Оила хуржун      Бош саҳифа

УЧРАШУВ ЁКИ «Ъ» МОЖАРОСИ

Григорий  ГОРИН

Ўзим катта бир хўжаликнинг раҳбариман. Касбим бўлмаса-да, одамларга бирор воқеани гапириб беришни яхши кўраман. 

УЧРАШУВ ЁКИ «Ъ» МОЖАРОСИ

Биласиз, халқимиз ёзувчиларни яхши кўради! Яқинда машҳур ёзувчи Бурко билан учрашув ўтказдик.

Бу ижодкор деганига нон берма, сув берма, учрашув уюштир. Агар бу учрашув иш вақтида амалга оширилса, нур устига нур...

Ўтган йили вилоятимизда ўтказилган учрашувга ўзиям барча машҳур ёзувчилар ташриф буюришди...

Уларни уч кун марказда ушлаб туришди, кейин эса туманларга тарқатиб юборишди. Эрта тонгда менга тумандан қўнғироқ бўлди: «Жамоа­нгизга машҳур ёзувчи Бурко...ми ёки Буркъо… ми ташриф буюради. Хуллас, айириш белгисини исмнинг қаерига қўйиш кераклигини ўзингиз аниқлайсиз. Меҳмонни муносиб кутиб олинг!»

Мен: «Биз жаноб Бъурко ёки Буркъонинг ташрифидан жуда ҳам мамнунмиз, лекин агар мумкин бўлса, унинг қайси жанрда ижод қилишини билиб олсам, дегандим», — дедим. — «У киши қандай асарлар ёзган? Учрашувдан олдин асарлари билан танишиб чиқсак, яхши бўлармиди...»

Туман вакили бақира кетди: «Ўқишга улгурмайсиз, вақт кам қолди! Шунчаки, рисоладагидек кутиб олинг, вассалом!»

Мен эса: «Хавотирланманг! Кутиб оламиз! Лекин халққа меҳмонимиз ким эканини айтиб ўтишимиз керакми? Умуман у ким, жумладан, у эркакми ёки аёл?»

Вакил бирдан жим бўлиб қолди, сезишимча, улар ҳам ҳеч нарса билишмайди, кейин у яна ўз услубини қўллаб бақира бошлади: «Бу қандай аҳмоқона савол бўлди, ўртоқ раис? Ёзувчи сиз томонга уйланиш учун эмас, мухлислар билан учрашув ўтказиш учун боряпти. Бизнинг ишимизга бурнингизни тиқманг! Уни муносиб кутиб олинг, тамом!»

Бажарамиз. Дарҳол фаолларни йиғиб, огоҳлантирдим: «Ўртоқлар! Совхозимизда катта шодиёна: биз томонга таниқли ёзувчи жаноб Бъуркоми ёки Буркъо…ми-ей, ташриф буюрмоқда... унинг эркак ёки аёл киши экани ҳозирча номаълум... Меҳмонни хушчақчақ кутиб олиш борасида қандай таклифларингиз бор?».

Ўйланиб қолдик. Кейин омбор мудири ўрнидан турди (у калласи зўр ишлайдиган эркак, учта ревизиядан бирортаси ҳам унинг айбини тополмаган) ва деди: «Агар ростдан ҳам бизга шундай хурсандчилик насиб этган, фамилияси ва жинси номаълум машҳур ёзувчи келаётган бўлса, мен уни хурсандчилик билан, лекин мавҳум тарзда кутиб олишни маслаҳат бераман... Бизда плакатлар бор! Катта ҳарфлар билан: «БУРКОГА ЖАМОАМИЗДАН АЛАНГАЛИ САЛОМ!» ёки «БУРКОНИНГ КИТОБИ ЭНГ ЯХШИ СОВҒА!» деб ёзиб, илиб қўямиз. Агар у ростдан ҳам ёзувчи бўлса, айириш белгисини керакли жойга қўйиб, ўзи тўғрилаб ўқиб олаверади!..»

Шундай қилдик. Плакатларни илдик. Гуллар билан безатдик. Олдинги қаторга мактаб ўқувчиларини барабан чалиш учун териб қўйдик. Кун яримлаганда бино олдидаги майдонга бошқарма томонидан бириктирилган қора «Волга» кириб келди, ундан биз кутган ўша машҳур ёзувчи тушди... Мўйловли! Шубҳага ўрин йўқ... Ўқувчилар барабан чалишди. Олқишлар. Гуллар. Мен унинг қўлтиғидан олиб, хонамга бошладим ва йўл-йўлакай:

— Биласизми, жуда ҳам хурсандмиз, ниҳоят ташриф буюрдингиз, интизорлик билан кутаётган эдик, жаноб... Фурсатдан фойдаланиб, айтмоқчи эдимки, биласизми, мухлисларингиз орасида катта тортишув бўлмоқда: айириш белгиси фамилиянгизнинг қайси жойига тушгани маъқул? Бъуркоми ёки Буркъо дейилса мақсадга мувофиқ?

Шунда меҳмон:

— Мен... Куренцов Николай Степановичман!  Бъурко ёки Буркъонинг исмимга нима дахли бор... У ҳозир умуман бошқа делегацияда, — деди ҳайратланиб.

Мен сесканиб, дедим:

— Бу, албатта, биз учун... янада катта бахт, қанақадир Бурконинг ўрнига сиз, жаноб... бизнинг меҳмонимизсиз. Лекин бошқа томондан олганда, одамлар қандайдир... хайрихоҳлик билдиришаётганди... жаноб  Бъурко ёки Буркъога ... Бу ёғи қанақа бўларкан?

У хона деразасидан ташқарига қаради, плакатларни ўқиди ва деди:

— Гап бу ёқда, денг! Шундай экан, унда китобхонни ранжитмаганимиз маъқул! Улар мени ўша Бъуркоми ёки Буркъо деб қабул қила қолсин... Лекин барибир мен унинг китобларини билмайман, мухлислар конференциясини ўтказмаймиз.Фақат уларга нутқ сўзлайман, тушлик қиламиз ва тарқаламиз! Менинг дастурим жуда ҳам кескин!

Халойиққа жаноб Бъурконими ёки Буркъони таништирдимми ё йўқми, эслолмайман, у чиқиб нутқ бошлади:

—Ўртоқлар! — кўтаринки руҳда бақирарди у, — келажакдаги муваффақиятлар сари олға! То абад биргаликда!..

Нутқ шу тарзда узоқ давом этди...

Ёзувчиларимиз нутқ сўзлашга уста, гарчи тушунарсиз ва жуда ҳам тез гапиришларига қарамасдан, бу одамга далда беради, тетиклаштиради. Халқ уни олқишлайди, фақат, албатта, озгина асабийлашишади, чунки у гап орасида негадир «чўпонлар»ни қистириб ўтарди.

Мен унинг қулоғига:

— Жаноб Бурко (энди айириш белгиси ҳақида умуман ўйламай қўйгандим, у менинг жонимга тегиб кетганди)... Жаноб Бурко! Сиз асосий эътиборни қўйларга қаратяпсиз! Бизнинг туманимизда қўй йўқ, бу ерда умуман қўйчилик билан шуғулланилмайди...

Ёзувчи эса:

— Қанақасига? Ахир бу Касьяновский тумани эмасми?

Мен:

— Ҳеч қанақасига! Ахир сиз айтаётган туман умуман бошқа томонда, бу ердан юз километр узоқда жойлашган!

Ёзувчи уҳ тортди:

— Вой, энди нима бўлади, демак, у ёқда, марказда, ҳаммасини чалкаштириб юборишибди-да... Ахир мени Касьяновскийда кутишяпти-ку... Нима қиламиз?

— Сиқилманг! Ҳаммаси жойида! — дедик. — Ҳаётнинг ўзи ҳаммасини жойига қўяди: токи сиз биз учун Бурко экансиз, демак, бизнинг туман сиз учун Касьяновский!.. Қани, дастурхонга марҳамат!

Ўтирдик. Асосий ишга киришдик! Газак қилдик! Иштаҳа гуриллаб кетди! Чеҳраларимиз ёришди.

Назар ташлаб қўяман, у аста-секин бизларга худди касьяновскийликларга бўлгандек мурожаат қила бошлади, ўзи эса нафақат Бъурко ёки Буркъо фамилиясига... шунчаки, Буркинага бажонидил жавоб бера бошлади...

Охир-оқибат, жудаям кайфи ошиб, ҳаяжонланганча, ўрнидан туриб, бақира бошлади:

— Дўстлар, учрашувимиздан эсдалик сифатида... мен сизларга ўзимнинг китобимни совға қилмоқчиман! — Шундай деганча, у портьфелини очган эди, негадир кайфияти тушиб кетди: — Эҳ, эсим қурсин... Мен ҳаммасини йўл-йўлакай тарқатиб юборибман... Биттагина қолибди... фақат... венгерча... Нимаям қилардик...

— Буниси янаям яхши! — дедим мен, — Катта раҳмат! Кутубхонамизда айнан венгер тилида чоп этилган биттаям китоб йўқ эди! Агар биров сўраб қолгудек бўлса, роса хижолат бўлардик ўзиям...

У кўм-кўк, қалин китобни олди-да, ёзди:

«Қадрдонларим! Қалбан сиз биланман! Мени унутманг! Коля!»

У кетди! Машинанинг ғилдиракларидан чанг кўтарилди... Мана шунақа эсда қоларли учрашув бўлди. Китоб эса ҳозиргача кутубхонамизда, энг фахрий жойда турибди. Ҳаммамиз уни эгасига қайтариб беришга баҳона қидирамиз... Куренцъовми ёки Куръенцовми ушбу китобида нималар ҳақида ёзилганини билгимиз келади...

Яна шу белгими? Қачон  айириш белгисини тўғри қўйишни ўрганамиз экан-а?..

Рус тилидан

Мадина АЛЛАБЕРГАНОВА

таржимаси




Ўхшаш мақолалар

Мажлисдаги илҳом

Мажлисдаги илҳом

🕔17:39, 06.12.2018 ✔34

Ёзувчи учун илҳомнинг келиши жой танламас экан. Хоҳлаган пайтда ўзи келиб қоларкан. Мениям кейинги пайтда илҳомим қочиб кайфиятим бузилиб, иштаҳасиз юргандим.

Батафсил
Бўлиб берамиз

Бўлиб берамиз

🕔17:38, 06.12.2018 ✔31

Ярим кеча Шодивойнинг хотини Шодия юзига оппоқ ниқоб қилган. Қатиқ сурган, укроп, редиска, помидор, иккала кўзига бодрингдан тангадек қилиб ёпиштирган.

Батафсил
Хотиним ферма очгач…

Хотиним ферма очгач…

🕔17:27, 22.11.2018 ✔98

Менга аталган ғиж-ғиж иқтидорни хотинимга берган экан. Камина саҳар мардондан, то қош қорайгунча итдек ишлайман, кўпинча ярим тунда тилим бўйинбоғимдай осилиб уйга кириб келаман.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мажлисдаги илҳом

    Мажлисдаги илҳом

    Ёзувчи учун илҳомнинг келиши жой танламас экан. Хоҳлаган пайтда ўзи келиб қоларкан. Мениям кейинги пайтда илҳомим қочиб кайфиятим бузилиб, иштаҳасиз юргандим.

    ✔ 34    🕔 17:39, 06.12.2018
  • Бўлиб берамиз

    Бўлиб берамиз

    Ярим кеча Шодивойнинг хотини Шодия юзига оппоқ ниқоб қилган. Қатиқ сурган, укроп, редиска, помидор, иккала кўзига бодрингдан тангадек қилиб ёпиштирган.

    ✔ 31    🕔 17:38, 06.12.2018
  • Хотиним ферма очгач…

    Хотиним ферма очгач…

    Менга аталган ғиж-ғиж иқтидорни хотинимга берган экан. Камина саҳар мардондан, то қош қорайгунча итдек ишлайман, кўпинча ярим тунда тилим бўйинбоғимдай осилиб уйга кириб келаман.

    ✔ 98    🕔 17:27, 22.11.2018
  • «Ўргимчак»

    «Ўргимчак»

    «Бир айбим бор: фақат баъзан,

    Рост гапириб қўяман…»

    Эркин Воҳидов

    ✔ 109    🕔 16:26, 08.11.2018
  • Қоринбой

    Қоринбой

    Ўмарбой ака бир лаган ошни паққос тушириб, тагидаги ёғни қошларига суртиб-суртиб олди.

    ✔ 160    🕔 16:48, 18.10.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар