиш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатимиз ҳам минтақа мамлакатлари истиқболига хизмат қилишига ишонаман.

Яна бир гап. Бешта республика халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ўз позицияларини уйғунлаштириб олиши шарт. Ҳозир уларга бирдамлик етишмаяпти, бу эса жиддий муаммо. Мазкур ҳолатдан Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор бўлган айрим ташқи кучлар, албатта, фойдаланади.

Наргиза УМАРОВА,

журналист




Ўхшаш мақолалар

Дунёни қамраб  олаётган  сув муаммоси  Бизни нима қутқаради,  қандай оқибатлар кутмоқда?

Дунёни қамраб олаётган сув муаммоси Бизни нима қутқаради, қандай оқибатлар кутмоқда?

🕔16:08, 16.09.2021 ✔33

Бугунги кунда Ер шаридаги жами аҳолининг 40 фоизи тоза ичимлик сув етишмаслигидан азият чекмоқда. Яна 30 йилдан сўнг тоза ичимлик сув энг танқис ресурслардан бири бўлиб қолиши мумкин. Ҳар йили ичишга яроқли сув етишмаслиги туфайли 1,2 млн. киши турли хасталикларга дучор бўлади.

Батафсил
Емирилиб бораётган  Осмон  ёки озон қатламини  нега ҳимоялашимиз шарт?

Емирилиб бораётган Осмон ёки озон қатламини нега ҳимоялашимиз шарт?

🕔16:05, 16.09.2021 ✔33

Озон қатламининг емирилиб бориши дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг долзарб экологик муаммолардан биридир. Юзага келган мазкур экологик вазиятнинг атроф муҳитга ҳамда инсониятга салбий таъсири катта.

Батафсил
Озон –  ягона  ҳимоячимиз

Озон – ягона ҳимоячимиз

🕔16:04, 16.09.2021 ✔32

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси, Давлат Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзгидромет маркази ҳамкорлигида «Озон – ягона ҳимоячимиз» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Дунёни қамраб  олаётган  сув муаммоси  Бизни нима қутқаради,  қандай оқибатлар кутмоқда?

    Дунёни қамраб олаётган сув муаммоси Бизни нима қутқаради, қандай оқибатлар кутмоқда?

    Бугунги кунда Ер шаридаги жами аҳолининг 40 фоизи тоза ичимлик сув етишмаслигидан азият чекмоқда. Яна 30 йилдан сўнг тоза ичимлик сув энг танқис ресурслардан бири бўлиб қолиши мумкин. Ҳар йили ичишга яроқли сув етишмаслиги туфайли 1,2 млн. киши турли хасталикларга дучор бўлади.

    ✔ 33    🕔 16:08, 16.09.2021
  • Емирилиб бораётган  Осмон  ёки озон қатламини  нега ҳимоялашимиз шарт?

    Емирилиб бораётган Осмон ёки озон қатламини нега ҳимоялашимиз шарт?

    Озон қатламининг емирилиб бориши дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг долзарб экологик муаммолардан биридир. Юзага келган мазкур экологик вазиятнинг атроф муҳитга ҳамда инсониятга салбий таъсири катта.

    ✔ 33    🕔 16:05, 16.09.2021
  • Озон –  ягона  ҳимоячимиз

    Озон – ягона ҳимоячимиз

    Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси, Давлат Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзгидромет маркази ҳамкорлигида «Озон – ягона ҳимоячимиз» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

    ✔ 32    🕔 16:04, 16.09.2021
  • Бир чивин учун минг доллар  ёхуд жарималар бизга ёрдам берадими?

    Бир чивин учун минг доллар ёхуд жарималар бизга ёрдам берадими?

    Болалигимиздан бизга озода халқ эканимиз айтилади, китобларимизда сув сепилган боғу кўчалар, саранжом ҳовлилар кўрсатилади. Эртакларда одобли қизчалар, болалар албатта покиза, ҳаммаёқни чинни-чироқ қилиб ўтирадиган қилиб тасвирланади. Хуллас, ёшлигимиздан тозаликни севувчи халқ эканлигимиз қулоғимизга қуйилади.

    ✔ 43    🕔 10:03, 10.09.2021
  • Ҳалокатлар  ўз қўлимиз  билан барпо  этилмаслиги керак  Экотизимга бугунги муносабатимиз  қандай бўлиши зарур?

    Ҳалокатлар ўз қўлимиз билан барпо этилмаслиги керак Экотизимга бугунги муносабатимиз қандай бўлиши зарур?

    Бугун шиддат билан глобаллашиб бораётган бир даврда яшамоқдамиз. Бундай вазиятда дунёнинг бир бурчагидаги қайсидир мамлакатда содир бўлган экологик инқироз бошқа давлатларнинг халқаро муносабатлари, саноати, иқтисодиёти, туризми, демографияси, миграцияси каби турли жабҳаларига бирдай таъсир ўтказиши мумкин. Бундай ҳолатда мамлакат ҳам ички, ҳам ташқи жиҳатдан инқирозга юз тутади.

    ✔ 36    🕔 09:51, 10.09.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар