Жараён      Бош саҳифа

«Марказ, марказ! Мени эшитяпсизми?..» Тинчлик учун курашган алоқачи аскарнинг таҳликали тақдири

Душман мергани аскарнинг шлемини нишонга олиб, тепкини босди...

«Марказ, марказ!  Мени эшитяпсизми?..»  Тинчлик учун  курашган  алоқачи аскарнинг таҳликали тақдири


Ҳали ўттиз ёшни ҳам қаршиламаган, қалбида ҳаётга бир дунё умидлари бўлган аскар жангнинг энг таҳликали палласида ҳарбий қисмдаги сафдошларининг ҳаёти учун ҳам масъул эканини яхши биларди. Агар ҳалокатга учраган алоқа тизимини қайта ишга туширолмаса, марказга вазиятни билдириб, ёрдам кучлари сўраш имкони қолмайди. У ҳолда ҳарбий қисмдаги ҳамма ҳалок бўлиши муқаррар.

Аскарнинг таржимаи ҳолидан:

Маҳмуд Хидиров 1914 йилда Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Жийда қишлоғида туғилган. 1929 йили Қамаши тумани, Қорабоғ қишлоғидаги мактабга ўсиб келаётган ёш авлодга таълим-тарбия бериш учун жўнатилган. Таълим соҳасидаги тажрибасини ошириш учун 1936 йилда Қарши давлат педагогика билим юртига ўқишга кирган. Ўқишни тугатгач, мактаб директори лавозимида икки йил фаолият юритган.

Оиладаги учинчи аскар

1941 йилнинг ёзида укалари Мирза ва Бахтиёр олдинма-кетин фронтга жўнади. Ўз навбатида у ҳам ҳарбий комиссариатга ариза билан мурожаат қилди. Комиссариат масъуллари уни урушга жўнатмаслигини, маълумотли кадрлар етишмаётганини айтишиб, фронтдан олиб қолишга ҳаракат қилишди. Онаси: «Ўғлим, сен бўлмасанг бошқаси борар. Ўзи шундоғам икки уканг фронтга кетган, ўғилларимдан ҳеч бўлмаса сен ёнимда бўл. Aхир, мени ҳам ўйла, отанг билан рўзғорни қандай тебратамиз?», – деган фарёдига жавобан Маҳмуд «Жанггоҳларда ватандошларим ва укаларим жон бериб-жон олишаётганда мен қололмайман. Яхшиси, оқ фотиҳа беринглар, ортимдан мени ва укаларимни дуо қилиб туринг», – деб жангга отланган эди.

1941 йилнинг 10 декабрида Яккабоғ туманидан бир қанча йигитлар билан иккинчи жаҳон урушига сафарбар этилган Маҳмуд Хидиров полкда алоқачи этиб тайинланди.

1943 йил Курск остонасидаги ҳал қилувчи жангда ўрнатилган алоқа нуқталаридан бирининг зарарланиши оқибатида марказ билан алоқа узилиб қолади. Марказ билан алоқани тиклаб, ёрдам кучлари сўралмаса, вазият янада таҳликали тус олиши мумкин. Шунда ҳарбий қисм командири тўрт нафар алоқачи аскардан иборат кичик гуруҳни алоқанинг талафот етган нуқтасини топиб, бартараф этиш учун юборди. Афсуски, орадан тўрт-беш соат ўтса ҳам алоқа тикланмади. Махсус гуруҳдан эса дом-дарак йўқ эди.

Вазият тобора ёмонлашаётганини сезган ҳарбий қисм командири алоқани тиклаш учун бу хавфли вазифани қисмдаги энг сўнгги алоқачи аскар –Маҳмуд Хидировга топширди. Бу ҳарбий қисмдагиларнинг омон қолиши учун охирги имконияти эди.

Вазифани бажаришга киришаркан, Маҳмуд Хидиров бир неча чақирим йўлни тепалик ён бағирлаб аста-секин, худди ўз ўлжаси сари интилаётган йўлбарсдек эмаклаб босиб ўтиши керак бўлди. Тепаликдан ўтган темирйўл ёқасида тўрт нафар аскарнинг жасадига дуч келди. Не кўз билан кўрсинки, ҳалок бўлганлар ўз сафдошлари эди. Бундай ҳолат билан қаршилашган аскар саросимага тушмади. Сафдошлари мерганнинг ўқига нишон бўлишганини пайқади. Ўзини қўлга олиб, душман мерганининг жойини аниқлаш учун бир тадбир ишлатишга қарор қилди...

Махфий топшириқ

Алоқачи аскар Маҳмуд Хидиров хотираларидан:

«Днепр ёқасида ҳал қилувчи жанглар бўлмоқда эди. Дарёни ишғол қилганимиздан сўнг ҳарбий қисм командири ёвнинг кейинги ҳужумини аниқлаш учун разведка гуруҳи билан боришимни ва қандай бўлмасин душман ҳарбийларидан бирини қўлга олиб келишни буюрди. Биз қоронғида душман қароргоҳи томон писиб борардик.

Ниҳоят, аскарларни назорат қилиб юрган душман офицерига дуч келдик ва уни ҳеч қандай шовқин-суронсиз асир олишга муваффақ бўлдик.

Ортга қайтаётганимизда душман таъқиб қилаётганини пайқагач, ўрмон ичкарисига яшириндик. Хавфдан қутулдик, деб ўйлагандик. Бирдан тепамизда душманнинг кузатув самолёти пайдо бўлиб,  биз турган жойни ўққа тутиб бомбардимон қила бошлади. Ҳар хил манёвр қўллаб ҳар тарафга тарқалиб кетдик. Гуруҳимиз раҳбари бўлган Николай исмли офицер йигит билан олдинма-кетин қочаётганимизда тўсатдан ёнимизга бомба тушиб портлади. Оғриқнинг кучлилигидан ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келиб атрофга боқсам, Николайнинг ҳамма жойи қон бўлиб ётар, лекин ҳали у тирик эди. Қўли билан имлаб ёнига чақирди ва бўйнидаги дурбинини ечиб олишимни буюрди. Сўнгра жилмайиб: «Бу – сенга. Ундан фойдаланганингда мени эслаб турасан-а, дўстим?» – деди-да, жон берди.

Мен ва бомбордимондан тирик қолган шерикларим асирга олинган немис офицерини олиб ҳарбий қисмга қайтдик. Портлашда менинг бошимга ҳам жароҳат етган экан. Ҳарбий қисм командирига асирни топшираётиб, олган жароҳатим туфайли ҳушимни йўқотдим. Кўзимни очсам ҳарбий шифохонада эканман. Бир ойдан кўпроқ тиббий муолажалар олиб, ўз вазифамни бажариш учун ҳарбий қисмимга йўл олдим. Етиб боришим билан ҳарбий қисм командирига учрадим. У дарров мени таниди-ю, сафдошларимга кўрсатган жасоратларим ҳақида сўзлаб саф майдонида «Жасорат» медалини топширди ва мени катта сержант лавозимига тайинлади».

Маҳмуд Хидиров ўзига билдирилган юксак ишончни оқлаш учун бир сония ҳам тин олмасдан урушнинг кейинги жаб­ҳаларида Украина, Беларусь, Руминия ва Германия тупроқларигача мардоновар жанглар олиб борган эди. Аммо 1943 йил Курск яқинидаги жанг унинг учун жуда таҳликали бўлди.

Ўлимга чап бериб...

Ўшанда ўзидан олдин юборилган тўрт нафар аскарнинг вазияти унинг ҳам бошига тушиши мумкинлигини мулоҳаза қилган эди. Жанг майдонида минглаб йигитлар жон олиб-жон бераётган бир пайтда биргина одамнинг ҳаёти урвоқ ҳам эмас, албатта. Лекин ортида турган ҳарбий қисм аскарларининг ҳаёт-мамоти бир ҳисобда унинг қандай тадбир олишига боғлиқ бўлиб турганда тирик қолиш янада кескин мажбурият тусини олади. Аскар буни яшин тезлигида хаёлидан ўтказиб, бир қарорга келди. Ва... бошидаги шлемини ечиб қуроли учига илдирди-да, тепаликдан секин кўтарди. Шунда босқинчилар мергани душман аскари кўринди, дея бош кийимга қарата ўқ узди. Ҳийласи иш берган аскар ўзини ўлганга солиб қўлидаги қуролини секин-аста ерга йиқитди ва мерганни чалғитишга муваффақ бўлди.

Бундай пайтларда тирик қолинган ҳар бир сония – катта ҳаёт бўлиб туюлади. Аскар яна беш юз метрча эмаклаб, қалин ўрмон оралаб ичкари кириб борар экан, жангда душман снаряди тегиб ёниб кетган aлоқа қутисини топди. Атрофдан ўқ овозлари келиб туришига қарамай топширилган вазифани бажаришга киришди. Анчайин уринишлардан сўнг жанг майдони билан ҳарбий қисм ўртасидаги узилишни тиклашга муваффақ бўлди. Носозлик бартараф этилганини текшириш мақсадида марказ билан боғланиб кўриш зарур эди. Ўзи билан олиб келган мосламани тизимга улаб, марказ билан боғланишга киришди. Сўнгги имкониятдан фойданалиб, умид билан пичирлади: «Марказ, марказ! Мени эшитяпсизми?!..» Симли алоқанинг нариги томонидан эшитилган овоз ўзи ва ҳарбий қисмдаги ҳамма сафдошларининг ҳаётини қайтариб бергандай бўлди. Ўртадаги узилиш тикланиб, топшириқ аъло даражада бажарилган эди.

Хизмат жойига қайтгач, ҳарбий қисм командири жангда кўрсатган қаҳрамонлиги учун уни навбатдаги «Жасорат» медали билан тақдирлади.

Ватан олдидаги бурч

1945 йил уруш якунлангандан сўнг Маҳмуд Хидиров ватан олдидаги бурчини адо этиб, ўз юртига ёруғ юз билан қайтди. Лекин оиланинг икки фарзанди жанг­гоҳларда жон фидо қилган эди. Бундай фожиали якун унинг оиласи учун катта мусибат бўлди.

Маҳмуд Хидиров фойдага қолган умрини ёшларга таълим-тарбия беришга сарфлади. Узоқ йиллар ўқитувчилик қилди, ўқитувчилар жамоасини бошқарди. Мингдан зиёд шогирдларни тарбиялаб, келажакда ўз ўринларини топишларида кўмаклашди. Шогирдлари орасидан оддий чўпондан тортиб олимлар, хўжалик ва туман, вилоят миқёсидаги раҳбарлар, профессорлар, фан номзодлари, ёзувчиларгача етишиб чиқди.

Фидокорона меҳнатлари учун «Меҳнат қаҳрамони», «Иккинчи даражали уруш қатнашчиси» кўкрак нишони ҳамда «Жасорат» медали билан мукофотланди. Бобо фарзандлари ва набиралари ардоғида 2002 йилда, табаррук саксон саккиз ёшида вафот этди.

Тинчлик учун жанг қилган Маҳмуд бобо Хидиров бугун орамизда йўқ. Лекин унинг кўрсатган жасоратлари, қаҳрамонликлари, ватан олдидаги улкан хизматлари ёшларимиз қалбида ҳамиша барҳаёт.

 

Мансурбек ЖАББОРОВ,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

500  долларлик  мушук

500 долларлик мушук

🕔16:04, 21.01.2022 ✔20

Нозима келинлик уйига қувониб назар солди. Ҳозир ундан бахтли одам йўқ. Ахир кўнглидагидек инсонга турмушга чиқди. Барчаси у орзу қилгандек.

Батафсил
«Ойга монанд юлдузлар маскани»даги  қадимий дарахтлар

«Ойга монанд юлдузлар маскани»даги қадимий дарахтлар

🕔15:47, 21.01.2022 ✔25

Серқуёш юртимизнинг ҳар гўшасида йилнинг тўрт фаслида бетакрор табиат намоён бўлади. Аксарият майдонлари чўлликдан иборат бўлган Бухорода ҳам йил давомида табиатнинг турли ажиб тароватига гувоҳ бўласиз.

Батафсил
«Марказ, марказ!  Мени эшитяпсизми?..»  Тинчлик учун  курашган  алоқачи аскарнинг таҳликали тақдири

«Марказ, марказ! Мени эшитяпсизми?..» Тинчлик учун курашган алоқачи аскарнинг таҳликали тақдири

🕔15:40, 14.01.2022 ✔48

Душман мергани аскарнинг шлемини нишонга олиб, тепкини босди...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар