Долзарб мавзу      Бош саҳифа

150 йилда илк бор кузатилган чанг-қум бўрони:  бу ҳолатга энди  кўникамизми?

 Ўтган ҳафта пойтахтимиз ва юртимизнинг бошқа ҳудудларида кузатилган аномал ҳодиса – чанг-қум бўрони аҳоли соғлиғининг ёмонлашуви, энергетика, транспортда ҳаракатланиш, ахборот телекоммуникация соҳаларига жиддий салбий таъсир кўрсатди. «Ўзгидромет» хабарига кўра, чанг-қум кўтарилиши билан боғлиқ бундай кучли даражадаги табиат ҳодисаси 150 йилдан бери кузатилмаган.

150 йилда илк бор кузатилган  чанг-қум бўрони:   бу ҳолатга энди   кўникамизми?

  Ёз ойларида ҳарорат меъёридан анчагина юқори кўтарилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ушбу аномал иссиқ ҳарорат ҳам 150 йил давомида юртимизда илк марта кузатилаётгани мутахассислар томонидан таъкидланганди. Балки инсоният томонидан асрлар давомида атроф-муҳитга етказилган азиятлар учун бу табиатнинг жиддий огоҳлик қўнғироғи эҳтимол.

Чангда қолган болалик

Болалигим афғон гармселлари чанг-қумни аямай «совға» қиладиган воҳанинг туманларидан бирида ўтган. «Афғон шамоли»нинг қиш ойларида ҳам «жим» турмаслигини биз томонда яхши билишади. Яъни чанг-қумни учириб келиш учун иссиқ ҳаво бўлиши шарт эмас. Кучли шамол чўлдан қумни, чангни қишда ҳам бемалол учириб келаверарди. Фақатгина ёғингарчилик бунинг давоси холос. Айниқса, биз қизлар бундай об-ҳавони жудаям ёмон кўрардик. Оғзи-бурнинг, кўзинг, кийим-бошинг бир пасда қумга тўлса, боз устига мактабга бориш учун ясанибгина олган бўлсанг... Ҳозиргина тозалаган уйинг, дераза токчалари, супурилган супа... ҳаммаси бирпасда юз йиллаб ювилмаган, тозаланмагандек чанг­га беланса алам қилади.

Шунинг учун ҳам кеча юртимизнинг кўпгина ҳудудларида юз берган чанг-қум бўрони мени унчалик ҳайратлантиргани йўқ. Аммо пойтахтда шунча йилдан бери умргузаронлик қилиб, бунақасини биринчи марта кўришим эди (Кейин билсам, ёши улуғ нуронийлар ҳам бунга биринчи марта гувоҳ бўлибди).

Болалигимда айнан «тентак шамол»ни (момом чангли шамолни шундай атарди) жудаям ёмон кўрардим. Чунки у ҳафтада камида икки марта биз томонларда «меҳмон» бўларди. Шамол пайти биз болалар кўпинча уйга қамалиб ўтиришга мажбур бўлардик. Уй ичи ташқаридан баттар бўлар, ҳаво етишмасдан ўпкамиз сиқилиб қоларди. Оғзимизга тўлган қумнинг ғичирлашинику гапирмаса ҳам бўлади. Аммо «афғон шамоли» билан ўтган ҳафтадаги чанг-қумли бўроннинг фарқи бор. Бири доимий такрорланиб турадиган шамол бўлиб, оддий чанг-тўзон билан ўтиб кетса, иккинчиси 150 йилдан бери кузатилмаган қумли шамолдир. Мен эса фарзандларимнинг болалиги ана шундай чанг-қумли бўронлар ичида ўтиб кетишини умуман истамаган бўлардим. Хўш, аслида 150 йилда илк марта кузатилган бу табиий офатнинг сабаблари нимада, биз нимани йўқотиш арафасидамиз?

Экологик таҳдидлар даракчиси

«Республика ҳудудида кескин шамол натижасида иқлим шароитидан келиб чиқиб чанг-ғубор ҳодисаси кузатилган ҳамда ушбу жараён шамол тўхташи билан 15-20 дақиқа вақт оралиғида тарқалган», – дея хабар қилади «Ўзгидромет».

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида 4 ноябрь куни маҳаллий вақт билан 18:21 атрофида атмосфера хавосининг кўринувчанлиги 200 метрдан паст даражада кузатилиб, ҳаводаги нисбий намлик омили билан биргаликда чанг-ғубор ҳодисаси қайд этилган. Шундан сўнг «Ўзгидромет»нинг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳаво сифатини ифлослантирувчи моддалар таҳлилини юритувчи автоматик стационар кузатув постларида чанг миқдори кескин кўтарила бошлаган. Аввалига чанг миқдори меъёрдан 5 бараварга, кейинроқ маҳаллий вақт билан соат 21:00 ва 23:00 орасида 30 бараваргача кўтарилиши қайд этилган. Бу ҳолат ҳудди қўрқинчли хориж фильмларини эслатиб юборади. Маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан бошлаб ҳаво таркибидаги чанг миқдорининг пасайиши кузатилган бўлишига қарамасдан, эртаси куни ҳам ҳаво таркибидаги чанг меъёрий кўрсаткичдан 10 баравар юқорилиги сақланиб қолган.

Худди шу куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасига ўрнатилган ҳаво тозалигини текширувчи махсус қурилма ҳаводаги чанг миқдори «ўта носоғлом» даражага етганини кўрсатган.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида бу масала ҳақида фикр билдириб ўтди: «Юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Буни куни кеча содир бўлган қум бўронлари ҳам яна бир бор тасдиқлади. Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олмоқда...»

Чанг бўлмаса минг йил яшардик

«Агар ҳавода чанг зарралари бўлмаганда одамзод минг йил умр кўрарди», деган эди буюк тиб олими Абу Али ибн Сино. Бу иборанинг қуруқ гап эмаслиги Италиянинг Жильо ороли аҳолиси устида ўтказилган тадқиқотларда ўз исботини топди. Чунки ушбу оролга кўплаб сайёҳлар ташриф буюрганлигига қарамасдан, аҳоли орасида бирорта ҳам коронавирусни юқтириш ҳолати қайд этилмаган. Шу боис маҳаллий олимлар ушбу сирли ҳодиса юзасидан тадқиқотларни бошлаб юборишган.

Дастлабки хулосаларга кўра, Жильо оролида «COVID-19» ҳолатлари маҳаллий аҳолида икки сабабга кўра қайд этилмаган. Улардан биринчиси тоза ҳаво. Иккинчиси эса аҳолида ана шундай юқумли инфекцияларга қарши кучли иммунитетнинг мавжудлигидир.

Экологик муаммолар, аввало, болалар ҳаётини хавф остида қолдиради. Зарарли экологик муҳит сабабидан хромосомаларда норасолик содир бўлади, натижада ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада, ногирон болалар дунёга келади. Онкологик хасталикларнинг асосий ва энг кўп тарқалган сабабларидан бири ҳам ифлосланган экологиядир. Қайси ҳудудда экологик ҳолат танг бўлса, ўша ернинг болаларида хавфли ўсмалар кўп кузатилади.

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳаво таркибида қуйидаги даражадаги чанг бўлиши хавфсиздир:

10 мкм ва ундан кичик зарралар учун – 0,05 мг/м3;

2,5 мкм ва ундан кичик зарралар учун – 0,085-0,01 мг/м3.

Юртимизда содир бўлган чанг бўронининг хавфли жиҳати эса ҳаводаги чанг миқдори ана шу меъёрдан 30 баробар ошганлигидир. Бу эса аҳоли саломатлигига тезлик билан ўз таъсирини кўрсатган.

– 4 ноябрь куни «Тез ёрдам» хизматига жами чақириқлар сони 4082 тани ташкил этиб, 3 ноябрь ҳолатига кўра, мурожаатлар сони 649 тага ошди, – дейди Респуб­лика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибоев. – 5 ноябрдан 6 ноябрь эрталабга қадар умумий чақириқлар сони 4110 тага етиб, нафас олиш билан боғлиқ мурожаатлар сони 709 тани (жами чақириқларнинг 17,2 фоизи) ташкил қилди. Шундан аллергик реакциялар билан 36 та, бронхиал астма хуружи билан 122 та мурожаат бўлиб, уларнинг 11 таси госпитализация қилинди. Шу далилларнинг ўзиёқ бу аномал иқлим ҳодисасининг биз учун қанчалик хавф-хатар туғдиришини кўрсатиб турибди. Бу эса яна бир бор экология масаласи бугунги куннинг энг долзарб муаммоси эканлигидан далолат беради.

Айбдорни қаердан излаймиз?

Глобал иқлим ўзгариши, бу ўзгариш фонида тупроқ дегредацияси, чўллашиш ҳодисалари, антропоген таъсирнинг кучайи­ши бизларни ноодатий табиат ҳодисаси билан рўбарў қилди, дейиш мумкин. Дунё экологларининг кузатувларига қараганда чанг-қумли бўронлар кўтарилиши 50 йил олдин йилда бир марта қайд этилган бўлса, ҳозирги давр­га келиб бундай бўронларнинг содир бўлиш ҳолати 10 баробарга кўпайган.

Шамол қаердан, қай йўл билан келмасин, шаҳар ёки мамлакат экотизимида махсус фильтрлар бўлиши ва бундай аномал ҳодисаларни бартараф этолмасада, унинг салбий оқибатларини минимум даражага тушириб бериши керак эди. Шаҳар ва шаҳар атрофидаги яшил масканлар, кўп йиллик дарахтлар ана шу фильтрлар вазифасини бажаради.

Биз эса ана шундай табиий неъматларни ўз қўлимиз билан йўқотдик, кесдик, қуритдик, сотдик. Экилган дарахтларимиз сони фақат қоғозларда кўринди, гуркираб ўсди. Аслида она табиат учун, экотизим учун азиятдан бошқа нарса берганимиз йўқ.

Масалан, сунъий кўллардан фойдаланиш орқали кўп ривож­ланган мамлакатларда атмосферанинг софлиги таъминланади. Ундаги сув ҳавонинг намлик миқдорини мўътадиллаштириб, атмосферани тозалаб туради. Лекин афсуски, юртимизда сув ҳавзалари сонини кўпайтириш эмас, аксинча камайтиришга, бузиб ташлаб ўрнига баланд кўп қаватли иморат кўтаришга ҳаддан зиёд берилиб кетдик. Бундан анча йиллар аввал пойтахтдаги Ўзбекистон давлат консерваторияси биноси ўрнидаги катта кўлдан асар ҳам қолмаганлиги, «Мафтунингман» фильми орқали юртдошларимизга қадрдон бўлган Миллий боғдаги кўл ҳам таг-туги билан йўқ қилингани, Олий Мажлис биноси олдидаги кўлнинг ҳам тақдири аянчли якун топгани бунга исботдир.

Пойтахтдан чиқаверишда, Гольф клуби ёнида жойлашган «Бахт кўли» ҳам аввалига қаровсиз қолдирилди, аста-секин суви бўғилди ва ниҳоят буткул қуритилди. Қачондир минглаб одамлар чўмилиб салқинлаган ҳудуд бугун кимсасиз масканга айланган. Бозор иқтисодиётининг шафқатсиз қонунлари амалда – бунча жой бўш туриши мумкинми? Йўқ. Шаҳар экотизимини сақлаб қолиш ҳақида эса биров бир оғиз лом-мим демади. Ҳозирда мазкур ҳудудда улкан қурилиш­лар бошлаб юборилди.

Навбат эса Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғидаги кўлга келган бўлса ажаб эмас. Кўл ҳозирча бузиб ташланмаган бўлса ҳам, қуритиб қўйилган (Боғ ҳудудидаги қурилиш ишлари «ўта махфий» бўлганлиги сабабли у ерга киришнинг иложи йўқ).

Мамлакатимиз географик жойлашувининг ўзи бундай чангли бўронлар кўтарилишига сезгир эканлигини ёддан чиқармаслигимиз зарур. Шаҳарларни фақат бетону асфальтга айлантириш, бор сунъий кўлларнинг ҳам йўқотиш, дарахт кесишга мораторий жорий этилишига қарамасдан уларни аёвсиз кесиб ташлаш тенденцияси тўхтамас экан, бундай хавфли чанг-тўзонлар билан кўп маротаба тўқнаш келишга тайёр туришимиз керак бўлади.

Аслида Тошкент шаҳри қурғоқчил ҳудуд ҳисобланмайди. Аммо юқоридаги айтиб ўтилган нотўғри амалга оширилган ишлар ва ҳаддан ортиқ қурилишлар сабаб жуда катта миқдордаги қум ва чанг ҳавога кўтарилмоқда. Бугундан, айнан ҳозирдан яшил ҳудудларни камайтиришга бўлган ҳар қандай уринишлар устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз лозим бўлади.

Экологик муаммоларга қарши курашишни ҳар биримиз ўз бурчимиз деб билишимиз, кесилаётган дарахт бўладими, қуритилаётган кўл бўладими – бефарқлик қилмасдан, иқлимимизни буткул ўзгартириб юборадиган салбий ҳаракатларга қарши тура олишимиз шарт.




Ўхшаш мақолалар

Сувни  ифлослаш  эпидемияси  тобора кенг тарқалиб,  катта хавфга айланмаяптими?

Сувни ифлослаш эпидемияси тобора кенг тарқалиб, катта хавфга айланмаяптими?

🕔16:56, 02.12.2021 ✔41

Азал-азалдан бобо-бувиларимиз набираларини ёнига олиб, «Сувга тупурма, беҳудага исроф қилма, чиқинди ташлама», дея танбеҳ беришган. Нима бўлади? Сув оқиб кетяпти, ўрнига тозаси келяпти-ку десак, ўша ифлосланган сув қаергадир бориб, қай бир инсонга ёки жониворга зарар келтиришини айтишарди.

Батафсил
Сиртмоққа  айланаётган  электрон қимор

Сиртмоққа айланаётган электрон қимор

🕔16:49, 02.12.2021 ✔45

Тезкорлик билан ривожланаётган ҳаётимизни бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кийим кечаклар-у, бозор-ўчар, такси чақиришдан тортиб, таом буюртиришгача ҳамма-ҳаммаси интернетда ҳозиру нозир.

Батафсил
Зарарланган  картошкалар,  хавф солаётган  янги зараркунанда

Зарарланган картошкалар, хавф солаётган янги зараркунанда

🕔10:09, 26.11.2021 ✔72

Картошка – халқимиз учун иккинчи нондек. Аксарият таомларимиз картошкасиз бўлмайди, шунинг учун ҳам у ҳар бир рўзғорда энг зарур озиқ-овқатлар сирасига киради. Бозорда эса картошка қанча кўп бўлмасин, унга талаб доим юқори. Агар оз муддат бозорда картошка тортилиб қолса, аҳоли ўртасида қандай ажиотажлар бўлишини яхши биламиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Сувни  ифлослаш  эпидемияси  тобора кенг тарқалиб,  катта хавфга айланмаяптими?

    Сувни ифлослаш эпидемияси тобора кенг тарқалиб, катта хавфга айланмаяптими?

    Азал-азалдан бобо-бувиларимиз набираларини ёнига олиб, «Сувга тупурма, беҳудага исроф қилма, чиқинди ташлама», дея танбеҳ беришган. Нима бўлади? Сув оқиб кетяпти, ўрнига тозаси келяпти-ку десак, ўша ифлосланган сув қаергадир бориб, қай бир инсонга ёки жониворга зарар келтиришини айтишарди.

    ✔ 41    🕔 16:56, 02.12.2021
  • Сиртмоққа  айланаётган  электрон қимор

    Сиртмоққа айланаётган электрон қимор

    Тезкорлик билан ривожланаётган ҳаётимизни бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кийим кечаклар-у, бозор-ўчар, такси чақиришдан тортиб, таом буюртиришгача ҳамма-ҳаммаси интернетда ҳозиру нозир.

    ✔ 45    🕔 16:49, 02.12.2021
  • Зарарланган  картошкалар,  хавф солаётган  янги зараркунанда

    Зарарланган картошкалар, хавф солаётган янги зараркунанда

    Картошка – халқимиз учун иккинчи нондек. Аксарият таомларимиз картошкасиз бўлмайди, шунинг учун ҳам у ҳар бир рўзғорда энг зарур озиқ-овқатлар сирасига киради. Бозорда эса картошка қанча кўп бўлмасин, унга талаб доим юқори. Агар оз муддат бозорда картошка тортилиб қолса, аҳоли ўртасида қандай ажиотажлар бўлишини яхши биламиз.

    ✔ 72    🕔 10:09, 26.11.2021
  • Биз  камроқ гўшт есак,  иссиқхона газлари камайиши ростми?

    Биз камроқ гўшт есак, иссиқхона газлари камайиши ростми?

    Гўшт овқатланиш рационида муҳим ўрин тутади ва инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқатдаги оқсилнинг асосий манбаи ҳисобланади. Унда экстракт моддалар, оқсил, ёғ, минерал моддалар, А, Д, РР ва В гуруҳлардаги дармондорилар мавжуд.

    ✔ 49    🕔 09:37, 26.11.2021
  • Ҳозир биздаги электр  муаммосининг ечими  ГЭС ҳам, АЭС ҳам эмас...

    Ҳозир биздаги электр муаммосининг ечими ГЭС ҳам, АЭС ҳам эмас...

    Шу кунларда Энергетика вазирлигининг хабар қилишича, юртимизнинг айрим ҳудудларида электр энергиясининг узилиши ҳолатлари сув билан бевосита боғлиқ экан.

    ✔ 63    🕔 10:06, 22.11.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар