Туризм      Бош саҳифа

Бугунги Навоий вилояти: Саноатдан — замонавий технологияларгача

Бепоён Қизилқум бағрида жойлашган, буюк мутафаккир номини олган Навоий – Ўзбекистоннинг нисбатан ёш ҳудудларидан. Бир вақтлар асосан саноат ишлаб чиқаришига ихтисослашган ушбу вилоят бугун Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнининг муҳим бўғинига айланган.

Бугунги Навоий вилояти:  Саноатдан — замонавий технологияларгача

Хизмат кўрсатиш ва туризм, кичик бизнес соҳалари изчиллик билан ривожланмоқда. Ишга тушаётган янги корхоналар, ишлаб чиқариш объектлари, энг муҳими, вилоят аҳолисини рози қилиш йўлидаги ишлар намуна қилиб кўрсатишга арзигулик.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, унинг Навоий вилоят бўлими ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятда ташкил этилган «Журналист ва ҳаёт» деб номланган пресс-тур давомида бунга амин бўлдик, вилоят ҳаётидаги ўзгаришларни бевосита кузатдик. Пресс-тур иштирокчилари, республика марказий матбуот нашрлари бош муҳаррирлари ва журналистлари вакилларидан иборат ижодий гуруҳ Навоий вилоятида, Қизилқум кенгликларида амалга оширилаётган, миллий мустақиллик имкониятларидан қувват олаётган бунёдкорликлар билан бевосита танишди.  Дастлабки манзилимиз Навоий шаҳридаги «Baхt-Textile» масъулияти чекланган жамияти бўлди. Мазкур корхона 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда вилоятдаги пахтачилик бўйича йирик кластер субъекти ҳисобланади. 1300 нафардан зиёд ишчи-ходим фаолият олиб бораётган корхонада Швейцария давлатидан илғор етакчи енгил саноат дастгоҳлари ишлаб чиқарувчи «RIETER» компаниясидан ип-йигирув дастгоҳлари ўрнатилган бўлиб, 2019 йилда жамиятнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 27 минг тоннага етказилди. Корхона Навоий вилоятида етиштирилаётган пахта толасининг 70 фоизини қайта ишлаб, ярим тайёр ҳамда тайёр маҳсулот кўринишига олиб келмоқда.

Бу ерда асо сан ёшлар ва хотин-қизлар иш билан таъминланган. Пресс-тур иштирокчилари ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш билан бирга, корхона ишчи-ходимлари билан яратилган шароитлар ҳақида суҳбатлашишди.

Бу ердаги шарт-шароитлардан ташқари ишчиларнинг ижтимоий ҳимояси, маоши ҳақидаги саволлар барча журналистлар учун қизиқ эди. Бизни иш жараёни билан таништирган механик йигит ишчиларнинг ойлигини 1 млн. сўмдан 2 ярим миллионгача эканлигини айтиб ўтди. Исмини айтишни хоҳламаган шовқинли ва дим шароитда ишлаётган аёлнинг 950 минг маош олиши, «ойлигимиз кўтарилса қани эди» деган нолиши эмас, истиҳола билан айтилган таклифи аранг эшитилди. – Бизнингча, саккиз соатлик ҳаддан ортиқ иссиқ ва шовқинли шароитда ишлайдиган ишчиларга ҳатто 2 миллион ҳам камдек. Очиғи, замонавий технологиялар, станокни компьютерда бошқараётган ишчилар – барча-барчаси бугунги Ўзбекистон имижига мос, кўрган кўзни қувнатади. Аҳолининг иш билан таъминланганлиги, шукр қилаётгани ҳам бор гап, фақатгина битта лекини — янги Ўзбекистоннинг янги имижига эски стандартдаги озгина маош — бир миллонга етар-етмас ойлик тўғри келмайди, – дейди пресс-турда иштирок этган «Xabar.uz» журналисти Барно Султонова.

Ҳазрат Алишер Навоий номи билан аталувчи заминда билимдон авлодни тарбиялашга жиддий эътибор берилмаса мантиққа ҳам, мақсадга ҳам мос келмайди. Вилоят халқ таълими тизимида 365 та умумтаълим мактаби бўлиб, уларнинг 12 таси давлат ихтисослаштирилган мактаблари, 5 таси давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ва 3 таси махсус мактаб-интернатлардир. 2019-2020 ўқув йилида навоийлик 13 044 нафар 11-синф битирувчиларидан 125 нафари олтин ва 25 нафари кумуш медаллар билан умумтаълим мактабларини тугаллади. Уларнинг 3 881 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Халқ таълими вазирлиги эълон қилган натижалар бўйича Давлат тест маркази таҳлиллари асосида олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичларига кўра Навоий вилояти республикада иккинчи, Навоий шаҳри эса биринчи ўринни эгаллаган.

Мана шундай юқори кўрсаткичларга ҳамоҳанг равишда яқинда Навоий шаҳрида Навоий-Қоракўл ихтисослаштирилган мактаби ўз фаолиятини бошлади. Мактаб математика, физика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган бўлиб, 360 ўринга мўлжалланган. Таълим муассасаси 2,8 миллиард сўмга мукаммал таъмирланиб 1,7 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий моддий-техника базаси билан тўлиқ жиҳозланди. Жорий ўқув йили аввалида иш бошлаган мактаб-интернатига ўқувчилар саралаб олинди. – Бу мактабда ўқувчиларнинг ўзлаштиролмаслиги уят ҳисобланади. Ҳамма бир-биридан қолиб кетмаслик учун ҳаракат қилади, – дейди мактаб интернат директори Нурилла Яҳёев. – Ҳар бир ўқувчининг ўзлаштириш кўрсаткичи мониторинг қилиниб, индивидуал ишланади. Кўп йиллик тажрибамизга асосланиб шуни бемалол айтишим мумкинки, бу услуб албатта ўз самарасини беради.

Қоракўл мактабига ўқитувчилар танлаб олинишининг ўзи бир ютуқ. Танлаб олинган ўқитувчиларнинг орасида сараланган ўқитувчининг бўлиши эса хазина. Зафар Жумаев Грецияда фан олимпиадасида бронза медални қўлга киритган эди бир пайтлар. Айни пайтда Зафаржон сабоқ беришини истайдиганларнинг кўплиги боис унинг дарс соатлари ҳам бошқаларникидан кўпроқ. Ва меҳнатига яраша ҳақ олади. Айтиб ўтиш керакки, бу мактабда ўқувчилар ўқитувчисининг дарсидан қониқмаса, бемалол бошқа устозни танлай олиш ҳуқуқига ҳам эгалар. – Таълим жараёни билан танишар эканмиз, вилоятда таълим соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар бизни қувонтирди, – дейди таниқли шоира Зулфия Мўминова. – Энг муҳими, олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бу албатта, Алишер Навоий бобомиз номи билан аталувчи вилоятда залворли номга муносиб авлодлар тарбияланаётганидан дарак беради.

Пресс-тур иштирокчилари Навоий шаҳрида қад ростлаб, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилган Марказий Осиёда ягона ҳисобланган мегакўприкни ҳам кўздан кечиришди.

Шу куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Навоий шаҳридаги «Тинчлик плаза» меҳмонхонасида медиатур доирасида «Замонавий профессионал журналистикани ривожлантириш: муаммо ва ечимлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. – Етук журналистларни тайёрлаш, уларнинг билим ва маҳоратини ошириш учун кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозим, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов. – Бунда албатта «Устоз-шогирд» анъанасини ривожлантириш, соҳа учун кадрлар етказиб берувчи олий ўқув юртларида таълим олаётган йигит-қизларни амалиётга кўпроқ жалб этиш, ёш журналистларимизни муносиб рағбатлантириб бориш муҳимдир.

Тадбирда бир гуруҳ навоийлик фаол журналистларга Ўзбекистон журна листлари ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Медиатурнинг иккинчи кунида иштирокчилар дастлаб Ғозғон шаҳрига ташриф буюрди. Улар ҳудуддаги энг йирик корхона — «Мармаробод» кластер корхонасининг фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва жараёнларини кўздан кечирди.

Президентимиз ташаббуси билан фаолиятини бошлаган мазкур кластернинг умумий қиймати 52 миллион доллар бўлиб, 14 та лойиҳа амалиётга тадбиқ этилади. Натижада конлардаги ишчилар билан бирга 850 та янги иш ўринлари яратилади.

Ўтган қисқа давр ичида корхона ҳудудидаги майдони 11 минг кв.м. бўлган асосий бино ва яна 10 та кичик лойиҳа бинолари қурилиши якунланди. Банкнинг 4 миллион долларлик имтиёзли маблағлари ҳисобига Хитой давлатидан замонавий ускуналар келтирилди. Шунингдек, Хитойдан 4 нафар малакали инженер-мутахассислар жалб қилиниб, улар томонидан янги ускуналар монтаж қилинди ҳамда маҳаллий ёшлар ускуналарда ишлашга ўргатилди.

Корхона раҳбари Маҳмуд Шарофатовнинг таъкидлашича, йилига 70 минг куб тош қазиб олиш ва 1,2 миллион метр квадрат тошни қайта ишлаш қувватига эга корхона томонидан янги ускуналарда замонавий усулларда Пашшот, Парғат карьерларидан гранит тошларни қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда корхонада 400 нафар маҳаллий ёшлар уч сменада иш олиб бормоқда. – Ғозғон ҳудудидан қазиб олинаётган мармар тошлар шуҳрати бутун дунёга машҳур, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, журналист Норқобил Жалил. – Ғозғон мармаридан пойтахтимиздаги қатор метро бекатларини безатишда, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз шаҳарларидаги бино ва мақбараларда, шунингдек, Ҳиндистондаги Тожмаҳал ансамблида, Москвадаги бир қанча музейлар, Вьетнамдаги Хо Ши Мин мавзолейида фойдаланилганлигини яхши биламиз. Бугун эса айнан ўша машҳур тошларга сайқал бериш жараёнлари билан танишдик.

Навоий вилоятининг бугунги ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни бир мақолага сиғдириш қийин. Пресс-турдан олинган таассуротлар навбатдаги мақолалар учун кўп мавзу бўлади ҳали.




Ўхшаш мақолалар

Бугунги Навоий вилояти:  Саноатдан — замонавий технологияларгача

Бугунги Навоий вилояти: Саноатдан — замонавий технологияларгача

🕔10:38, 28.12.2020 ✔2094

Бепоён Қизилқум бағрида жойлашган, буюк мутафаккир номини олган Навоий – Ўзбекистоннинг нисбатан ёш ҳудудларидан. Бир вақтлар асосан саноат ишлаб чиқаришига ихтисослашган ушбу вилоят бугун Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнининг муҳим бўғинига айланган.

Батафсил
ЧОТҚОЛ ТОҒ ТИЗМАСИГА НЕГА САЙЁҲЛАР КЕЛМАЙДИ?

ЧОТҚОЛ ТОҒ ТИЗМАСИГА НЕГА САЙЁҲЛАР КЕЛМАЙДИ?

🕔15:06, 11.12.2020 ✔2358

3100 метр баландликдаги минглаб қоятош расмлари қанчалик ўрганилмоқда?

Батафсил
ТЕШИКТОШНИНГ КЎПЧИЛИККА  НОМАЪЛУМ СИНОАТИ

ТЕШИКТОШНИНГ КЎПЧИЛИККА НОМАЪЛУМ СИНОАТИ

🕔15:05, 11.12.2020 ✔2394

Эл-улус орасида «Нобакор, ёлғончи ва ноҳалол кишилар бу тош орасидан ўта олмайди», деган қараш қанчалик ҳақиқат?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар