Ўзлик      Бош саҳифа

Аямажуз олти кун

Баҳорги тенгкунликдан сўнг табиатда юз берадиган ажойиб ҳодиса

Ялпиз ҳиди уфуриб турган Дамсарой ариғининг шундоққина устига солинган каттагина чорпоя. Унинг олдидаги бўйрадек келадиган майдонда гуллар барқ уриб очилган. Рўпарадаги уй ва даҳлиз айвонида қалдирғочлар гир айланиб вижир-вижир қилишади, дам-бадам ўзларини шифтга уришиб, дам ёнбағирлаб учишади.

Оппоқ соқоли кўксига тушган, дароз бўйли, оқ-сариққа мойил Олим бобо чорпоя устида тенг-тўшлари билан гурунглашиб ўтирибди. Бу қария табиат сир-асрорларидан хабардор синчилардан. Одатда синчи йил фасллари ўзгаришини, табиат қонун-қоидаларини, об-ҳавонинг турқи-авзойини синчков кузатади, хулоса чиқаради. Деҳқончилик ва чорвачилик орқасидан қора қозон қайнатадиганлар табиат қийинчиликларини олдиндан билгиси келаверади. Аслида деҳқон табиат билан дўст, у фақатгина табиатга қулоқ осади. Ўз кузатишларига ишонади, тажрибаларига суянади. Олим бобо ҳам шундай. Бирор бир ҳодиса унинг нигоҳларидан четда қолмайди.
— Чорвадор қавмига бешинчи февралдан, зироатчилик билан машғул деҳқонлар учун тўққизинчи февралдан «қантар оғади». Кўкдан бобо қуёш нур сочиб, ерни қиздира бошлайди, аста-секин ер остидан ҳарорат кўтарилиб, дарахт ва майсалар илдизига жон ато эта бошлайди. «Қантар оғса, қор устида қор турмас» деган гап шундан қолган. Тағин бир гап. Ой тақвимига кўра, чорвадор қавмига ўн бешинчи февралдан, деҳқонлар учун йигирма биринчи февралдан ҳут киради. Шамоллар кучайиб, дарахт бута ва майсаларни турткилаб, қиш уйқусидан уйғотади. «Ҳут яхши келса, кади-кади сут, Ҳут ёмон келса, сойлар тўла пут» деган гаплар ҳанузгача тилдан-тилга ўтиб келаётгани бежиз эмас.

Ўқранса – ўн кун
Келачи қишлоғи аҳли нима учундир, қишни ёвуз ниятли ёғийга, баҳорни меҳрибон, сахий кишининг қутлуғ қадамига менгзайди. Бепоён юрт бўйлаб баҳорий нафас кезаётган, фаслларнинг кенжаси, тирикчилигимизнинг муқаддимаси бўлмиш кўклам чоғлари, аниқроқ айтганда янги кун – Наврўзни кутишдек соғинчли кайфият ҳукмронлик қилаётган чоғларда мана бу айтимни куйлашни хуш кўришади.
Азиз момо олти кун,
Қалтираса – қатти кун.
Сакранса – саккиз кун,
Тўқранса – тўққиз кун,
Ўқранса – ўн кун.
Эътибор қилдингизми, ана шу «тўқраниб-ўқранадиган» мавсум, яъни биринчи мартдан аямажуз бошланади. Дарвоқе, «Аямажуз олти кун, сакраб келса саккиз кун, тўқраб келса (қаҳрли, баджаҳл келса) тўққиз кун...» Бу баҳордаги ўзгарувчан об-ҳавога ўзига хос таърифдир. Энди қишдан қутилдик, деганда яна совуқ тушиб аҳолини беҳад қийнаб қўяди баъзида. Эл билгувчи, эл – доно. Совуқ, аёзли, бўронли кунларни эртаклардаги қаҳр отига минган, баджаҳл кампир қиёфасига менгзаб, аямажуз момо деб атай бошлаган. Ва яна ўша «баджаҳил момо» тилидан, «Тўқсон – бир кунимча йўқсан» дейишган. Яъни тўқсон кунлик қиш кунлари ҳали қаҳри қаттиқ аямажуз момонинг бир кунига тенг келолмаслиги айтилган. Айниқса, дарахт куртак оча бошлаганда, кузги экин яшнаб турганда аямажуз келиб қолса, экину чорвадорга талофат етказилган. «Тўқсонда турланса булут, Уюр-уюр қор келади» дейди буни билгандай бахши Умарқул Пўлкан бир шеърида.

Қора чигиртка башорати
Табиатда қуш, ўсимлик, ҳайвонлар ўта сезгир, билгич бўлади, деб эшитган эдим. Бунга шахсий кузатишлар давомида иқрор бўлганмиз. Агар қарға дарахтнинг тепасига қўниб, «қар-қар» қилса, тез фурсатда ҳаво айнийди. Чиннигул ёқимли, хушбўй ифор таратса, шамол туради. Захчалар тўда-тўда бўлиб учса, ёмғир савалаб ўтади. Қоқигул «кўзларини юмуб» олса, билингки, жала қуяди. Карнайгул шом келмасидан очилса, тунда аёз бошланади. Тулки қип-қизариб турган уфққа тикилиб қолса, эртанги кун қуёшли бўлади. Қора чигиртка чирилласа бас, ҳаво очилиб кетади. Қаранг, атрофдаги қурт-қумурсқалар, қушлар ва гулларнинг бариси одамзодга дўст, улар ўз сирларини ошкор этишга чоғланади. Ўзи она табиатга қанчалик яқинлашиб бораверсанг, у ҳам сенга бор сирларини очаверар экан.
Улуғбек ЖУМАЕВ




Ўхшаш мақолалар

БЕҲБУДИЙ БИЗНИ  КЕЧИРАРМИКАН?

БЕҲБУДИЙ БИЗНИ КЕЧИРАРМИКАН?

🕔13:15, 28.08.2020 ✔3081

Ҳаётий тажрибамда давлатнинг икки хил тизимида кўп ўзгаришларга, яхшисига ҳам, ёмонига ҳам гувоҳ бўлдим. Вазиятдан чиқиш мақсадида шошилинч тадбирлар кўрилгани, турли экспериментлар ўтказилгани ҳам бор гап.
 

Батафсил
ҒОЛИБЛАРГА БАЙРАМЛАР ЯРАШАДИ

ҒОЛИБЛАРГА БАЙРАМЛАР ЯРАШАДИ

🕔13:12, 28.08.2020 ✔3085

Бир дўстим коронавирусдан вафот этди. Йигирма кун аввал кўргандим. Соппа-соғ юрганди. У билан болалигимиз бирга ўтган, мактабда олдинма-кетин ўқигандик. Собиқ футболчи эди. Юрагим ачишиб кетди.

Батафсил
МАЪРИФАТНИ АНГЛАШ ЙЎЛИДА

МАЪРИФАТНИ АНГЛАШ ЙЎЛИДА

🕔13:12, 28.08.2020 ✔3207

улкан ишларга қўл урилмоқда

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар