Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«Боринг, яхшиси ёлғонингизни ёзинг...»

Ёзувчи Исмоил ОЛЛОБЕРГАН билан суҳбат

«Боринг, яхшиси ёлғонингизни ёзинг...»

– Исмоил ака, айтингчи, сўз санъати билан шуғулланиш қаламкаш учун касбми ёхуд хобби?

 – Аслида сўз санъати билан шуғулланиш касб ҳам, эрмак ҳам эмас, бу – ҳунар. Чунки бирор касб билан ҳамма шуғулланиши мумкин. Лекин бирор ҳунар билан, айтайлик, заргарлик, кандакорлик ёки наққошлик билан ҳамма ҳам шуғулланавермайди. Бадиий ижодни назарда тутадиган бўлсак, кишида Худо берган истеъдод бўлиши керак. Аммо ёзувчи ва шоир бўлиш учун биргина истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Максим Горький «Талантнинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнатдир», деган. Демак, инсонга талант ато этилган бўлсаю у меҳнатдан қочса, бадиий асар ярата олмайди. Лекин бир фоиз эмас, юз фоиз меҳнат қилса ҳам унда талант бўлмаса, бари бефойда.

Мен бадиий ижодни эҳтиёж маҳсули деган бўлардим. Абдулла Орипов «Ижод – эҳтиёж фарзанди» деган иборани бекорга ишлатмаган. Қалбда ненидир айтиш эҳтиёжи кишини қўлга қалам олишга мажбур қилади. Ижодкор қачонки қалбидаги туйғулар худди қозонда пишаётган сут каби тўлиб-тошгандагина қўлига қалам олиши керак. Мен хобби деган сўзни эрмак маъносида тушунаман. Хоббини кишининг асосий ишидан ташқари қизиқиб шуғулланадиган соҳаси деб аташ ҳам мумкин. Шундай маънода олиб қарайдиган бўлсак, бадиий ижодни хобби ёки хоббим дейиш унинг таъсир кучини камайтиради. Бу худди бўш вақтларимда шеърлар ёзиб тураман, дейишга ўхшаш ноўрин таъриф бўлади.

Шу ўринда таниқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг Миртемирга берган таърифини эслаш кифоя. Абдулла Қаҳҳор «Миртемирнинг қўлидан шоирликдан бошқа иш келмайди», деб баҳо берган экан. Бу таъриф Миртемирни камситиш эмас, аслида уни улуғлаш маъносида берилган. Шоирнинг қўлидан фақат шоирлик келиши керак. У ҳар мақомга йўрғалайверса, шоирлиги бир пулга қиммат бўлиши мумкин.

Баъзилар фақат ижоднинг бир йўналишида қалам тебратади. Сиз эса ҳам шеърият, ҳам насрда баракали ижод қиляпсиз. Бунинг машаққатларидан чўчимайсизми?

– Менинг ҳар иккала турга ҳам ихлосим ва ҳурматим баланд. Шеърият билан прозани бир-биридан устун ёки кам кўрмайман. Дастлаб ижодимни шеърлар ёзиш билан бошлаган бўлсам, кейинчалик насрий асарлар ҳам ёза бошладим. Ҳар иккала турда баравар ижод қилиб келаётирман. Рус ёзувчиси И.Тургенев «Ҳаёт ҳазил эмас, лаззат ҳам, ҳатто эрмак ҳам. Ҳаёт машаққатли меҳнатдир» деган. Тўғри, ҳаёт фақат ўйин-кулгидан, ҳазилдан иборат эмас. Шундай бўлса-да, мен ҳар иккала турдаги ижодимга ҳажвиётни хамиртуруш қилиб келяпман. Ҳаётда ҳам, ижодда ҳам юморни яхши кўраман. Ёзганларимнинг асосий қисмини юмористик асарлар ташкил этади.

Бугунги адабий муҳит сизни қониқтирадими?

– Чин маънодаги ижодий муҳит бор деб айта олмайман. Чунки, хоразмчасига айтганда, «Ҳар ким ўзича кураниб» юрибди. Ёзувчи ва шоирларнинг аксарияти, қўполроқ қилиб айтганда «Ўзинг учун ўл, етим» қабилида иш тутяпти. Ҳар ким ўз кўмачига кул тортмоқда. Назаримда, бу соҳада шогирддан кўра устоз кўпроқдай. Катта шоир ва ёзувчиларнинг этагини тутиб, уларнинг маҳоратини ўрганаётган ёшлар кам. Ҳамма бир думалаб, ўзича катта ижодкорга айланмоқда. Кечагина қўлига қалам олган қаламкашлар аллақачон ўнлаб китобларини эълон қилдилар. Ҳамма ўзини шеъриятга урмоқда. Чунки назм насрга қараганда осонроқ. Икки қатор қофияланган ибора ҳам, таажжубки, шеър деб аталади. Мен бу ўринда фард жанрини назарда тутмоқдаман. Энг ачинарлиси шундаки, айрим ёш ижодкорлар ҳатто қофия ҳақида етарли тушунчага эга эмас.

Улар мисраларда такрорланувчи келишик ёки эгалик қўшимчаларини қофия деб тушунадилар. Натижа «бордим, кўрдим, айтдим» каби сўзларни, «баҳорда, йўлда, юқорида, қалбимда» сингари сўзларни ўзларича қофиядош деб биладилар ва осонгина шеърлар ёзадилар. Аксарият ёшларнинг шеърлари бадиийликдан йироқ. Баёнчиликдан иборат. Океанда сузиб юрган муз тоғи – айсбергнинг учдан икки қисми сув остида бўлар экан. Менимча шеърдаги асосий маъно ҳам ана шундай кўринмас бўлиши керак. Уни англаб етиш эса, зукко шеърхоннинг зеҳнига боғлиқ. Шеърда, умуман, бадиий асарда айтилмоқчи бўлган гап очиқ-ойдин кўзга кўринмай туриши керак. Қўзиқорин тупроқни сал кўтариб, кўзга ташланмай тургани каби шеърда ёки ҳикояда айтилмоқчи бўлган фикр сал яширинганроқ бўлмоғи керак. Яъни баёнчиликдан қочиш даркор.

Мавзудан сал четлашдик, чоғи. Келинг, яна адабий муҳитга қайтайлик. Вилоятларда, унда-бунда қаламкашлар тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Бундай тўгараклар мактабларда ҳам бор. Лекин негадир самараси кўринмаяпти. Ҳеч бўлмаса, тўгарак қатнашчиларининг жамоа тўпламлари кўзга ташланмаяпти. Бу тўгарак машғулотларига номдор шоир ва ёзувчилар таклиф қилинмаяпти.

Ёш ижодкорлар воҳамиздаги катта ёшдаги шоир ва ёзувчиларнинг асарлари билан яхши таниш эмас. Ҳатто уларнинг номларини тўлиқ билмаслиги ачинарли ҳолдир. Ижоди ҳаминқадар бўлган қаламкашларнинг айрим тўгаракларга раҳбарлик қилаётгани ақлга сиғмайди. Китоб тақдимотлари ўтказиб ёки воҳа ижодкорларининг асарларини матбуот ва телевидение орқали тарғиб қилиш унчалик талабга жавоб бермайди. «Шеър ёзаётган» қизларимизнинг аксарияти Зулфия номидаги Давлат мукофотини олиш илинжида қалам тебратмоқда.

Тўғри, орзуга айб йўқ. Лекин бу борада туя ҳаммомни орзу қилибди, қабилида иш тутмаслик керак.

Албатта, инсон бирор соҳага шундайликча ўзи кириб келмайди. Унга кимдир сабаб бўлади, туртки беради. Сизнинг адабиётга кириб келишингиз қандай кечган? Устозингиз ким?

– Бунинг ўзига хос тарихи бор. Мактабда ўқиётган пайтларимизда, айниқса, қуйи синфларда албатта «Гулхан» ёки «Ғунча» журналига обуна бўлар эдик. Бу журналларда кўпроқ ўқувчилар ижодидан намуналар берилар эди. Мен ҳам шуларга ҳавас қилиб, 5-, 6-синфлардан бошлаб «Гулхан» журналига «шеър»лар юбора бошладим . Аммо улардан бирорт аси журналда эълон қилинмади. Лекин менга «Гулхан» деб қизил бўёқда ёзилган кўк конвертда жавоб хатлари кела бошлади. Бу хатларнинг ўзи ҳам менга тасалли ва мадад берарди. Негаки, бундай махсус, одатдан ташқари кўринишдаги хатжилдда фақат менгагина хатлар келарди. Бу хатларда менинг шеърларимдаги камчиликлар кўрсатилиб, тегишли йўл-йўриқлар бериларди. Шу хатлар менинг кўнглимни кўтариб, ижодга рағбат уйғотарди (Излаганга толе ёр, деган гап тўғри экан. Вақти келиб, қарангки, менинг шеърларим «Гулхан» ва «Ғунча» журналларида икки – уч бор саҳифа қилиб ёритилди). Хуллас, мен шеър ёзишдан, уларни таҳририятларга юборишдан чарчамадим. Ниҳоят, 8-синфда ўқиётганимда Хонқа туманидаги «Шонли меҳнат» газетасида бирданига иккита шеърим – «Ўқитувчимга» ва «Дўстлик» сарлавҳали шеърларим эълон қилинди. Бундан руҳланиб, янада кўпроқ ёза бошладим.

Инсон камолотида яхши инсонларнинг таъсири ва мадади катта бўлар экан. 10-синфда ўқиётганимизда мактабимизга қўшни қишлоқдан бир муаллим келди ва бизларни тил-адабиёт фанидан ўқита бошлади. Унинг исм-шарифи Сафарбой Матёқубов эди. Бу муаллим қадди-басти келишган, нутқи равон, адабиёт бўйича билими ва дунёқараши кенг инсон экан. У бизга машғулотлар ўтиш чоғида ҳатто дарсликда йўқ маълумотларни берарди. Шеърларни худди театр актёрларидай ўзига хос бир оҳангда ўқирди. Кўп шеърларни ёддан биларди. Унинг биз ўқувчилар билан сизлаб гаплашиши унга бўлган ҳурматимизни юз чандон оширган эди. Чунки, ўша даврда айрим «педагог»лар «Ўқувчилар билан сал қўполроқ муомала қилиш керак. Ўқувчилар муаллимдан қўрқиб туриши керак», деган кайфиятда эди-да.

Хуллас, бир куни адабиёт муаллимимиз Сафарбой акага шеърларимни кўрсатишга журъат қилдим . У машқларимни олиб кетди. Орадан салкам бир ойлар ўтгач, туман газетасида менга оқ йўл тилабди ва бир туркум шеърларим босилиб чиқди. Устозимнинг бу эътиборидан бошим осмонга етди. Этикдўз ёки сартарошнинг, заргарнинг устози бир киши бўлиши мумкин. Лекин бадиий ижодда кўп инсонлардан ўрганасиз, уларга эргашасиз. Таниқли хонанда Комилжон Отаниёзов «Мендан олдин саҳнага ким тор кўтариб чиққан бўлса, улар менинг устозимдир», деган эди. Шу маънода айтадиган бўлсам мен Оллаберган Пўлатовни, Эркин Самандар, Ошиқ Эркин, Қурбон Муҳаммадризо каби таниқли ижодкорларни устозларим қаторига қўшган бўлар эдим. Ижодимда Абдулла Ориповнинг таъсири катта бўлган. Унинг «Руҳим» деб номланган китоби мени бошқача оламларга олиб кирган. Шу китобни қайта-қайта ўқиш асносида шеърнинг нима эканлигини англаб етганман.

Насрдаги изланишларимда эса менга машҳур турк ёзувчиси Азиз Несин, чех ҳажвчиси Бранислав Нушич, рус ҳажвчиси Михаил Жванецкий, ўзбек адибларидан Саид Аҳмад, Носир Фозилов, Саъдулла Сиёев, Неъмат Аминов, Нурали Қобул, Ўткир Ҳошимовлар ғойибона устозлар ҳисобланади. Қизиғи шундаки, мен ижод оламига шеърлар ёзиш билан кириб келган бўлсам-да, биринчи китобим — «Хатобойнинг саргузаштлари» прозаик асар эди.

Мен устозларим олдида қарздорман. Қарз албатта узилса, гўзал. Шу маънода мен устозларим олдидаги қарзларимни ёш ижодкорларга қўлдан келганча ёрдам бериб, уларнинг шеърларини таҳрир қилиб, китобларининг чиқишига кўмаклашиб аста-секин баҳоли қудрат узяпман, деб ўйлайман.

Қаламкашнинг шаклланишида адабий муҳитнинг аҳамияти нечоғли муҳим деб ҳисоблайсиз?

– Уруғнинг униши учун оптимал шароит қанчалик аҳамият касб этса, адабий муҳит ҳам ижодкорнинг шаклланишида шунчалик таъсирга эга. Адабий муҳит ижодкорнинг қалбига чўғ ташлайди. Олға ундайди. Адабиётнинг талабини англашга ёрдам беради.

Ёш қаламкашларга маслаҳат ва тавсияларингиз.

– Карвон кўп бўлгани билан ҳар кимнинг ризқи бўлак, деган гап бор. Адабиёт олами кенг. Унда ҳаммага ўрин топилади. Кимки астойдил интилса, ижод машаққатларидан чўчимаса, бу муқаддас майдондан муносиб жой олиши мумкин.

Мен умид билан қўлига қалам олган ёшларимизнинг барисига оқ йўл тилаб, уларни сабру бардошли бўлишга, ижод заҳматларидан чўчимасликка чақирган бўлардим. Ёшлар аввало шеър нима эканини яхши англаб етсинлар, шеър қандай бўлиши кераклигини ҳис қилсинлар, дейман.

Бир учрашувда шеърхонлар Ғафур Ғуломдан «Ғафур ака, шеърни қандай ёзасиз?» деб сўрашганларида у «Шеър ёзишдан олдин қўлимни атир совун билан яхшилаб юваман», деб ҳазиломуз жавоб берган экан. Аслида бу ҳазилнинг тагида жон бор. Ижодкор бирон нарса ёзишдан олдин нафақат қўлини, қалбини ҳам поклаб олиши керак. Чунки ижод – илоҳий жараён.

Мен шу ўринда бир ривоятни келтириб ўтишни лозим топдим. Ривоят шуки, шоҳ бир куни барча шоирларни саройга тўплабди. У шоирларни ёлғончиликда айблаб: «Нега сизлар рост гапни ёзмайсизлар? Ҳеч замонда ҳам ёрнинг киприги найза бўлиб, юракни тешадими? Ёки ҳижрон азоби бағирни кабоб қиладими? Ошиқ оҳининг тутуни оламга ўт қўядими?» дебди. Ва уларга «Бугундан бошлаб қайси шоир ёлғон гапларни ёзса, боши дорда, мулки талонда бўлади. Мен сизлардан ҳақиқий, бўладиган гаплар ёзилган шеърларни кутаман!» деб топшириқ берибди.

Аммо орадан икки-уч ой ўтса ҳамки шеърдан дарак бўлмабди. Ниҳоят, шоирларнинг бири шоҳ ҳузурига янги ёзган шеърини келтириб ўқиб берибди. Бу шеър «Тонг отса, қуёш чиқади. Кечқурун одамлар ухлаб ётади. Кўзни юмсанг, кундуз куни ҳам қоронғи бўлади», деган оддий гаплардан иборат экан. Шоҳ уни тинглаб, «Бу нарсанг шеър бўлмабди. Боринглар, яхшиси ўша ёлғонингизни ёзаверинглар», деган экан.

Демоқчиманки, бўрттириш ва топилмаларсиз шеър шеърга ўхшамайди. Шунинг учун ҳам Фузулий ҳазратлари «Гўзалларда вафо бор, деса ишонма, шоир сўзи ёлғондир», дейди. Шоирнинг вазифаси ўзининг ширин ёлғонига шеърхонни ишонтира билишдир. Бунинг номини маҳорат дейдилар.

Мен ёш қаламкашларга камтарликни касб қилиб олишларини тилаган бўлардим.

Эрпўлат БАХТ суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

«Боринг, яхшиси ёлғонингизни ёзинг...»

«Боринг, яхшиси ёлғонингизни ёзинг...»

🕔17:31, 12.04.2021 ✔519

Ёзувчи Исмоил ОЛЛОБЕРГАН билан суҳбат

Батафсил
«Дунёни қизғанма мендан, азизим!..»

«Дунёни қизғанма мендан, азизим!..»

🕔13:22, 24.03.2021 ✔821

Машҳур ҳофиз, улуғ санъаткор, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳақида публицистик қўшиқ

Батафсил
«АЛПОМИШ»НИ ТИНГЛАБ КЕЧАЛАР...

«АЛПОМИШ»НИ ТИНГЛАБ КЕЧАЛАР...

🕔20:30, 21.02.2021 ✔1339

Достон эшитган боланинг тафаккурида қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар