Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Бойнинг кўзи — хонда, йўқнинг кўзи — нонда

Камбағалликка қарши кураш олиб борамиз... Қандай?

Бойнинг кўзи — хонда, йўқнинг кўзи — нонда

Камбағаллик юртимизда кўп йиллар «ёпиқ мавзу» бўлиб келди. 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирилди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Шунингдек, айнан тадбиркорликни ривожлантириш ва касбга тайёрлаш орқали камбағалликни камайтириш бўйича алоҳида йиғилиш ўтказилди, ушбу йўналиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилиши эълон қилинди.

Камбағал ким?

Камбағал ким? У қандай ҳаёт кечиради? Бой ёки камбағалликнинг ўлчами, шамойили, тамойили нималарда кўринади? Унга қарши қандай курашилади?

Дунёда камбағалликнинг ўлчами, индекси ўрнатилган. Жаҳон банки вақт - вақти билан қашшоқликнинг халқаро даражасини эълон қилади. Чунки пул, ҳатто доллар йиллар мобайнида қадрсизланади. 2008 йилдан бошлаб қашшоқликнинг глобал даражаси 1,25 АҚШ доллари эди, яъни кунига шундан кам пул топадиган инсон қашшоқ ҳисобланарди. 2015 йил октябридан бу даража 1,9 АҚШ доллари этиб белгиланди. Бугунги кунда кунига 2,5 АҚШ доллари пулга куни қолган киши қашшоқдир.

Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда ер юзида 700-800 миллион қашшоқ бор.

Қашшоқликнинг глобал даражаси нимадан келиб чиқиб ҳисобланган?

Кунига 2,5 АҚШ долларидан кам пул топа оладиган инсон, қоида тариқасида, ўзининг овқатга, кийимга ва турар-жойга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди. Қашшоқлик даражасида бўлиш учун фақат ўзи ўзини боқадиган одам ҳам ойига 75 АҚШ долларидан зиёд пул топиши керак. Оилани олсак-чи, айтайлик, оилада она – уй бекаси бўлса, учта вояга етмаган (маош олмайдиган) фарзанд бўлса, оила боқувчиси 375 АҚШ долларига тенг маош олса, бу оила қашшоқдир. Бу – дунёнинг ўлчами. АҚШ ўзи учун қашшоқлик даражасини кунига 4 доллар этиб белгилаган. Дунёдаги тараққиёт соҳасида шерикликнинг Бутунжаҳон ассоциацияси 2019 йил 13 декабрида 2020 йилда қашшоқликка қарши кураш учун 82 миллиард АҚШ доллари ажратишга азм қилди. Қашшоқлик дунёвий муаммодир.

Бир тийиндан бераётган халқ

Хўш, агар оила боқувчиси ўртача 375 АҚШ долларидан зиёд маош олса, оила қашшоқлик чегарасидан зиёд бўлса, яъни камида уч-уч ярим миллион сўм маош олиши лозим бўлса, Ўзбекистонда қанча қашшоқ бўлиши мумкин?!

Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси эълон қилган расмий маълумотга кўра, ишлайдиган аҳолининг деярли ярми (43,6 %) маоши ўтган йили 1 миллион сўмдан ошмаган, яъни 100 доллар ат рофида бўлган. Яна чорак қисм ҳамюртимиз маоши ойига 2 миллион сўм атрофида бўлган. Демак, камида 75 фоиз аҳоли халқаро мезонларга кўра қашшоқ ҳисобланиши мумкин. Фақат чет элдан ишлаб келганларнинг маблағи (мамл акатга йилига 7-9 миллиард АҚШ долл ари киради), томорқалардан, ишдан ташқари бажариладиган қўшимча ишлардан тушумлар қашшоқлик даражасини бироз енгиллаштиради, холос. Фақат 4,3 фоиз аҳолининг даромади ойига – 5 миллион ёки ундан зиёд бўлган. Умуман бизда одамдай яшаётганлар 1-2 фоиз (уч миллион киши) бўлса керак, уларнинг даромади қолган 98 фоиз (ўттиз миллион) одамникига тенг.

Статистика муассасалари берадиган «ўртача ҳисобда» ҳаммаси чидаса бўладиган тарзда кўриниши мумкин. Бунинг сабаби оддий: дейлик, бир киши гўшт ейди, бошқа оила гуруч ейди, учинчи оила яшил карамнинг ўзини еб ўтирибди. «Ўртача олганда» – ҳамма гўшту гуручли, карам баргига ўралган оромижон дўлма «еб» ўтирган бўлади. Эҳтимол йигирматача шаҳар бойларию ҳокимининг даромадини уч миллионли шаҳар аҳолисига бўлиб чиқса, «ўртача даромад» статистикаси чиройли чиқар.

Умуман жаҳонда бойлар ва камбағаллар ўртасида тафовут ошиб бормоқда. Жаҳондаги 26 нафар бой инсоннинг даромади дунё аҳолиси ярмининг даромадидан ортиқдир. Ўтган йил мобайнида дунёдаги бойлар янада бойидилар ва қашшоқлар ундан-да қашшоқлашдилар. Ҳатто Хитойда коронавирус билан кураш асносида 14 та янги миллиардер пайдо бўлди. Биргина 2018 йилнинг ўзида бойларнинг даромади 900 миллиард АҚШ долларига ошди, яъни ҳар куни 2,5 миллиард долларга кўпайди. Худди шу вақт мобайнида жаҳон аҳолисининг қашшоқ қисми 11 фоизга қашшоқлашди.

Солиқлар-чи? Солиқни асосан оддий одамлар тўлайдилар. Бойлар солиқдан қочишнинг йўлини яхши билади. Дунёда солиққа тўланган ҳар бир долларнинг фақат 4 центигина бойлардан тушган солиқдир.

Афсуски, ҳукуматлар бойларнинг фирма ва корпорацияларига, монополистларга солиқ имтиёзлари беради, халқнинг маҳсулотлари ва хизмат турларига, нон, туз, ёғ, шакар ва бошқа маҳсулотлар нархига таъсир кўрсатадиган электр, газ, бензин каби энергия ташувчиларга эса солиқни оширади, чунки халқнинг сони кўп. Ўзбек халқ мақолида айтилгани каби, «Бир тийиндан берса, тўйдиради…» Аммо мақолнинг давоми ҳам бор: «…бир муштдан урса, ўлдиради».

Албатта, халққа ёқиш учун бюджетнинг ижтимоийлиги мақталади, «кам таъминланган оилалар»га турли дастурлар эълон қилинади, «ҳолвайтар» ваъда қилинади. Афсуски ўша «ҳолвайтар»ни ҳам халққа етиб келгунча, йўлда бойлар «ялаб» қўяди. Молиявий дастурларга тушган одамлар манс абдор кўзида ҳисобот катакчалари ичидаги «матн қаторлари» ва «рақамлар»га айланади, одамлик қимматини йўқотади.

Қашшоқларни кўриш учун кўчага чиқиб, назар солиш кифоя. Ҳашаматли «гипермаркет» кассасининг қаршисида буханка нон тутиб, тийин-тийинларини санаётган кампирларга бир боқинг, кўчада тиланчилик қилаётган чолларга, «машинангизни ювиб, артиб берайми» деб ялинаётган болаларга қаранг. Дил оғриғи бўлган муаммо ва бу масала чорак аср давомида ҳеч кимнинг «эсига келмади».

Қашшоқликнинг сабаби қаерда?

Қашшоқликнинг сиёсий (маъмурий-буйруқбозлик тизимининг сақланганлиги), иқтисодий (монополистик ва олигархик иқтисод, ишсизлик, маошнинг озлиги, жамғармаларнинг йўқлиги), ҳуқуқий (кичик бизнес ва аҳолининг ҳуқуқий ҳимояси заифлиги), маъмурий (давлат тизимининг самарасизлиги), ижтимоий (ижтимоий алоқалар ривожининг сустлиги, табақаланиш, шахснинг ижтимоийлашмаганлиги), маданий (камбағал учун садақадан бошқа эътибор камлиги, илм-фан, китобга қизиқмаслик) ва шахсий (беморлик, дангасалик, боқимандалик, шахснинг паст маънавияти ва руҳий парокандалиги) сабаблари бор.

Афсуски, ҳокимият ҳамиша шахсий сабабларни биринчи ўринга қўйиб келарди, яъни халқни «боқиманда»ликда, «дангаса»ликда айблашни хуш кўрарди. Уларга кредит берса, дастгоҳ берса, ишлаб, бойиб кетади, деб ўйларди. Маъмурий-буйруқбозлик тизимини ислоҳ қилишни истамасди. Натижада, банк кредит бериш учун «откат» (пора) сўрарди, солиқчи ва прокурор ҳаракатга тушган «дангаса»нинг бизнесидан «доля» (улуш) талаб этади, талайвериб, хонавайрон қиларди. Яъни янги ислоҳотларнинг комплекс амалга ошишигина кўп муаммолар қатори қашшоқликни енгиш учун имкон бериши мумкин, бошқа йўл йўқ.

