Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«Пақилдоқлар мавсуми» фалокатни ўз қўлингиз билан сотиб олманг!

Ҳар йили Янги йил байрами арафасида юртимизда пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига оид ҳолатларнинг олдини олиш борасида бонг урилади. Бу йил ҳам шундай, оммавий ахборот воситалари орқали турли чиқишлар қилинаётир.

«Пақилдоқлар мавсуми»  фалокатни ўз қўлингиз билан    сотиб олманг!

Афсуски, матбуотда, телевидение ва радиода бўлаётган пиротехника воситаларидан фойдаланишнинг салбий оқибатларидан огоҳлантиришлар, унинг хавфли томонлари ҳақидаги барча гап-сўзлар жойларда пақиллаётган «пақилдоқ»ларнинг садолари остида эшитилмай қолиб кетаётгандек.

Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» деҳқон бозори яқинидаги «Қўйлиқ ота» мақбараси атрофидан ўтиб қолсангиз, пиротехника воситалари сотилаётганига кўзингиз тушади. Теварак атрофда яшовчи болалар бу жойни яхши билиб олишган, хоҳлаган пайтда келиб харид қилишади. Маълумки, бундай маҳсулотлар юртимизда ишлаб чиқарилмайди, уларни хориждан қонунга хилоф тарзда олиб кириш ва сотиш ҳам тақиқланган. Лекин унинг савдоси юқорида айтганимиздек, турли бозорлар атрофида, одамлар гавжум масканларда яширину ошкора давом этяпти.

Бозор ҳар доим гавжум. Табиийки, сотувчилар ўз маҳсулотини мақтаб, тезроқ сотиш билан машғул. Улар орасида «бомбичка, бомбичка», «сал­ютлар бор», дея паст овозда мижоз қидираётганлари ҳам бор. Ана шундайларнинг биридан пиротехника буюмларининг нархини сўрайман.

– 15 минг сўмдан, олинг. Зўр пақиллайди, – дейди ишшайиб ёшгина сотувчи йигит.

Сал нари кетиб уларни узоқдан кузатаман. «Пақилдоқлар» бозори чаққон. Қарийб беш дақиқа ичида 9-10 кишига «пақилдоқ»ни пуллашга улгурди. Шундай мўмай даромад қилиб тургач, бунинг устига назорат қаттиқ бўлмагач, албатта уларнинг бозори қизийди-да.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан бошқа идора вакиллари билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, шаҳарда жойлашган меҳмонхоналардан бирининг олдида турган фуқаро А.Т. 6000 дона пиротехника воситаларини қонунга зид равишда сотмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинди. Шунингдек, ушбу фуқаро ўзи яшаб келган хонадонидан «яма» сифатида фойдаланиб, келгусида сотиш мақсадида 7200 дона пиротехника воситаларини ноқонуний сақлаб келганлиги фош этилди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида пиротехника маҳсулотлари ноқонуний айланишининг олдини олиш борасида ўтказилган тезкор тадбир пайтида, фуқаро Т.А.га тегишли бўлган 3 дона қоғоз қутиларда умумий қиймати 17,8 млн. сўмлик жами 55 992 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Бу каби ҳолатлар бошқа ҳудудларда ҳам кунда-кунора аниқлангани ҳақида эшитиб қоламиз.

Ҳайрон қоласанки, агар божхонамиз хабар қилганидек жуда қаттиқ назорат ўрнатилган бўлса, қандай қилиб бу маҳсулотлар юртимиз ҳудудига олиб кириляпти?

Нима сабабдан синчков текширувлар чоғида ушбу пиротехника воситалари илғамай қолинган? Минг афсуски, уларнинг маълум бир қисми болаларнинг қўлигача ҳам етиб боряпти.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, сотилаётган пиротехника воситалари мамлакатимиз ҳудудига айланма йўллар орқали олиб кирилади. Божхона постларида қаттиқ назорат йўлга қўйилган. Шунга қарамай, кичик миқдорда бошқа маҳсулотлар орасига ёки кийимлар ичига яширилган ҳолда олиб киришга уриниш ҳоллари ҳам учрайди. Ҳозирги кунда ушбу ноқонуний ҳолатларни кескин камайтириш, пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний айланишининг олдини олиш борасида қатор тезкор тадбирлар ўтказилмоқда. Божхона постлари яқин бўлган ҳудудларда, ноқонуний маҳсулотлар олиб кириш эҳтимоли бўлган айланма йўлларда патруллар мунтазам текширув олиб боришяпти.

Пиротехника маҳсулотларининг таркибини портловчи ва тез ёнувчан хавфли моддалар ташкил қилади. Айниқса, салютлар, яъни мушакбозлик учун мўлжалланган, рангли, овозли, тутунли ва бошқа пиротехника воситалари алангага ўта таъсирчан бўлади. Улар ишлатилганда ёниш ҳарорати 3000 даражагача етиши мумкин. Пиротехника маҳсулотларининг ишлатилиши фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғига жиддий хавф туғдиради. Бундан ташқари, ёнғин келиб чиқиш хавфини кучайтиради.

Аксарият ҳолатларда ушбу буюмларни ўсмирлар ва ёш болалар сотиб олиб, кўчалар ва бошқа жамоат жойларида тўсатдан портлатишади. Бунинг оқибатида йўловчилар, айниқса кексалар чўчиб кетишади, уларнинг асаби бузилади. Баъзи пайтларда эса тан жароҳати олиш, ёнғин келиб чиқиши, ҳатто бошқаларнинг ўлими билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳам юз бериши мумкин. Ваҳоланки, пиротехника буюмларини сотувчилар буни, яъни мазкур юқори потенциал хавфга эга бўлган воситалар биринчи навбатда уларни ишлатувчи болалар ва ўсмирлар учун жиддий таҳдид туғдиришини яхши билишади. Шунга қарамасдан ўзларининг моддий манфаатларини бошқаларнинг соғлиғи, ҳатто ҳаётидан устун қўйишади.

Уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйиш эса назоратни кучайтиришни талаб этади. Назаримизда, ички ишлар ходимлари томонидан ўқитувчилар, маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда пиротехника воситаларидан фойдаланаётган ёшлар билан суҳбат ўтказиб, уларга ушбу маҳсулотларни пуллаётган кимсаларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш чораси тезкор кўрилиши лозим. Бу мураккаб масала эмас. Шунда нафси йўлида болаларнинг жароҳат олишига сабаб бўлаётган «пақилдоқ» савдогарлари бу ишдан тийилармиди?

Шу ўринда бир нарсани жиддий ўйлаб кўришга чорлайди: пиротехника воситасини яширинча олиб кираётган, сотаётган кимсалар, аниқки, бундай хатти-ҳаракатларга қўл уриш билан мўмай даромадга эга бўлади, аммо уни сотиб олаётганлар-чи? Ахир сизу мен сотиб олмасак, уларнинг харидори бўлмасак, бу маҳсулотларни сотишга ҳам кучли ҳохиш бўлмайди. Айтишадику, талаб бор жойда таклиф бор, деб.

Асосий айбдор шу фалокатни болажонларимизга пулга сотиб олиб бераётган ўзимиз эмасми?

Хуллас, пиротехника воситасини харид қилмоқчи бўлсангиз, аввало, шу саволни ўзингизга бериб кўринг. Жондан азиз ўғил-қизингиз учун фалокатни ўз қўлингиз билан сотиб олманг. Шунда Янги йил байрамини тинч-осойишта, хотиржам кутиб олишингизга ишончимиз комил.

 

Саида ИБОДИНОВА




Ўхшаш мақолалар

Қиш фасли йўқолиб,  Ўзбекистон ҳам  субтропик мамлакатлар қаторидан  жой оладими?

Қиш фасли йўқолиб, Ўзбекистон ҳам субтропик мамлакатлар қаторидан жой оладими?

🕔16:06, 21.01.2022 ✔31

Ёшлигимизда қиш фасли совуқ бўлиб қорлар ҳам кўп ёғар эди. Дадам эрта тонгдан туриб қор кураб йўлак очардилар. Биз ҳам лой томлар устини кураб, баъзан деярли том бўйи уюлган қорни устига сакраб тушардик.

Батафсил
Биздан  Фарзандларимизга  нима  қолади?

Биздан Фарзандларимизга нима қолади?

🕔16:05, 21.01.2022 ✔26

Бугун туғилган одамлар ҳаётлари давомида бобоси ва бувиларига қараганда бир неча баравар кўпроқ иссиқлик тўлқинлари ва бошқа иқлим офатларига дучор бўлишади. Буни янги тадқиқот натижалари тасдиқлайди.

Батафсил
Навбатдаги  ҳужум  «Тошкентнинг ўпкаси»гами?  ёхуд Ботаника боғини ҳам  йўқотишга ҳаракат бошландими?

Навбатдаги ҳужум «Тошкентнинг ўпкаси»гами? ёхуд Ботаника боғини ҳам йўқотишга ҳаракат бошландими?

🕔15:43, 14.01.2022 ✔52

Баъзан она табиат билан алоқани йўқотмаслик учун беҳаловат шаҳар шовқинидан бироз четлашиш лозим. Албатта, бу ишни шаҳардан чиқмаган ҳолда ҳам амалга ошириш мумкин. Зеро, жуда кўп шаҳарларда ноёб табиат масканлари мавжуд. Шаҳарлар ҳавосида заҳарли моддалар улуши тобора ошиб бораётган ҳозирги кунда бундай масаканларга эҳтиёж янада юқори.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар