Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«ЮВИШ» НИ ҚАЧОН БАС ҚИЛАМИЗ?

ёхуд мустамлакачилар олиб кирган машъум сиёсат

Мақолани ёзиш учун узоқ ўйландим. Қўлимга тушган маълумотларни қайта-қайта ўқидим. Махтумқули айтганидек, дунё ясаниб, ўзини кўз-кўз қилиб, қалбимга соя ташлайверди, ташлайверди.

«ЮВИШ» НИ ҚАЧОН БАС ҚИЛАМИЗ?

Ўткинчи дунё дедим. Аммо безакларига, матоҳларига ишқим тушаверди. Дунёга ишқим ортаверди. Танамни боқавердим. Дунёвий орзуларим семираверди. Жалолиддин Румий қулоғимга шивирлагандай бўлди: «Вужудингни кеча-кундуз моддий озиқа билан боқасан. Вужуд сенинг отинг. Дунё — от охури. Отнинг еми эгасининг емиши бўлолмайди». Ўзимга зулм қилаётганимни билсам-да отбоқарликдан қутулолмадим. Балким мулоҳазаларим ҳам отбоқарнинг бир лофидир.

АЛКОГОЛ ВА МУДҲИШ ЖИНОЯТ

2021 йилнинг март ойида Навоий вилоятида содир этилган учта мудҳиш жиноят негизида спиртли ичимлик истеъмоли билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. 16 март. Навбаҳор туманининг Қалқон ота маҳалласида 52 ёшли фуқаро ичкилик таъсирида ошхона пичоғи билан 40 ёшли «шишадоши»ни ўлдирган. 18 март. Зарафшон шаҳрида  яшовчи фуқаро спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда турмуш ўртоғи ва унинг танишларини пичоқлаган. 24 март. Кармана туманида яшовчи фуқаро маст ҳолда қотилликка қўл урган...

От емиш берган эгасини тепади, мана шундай мажруҳ қилади. Бундай емишга қачондан ружу қўйдик? Нега унга бунчалар боғланиб қолганмиз? Тўю маро симларимизнинг «кўрки» деб биламиз. Қийналганда, сиқилганда кўнгил ёзилади, деймиз. Ўзимизни алдаймиз.

ЭСКИ НАҒМА

Жиянимга Аллоҳ тўрт нафар қиздан сўнг ўғил берди. Хурсанд. Сабр қилган қулини Яратган шундай сийлади. Дунёвий ўлчам билан олганда, биров яхшилик қилса, миннатдор бўласан. Раҳмат айтасан. Алқайсан. Дуо қиласан. Бебаҳо гавҳар берган Зотга-чи? Ҳаром қилинган, қайтарилган амални бажариб жавоб берасанми?! Афсус, жияним ҳам шундай қилди. «Ювмасак бўлмайди», деди. Юзлаб меҳмонлар чақириб, ароқ, шароб тортди. «Одатимиз шундай» деб минғирлади. «Аллоҳ нима дейди?» эмас, «одамлар нима дейди?», деган эски нағмани айтди.

ҚУЛИМНИНГ ҚУЛИ

Бир авлиёсифат инсон бадавлат хотамтойга «қулимнинг қулидан нарса олмайман», деди. Сиз-чи, оласизми? Нафсини қул қилган бойми ёки нафсига қул бўлган? Яратганга қулликдан кўра нафсга қуллик лойимизда борми? Билмадим, билолмадим. Спиртли ичимликларга қачондан боғланиб қолганимизни қулга қул бўла бошлаган давримиздан излашда мантиқ бормикан? Ақл нима дейди? Воқелик-чи?.. Яқин мозийдан саволга жавоб излаб кўрайлик.

ҚОДИРИЙНИНГ КИНОЯСИ

Абдулла Қодирий «Муштум» журналининг 1923 йил, 15 март, 3-сонидаги «Нима қаёққа кетадир» сарлавҳали материалида «Бойбаччанинг топқани «Турквино» билан баришнахонларға кетади», деб ёзган. Бу киноя замирида нима бор? Қодирий бобо менга йўл кўрсатгандек бўлди. Милла тнинг оғриқларига, дардларига дармон бўлишни истаган ёзувчи бежиз бундай демаган. Туркистон фарзандлари ёвга тик қарамаслиги учун бошига уришди. Қамчи билан, қилич билан. Бўлмади. Зарарли одатлар билан маънавиятига, қалбига қора тортишди. Иш берди. Кир, қурум аста-секин ўрнаша бошлади. Москвада олий ҳарбий кенгаш томонидан 1924 йилда чоп этилган « Гражданская война» китобининг электрон вариантини ўқиганимда бир муҳим тарихий факт эътиборни тортди. Китобда муаллиф Д.Зуевнинг «Фарғона босмачилиги (1918-1922 йиллар)» номли асарида бу ҳақда келтириб ўтилган. Дмитрий Зуев 1890 йилда туғилган, ҳарбий унвони полковник. 1924-1928 йилларда жосуслик билан шуғулланади. Тошкентда ҳам бироз муддат ишлаган. 1931 йилда хиёнатда айбланиб, отиб ташланади. Тарихчи Нодирбек Хамаев «Ўзбекистонда Совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракат ва ҳарбий матбуот» номли илмий мақоласида Д.Зуевни ҳарбий журналист деб атайди. Муаллиф кимга нисбатан хиёнатда айбланган? Калаванинг учини шу ердан топишга уринсак. Буни тилга олинган китобда унга ажратилган бобни ўқиган киши англайди. Яъни Д.Зуев шўроларнинг Туркистондаги амалдорлари томонидан нотўғри сиёсат юритилгани оқибатида маҳаллий халқнинг норозилиги ортганини ёзади. Очиғи, мустамлака зулмидаги аҳоли манфаатини ўйлаб, шундай қилганига шубҳам бор. Мақсад шўронинг нотўғри сиёсат олиб боргани халқнинг тинка-мадорини қуритганини, норозиликлар келтириб чиқарганини айтиш, бундан тўғри хулоса чиқаришга даъват этиш бўлган, назаримда. Аммо мавзуга алоқадор қисми чор Россияси юритган сиёсатни қоралашга қаратилган жойида. «Фарғонадаги босмачилик (1918-1922 йиллар)» асарининг «Оқ подшо бошқаруви даври» деб номланган 2-боби. Унда йигирм анчи асрнинг бошларида Фарғонада маънавий-ахлоқий муҳит бузила бошлагани тилга олинади.

Китобнинг 24-бетида жумладан шундай ёзилган: «Аҳоли айрим қатламида пулнинг кўплиги ахлоқ бузилишига, хусусан, ёшлар ўртасида ахлоқсизлик урчишига сабаб бўлди. Ичкиликбозлик, фоҳишалик ва қиморнинг авж олиши ахлоқсизликларни келтириб чиқараётган рус бошқарувидан диндорлар ва кексаларда норозиликни кучайтирди. Шуни таъкидлаш жоизки, ёш авлод ўртасида жиноятчилик ва ахлоқсизлик кучайиши оккупантлар томонидан олиб кирилган ичкиликбозлик билан характерланади». Ичкиликбозлик, фоҳишалик ва қимор. Маҳаллий аҳоли маънавиятини бузиш, халқда ислом дини асосида шаклланган қадриятларга дахл қилиш учун муҳим қурол, дегани бу. Буни қарангки, милоддан аввалги VI асрда яшаган Хитой файласуфи ва ҳарбий арбоби Сунь Цзи бир миллатни қарам қилишнинг мумтоз усулини шундай ифодалаган: «Душманларингизнинг анъаналарини қадрсизлантириш ва ўз худоларига ишончини йўқотиш учун қўлдан келган ҳамма нарсани қилинг, маънавий бузилишни авж олдириш учун енгилтабиат аёлларни юбориб туринг». Юмшоқ сиёсатда қўлланиладиган бундай усул мустабидларга ҳам асқотган кўринади. Муаллиф Зуев Фарғона вилояти статистика қўмитаси расмий нашридан шундай иқтибос келтиради: «1909 йилда илк бора қишлоқ жойларида иккита улгуржи савдо қиладиган вино омбори очилди. 1911 йилга келиб эса улар сони 148 тага етди. Ичкиликбозлик маҳаллий аҳоли орасида хавотирли даражадаги тезлик билан ўсиб борди. Шу билан бирга, майфурушлик ҳам шаклланди, ароқни ҳатто кўплаб маҳаллий чойхоналарда сота бошлашди». Икки йил ичида спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган омборлар 74 баробарга ортганига эътибор беринг. Зуевнинг қайд этишича, ичкиликбозлик билан бирга жиноятчилик ҳам ўса борди. Шу ўринда китобнинг 24-саҳифасида вилоят статистика қўмитасининг жиноий жавобгарликка тортилганлар билан боғлиқ жадвали келтирилади. Ундаги рақамларга эътибор қаратинг:

Муаллиф бу рақамларни келтирар экан, 1911 йилда жиноятчилик ҳаддан зиёд ортгани, вилоятда 245 та талончилик, 216 та қотиллик, 300 та ўғрилик содир этилганини ёзади. Ҳукм қилинганларнинг умумий сонига эътибор беринг. 1900 йилда 1940 нафар, 1911 йилда эса 3761 нафар. Салкам икки баробарга ўсган.

САМАРҚАНД, ТОШКЕНТ...

Яна бир манбани кўздан кечирсак. Ҳарҳолда ҳақиқий манзарага ойдинлик киритишда, муаммони қиёсий ўрганишда бу муҳим. Д. Алимова масъул муҳаррирлигида «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти томонидан 2001 йилда чоп этилган «Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари: чоризм ва совет мустамлакачилиги даврида Ўзбекистон миллий бойликларининг ўзлаштирилиши» деб номланган китоб. 148-150 бетларини очамиз. «...Маълумки, илгари ўлкада маҳаллий аҳоли ароқ-вино истеъмол қилмас ва уни тайёрлашга ҳам эҳтиёж йўқ эди. Тошкент босиб олингандан кейин босқинчи қўшинлар ва зобитлар бекорчиликдан зерикишиб, ичкиликка эҳтиёжлари катталигини кўришган рус ишбилармонлари ароқ-вино заводлари қуриш ҳаракатларини бошлаб юбордилар. Масалан, савдогарлар И.Первушин ва А.Хренниковлар 1867 йил 16 мартда Оренбург генерал-губернаторидан Тошкентда ароқ ва вино заводлари очишга рухсат сўраб мурожаат қилишган.

Генерал Черняев қўшинлари билан бирга Тошкентга келган ишбилармон Д.Филатов ҳукуматдан рухсат ҳам сўраб ўтирмасдан спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган қовоқхона очди. Бироқ, у Тошкентда ўзига ўхшаган олғирлар кўпая бошлаганини кўргач, руслар Самарқандни эгаллашганидан фойдаланиб, 1868 йили бу шаҳарга келди ва спиртли ичимликлар билан савдо қилишни бошлаб юборди. 1870 йили у катта майдондаги токзорларни сотиб олиб, ароқ заводи қуришга киришди. Виночилик билан Россиядан келган сармоядорлар шуғулланишган. Самарқанддаги энг йирик виночига айланган Д.Филатовнинг қўл остида бир кунда 10000-15000 челак (1 челак 10 л бўлса, 100 000-150 000 л) вино тайёрланган. Бундан ташқари, Пороховский виночилигида кунига 6 минг челак (демак 60000 л), Толчинов қўл остида эса кунига 4 минг челак (демак 40 000 л) вино тайёрланган. Шу йўсинда ўлкада спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш тобора авж олди. Тошкент шаҳар идора бошқармаси маълумотига кўра, 1868 йили шаҳарда 5 та ароқ заводи ишлаб турган бўлса, 1870 йили олтинчи ароқ заводи ҳам қурилди. Бу заводларда 88 киши ишлаб, улар йилига 2 млн.541 рубллик маҳсулот ишлаб чиқарилган».

Шунингдек, китобда келтирилишича, XIX асрнинг 80-йиллари ўртасида виночиликда биринчи ўринни Самарқанд, кейинги ўринларни Тошкент, Каттақўрғон, Қўқон, Марғилон шаҳарлари эгаллаган. Нега айнан бу шаҳарлар рейтингда юқори. Аҳолининг ўзида ҳам мойиллик бўлганми ёки миллий озодлик ҳаракатини бўғишда, аҳоли ўрт асида ахлоқсизликни ёйишда алкогол восита бўлганми? Аввало, босиб олинган бу ҳудудларда узум ва мевалар мўллиги сабабли чор маъмурлари ва ишбилармонлари мўмай даромад қилишни ҳам ўйлаган. Халқнинг кўз ёшлари билан тўлган денгиздан бойлик тўплашдек ҳирс устунлик қилган. Вино маҳаллий истеъмолдан ташқари, Россия бозорларида ҳам яхши даромад берган. Масалан, 1894 йилда ўлкадан 27000 челак вино (273 000 рубль нархида) олиб кетилган. Бу моддий манфаат. Бироқ сиёсий манфаат билан уйғун олиб борилганини Зуевнинг китобидаги иқтибос ҳам исботлайди. Жиноятчилик ва ахлоқсизликнинг кучайиши аслида режада бўлган. Яъни муст абидлар Туркист онда ижтимоий ҳаёт қонунларини, диний-маънавий негиздан озиқланадиган анъаналар, қадриятларни издан чиқаришда қилич иш бермаслигини яхши билган. Демак, алкогол ижтимоий ва миллий зўравонлик сиёсатида муҳим воситалардан бирига айланган.

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ СТАТИСТИКА

Зуев Туркистонда жиноят ва ахлоқсизлик урчиб кетганини ичкиликбозлик билан боғлайди. Ўзбекистондаги статистикага кўзташладим. 2020 йилнинг 9 ойи давомида республикамизда 4428 та ўғрилик (12,0 %), 2666 та гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар (7,2 %), 867 та безорилик (2,4 %), 695 та қасддан баданга оғир шикаст етказиш (1,9 %), 310 та қасддан одам ўлдириш ва одам ўлдиришга уриниш (0,8 %), 281 та талончилик ва босқинчилик (0,7 %) рўйхатга олинган. Бу статистикада аҳолининг меҳнатга лаёқатли ишламайдиган ва ўқимайдиган қатлами етакчи. Яъни 19,5 фоизни ташкил этган. Энг кўп жиноят мана шу тоифага мансуб. 2019 йилда жами жиноят содир этганлар сони 42487 нафар, 2020 йилда 49246 нафар. Республикада истеъмол моллари ишлаб чиқариш таркибида эса вино, ароқ ва пиво 2019 йилда 2,3 фоиз, 2020 йилда 2,7 фоизга тенг бўлган.  0,4 фоизга ўсган. Талаб бор, таклиф бўлади. Жиноятчилик ортиши ёки камайишида алкоголнинг ўрни бўйича хулоса чиқаришга фактлар етишмади. Мавзуга ҳали қайтамиз. Асосий фожиамиз мустабидлар қонимизга қўшган бу заҳар маиший ҳаётимизга чуқур илдиз отгани, ичкиликбозлик одат, таомилга айланиб қолганида.

 Алижон САФАРОВ




Ўхшаш мақолалар

БИЗ УЧРАГАН ҒАЛАБА

БИЗ УЧРАГАН ҒАЛАБА

🕔14:08, 10.05.2021 ✔107

Инсон ғалабага эришади. Мағлубиятга эса учрайди. Яъни, гап бўлаги сифатида мазкур икки эгага нисбатан одатда ана шу икки кесим ишлатилади.

Батафсил
«ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

«ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

🕔23:52, 01.05.2021 ✔332

Маълумотларга кўра, битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф-муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

Батафсил
ИНДИГО БОЛАЛАРИ

ИНДИГО БОЛАЛАРИ

🕔23:46, 01.05.2021 ✔336

Курраи Заминда ва қалбимизда осойишталик ўрнатиш учун юборилган куч

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • БИЗ УЧРАГАН ҒАЛАБА

    БИЗ УЧРАГАН ҒАЛАБА

    Инсон ғалабага эришади. Мағлубиятга эса учрайди. Яъни, гап бўлаги сифатида мазкур икки эгага нисбатан одатда ана шу икки кесим ишлатилади.

    ✔ 107    🕔 14:08, 10.05.2021
  • «ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

    «ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

    Маълумотларга кўра, битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф-муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

    ✔ 332    🕔 23:52, 01.05.2021
  • ИНДИГО БОЛАЛАРИ

    ИНДИГО БОЛАЛАРИ

    Курраи Заминда ва қалбимизда осойишталик ўрнатиш учун юборилган куч

    ✔ 336    🕔 23:46, 01.05.2021
  • Шахсга йўналтирилган таълим

    Шахсга йўналтирилган таълим

    ўқитувчини ҳам, ўқувчини ҳам фикрлашга ва изланишга ундайди

    ✔ 332    🕔 23:41, 01.05.2021
  • «ЮВИШ» НИ ҚАЧОН БАС ҚИЛАМИЗ?

    «ЮВИШ» НИ ҚАЧОН БАС ҚИЛАМИЗ?

    ёхуд мустамлакачилар олиб кирган машъум сиёсат

    Мақолани ёзиш учун узоқ ўйландим. Қўлимга тушган маълумотларни қайта-қайта ўқидим. Махтумқули айтганидек, дунё ясаниб, ўзини кўз-кўз қилиб, қалбимга соя ташлайверди, ташлайверди.

    ✔ 510    🕔 17:36, 23.04.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар