Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Илмий стартаплар нега керак?

Мамлакатни бой қила олиши кутилаётган лойиҳалар олдидаги тўсиқлар

Илмий стартаплар нега керак?

Илмий стартаплар Ўзбекистон учун янги ҳодиса. Юртимизда илмийинновацион фаолият асосида бизнес моделлар яратиш тажрибаси йўлга қўйилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Масалан, 2019 йилда вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази негизида биринчи илмий акселератор — «C.A.T. Science Accelerator» ташкил қилинган эди. Ушбу дастурда ўнлаб олимлар иштирок этиб, илмий изланишлари асосида стартап лойиҳалар яратиш имкониятига эга бўлди.

Танловнинг якуний босқичига ўнта жамоа етиб келган. Шундан учтаси ғолиб деб топилиб, ҳар бирига ўз бизнесини бошлаш учун давлат томонидан грант маблағлари ажратилди. Бундай тизим илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, жайдари тилда айтганда, бозорбоп маҳсулотга айлантиришга ёрдам бермоқда. Бир вақтнинг ўзида мамлакатда маҳаллий инновациялар салмоғи ҳам ортяпти.

Аммо стартап сармоя киритиш билангина гуркираб кетадиган бизнес эмас. Мазкур фаолият турида хавф-хатар даражаси доимо юқори бўлган. Стартап яшаб қолиши, яшаб қолганда ҳам кескин рақобат муҳитида ўз ўрнини йўқотмаслиги учун кўп ва хўп меҳнат қилиш, кутилмаган зарбаларга тайёр туриш, таъбир жоиз бўлса, қоқилганда ўнгланишни ўрганиш даркор. Қолаверса, илмий маҳсулотни пуллаш олимдан тадбиркорлик асосларини билиш ҳамда бозор иқтисодиёти тамойилларига мослашишни талаб қилади. Иш бор жойда эса камчилигу муаммолар учраши табиий.

Биз олти ойлик илмий акселерация дастурида қатнашиб, тадбиркорлик сари муваффақиятли қадам қўйган ёш стартапчилар билан учрашдик. Хўш, улар ўз мақсадига эришиш йўлида қандай довонлардан ошиб ўтди экан?

ОНА, ОЛИМА, БИЗНЕСМЕН

Ўзбекистон Миллий университетининг таянч докторанти Барно Ортиқхўжаева биотехнология йўналишида илмий изланишлар олиб бормоқда. Ўтган йили у «ЛиПач» стартапи билан Инновацион ривожланиш вазирлигининг 580 миллион сўмлик грантини қўлга киритиб, Ўзбекистонда илк бор суюқ пластирь ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Қанчалик парадоксал бўлмасин, олимани бизнес оламига оналик қайғуси бошлаб келган. Қаҳрамонимизнинг икки нафар ўғли бор. Бола деганлари шўх эмасми, йиқилиб лат ейди, бирон жойини қашқа қилади.

– Одатда жароҳатни ё бинт билан боғлаб қўямиз, ёки антисептик плас­тирдан фойдаланамиз, – дейди Барно. – Бироқ ҳар иккала воситанинг ўзига яраша камчиликлари бор. Шу боис мен суюқ пластирь яратишга қарор қилдим. Тадқиқотни биология факультетидаги ҳамкасбим билан бирга олиб бордик. Стартапга ном ҳам дарҳол топилди. «ЛиПач» инглизчадан таржима қилинганда суюк пластирь маъносини англатади.

– Маҳсулотимиз спрей шаклида бўлиб, сувга чидамлилиги ва фойдаланишда қулайлиги билан ажралиб туради, – давом этади суҳбатдошимиз. – У тери юзасида юпқа, шаффоф плёнки ҳосил қилади. Таркибидаги кумуш зарралари эса жароҳатнинг тез битишини таъминлайди. Пуркалувчи пластирь дунёнинг ҳали ҳеч бир мамлакатида яратилмаган. Асосий ютуғимиз ҳам шунда. Келгусида «ЛиПач» стартапини жаҳон бозорига олиб чиқишни режалаштиряпмиз.

Илмий акселерация дастуридаги иштироки давомида Барно Ортиқхўжаева тадбиркорлик соҳаси билан яқиндан танишди. Тажрибали мутахассислардан сабоқ олди.

– Бухгалтерия, сертификация, мет­рология соҳаларини ҳам ўрганишга тўғри келди, – дейди ёш тадқиқотчи. – Аввалига суюқ пластирга реал талабни ўргандик. Кўчага чиқиб, оддий одамлар ўртасида анкета сўровномасини ўтказдик. Дорихона эгалари, фармацевтлар билан суҳбатлашдик. «ЛиПач»нинг таннархи рулонли пластирники билан бир хил. Лекин афзаллиги юқорироқ. Чунки у ҳам антисептик таъсир кўрсатади, ҳам ярага малҳам бўлади.

– Ҳаётимда биринчи маротаба мус­тақил тарзда бизнес-режа туздим. Жараён икки ойга чўзилган бўлса-да, тажрибам анча ортди. Биз, олимлар илмий ишланмаларни лаборатория шароитида синовдан ўтказишга одатланганмиз. Лекин стартапер саноат миқёсида фикрлаши керак. Бу эса кишидан мутлақо ўзгача ёндашув ва дунёқарашни талаб қилади. Стартап лойиҳалар танловида ютиб олинган грант маблағини зарур ускуналар ва хом­ашё сотиб олишга сарфладим. Яқинда технологик линияни ишга туширдик. Корхонада етти нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда.

– Стартапингиз даромад олиб келишига кўзингиз етадими?

– Етади! Лойиҳага қўл уришдан аввал риск ва йўқотишларни чамалаб олдик. Айтганимдек, маҳсулот таннархи қиммат эмас. Ишончим комилки, келгусида импорт ўрнини бемалол боса оламиз. Фақат бирданига эмас, аста-секинлик билан. Дастлабки чоракда 10 минг дона спрей ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Уёғига таклиф талабга қараб ўсиб бораверади. Ҳисоб-китобимизга кўра, «ЛиПач» стартапи бир ярим йилга қолмай ўзини тўлиқ қоплайди.

– Жамоангиз кимлардан ташкил топган?

– Аввал икки киши эдик – мен ва биолог ҳамкасбим. Кейинчалик сафимизга иқтисодчи, ҳисобчи ва технолог қўшилди. Мини цехда яна икки нафар ходим иш билан банд.

– Билишимча, илгари бизнес билан шуғулланмагансиз.

– Ҳа.

– Стартап лойиҳасини амалга оширишда қандай муаммо ёки тўсиқларга дуч келдингиз?

– Биринчи навбатда, банкка боришга тўғри келди. Стартап шундай нарсаки, сен ё катта даромадга эришасан, ёки буткул куйиб қоласан. Натижани олдиндан билиб бўлмайди. Мана шу рискларни имкон қадар минималлаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги амалий чоралар кўрмоқда. Хусусан, «Стартап лойиҳалар танлови» орқали истиқболли бизнес лойиҳаларга бошланғич сармоя ажратиляпти. Бундан ташқари, юртимизда бир қанча венчур фондлари ташкил қилингани ҳам катта ютуқ.

Стартапер учун вақт ниҳоятда қимматли ресурс ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчиларга қўйилаётган баъзи талаблар эса, аксинча, вақтингизни ўғирлайди. Бундай муаммо билан ўзим ҳам тўқнаш келдим. Аввалига маҳсулотни дори препарати сифатида чиқармоқчи эдик. Лекин ҳужжатларни расмийлаштиришга камида олти ой кетар экан. Устига- устак 10 минг АҚШ доллари харажат қилиш керак. Ўзингиз айтинг, ахир, ишни нолдан бошлаётган стартапчи шунча маблағни қаердан олсин?! Охири, пуркалувчи спрейни антисептик восита сифатида рўйхатдан ўтказишдан бошқа иложимиз қолмади.

Айни вақтда юртимизда стартап бизнеси давлат кўмагига ниҳоятда муҳтож. Соҳада муайян имтиёзлар пакетини ишлаб чиқиш, божхона, солиқ тўлови ва яна бошқа масалаларда енгиллик яратиш зарур, деб ҳисоблайман. Шундагина ишимиз олдинга силжийди, натижалар кўрина бошлайди.

БЕТАКРОР ТЕХНОЛОГИЯ ВА БЕФАРҚ МУТАСАДДИЛАР

Нега Ўзбекистонда гўштнинг нархи қиммат? Чунки чорва молларининг 90 фоизи уй шароитида ёки кичик фермаларда боқилади. Аҳолига ем етиштириш учун алоҳида ер майдонлари ажратилмаган. Шу сабаб асосий озуқа сифатида донли экинлардан фойдаланилмоқда. Бу эса катта харажат демакдир.

Ёш муҳандис-технолог Акромхўжа Илҳомов муаммога инновацион ечим топди. Бир гуруҳ олимлар билан ҳамкорликда у витаминга бой ўсимлик унини ишлаб чиққан. Янги турдаги маҳсулот жониворларни семиртиради, сутини кўпайтиради ва иммунитетини оширади.

– Тадқиқотни бировнинг ёрдамисиз ўзимиз бошлаганмиз, – дейди Акромхўжа Илҳомов. – Яширмайман, аввалига қийналдик. Универсал озуқа олиш учун амарант, беда, жўхори, сарго каби жами 88 хилдаги ўсимликнинг озуқабоп хусусиятлари таҳлилини ўтказиш керак эди. Бизда эса шароит йўқ. Буюртма асосида қилдирайлик десак, анча-мунча маблағ кетади. Илмий акселерация дастури доирасида Илғор технологиялар марказидаги замонавий лабораториядан бепул фойдаланиш имконига эга бўлдик. Лаборатор текширувлардан сўнг ўн икки хилдаги ўсимлик саралаб олинди. Энди олдимизда озуқабоп яшил масса таркибидаги фойдали микроэлементларни сақлаб қолиш вазифаси турарди.

Шу ўринда қисқача изоҳ: стартапда асосий урғу витаминга бой ўсимликларни гидропоника усулида (яъни тупроққа қадамаган ҳолда) етиштиришга қаратилган. Бунда вақт ва маблағ тежалиб, юқори самарадорликка эришилади. Тасаввур қилинг, етти кунда бир килограмм уруғ нақ саккиз кило емга айланса-я. Фантастика!

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Акромхўжа Илҳомов бошчилигидаги жамоа хомашёни қуритишнинг оригинал технологиясини ҳам ишлаб чиқди. Уни қўллаш натижасида органик маҳсулот таркибидаги витаминлар деярли нобуд бўлмайди. Қандай қилиб дейсизми? Яна қаҳрамонимизга юзланамиз.

– Яшил масса ўсиб турган ҳолатда махсус техника ёрдамида ўриб олинади, – деб тушунтиради Акромхўжа. – Сўнг­ра тегишли технологик меъёрлар асосида 30 сония давомида қуритилиб, кукун ёки гранула шаклига келтирилади. Ҳаммаси жуда осон. Харажати ҳам кўп эмас. Витаминли ўсимлик унини тайёрлаш одатий емга қараганда икки-уч баравар арзонга тушади. Масалан, 1 гектар ер майдонида маккажўхоридан узоғи билан 10 тонна ҳосил олиб, уни 25-30 миллион сўмга пуллайсиз. Биз таклиф этаётган усулда эса 30 тоннагача тайер маҳсулот олиш мумкин. Бу 50-60 миллион сўм соф фойда дегани.

Яна бир эътиборли жиҳат: ўсимлик уни нафақат қорамол ва қўйлар, балки от, қуён, парранда ва бошқа уй ҳайвонлари учун ҳам тўйимли озуқа ҳисобланади. Демак, республикамизда мазкур турдаги маҳсулот қанчалик кўп ишлаб чиқарилса, гўштнинг таннархи шунчалик арзонлашади.

Инновацион емни хорижга экспорт қилиш ҳам айни муддао. Ўтган йили бу бўйича Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон ишбилармон доиралар вакиллари билан музокаралар олиб борилган эди. Тадқиқот натижаларини Москвадаги «Сколково» инновацион маркази мутахассислари ҳам юқори баҳолаб, лойиҳани Россияда давом эттиришни таклиф қилди.

– Биринчи навбатда ички эҳтиёжни қондириш зарур, – дейди Акромхўжа Илҳомов. – Ҳозир йўлнинг бошидамиз. Стартап учун Инновацион ривожланиш вазирлиги 972 миллион сўм сармоя ажратди. Бу маблағ лойиҳа билан боғлиқ барча харажатларни қоплашга етмайди. Ўзимиз ҳам қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ. Қўшимча инвестиция­ларни жалб этишга ҳаракат қиляпмиз.

Грант ҳисобига стартапчилар цех ташкил қилиб, технологик линияни ишга тушириш учун зарур ускуна ва жиҳозлар харид қилди. Корхона йилига минг тоннагача ем ишлаб чиқариш қувватига эга. Лекин бу мавжуд эҳтиёжнинг юздан бири ҳам эмас. Демак, инновацион ем тайёрлайдиган гигант заводларни бутун Ўзбекистон бўйлаб қуриш керак. Уларни хомашё билан таъминлаш эса алоҳида масала.

Ем уни таркибидаги ўсимликлар йилига олти мартагача ҳосил беради. Жорий йилда олимларимиз уларни тажриба тариқасида Қуйи Чирчиқ туманидаги 2 гектар тақир ер майдонида етиштириб кўрди. Самара кутилгандан ҳам аъло.

Энди маҳсулотни саноат миқёсида ишлаб чиқариш зарур. Бунинг учун тонналаб яшил масса талаб қилинади. Мана шу жойда стартапчилар жиддий муаммога дуч келган.

– Тошкент вилояти ҳокимлигидан ер сўрагандим, – дейди қаҳрамонимиз. – Лекин ҳалигача ололмай, овораи сарсонман. Негадир маҳаллий раҳбарлар ишни пайсалга солмоқда. Давлат стартапларни қўллаб-қувватлашга шунчалик эътибор қаратаётган бир пайтда мутасаддилар сенга беписанд бўлса, ёрдам қўлини чўзгиси келмаса, алам қилар экан. Ахир, бизнес-режамиз тўла-тўкис амалга ошса, қишлоқ хўжалиги тармоғи, қўйингки, бутун халқимиз бундан фойда кўради-ку. Эл-юрт равнақи йўлида ҳамма бир ёқадан бош чиқаришини хоҳлардим.

P.S.: Ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Янги Ўзбекистонда инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, стартаперлик ҳаракатини ривожлантириш мамлакат иқтисодиётининг келажаги гарови сифатида кўрилмоқда. 2030 йилда дунёдаги энг инновацион 50 та мамлакат сафига киришни мақсад қилдик. Давлат бу масалада ёш авлод салоҳиятига таянмоқда. Ёшлар-ку ўзини кўрсатишга тайёр, фақат уларга халақит бермасак, йўлида тўғаноқ бўлаётган омилларни вақтида бартараф этсак, саъй-ҳаракатини рағбатлантирсак бўлгани.

Наргиза УМАРОВА,

Журналист




Ўхшаш мақолалар

Дунёни қамраб  олаётган  сув муаммоси  Бизни нима қутқаради,  қандай оқибатлар кутмоқда?

Дунёни қамраб олаётган сув муаммоси Бизни нима қутқаради, қандай оқибатлар кутмоқда?

🕔16:08, 16.09.2021 ✔33

Бугунги кунда Ер шаридаги жами аҳолининг 40 фоизи тоза ичимлик сув етишмаслигидан азият чекмоқда. Яна 30 йилдан сўнг тоза ичимлик сув энг танқис ресурслардан бири бўлиб қолиши мумкин. Ҳар йили ичишга яроқли сув етишмаслиги туфайли 1,2 млн. киши турли хасталикларга дучор бўлади.

Батафсил
Емирилиб бораётган  Осмон  ёки озон қатламини  нега ҳимоялашимиз шарт?

Емирилиб бораётган Осмон ёки озон қатламини нега ҳимоялашимиз шарт?

🕔16:05, 16.09.2021 ✔33

Озон қатламининг емирилиб бориши дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг долзарб экологик муаммолардан биридир. Юзага келган мазкур экологик вазиятнинг атроф муҳитга ҳамда инсониятга салбий таъсири катта.

Батафсил
Озон –  ягона  ҳимоячимиз

Озон – ягона ҳимоячимиз

🕔16:04, 16.09.2021 ✔32

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси, Давлат Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзгидромет маркази ҳамкорлигида «Озон – ягона ҳимоячимиз» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Дунёни қамраб  олаётган  сув муаммоси  Бизни нима қутқаради,  қандай оқибатлар кутмоқда?

    Дунёни қамраб олаётган сув муаммоси Бизни нима қутқаради, қандай оқибатлар кутмоқда?

    Бугунги кунда Ер шаридаги жами аҳолининг 40 фоизи тоза ичимлик сув етишмаслигидан азият чекмоқда. Яна 30 йилдан сўнг тоза ичимлик сув энг танқис ресурслардан бири бўлиб қолиши мумкин. Ҳар йили ичишга яроқли сув етишмаслиги туфайли 1,2 млн. киши турли хасталикларга дучор бўлади.

    ✔ 33    🕔 16:08, 16.09.2021
  • Емирилиб бораётган  Осмон  ёки озон қатламини  нега ҳимоялашимиз шарт?

    Емирилиб бораётган Осмон ёки озон қатламини нега ҳимоялашимиз шарт?

    Озон қатламининг емирилиб бориши дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг долзарб экологик муаммолардан биридир. Юзага келган мазкур экологик вазиятнинг атроф муҳитга ҳамда инсониятга салбий таъсири катта.

    ✔ 33    🕔 16:05, 16.09.2021
  • Озон –  ягона  ҳимоячимиз

    Озон – ягона ҳимоячимиз

    Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси, Давлат Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзгидромет маркази ҳамкорлигида «Озон – ягона ҳимоячимиз» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

    ✔ 32    🕔 16:04, 16.09.2021
  • Бир чивин учун минг доллар  ёхуд жарималар бизга ёрдам берадими?

    Бир чивин учун минг доллар ёхуд жарималар бизга ёрдам берадими?

    Болалигимиздан бизга озода халқ эканимиз айтилади, китобларимизда сув сепилган боғу кўчалар, саранжом ҳовлилар кўрсатилади. Эртакларда одобли қизчалар, болалар албатта покиза, ҳаммаёқни чинни-чироқ қилиб ўтирадиган қилиб тасвирланади. Хуллас, ёшлигимиздан тозаликни севувчи халқ эканлигимиз қулоғимизга қуйилади.

    ✔ 43    🕔 10:03, 10.09.2021
  • Ҳалокатлар  ўз қўлимиз  билан барпо  этилмаслиги керак  Экотизимга бугунги муносабатимиз  қандай бўлиши зарур?

    Ҳалокатлар ўз қўлимиз билан барпо этилмаслиги керак Экотизимга бугунги муносабатимиз қандай бўлиши зарур?

    Бугун шиддат билан глобаллашиб бораётган бир даврда яшамоқдамиз. Бундай вазиятда дунёнинг бир бурчагидаги қайсидир мамлакатда содир бўлган экологик инқироз бошқа давлатларнинг халқаро муносабатлари, саноати, иқтисодиёти, туризми, демографияси, миграцияси каби турли жабҳаларига бирдай таъсир ўтказиши мумкин. Бундай ҳолатда мамлакат ҳам ички, ҳам ташқи жиҳатдан инқирозга юз тутади.

    ✔ 35    🕔 09:51, 10.09.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар