Туризм      Бош саҳифа

ОҚДАРБАНДЛИКЛАР АЖДОДЛАРИ АСЛИДА КИМ БЎЛГАН?

Сохталашширилган тарихни асл ҳолида талқин этиш вақти етган     

ОҚДАРБАНДЛИКЛАР АЖДОДЛАРИ АСЛИДА КИМ БЎЛГАН?

Қўшкўпир туманининг Оқдарбанд қишлоғида форс миллатига мансуб кишилар истиқомат қилади. Бу ерга форсларнинг келиб ўрнашишининг ўз тарихи бор, албатта. Бу ҳақда Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ва Баёнийлар ҳам ўзининг тарихий асарларида батафсил ёзиб ўтган.

Манбаларда қайд этилишича, 1825 йилга келиб Хива хони Оллақулихон даврида Эрон-Хива муносабатларида чигалликлар пайдо бўлади. Ўзаро уруш даврида Хива хонлиги тахти вориси Раҳимқулихоннинг ўлдирилиши оқибатида ислом дини қоидаларига асосан тўланиши жоиз бўлган дия, яъни хун ҳақи учун оқдарбандликлар Хоразмга кўчириб олиб келинган экан.

Бироқ оқдарбандликлар табиатан мард, жасур, чавандоз ва мерган халқ бўлгани боис Хива ҳукмдори улардан чегарачилар сифатида фойдаланган. Халқ таълими фахрийси, ижодкор-ўқитувчи Худойберган Матназаровнинг Шарифбой Қурёзов билан ҳаммуаллифликдаги «Оқдарбанд тарихи китобида келтирилган «Оғажон Муҳаммад ўғлининг ҳикояси» бобида форслар воҳага Эрон шоҳи томонидан Хива хонига ёрдам сифатида жўнатилгани баён қилинган. Унда ёзилишича, Хивага ташриф буюрган Эрон шоҳи Хоразмнинг чекка ҳудудларига ҳар тарафдан тез-тез босқинлар уюштирилиб туришини эшитади. Оқибатда қўшни мамлакатга бу муаммони ҳал қилишда ёрдам беришини айтади. Сўнгра юртига қайтиб кетгач, энг сара, жасур йигитларни Хивага навкарликка жўнатган экан.

Бу ҳикояда мантиқ бор. Чунки Эроннинг савдо карвонлари Хоразм салтанати орқали Мовароуннаҳр, Олтой ўлкалари, Хитой ва Россияга ўтар эди. Бу йўлларнинг тинч-осойишта бўлиши форслар шоҳи учун ҳам сув билан ҳаводек зарур бўлган. Шу боисдан ҳам бу иш Хива атрофидаги саҳроларда макон тутган қароқчилар томонидан келтириб чиқарилган тартибсизликни бартараф этиш – улар учун ҳам фойдали тадбир бўлган. Пировардида қароқчилар томонидан савдо карвонлари таланиши камайган.

Огаҳий ўзининг «Риёз уд-давла» асарида форсларнинг Хоразмга келиб ўрнашиш тарихи ҳақида ёзар экан, қуйидаги фикрларни билдиради: «...Оқдарбанд қалъаси эса икки тарафдан баланд тоғ қоялари билан тўсилиб, гўзаллик ва мустаҳкамликда Искандар деворига тенг келадиган девор билан ўралиб турган. Ана шу қалъада ватан тутиб ўтирган қизил бошли (шиа мазҳабига мансуб форслар, таъкид Э.Б.ники) давлату савлатда, ҳарбий ишларда ва жангу жадалликда тенги йўқ машҳур эдилар. Душман келадиган бўлса, уларнинг йўлини тўсиш ва қайтариш билан машғул бўлганлар...» Собиқ совет иттифоқи даврида тарихий ҳақиқат бузиб кўрсатилиши оқибатида оқдарбандликларнинг Хоразмга кўчиши ҳам бошқача талқин этилган. Айрим шўро даври тарихчилари форслар Хивага қул қилиб олиб келинган деган фикрларни билдирган. Бу, мутлақо янглиш фикр эканини Огаҳий, Баёний асарлари Худойназар Матризаевнинг «Оқдарбанд тарихи» китобидаги далиллар ҳам исботлаб турибди. Қолаверса, Хива хонлиги даврида ҳукмдорнинг энг яқин маслаҳатчи ва «маҳрам» – тан соқчилари оқдарбандликлардан бўлгани шўро тарихчилари фикрини чиппакка чиқаради. ХIХ аср охирлари, ХХ аср бошларида салтанатни бошқарган Муҳаммад Раҳимхон Соний – Ферузнинг Муҳаммадмурод девонбеги, Ашир маҳрам, Мутриб Хонахаробий, Давлатмурод Ғуломий, Аҳмад Табибий каби мулозимлари ҳам форс миллатига мансуб бўлгани – уларнинг тенг ҳуқуқли фуқаролар қаторида яшаганидан дарак беради. Бироқ совет иттифоқи даврида оқдарбандликлар долғали синовларни бошдан кечирганлар. Қўшкўпир туманидаги 28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Худойназар Матназаровнинг айтишича, 1937-1938 йилларида қишлоқдан юздан ортиқ киши Сталин сиёсати жабрини тортган. Уларга «Нима учун ҳеч ким тушунмайдиган тилда сўзлашасан?», «Эрон билан қандай яширин алоқаларинг бор?» каби тутуруқсиз саволларни бериб, қийнаб қатағон қилинганини кекса отахонлар кўз ёш билан эслашади. – 1938-39 йилларда қишлоғимизда яшовчи юзлаб қирчиллама йигитлар олис ўлкаларга, асосан, Россиянинг Сибирь томонларига сургун қилинган. Афсуски, уларнинг ярмидан кўпроғига она юртига қайтиб келиш насиб қилмаган. Менинг отам Матназар бува ҳам ўқимишли, уламо инсон бўлгани учун қатағонга учраб сургун жабрини тортган. У кишининг аянчли қисмати ҳақидаги гурунгларини кўзларимда ёш билан эслаб юраман, – дейди кекса ўқитувчи Х.Матназаров. – Қатағон йилларида Хоразмда НКВД ходимлари кимнингки уйида араб алифбосида кўчирилган шеърий девонми ёки диний асарми сақланаётган бўлса, бунинг фарқига бориб ўтирмасдан қўлини боғлаб олиб кетиб, турли жазоларга маҳкум қилаверган, – деб ҳикоя қилади фидойи ўқитувчи Назира Қаландарова. – Бир йил ичида Оқдарбанд қишлоғидан юзлаб одамнинг қатағонга учраганининг ўзи собиқ иттифоқ даврида бизнинг тақдиримиз осон кечмаганини англатади. Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши натижасида қишлоқдан қатағонлик чекинган. Бироқ юзлаб йигитлар урушда халқлар тинчлиги учун мардона курашганлар. 28 нафар миллатдошимиз урушда қурбон бўлган. Совет даврида биз ўз она тилимизни унутиш даражасигача бордик. Форсий тилда сўзлашган миллатдошларимизни «халқ душмани» деб қамашган, сургун қилишган. Энг ачинарлиси, ўша тузум даврида паспортимизга форс миллатига мансублигимиз ёзилишига қаршилик қилинарди. Ҳозир эса, Аллоҳга шукрки, бу иш ўзимизнинг ихтиёримизда!

Қишлоқ аҳли юзларида истиқлолдан мамнунлик акс этиб туради. Назира опанинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгач, Оқдарбанд форслари ҳам барча миллатлар қатори ўзларининг миллий урф-одатлари, диний маросимлари ва минг йиллик анъаналарини қайта тиклаганлар. Қишлоқда Назира Қаландарова ва Худойберган Матназаровларнинг ташаббуси ва бошчилигида «Жуфтқарсак» бадиий ҳаваскорлик жамоаси ташкил қилинган. Бу жамоа форсча халқ ўйинлари ва қўшиқларини ёшларга ўргатиш, миллий урф-одатларнинг театрлаштирилган лавҳаларда томошабинларга кўрсатиш билан машғул. Вилоятимизда кенг равишда нишонланадиган Наврўз ва Мустақиллик байрам ва бошқа тадбирда «Жуфтқарсак» аъзолари ўзларининг дилтортар рақс ва лапарлари билан иштирок этиб келмоқдалар. – Қишлоғимизни туризм маршрутига киритиш ҳаракатида юрибмиз. Бунинг учун бир пайтлари 28-умумтаълим мактабида ташкил қилинган оқдарбандликлар тарихини акс эттирувчи музейни аҳолида бинода шакллантиришимиз зарур. Бу борада мутасаддилар ва ҳомийларнинг амалий ёрдами жуда муҳим. Қолаверса, қишлоғимизда ислом оламида таниқли шахслар дафн қилинган зиёратгоҳлар мавжуд. Бир сўз билан айтганда бизнинг қишлоқ зиёрат туризми учун жуда мос, – дея гурунгни давом эттиради Худойназар Матназаров.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деб қайд этилган. Асосий Қонун мезонлари жамиятимизда кенг тадбиқ этилаётганини Хоразмнинг олис бир қишлоғида форсларнинг барча миллатлар қатори тинч-тотув яшаб келаётганидан ҳам англаш мумкин.

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Бугунги Навоий вилояти:  Саноатдан — замонавий технологияларгача

Бугунги Навоий вилояти: Саноатдан — замонавий технологияларгача

🕔10:38, 28.12.2020 ✔2094

Бепоён Қизилқум бағрида жойлашган, буюк мутафаккир номини олган Навоий – Ўзбекистоннинг нисбатан ёш ҳудудларидан. Бир вақтлар асосан саноат ишлаб чиқаришига ихтисослашган ушбу вилоят бугун Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнининг муҳим бўғинига айланган.

Батафсил
ЧОТҚОЛ ТОҒ ТИЗМАСИГА НЕГА САЙЁҲЛАР КЕЛМАЙДИ?

ЧОТҚОЛ ТОҒ ТИЗМАСИГА НЕГА САЙЁҲЛАР КЕЛМАЙДИ?

🕔15:06, 11.12.2020 ✔2358

3100 метр баландликдаги минглаб қоятош расмлари қанчалик ўрганилмоқда?

Батафсил
ТЕШИКТОШНИНГ КЎПЧИЛИККА  НОМАЪЛУМ СИНОАТИ

ТЕШИКТОШНИНГ КЎПЧИЛИККА НОМАЪЛУМ СИНОАТИ

🕔15:05, 11.12.2020 ✔2394

Эл-улус орасида «Нобакор, ёлғончи ва ноҳалол кишилар бу тош орасидан ўта олмайди», деган қараш қанчалик ҳақиқат?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар