Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ХУДОНИНГ ДАРГОҲИ ЎЙИНМИ?!

Мана, иккинчи йилдирки, юртдошларимиз пандемия сабабли муборак Ҳаж ва Умра зиёратларига бора олмаяпти. Аслида бу синовлар ҳам беҳикмат эмас.

ХУДОНИНГ ДАРГОҲИ ЎЙИНМИ?!

Ушбу кунлар бизга муборак сафар онларини сидқидилдан соғиниб яшаш, унга маънан ва руҳан тайёр бўлиш имкони учун ажратилган илоҳий бир имтиёз бўлса, ажаб эмас...

Ҳар гал Ҳаж сафаридан келганларни кўриб, қалбимга илиқлик югуради. Ич-ичимдан бизни ҳам шундай улуғ даргоҳга, қутлуғ кунларга етказгин, дея ният қиламан. Муборак жойдан келган инсонларга ҳавас билан қараб, уларнинг суҳбатини олгим, ҳайрат ва таассуротларини эшитгим келади...

Небахтки, бизнинг оиламизга ҳам бу муборак онлар насиб этди. Қайнотам ва қайнонам улуғ Ҳаж сафарига йўл олишди...

АНГЛАШ...

Ўша қутлуғ кун ҳали ҳам ёдимдан чиқмайди. Ҳаж сафаридан қайтган қайнотам билан қайнонам биринчи бўлиб бизникига кириб келишди. Бутун қариндошлар жам бўлдик. Ҳамманинг кўзида ўзгача ҳаяжон. Қайнотам узоқ дуо қилдилар ва овозлари титраб: «Мендан рози бўлинглар. Мен ҳаммангиздан розиман! Ўзига минг бора шукрона келтириб айтаманки, сизларни яна кўриб турибман», деб йиғлаб юбордилар.

Орага ажиб бир сукунат чўкди...

Ота-онасидан эрта айрилиб, етимликнинг оғир дардини ҳис этиб ўсган, қанчадан-қанча синовларга тик туриб бера олган, орияти баланд, мағрур бу инсонни ушбу хонадонга келин бўлиб тушганимдан бери ҳали бирор марта кўзларида ёш билан кўрмаган эдим. Эгилган бош, силкиниб-силкиниб тушаётган елка, кичрайиб қолган жуссани кузатар эканман, кўз ўнгимда ўзликнинг тубсиз моҳиятига синггаётган, Ҳақни яна-да теранроқ англаётган Инсон намоён бўлди...

Бир неча кун келган меҳмонларни кузатганимиздан сўнг улар билан суҳбатлашиб, сафар таассуротларини билгим келди. Қайнонамнинг айтаётган айрим гапларини эшитиб ҳайратга тушсам, айримларига ҳайрон қолдим: – Сафар биз учун ҳаёт дарси бўлди. Бир-биридан зиёли, иймони бутун инсонлар билан танишдик, суҳбатларидан баҳра олдик. Кутилмаган, ҳатто бу ҳақида ўйлаш ҳам мушкул бўлган воқеаларни – Ҳаж зиёратида бўлиб туриб ҳам ўғрилик қилишлари мумкинлигини кўрдик. Кўзи яхши кўрмайдиган, ёши улуғ онаси билан борган айрим фарзандлар: «Биз ҳам буюрилган амалларни бажаришимиз керак-ку», деб волидасини эътиборсиз қолдирганига, шўрлик онахоннинг ўксиниб йиғлаганига чидолмаган етти ёт бегона одамлар уни қўлидан етаклаб фарз амалларини бажарганига ҳам гувоҳ бўлдик. Айниқса, айрим аёлларнинг фақат кийим-кечак харид қилиш билан овора бўлгани мени жудаям ажаблантирди. Ростини айтсам, бундай одамларнинг улуғ сафарга нима мақсадда чиқишганини тушуна олмадим-у, аммо Худонинг қутлуғ даргоҳини ўйин деб билаётганидан ранжидим...

Бу гапларни эшитиб ўйга толасан киши. Дарҳақиқат, биз ўтаётган ҳар бир кунимизни ўйинга айлантириб юбордик. Бир вақтлар Ҳаж сафарида иссиқдан толиқиб, бир қултум сувга маҳтал бўлган аёлга ёнидагилар: «Идишимизни очсак, кейин қопқоғини ёпишга қийналиб қоламиз», деб сув бермагани ҳақида эшитиб, рости бундай гапларга унчалик ишонмаган эдим. Минг афсуски, ўша бир қултум сувга зор бўлган ҳам, баҳона билан сув бермаганлар ҳам бизнинг юртдошларимиз эди...

Ахир, бу шунчаки сафар эмас, гуноҳу савобларимизни таҳлил қилиб, тазарру учун берилаётган улкан имконият-ку! Тавба қилиш учун бориб ҳам гуноҳ қилинадими?! Аслида қалб кўзларининг очилиши учун бориш, кўришдан кўра Ҳақни юракдан, кўнгилнинг туб-тубидан англаш, ҳис қилиш муҳимроқ эмасми?!

КУЧ БЕРГАН ОВОЗ

Ҳаж сафарига кетишдан олдин рўйхатдагиларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтишар экан. Шу кўрик пайтида шифокорлар қайнотамга: «Юрагингизда ўзгариш бор, даволанишингиз керак», дейишса, «Мен соппа-соғман. Эркак киши у ерим оғриди, бу ерим оғриди деса, уят бўлади», деб ҳеч кимнинг гапига аҳамият бермадилар. Аммо у ерга боргач, ҳаво алмашганиданми ёки иссиқ иқлим таъсириданми беҳуш бўлиб йиқилибдилар. У киши: «Гапираман деса гап кўп-у, лекин мен ўзимни жуда ҳаяжонга солган айрим воқеаларни айтиб бераман», дедилар. – Эрта тонгдан фарз амалларини бажариш учун Арофат тоғи томон йўлга отландик. Ярим йўлга келганда юришга кучим етмай, бир тошнинг устига суяниб ўтирдим. Чарчоқдан кўзим бироз уйқуга илинибди. Нохосдан бир овоз «Тур, ўрнингдан», дея ҳайқирди. Ҳали умрим бино бўлиб бундай маҳобатли, виқорли овозни эшитмаган эдим. Кўзимни очиб қарадим. Атрофимда ҳеч ким йўқ... Буни сўз билан тушунтириб ҳам беролмайман. Бу овоз менга шу қадар куч бердики, танамда илоҳий бир қудратни ҳис эта бошладим. Юравердим, юравердим. Аммо ўша – қулоғим остида янграган овоз чарчашимга, тўхташимга йўл қўймасди...

Негадир оёқларим совуққотиб, ачиша бошлаганини сездим ва хаёлимдан: «оёқ кийимимни ҳам ўзим билан олсам бўлар экан», деган ўйлар ўтди. Шу хаёл билан йигирма қадам юрдимми ёки йўқ, билмайман, қаршимдан – йўл устида яп-янги оёқ кийим турганини кўрдим. Мен ўшанда яратган Эгам ҳаттоки бандасининг кўнглидаги фикрларини ҳам кўриши, ўқишига яна бир бор иймон келтирдим. Шу оёқ кийимни кийиб, ўша куни бажарилиши керак бўлган барча амалларни якунига етказдим. Хонамга қайтиб, дам олай десам, ичимдаги бир овоз менга: «Оёқ кийимни жойига қайтариб қўйишинг керак», деяверди. Бор кучимни тўплаб ортимга қайтим ва ўша олган жойимга оёқ кийимни қўйиб, кўнглим хотиржам бўлди... ...Ўша куни мен ҳаётга яна бир бор қайтгандек бўлдим. Кеч бўлишига қарамай муқаддас Каъбатуллоҳни тавоф қилиш ниятида ҳаракатга тушдик. Етти марта айланиб бўлганимдан сўнг, кўзим олди қоронғулаша бошлади. Бир муддат шовқин-суронни – онангнинг: «Энди болаларимга нима дейман?!» деб йиғламсираган овозини эшитдим. Кейин эса ҳеч нима ёдимда йўқ... Кўзимни очсам, тепамда турган онанг билан сурхондарёлик ҳамюртларимизни кўрдим. Уларнинг айтишларича қирқ беш дақиқа шу аҳволда ётибман. Кўзимни бир юмиб, бир очар эканман, қулоғим остида «Тур, ўрнингдан», деган ўша овоз жаранглагандек бўлаверди... Ўша ердаги шифокорларнинг айтишларича инсультнинг енгилроқ турини ўтказибман... Шундан сўнг дармонсизлик танамни толиқтиргандек бўлаверди. Аммо, ўша овознинг илоҳий кучи ҳали ҳанузгача, ҳам руҳимга, ҳам танамга ҳукмронлик қиляпти... Қайнотамнинг сўзларини эшитар эканман, «О, қанийди шу илоҳий овоз ҳар бир кўнгилда янграса. Ҳар бир уриб турган юрак унинг жарангидан мудроқлиги тарқаб уйғонса. Қанийди, ҳар бир безовталик иймон сари бошласа, ёруғ йўлни кўрсатиб берса. Ҳар бир вужуд ҳақиқий хотиржамлик нима эканлигини ҳис этса», деган ёруғ ўйлар ўтди.

БАНДАСИДАН СЎРАМАНГ...

Ўтган йилдан бошлаб бутун дунёни таҳликага солиб қўйган вирус қанчадан-қанча юртдошларимизнинг ҳаётига, соғлиғига зомин бўлди. Беморларнинг аксарияти катта ёшдагилар бўлгани сабаб, бу вирусни ёши улуғ кишиларга ёмон таъсир қилар экан-да, деган хаёлга ҳам бордик. Аммо бу вирус ёшларни ҳам анча безовта қилиб қўйди. Айни ёз палласи мендан сўнг тўнғич қизим ҳам шу хасталик билан оғриди. Тана ҳарорати 38-39 даражадан тушмай бизни анча қўрқитиб қўйди... Шукрки, орадан икки ҳафта ўтди, аҳволи бироз яхшиланиб, олий ўқув юртига кириш учун имтиҳонларга тайёрлана бошлади. Аммо, бир қарасангиз меъёрда бўлиб турган тана ҳарорати бирдан 37-37,5 даражани кўрсатиб қолади. Кетма-кет топширилган таҳлил натижаларининг жавоби ижобийлигини кўриб, бу ҳолатнинг сабабини тополмай ҳайронмиз. Орадан икки ой ўтса ҳамки, шу аҳвол давом этди. Биз унинг аҳволидан, у эса имтиҳондан хавотирда. Қизимнинг: «Вирусдан кейин хотирам гўёки оппоқ қоғоздек, шунча ўқиб, ўрганганларим ҳавога учиб кетгандек. Ҳаттоки ўқиётганларимни ҳам ёдда сақлаб қололмаяпман», деган сўзлари хавотиримизга хавотир қўшарди. Ўрганиб билдикки, бу вирус вақтинчалик бўлса-да, бош мия тўқималарига ҳам ёмон таъсир қилар экан. Ижтимоий тармоқларда эса: «Тана ҳарорати 37 даражадан баланд бўлган абитуриентлар имтиҳонга киритилмайди», деган хабарлар ўйимизни яна-да кўпайтирди. Имтиҳон куни эрта тонгдан белгиланган манзилга етиб бордик. Ҳали имтиҳон бошланишига икки соат бор. Шу орада қизим ерга қараганича: «Агар ўқишга кира олмасам, мендан хафа бўлмайсизларми?!» деб сўради. Шунда биз: «Натижа қандай бўлишидан қатъи назар биз сени яхши кўрамиз ва доимо ёнингда бўламиз. Муҳими, жонинг соғ-омон бўлсин», дедик хавотиримизни сездирмай.

Имтиҳон бошланиш олдидан Самарқандга – бобо ва бувисидан дуо олиш мақсадида қўнғироқ қилдик. Улар узоооқ дуо қилишди ва гап охирида қайнотам: «Болаларим, бандасидан эмас, фақат яратган Эгамдан сўранг. Биз-ку сизлар учун доимо дуодамиз, аммо ҳаммаси Унинг хоҳишига боғлиқ», деган сўзлари иймонимизга нур қўшгандек бўлди... Масъуллар тартиб билан кираётган абитуриентлар тана ҳароратини ўлчаётганида юрагимиз бир қалқиб тушган бўлса, имтиҳон вақти бошланганидан сўнг қизимизнинг «хотирам гўёки оппоқ қоғоздек», деган сўзлари кўнглимизни тушуниб бўлмас безовталикка тўлдирди. Ота-она бўлиш юки нақадар оғир эканини яна-да теранроқ ҳис қилдик ва жимгина дуода бўлдик. Минг шукр, дуоларимиз ижобати – қизимиз талаба бўлди! Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қайнотам инсультнинг оғир турини бошдан ўтказдилар. Ўзимдан, хаёлимдан нима ўтганини – ўзимгина билдим. Назаримда қайнонамнинг жуссалари хавотирдан бир зумда кичрайиб кетгандек туюлди. Ўша дамда ота меҳри нақадар ноёб туйғу эканини, ўша камёб туйғунинг борлигини ҳис қилдира олган, ғамхўрлик, суянч ва таянч бўлиш нима эканини кўрсата олган, арзимас мақолаларимни ҳам синчиклаб ўқиб чиқиб, таҳлил қиладиган, келинларини ҳам «она қизим» деб ардоқлайдиган Инсон – қайнотамни, «Энди онам йўқ деб ўйламагин. Қўлимдан келганича онангдек бўлишга ҳаракат қиламан», деб кўнглимни кўтаришга уринган, фарзанду набираларига меҳр-оқибат туйғусини англатаётган хилқат – қайнонамни кузатиб кўнглим алланечук бўлиб кетди. Йўқотишлардан қўрқиб қолган кўнглим, бўғзимда қотиб қолган нолам билан сўрадим. Сўраганда ҳам бандасидан эмас, фақат ва фақат Яратган Эгамдан – Худойимдан сўрадим ва ҳалиям сўраяпман. Мен учун, фарзанду набиралари учун юрагимиз эъзозидаги Инсонларни ўзинг асра!

АГАР ИСТАМАСА...

Бир қўшни аёл бўларди. Ҳаёт синовлари сабабми ёки тарбия олган оиласининг т аъсириданми, билмадим, анча феъли оғир, дилозор – кўпчилик ундан безор эди. Шу феъли сабаб жанжал билан турмуш ўртоғини оталикдан маҳрум қилган, ота болаларини кўришга зор, болалар эса онанинг тушунмаслигидан кўнгли ўксиб ўсишди. Энг ёмони, бу қўшнимиз ўзининг бўй етган икки қизи бўла туриб, чиқиндихонада оиласи билан яшайдиган ёш болали аёлга шахсий юмушларини бажартириш учун мажбур қиларди. Агар айтганини қилмаса, маҳалла посбонларига пропискаси йўқлигини билдириб, бу ердан ҳайдатиб юборишини айтиб, пўписа қилаётганига кўп гувоҳ бўлардик. Шўрлик аёл ёш бўлишига қарамай жуда нимжон, буйраги хаста, таассуфки, ўрни келса турмуш ўртоғи ҳам уни бақироқ қўшнидан ҳимоя қилишга чўчирди. Бу нохуш ҳолат маҳалла фаолларининг қулоғига етиб бориб, катта мажлис қилинди ва ғурбатхўр қўшнимиз бироз ўпкасини босиб олди. Аммо, ҳеч қанча вақт ўтмай онасининг асоссиз қийнашларидан чарчаган ёлғиз ўғли ҳомиладор хотини билан бошқа уйга кўчиб ўтиб, ижарада яшай бошлади.

Бундан бир йил аввал шу қўшнимиз Ҳаж сафарига отланди. Негадир бу хабар атрофдагиларни хурсанд қилиш ўрнига ҳайрон қолдирди. Тиббий текширувлардан яхши ўтган бу аёл манзилга етиб борганидан сўнг самолётдан тушиш вақтида юраги хуруж қилибди. Тиббиёт ходимлари аэропортдан тўғри шифохонага олиб кетишибди. Аҳволида ўзгариш бўлавермагач, узоқ муолажа қилишга тўғри келибди. Хуллас, шу қўшнимиз Ҳаж сафарини шифохонада ўтказиб, бир ойдан сўнг ўша ердан тўғри аэропортга олиб келиниб, гуруҳдошлари билан бирга уйига қайтарилибди...

Ҳаётимиз жудаям қисқа ва тасаввур қилиб бўлмас даражада шошқалоқдир. Ҳар бир юракка ўзликни англаш бахти насиб этсин. Мен кимнингдир хаста ҳоли, тақдири ҳақида фикр юритишга ожизман. Лекин қўшнимнинг аҳволини кўриб Тангри ўз даргоҳини зиёрат қилишини хоҳлаган бандасига гарчи у хаста бўлса-да куч бера олишига, агар истамаса, қўлида соғлом деган қоғоз билан йўлга чиққан бандасига-да йўл бермаслигига ишонч ҳосил қилдим. Аслида бу дунё – ҳар бир босаётган қадамимиз остидаги ер – уйимиз, ишхонамиз, кўчаларимиз ва энг муҳими гоҳида меҳримиз, гоҳида озоримизни бераётган ҳар бир кўнгил Худойимнинг даргоҳидир. Шу муқаддас даргоҳни ўйин қилмайлик, азизлар!

Нилуфар ЖАББОРОВА, журналист




Ўхшаш мақолалар

«МАЪРИФИЙ ИСЛОМ БУ БОРАДА ДУНЁГА НАМУНА  БЎЛИШИМИЗГА ИШОНАМАН»

«МАЪРИФИЙ ИСЛОМ БУ БОРАДА ДУНЁГА НАМУНА БЎЛИШИМИЗГА ИШОНАМАН»

🕔14:02, 10.05.2021 ✔62

Диний бағрикенглик ва радикализм: Ўзбекистонда давлат ва диннинг ўзаро ҳамкорлиги қандай кечмоқда?

Батафсил
МОСКВАДАН БЕРЛИНГАЧА ҚОН КЕЧГАН ЖАНГЧИ

МОСКВАДАН БЕРЛИНГАЧА ҚОН КЕЧГАН ЖАНГЧИ

🕔14:01, 10.05.2021 ✔62

Хотира – муқаддас ва азиз туйғу. Хотира уйғонса гўзал дейишади. Ҳақ гап. Ўтганларни эслаш, уларнинг яхши сифатларини ёдга олиш, хақларига дуо қилиш билан хотира гўзалдир.

Батафсил
БИР КУНИМИЗНИНГ ШИРИН ТАШВИШИ

БИР КУНИМИЗНИНГ ШИРИН ТАШВИШИ

🕔13:59, 10.05.2021 ✔104

ВАТАН... У нима ўзи? Яшаётган манзилми? Қариндош-уруғми? Балки дўст у биродарлардир? Мусофирликда умри ўтаётган ватандошлар нима учун «Ватан тупроғи»ни орзу қилади? Бобомиз Бобур Мирзо юртидаги нималарни соғинган ва умуман, хориж сафарлари чоғи «ватан соғинчи»деганда нима назарда тутилади?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «МАЪРИФИЙ ИСЛОМ БУ БОРАДА ДУНЁГА НАМУНА  БЎЛИШИМИЗГА ИШОНАМАН»

    «МАЪРИФИЙ ИСЛОМ БУ БОРАДА ДУНЁГА НАМУНА БЎЛИШИМИЗГА ИШОНАМАН»

    Диний бағрикенглик ва радикализм: Ўзбекистонда давлат ва диннинг ўзаро ҳамкорлиги қандай кечмоқда?

    ✔ 62    🕔 14:02, 10.05.2021
  • МОСКВАДАН БЕРЛИНГАЧА ҚОН КЕЧГАН ЖАНГЧИ

    МОСКВАДАН БЕРЛИНГАЧА ҚОН КЕЧГАН ЖАНГЧИ

    Хотира – муқаддас ва азиз туйғу. Хотира уйғонса гўзал дейишади. Ҳақ гап. Ўтганларни эслаш, уларнинг яхши сифатларини ёдга олиш, хақларига дуо қилиш билан хотира гўзалдир.

    ✔ 62    🕔 14:01, 10.05.2021
  • БИР КУНИМИЗНИНГ ШИРИН ТАШВИШИ

    БИР КУНИМИЗНИНГ ШИРИН ТАШВИШИ

    ВАТАН... У нима ўзи? Яшаётган манзилми? Қариндош-уруғми? Балки дўст у биродарлардир? Мусофирликда умри ўтаётган ватандошлар нима учун «Ватан тупроғи»ни орзу қилади? Бобомиз Бобур Мирзо юртидаги нималарни соғинган ва умуман, хориж сафарлари чоғи «ватан соғинчи»деганда нима назарда тутилади?

    ✔ 104    🕔 13:59, 10.05.2021
  • ҲАҚИҚАТГА ТИК ҚАРАНГ, ЖАНОБ!

    ҲАҚИҚАТГА ТИК ҚАРАНГ, ЖАНОБ!

    «Газетанинг замони ўтяпти».

    Бу – баъзи бўлмағур одамларнинг гапи! Ва баъзи маърифатдан узоқ раҳбарларга ёқаётган гап.

    ✔ 453    🕔 17:38, 23.04.2021
  • ТУРКИЙ КЕНГАШ

    ТУРКИЙ КЕНГАШ

    иқтисодиётимиз учун қандай «бонус»лар тақдим этади?

    Жорий йилнинг 31 март куни Туркистон шаҳри (Қозоғистон)да Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммити бўлиб ўтди.

    ✔ 404    🕔 17:32, 23.04.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар