Ўзлик      Бош саҳифа

МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

«Авесто» музейидан репортаж

Хоразм — сир-синоат ўлкаси. Айнан шу воҳага борганда мозийнинг инсон тафаккури етмаган қатлари очила бошлайди. «Авесто» музейи эса айнан, ана шу сирлар, мингйиллик қаъридаги тарихдан сўзлайди.

МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

Урганч шаҳрининг қоқ марказида «Авесто» амфитеатри жойлашган. Айнан шу майдонга ажратилган бино музейга айлантирилган. Бу ердаги бир-биридан антиқа ва сирли, турли даврларга оид экспонатлар, Юра даврига оид тошга айланган дарахтдан то кечагина «Лазги»си билан барчани хушнуд этган Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитовагача сўзлайди.

Ичкарилар экансиз, воҳанинг чўгирмали бобоси ва лачакли момоси сизни «Галинг, мейман», дея кутиб олади. Бу чол-кампирнинг қадимий либосига, хоразмликларга хос тавозе-ю самимиятига маҳлиё бўлиб турганингизда ичкаридан музей раҳбари Комилжон Нуржонов пешвоз чиқади.

— Музей 1997 йилда ташкил топган бўлса-да, аслида музейга анча олдин  экспонатлар тўплана бошланган, — дейди музей раҳбари. — Ҳозир бу ерда икки мингга яқин экспонат бор: 850 таси моддий, қолгани ҳужжатлар, фото-суратлар, турли даврга оид китоблар, нодир қўлёзмалар. Яқинда 43 ноёб китобни Маъмун академиясига тақдим этдик. Музейимиз Хоразмнинг то қадимги давридан бугунги кунигача маълумот беради.

Кираверишдаги хонада Исломхўжа минорасининг макети. Айтишларича, Исломхўжанинг тўрт ўғли бўлиб, ҳеч бирига мерос қолдирмаган, бор бойлигини шу минора қурилишига сарфлаган. Минора асосан, кузатув ва намозга чақириш вазифасини ўтаган. Хонада яна македониялик Александр ва Хоразм подшоси Фарасманнинг сулҳ жараёнидаги бўртма тасвирини кўрасиз. Кейинги хона сизни хоразмликларнинг юз йил олдинги маиший ҳаёти сари чорлайди. Уй анжомлари — қурамишдан тикилган кўрпача-ёстиқ, кийимларнинг барчасига гувоҳ бўласиз. Қадимий чироқ, патефон, кружка, кийимлар эса рус маданиятидан сўзлайди.

Учинчи хонада Чилпиққалъадан топилган миллион йиллик экспонат — тошга айланган дарахтга дуч келасиз. Бўйи 1 метру 240 сантиметр, оғирлиги 250 килограмм, белбоғи 96 сантиметр бўлган бу тош дарахтни германиялик тадқиқотчилар текширганда, унинг Юра даврига оидлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, Амударё билан Нукуснинг ўрталиғидан археолог Толстов топган чайла макети, 350 йиллик ислом динига хос бўлган қабр, Султон Увайс тоғидаги қабрдан топилган ­Қуръоннинг терига ёзилган ояти, қадимий сопол буюмлар сизни хаёлга толдиради. Қорақалпоғистондаги Ёнбошқалъа атрофидан топилган остадонлар (майит суяклари солинадиган идиш)ни кўрганингизда эса аждодлар ҳоки олдида турганингизни ҳис этасиз. Сўнг рўпарангизда Зардўштнинг Павел Кличко яратган портрети пайдо бўлади. 12 минг мол терисига ёзилган Авестонинг омон қолган бир парчасига ҳам кўзингиз тушади.

— Авесто айнан Хоразмда яратилганини кўплаб манбалар исботлайди, — дейди музей раҳбари. — Чунки халқимизда 18 хил урф-одат борки, буларнинг ҳаммаси Авестодан қолган. Масалан, Хоразмда келин келганида уни олов устидан ҳатлатиш, кеч тушганида қўшнига қатиқ бермоқчи бўлса, қатиқ устига гугурт ёқиб ташлаш, бола йиғласа, бешик атрофини гугурт ёқиб айлантириш каби одатлар ҳозиргача бор.

Музейни айланар эканмиз, қўй, ит, от, балиқ каби жонзотлар ҳайкалчалари диққатимизни тортди.  Ҳа, бежиз қўй юввошлик, ит вафодорлик, от давлат, балиқ ҳалоллик рамзи сифатида қадрланмас экан. Кўзимиз жилди сарғайиб кетган катта китобга тушади. Сўз султони, бобокалонимиз Алишер ­Навоийнинг «Хамса»си. Музей раҳбари Комилжон Нуржонов яна ҳикоясини бошлайди:

...Ўтган асрнинг 30-йиллари. Кимнинг хонадонидан араб ёзувидаги китоб топилса, қатағон қилинаётган пайт. Одамлар бу ёвуз хабардан қўрқиб қолган. Чунки кун ора кимнидир хонадонида аза очилади. Шу сабаб Хиванинг зиёли бир қўнимгоҳидан тун ярмида катта китобни қўлтиқлаганча шарпалар чиқади. Улар Ичанқалъанинг жануби-ғарбий томонига ўтишади ва девор тагини ковлашади. Шарпаларнинг биттаси олдин китобни меҳр билан силайди, кейин азиз инсонидан айрилаётгандек унсиз йиғлайди. Иккинчи шарпа китобни апил-тапил олиб, катта кўрпага, устидан жун пўстинга ўрайди. Сўнг уни ковланган ўрага кўмишади. Орадан йиллар, даврлар ўтди. Ота-боболаридан қолган сирни хонадон эгалари айтадиган вақт келди. Маткарим Худойберганов «Хамса»нинг Ҳиротда кўчирилган қадимий нусхасини ковлаб олди. Китобнинг жилди, ташқи саҳифалари чириб, сарғайиб кетган, аммо ички саҳифалари тўлиқ сақланган эди...

Яна музейдаги саёҳатимизга қайтамиз. Узун йўлаксимон хонада портретлар қаторлаштирилган. Улардаги қиёфаларга қараб, боқиб турган сиймоларнинг турли тақдирлари кўз олдимизга келади. Мана, Анна Герман. 1937 йили халқ душмани тамғаси билан қамалди-ю, 17 йиллик умрини қамоқда ўтказди. Бироқ эътиқодидан бир он бўлсин, оғишмади. Раҳмат Мажидий — Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмасини илк бор ташкил этган, ижодкорларнинг бошини бир жойда қовуштирган инсон. Хоразмни ардоқлаган кишилар — Мадраҳим Шерозий, археолог Толстов, Ражаб Жуманиёзов, рассом Лола Абдуллаева... Беш ёшида Ҳиндистоннинг Шанкар мукофотини қўлга киритган Ёрқиной Сапаеванинг кулиб турган суратига кўзимиз тушади. Ҳали болалигидаёқ барчани ўзининг асарлари билан лол қолдирган ёш рассом 18 ёшида вафот этади. Музей раҳбари бу ҳақда афсус билан гапираркан, бироз жим қолади. Сўнг эса бирдан юзлари ёришади. Бизни қўлёзмалар сақланадиган хонага бошлайди. Бу ерда у XIV асрга мансуб бўлган «Илмун қутуб» асари ва Хоразм тарихидан сўзлайдиган қўлёзмаларни кўрсатади! «Аксарият қўлёзмаларни «Маъмун академияси»га бердик, — дейди у, — улар ҳозир ўрганилмоқда...»

Ҳар бир экспонат ҳақида маълумот олар экансиз, ҳеч қайси китобда ҳали ёзилмаган ҳикояларини тинглаб,  ўзингизни ўша даврда яшаётгандек ҳис этасиз. Гоҳ Нажмиддин Кубро ҳақида маълумотлар, гоҳ шоҳ Феруз, 13 ёшида заҳарлаб ўлдирилган Темурғози тўра ҳақида қизиқ ҳикояларни эшитасиз.

Музейдан бир олам таассуротлар билан чиқар эканмиз, Комилжон Нуржанов «шошманг» ишорасини қилади:

«Кўрганларингиз ҳали ҳаммаси эмас. Жойимиз тор бўлгани учун экспонатларни ҳаммасини кўргазмага қўйганимиз йўқ. Яқинда музейимиз мослаштирилган бинога кўчиб ўтади. Ана ўшанда сиз Туркманистон чегарасидаги Дархонотадан Орол денгизигача, Қизилқумдан Қорақумгача бўлган ҳудудда икки йил мобайнида  ўтказилган экспедиция жараёнида топилган энг ноёб экспонатларни кўрасиз. Яна келинглар, кутамиз!..»

Гўзалой МАТЁҚУБОВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

🕔11:01, 08.09.2016 ✔825

«Авесто» музейидан репортаж

Хоразм — сир-синоат ўлкаси. Айнан шу воҳага борганда мозийнинг инсон тафаккури етмаган қатлари очила бошлайди. «Авесто» музейи эса айнан, ана шу сирлар, мингйиллик қаъридаги тарихдан сўзлайди.

Батафсил
«ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

«ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

🕔16:08, 15.07.2016 ✔927

Огаҳий уй-музейидан репортаж

Батафсил
ЯПОНЛАРНИНГ ЎЗБЕК ҚИЗИ

ЯПОНЛАРНИНГ ЎЗБЕК ҚИЗИ

🕔14:16, 14.07.2016 ✔1101

Бир мухлисимиз таҳририятга қўнғироқ қилиб, «Тановор»га қойилмақом рақс тушадиган япон қизи ҳақида мақола тайёрлашимизни сўради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

    МОЗИЙ  ҚАТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

    «Авесто» музейидан репортаж

    Хоразм — сир-синоат ўлкаси. Айнан шу воҳага борганда мозийнинг инсон тафаккури етмаган қатлари очила бошлайди. «Авесто» музейи эса айнан, ана шу сирлар, мингйиллик қаъридаги тарихдан сўзлайди.

    ✔ 825    🕔 11:01, 08.09.2016
  • «ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

    «ЎҒУЛСИЗЛИҚ ИЧРА КЎНГУЛСИЗЛИҚИМ»

    Огаҳий уй-музейидан репортаж

    ✔ 927    🕔 16:08, 15.07.2016
  • ЯПОНЛАРНИНГ ЎЗБЕК ҚИЗИ

    ЯПОНЛАРНИНГ ЎЗБЕК ҚИЗИ

    Бир мухлисимиз таҳририятга қўнғироқ қилиб, «Тановор»га қойилмақом рақс тушадиган япон қизи ҳақида мақола тайёрлашимизни сўради.

    ✔ 1101    🕔 14:16, 14.07.2016
Ҳаммасини кўриш 

Галерия

Фойдали манбаалар