Мамлакатдаги оммавий қашшоқликнинг асосий ижтимоий-сиёсий сабабларидан энг биринчиси деб коррупцияни тилга оламиз. Коррупция – яширин иқтисодни кучайтиради, бюджет тушумини камайтиради, давлат кучини сусайтиради, монополистларга имтиёзлар бериб, рақобатни йўқ қилади, самарали бозор иқтисодини пароканда этади, оқил ва омилкор мулкдорлар синфини йўқ қилади, жамиятни маънан тубанлаштиради, сармоядорларни қўрқитади ва ниҳоят, қашшоқларни баттар қашшоқлаштиради ва кўпайтиради.

Камбағалликнинг яна бир сабаби – иқтисодда ўрта ва кичик бизнеснинг оғир аҳволдалиги, мулкчилик кафолатланмаганлиги, бозор механизмлари ишламаслиги, самарасиз давлат иқтисоди ва олигархик монополияларнинг ҳимоясиз тадбиркорлар ва фермерларга босимидир.

Давлат ўз асрини яшаб бўлган монопол корхоналарини, компанияларини, дабдабали коррупцион лойиҳаларни субсидиялашда давом этар экан, иқтисод оғирлашаверади, кабағал кўпаяверади. Давлат самарасиз монополларга имтиёз бераверади, аммо бу соҳаларнинг «аҳамияти» пуфлаб шиширилганлигига эътибор қаратмайди.

Шундай қилиб, камбағалликнинг сабаблари сифатида миллий иқтисоднинг глобал жараёнларга монандлашмаганини, монопол иқтисод соҳалари рақобатбардош эмаслигини, ишлаб чиқаришнинг самарасизлиги ва яхши ташкил этилмаганлигини келтириш мумкин.

Дарҳақиқат, Ўзбекистондаги камбағалликнинг асосий сабаби халқнинг менталитети, «дангаса»лиги эмас, асосий сабаблар коррупция, кичик бизнеснинг йўлсизлиги, бозор иқтисодининг тўлақонли жорий этилмаганлиги, асосий «тадбиркор», мулк эгаси ва саноатчи давлат бўлиб қолаётган иқтисоднинг монополлашгани, бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усули сақланиб қолиши, сиёсий, маъмурий ва иқтисодий ислоҳотлар тўлақонли амалга ошмаётганлигидир.

Камбағалликнинг иқтисодий тилсими

Фаровон ва бахтли юрт шуки, бойлиги халқининг қўлидан давлат олгани эмас, халқининг қўлида кўпроқ қолганидир. Афсуски, охирги пайтларда ҳаётий зарур маҳсулотлар ва хизматларнинг нархи ошиб боргани сари одамларнинг қўлида яшашдан ортиқча маблағ қолмаётир. Паспортни ҳадеб янгилаш, янги ҳайдовчилик гувоҳномаси киритиш, йўл қоидалари бузиш жаримасини ошириш, авто ойнасини қорайтиришга пул жорий қилиш, иссиқ сув, совуқ сув, газ ва ҳоказо хизматлар нархини тинимсиз ошириш, бензинга йўл солиғини қўшиш ва ҳоказо минг турли усуллар билан халқнинг қўлида озиқ-овқат пулидан бошқага пул деярли қолмаяпти.

Журналистлар билан мулоқотда Молия вазири «агар бозор иқтисодиёти қурмоқчи бўлсак, унда нархлар эркин бўлиши» кераклигини айтади. Ажабо, мантиқни қаранг: Нарх ошириш зарур бўлса, бозор иқтисоди керак, лекин монополияни тугатинг, ҳалол рақобатга йўл беринг десанг, «ҳали эрта»!

Халқнинг қўлида пул қолмаса, иқтисод тўхтайди.

Энди тасаввур қилинг, дейлик, шу инсонларнинг қўлига пул тушса, улар нима қилади, машина олади – машина заводи ишлайди, сочини сартарошга олдиради – сартарошнинг рўзғори ҳам фаровон бўлади, таксига чиқади – ҳайдовчининг оиласини боқишга ҳисса қўшади, уй қуради – ғишт, цемент, оҳак заводлари ишлайди, усталар, сувоқчилар, тунукачиларга иш топилади, тўй қилади – ресторанлар, ҳофизлар, қандолатчилар ва бошқа юзлаб соҳалар ишлайди. Иқтисодни ишлатадиган истеъмолчи халқдир. Давлатни ҳам шу халқ боқади. Кўряпсизки, одамлар қўлидаги маблағ иқтисодиётни юритади. Агар халқни буткул қашшоқ қилсак, иқтисодимиз ҳам тўхтайди.

Агар камбағаллар ҳам ишга тушсалар, пул топсалар ва қўли уч-тўрт сўм кўрса, бу бозор учун, иқтисод учун янги харидор ва хизматлар истеъмолчиси демакдир. Давлат халқдан юлишга эмас, халқда кўпроқ қолдиришга ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда давлат бойигани билан халқ қашшоқ бўлади, давлатнинг бойлигини коррупционерлар еб қўяди.

Камбағалликка қарши пул билан эмас, ақл ва билим билан курашиш керак. Шунинг учун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев камбағалларга балиқ эмас, қармоқ берамиз, яъни уларни касбга ўргатамиз ва бизнесга тортамиз, деган эди. Энди ҳамма гап сармоянинг йўлда туналмай, камбағалгача етиб боришида ва бизнесни маъмурий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари босимидан қутқара олишдадир.

Коррупция камбағалликни туғдиради, камбағаллик эса маданиятни, маънавиятни еб битиради, жамиятдаги ўзаро ишончни йўқотади. Қашшоқлик тараққиёт кушандасидир.

Дарвоқе...

Умуман олганда, камбағалликка қарши курашнинг икки йўли бор.

Биринчи йўл – давлат умуман иқтисодга бозор иқтисодини жорий этади, тадбиркорликка кенг йўл очади, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилади, монополияга йўл қўймайди, солиқларни қулайлаштиради ва натижада кучли иқтисод даромадларни оширади ва қашшоқлик йўқолади. Аммо, аҳволга боқсак, статистика даромадлар, ялпи ички маҳсулот йилдан-йилга ўсаётганлигидан хабар беради, бу суръат билан аллақачон Америкадан ўтиб кетишимиз керак эди, бироқ бойлар бойиб боргани сари, камбағаллар кўпаймоқда.

Иккинчи йўл – бевосита камбағал оилаларга ёрдам бериш, қашшоқ одамларнинг ҳаёт даражасини ошириш. Бу фақат бойликни, маблағларни қайта тақсимлаш, бойлардан бир қисмини юлиб, камбағалларга беришдир. Бу чорани одамларда боқимандалик кайфиятига олиб келишда, ишсизликни оширишда айблашади. Лекин биздаги қашшоқлик ишсизлик туфайли эмас, ишлаганларнинг ҳам маоши камлигидадир, халқ иш йўқлигидан қашшоқ эмас, ишлаб кам маош олганидан қашшоқдир ва шунинг учун ўзини хориж меҳнат бозорига урмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев: «...биз шу пайтгача акс арият фуқароларимиз ҳақиқатан ҳам камбағал эканини кўриб-кўрмасликка, эшитиб- эшитмаганликка олдик. Бу нотўғри.

Афсуски, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, халқимизнинг 4-5 фоизи камбағал экани аниқланди. Энди яшириш керак эмас... Биздаги маълумотларга кўра, Қашқадарё вилояти камбағаллик муаммоси бўйича энг оғир ҳудуд ҳисобланади. 700 минг аҳоли камбағал. Бу жами аҳолининг қарийб 21 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 500 минг, Сурхондарё вилоятида 500 минг, Наманган вилоятида 400 минг, Жиззах вилоятида 210 минг ва Сирдарё вилоятида 130 минг аҳоли камбағал».

Шундай экан, камбағалликка қарши курашнинг биринчи қадами уни келтириб чиқараётган сабабларга қарши курашиш бўлиши керак. Экспертларнинг фикрича, бунинг учун солиқ солинмайдиган минимумга қайтилиши керак. Бу минимум камида яшаш минимуми даражасида бўлиши шарт. Қонунчилик билан яшаш минимуми белгиланиши керак. Бойларнинг даромади ва мулкларига солиқ каррасига оширилиши лозим. Ўзбекистон дунёдаги энг адолатсиз давлатлардан бири бу борада. Бизнес эгаси фойдадан 5 фоиз (шуни ҳам тўласа агар), ёлланма ишчи эса – 12 фоиз солиқ тўлайди. Монополияни, айниқса давлат ва ҳукумат идоралари бенефициарлигидаги хусусий монополияларни йўқ қилмай туриб камбағалликни камайтириб бўлмайди. Амалдор бизнесменлар фойдасига чиқарилган ҳар солиқ, ҳар бир бож, ҳар бир имтиёз қолганларни ёппасига камбағаллаштиради. Коррупцияга қарши кураш ҳалол, адолатли, қонуний ва ҳамма учун тенг бўлиши керак. Камбағалликка қарши курашга ажратилган пуллар ҳам йўл-йўлакай ўзлаштирилишига йўл қўймаслик муҳимдир. Камбағалликка қарши кураш яна бечора ўрта ва кичик бизнесни талаш усулига айланиб кетмаслиги керак. Солиқ тўлагандан кейин бизнес ҳомийлик қилишга, пакет қилиб беришга, ҳокимлар кўрсатган фирмаларга пул ўтказиб беришга мажбур эмас. Тадбиркор саховатни имкони бўлса ва чин дилдан қилиши мумкин.

Марказий банк маълумотларига кўра аҳоли томонидан олинган кредитлар биринчи навбатда автомашина олишга, кейин маиший техникалар, кейин мебеллар, кейин уй таъмир жиҳозларига ва тиббий даволанишга ишлатилган. Яъни ҳали халқ олган кредитларни ҳам пулдан-пул чиқаришга, иш очишга сарфламаяпти. Мана, муаммонинг илдизи қаерда!

Фақирлик фалсафаси

Ривоят қилишларича, тасаввуф аҳлидан бўлмиш Шақиқ Балхий раҳматуллоҳи алайҳ тижорат мақсадида йўлга отланади ва сафари узоққа чўзилишини ҳисобга олиб, нарсаларини тақводор ва зоҳид дўсти Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ ҳазратларига омонат қолдиради. Лекин кўп ўтмай Шақиқ Балхий сафардан қайтиб келади. Иброҳим ибн Адҳам ҳазратлари:

«Нега бунча эрта қайтдинг?» деб сўраганида Шақиқ Балхий: «Йўлда бироз дам олиш учун четга чиқдим. Қарасам, у ерда бир чалажон, кўзлари кўр қуш ётар эди. Ҳайрон бўлиб ўзимга ўзим: «Бу қуш юра олмаса, кўра олмаса, бундай жойда қандай қилиб жон сақлаяпти экан?» – дедим. Кўп ўтмай бир қуш унга таом кўтариб келди ва бу ҳаракатини кун бўйи бир неча маротаба такрорлади. Кейин ўзимга ўзим дедим: «Шундай жойда бу қушни ризқлантириб қўйган Зот менга ҳам ризқ беради», – дедим-да ортга қайтдим». Шунда Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ бундай дедилар: «Эй, Шақиқ, нега бировларнинг қўлига қараб қолган қушнинг йўлини тутдинг? Нима учун ўзига ҳам, бошқаларга ҳам нафи тегадиган қушнинг йўлини танламадинг? Берувчи қўл олувчи қўлдан яхши эканини билмайсанми?» Шунда Шақиқ ўрнидан туриб ҳазратнинг қўлларидан ўпди ва «Эй Абу Исҳоқ, сиз бизнинг ҳақиқий устозимизсиз» деди ва яна сафарга отланди.

Шунинг учун бандадан – ҳаракат, Яратгандан – баракот. «Аллоҳ сизга ерни қароргоҳ, осмонни том қилган ва сизларнинг суратларингизни гўзал суратда қилган, сизларга пок нарсалардан ризқ берган Зотдир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, оламларнинг Робби Аллоҳ барокотли (юксак) бўлди».

Албатта, фалсафий-маънавий кесимда бойлик – қаноат, қашшоқлик – очкўзлик. Борига, еганига, кийганига ва масканига қаноат қилган киши маънан бойдир, саройлари бўлса-да, яна талаб қилаётган, пора сўраётган, қаллоблик қилаётганлар асли қашшоқ ва очлардир.

Бу жиҳатдан ўн йил қамоқда ўтирган, қамоқдан чиқиб Уругвай Президенти бўлса-да, қишлоқдаги кулбасида яшаган, «дунёдаги энг қашшоқ Президент» номини олган Хосе Маруканинг фикри ўринли: «Қашшоқликни эмас, қаноатни тарғиб қиламан. Ахир, сиз бирор жилвакор буюм сотиб олаётганда, пул тўламаяпсиз – ўша пулни топиш учун кетган вақтингизни, куч-қувватингизни, қалб ҳиссиётларингизни, сарфлаган умрингизни тўлаяпсиз, ҳаётингизни сарфлаб топган пулингизга олаяпсиз. Ҳолбуки, пулга ҳаётни сотиб олиб бўлмайди, ҳаётни қайтариб ҳам бўлмайди... Жуда заруридан ортиқчаси умрингиз кушандасидир».

Алал-оқибат...

Яқинда Фарғонага сафар чоғида Шавкат Мирзиёев: «Менинг энг катта мақсадим – одамларни бой қилиш», деб айтди. Бу эса, қашшоқликни тугатиш, деганидир. Жаҳоннинг 127 давлати бўйича иқтисодий таҳлил ва башоратларни қилиб келадиган Focus Economics гуруҳи Ўзбекистонни дунёнинг энг қашшоқ ўн давлати қаторига қўйган. Қашшоқ ўнталикдан ўрин олган давлатларнинг аксари Суб Саҳара Африкаси давлатларидир. Улардаги муштарак жиҳат – яккаҳоким бошқарув, заиф молиявий институтлар ва коррупция хориж сармояларининг мамлакатга кириб келишига қаршилик қилади.

Ҳозирда Ўзбекистон эски бошқарувининг меросидан фориғ бўлиш учун ислоҳотлар олиб бормоқда. Бу ислоҳотларнинг комплекс ўтказилиши ва сиёсий, иқтисодий, маъмурий, ижтимоий-маънавий соҳаларни қамраб олиши бошқа муаммолар қатори қашшоқликка ҳам барҳам беради, деган умид бор.

Карим БАҲРИЕВ,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши аъзоси




Ўхшаш мақолалар

БИЗ УЧРАГАН ҒАЛАБА

БИЗ УЧРАГАН ҒАЛАБА

🕔14:08, 10.05.2021 ✔53

Инсон ғалабага эришади. Мағлубиятга эса учрайди. Яъни, гап бўлаги сифатида мазкур икки эгага нисбатан одатда ана шу икки кесим ишлатилади.

Батафсил
«ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

«ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

🕔23:52, 01.05.2021 ✔304

Маълумотларга кўра, битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф-муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

Батафсил
ИНДИГО БОЛАЛАРИ

ИНДИГО БОЛАЛАРИ

🕔23:46, 01.05.2021 ✔309

Курраи Заминда ва қалбимизда осойишталик ўрнатиш учун юборилган куч

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • БИЗ УЧРАГАН ҒАЛАБА

    БИЗ УЧРАГАН ҒАЛАБА

    Инсон ғалабага эришади. Мағлубиятга эса учрайди. Яъни, гап бўлаги сифатида мазкур икки эгага нисбатан одатда ана шу икки кесим ишлатилади.

    ✔ 53    🕔 14:08, 10.05.2021
  • «ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

    «ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

    Маълумотларга кўра, битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф-муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

    ✔ 304    🕔 23:52, 01.05.2021
  • ИНДИГО БОЛАЛАРИ

    ИНДИГО БОЛАЛАРИ

    Курраи Заминда ва қалбимизда осойишталик ўрнатиш учун юборилган куч

    ✔ 309    🕔 23:46, 01.05.2021
  • Шахсга йўналтирилган таълим

    Шахсга йўналтирилган таълим

    ўқитувчини ҳам, ўқувчини ҳам фикрлашга ва изланишга ундайди

    ✔ 305    🕔 23:41, 01.05.2021
  • «ЮВИШ» НИ ҚАЧОН БАС ҚИЛАМИЗ?

    «ЮВИШ» НИ ҚАЧОН БАС ҚИЛАМИЗ?

    ёхуд мустамлакачилар олиб кирган машъум сиёсат

    Мақолани ёзиш учун узоқ ўйландим. Қўлимга тушган маълумотларни қайта-қайта ўқидим. Махтумқули айтганидек, дунё ясаниб, ўзини кўз-кўз қилиб, қалбимга соя ташлайверди, ташлайверди.

    ✔ 502    🕔 17:36, 23.04.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар