Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Оёқларга урилган – ПРОПИСКА, бартараф бўлган МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ва бемаъни  «ҚОРА РЎЙХАТЛАР»...

Ёхуд Ўзбекистон бугун ислоҳотларни «инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» тамойилига асосланган ҳолда олиб бормоқдами?

Оёқларга урилган – ПРОПИСКА, бартараф бўлган МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ва бемаъни  «ҚОРА РЎЙХАТЛАР»...

Таҳлиллар бу соҳада олиб борилаётган ишлар тизимли хусусиятга эга эканини кўрсатмоқда. Мамлакат инсон ҳуқуқларини ижтимоий-иқтисодий, фуқаролик-сиёсий жиҳатдан таъминлашда кескин одим ташлади.

Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатда пахта териш кампанияси даврида мажбурий ва болалар меҳнатини бартараф этиш бўйича мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Сир эмас, айнан шу масалалар узоқ йиллар давомида халқаро майдонда Ўзбекистон имижига «тамға» бўлди.

Ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳукумат Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва фаол фуқаролар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйди. Шунингдек, ҳукумат томонидан қишлоқ хўжалигида ҳам чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилди.

Бунда шубҳасиз, мамлакат раҳбариятининг юқори сиёсий иродаси муҳим роль ўйнади. Натижада, 2020 йил якунларига кўра, Халқаро меҳнат ташкилоти ўз ҳисоботида Ўзбекистон томонидан пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш тўхтатилганини эълон қилди.

Ташкилот ўз маълумотларида Ўзбекистон пахта далаларида асосий меҳнат ҳуқуқларига риоя этишда катта муваффақиятларга эришганини эътироф этган. Хусусан, пахта кампаниясига талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларни мунтазам равишда жалб этиш буткул тўхтатилди. Ўзбекистоннинг асосий пахта етиштириладиган ҳудудларида мониторинг ўтказган инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми ўн йил ичида илк маротаба бирорта ҳам мажбурий меҳнат ҳолатини қайд этмади.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги кейинги жиддий ютуқ, бу кўпчиликни ўйлантирган, қийнаб келган «прописка» тизимини тубдан ўзгартириш бўлди. Жамият узоқ йиллар давомида бу тизимга нисбатан фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига тўсиқ, дея қараб келган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эски «прописка» тизимини фуқароларнинг оёқларига урилган кишан, деб таъриф берди ва уни тубдан ўзгартириш чораларини кўрди. Ушбу чора-тадбирларга кўра, рўйхатдан ўтишни билдириш тизимига ўтиш кўзда тутилган. Ушбу чора-тадбирлар, шунингдек, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Зеро, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилган фуқаролар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда бўлмаганликлари учун узоқ йиллар давомида пойтахтдан ўз номларига уй сотиб олиш имкониятидан маҳрум эдилар.

Кўплаб фуқаролар Тошкентдаги ўзларининг кўчмас мулкини пойтахтда доимий рўйхатда турган яқин танишлари номига рўйхатдан ўтказиб, сўнгра ўзлари ўз уйларида ижарачи каби яшашга мажбур эдилар. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, уй-жой сотиб олишда прописка талаби бекор қилинганидан сўнг, ўзбекистонликлар Тошкент шаҳрида қарийб 13 мингта хонадонни сотиб олдилар. Улардан 70 фоизини вилоятлик фуқаролар ташкил қилди.

Ҳукумат, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш учун қатъий чора-тадбирларни қабул қилди. Фақат ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди, бу йил эса 20 мингдан зиёд шахс фуқароликка эга бўлиш имкониятини қўлга киритди.

Ўзбекистон фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ҳам улкан йўлни босиб ўтди. Сир эмас, халқаро ҳамжамият бу масалага узоқ йиллар давомида хавотир билан қараб келаётган эди. Ўзгаришлар дин эркинлигида шахснинг конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратди.

Диний ташкилотларни рўйхатга олиш учун давлат божи миқдори беш баробарга камайтирилди, уларнинг чораклик ҳисоботлари бекор қилинди. Ижро этувчи ҳокимият органи – Адлия вазирлигининг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатлари суд органларига топширилди. «Қора рўйхатлар» деб номланган бемаъни амалиёт бекор қилинди ва диний-экстремистик ташкилотлар билан алоқада бўлганлиги шубҳа остига олинган 20 мингдан ортиқ фуқаро рўйхатдан чиқарилди ва бу каби «рўйхатлар»ни давом эттириш амалиётига чек қўйилди. 2017 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация мамлакатга ташриф буюрди. Парламент унинг дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича берган тавсиялари асосида «Йўл харитаси»ни тасдиқлади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон АҚШнинг диний эркинлик бўйича махсус назорат рўйхатидан чиқарилгани бу соҳадаги ўзгаришларнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Сўз эркинлиги ва ОАВ янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғози бўлди. Илгари мамлакатда тақиқда бўлган хорижий ахборот ресурслари сайтларининг фаолияти қайтадан йўлга қўйилди, мамлакат хорижий журналистлар учун аккредитацияни очди («Америка овози», «BBC», «The Economist» ва ҳоказолар), маҳаллий журналистлар – блогерлар мамлакатнинг ҳақиқий янги қиёфасига айланди. Журналистлар илгари гапириш мумкин бўлмаган мавзуларни очиқдан-очиқ ёрита бошладилар, босма нашрларда тез-тез танқидий ва таҳлилий материаллар чоп этилмоқда.

Президент ўз нутқида бир неча бор оммавий ахборот воситалари вакилларини қўллаб-қувватлашини бот-бот таъкидлаб, уларни оғриқли, долзарб масалаларни ёритишга чақирди. «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти рейтингида Ўзбекистон 2017 йилдан 2020 йилгача матбуот эркинлиги бўйича жаҳон рейтингига мувофиқ амалга оширган ислоҳотлари натижасида ўз ўрнини 13 поғонага кўтарди. Шунингдек, 2017 йилнинг ноябрь ойида илк бор ўн йил мобайнида мамлакатда туриб, тўғридан-тўғри тадқиқотлар ўтказиш имконига эга бўлган «Хюман Райтс Вотч» ўз ҳисоботларида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият яхшилангани, оммавий ахборот воситалари ўзгариш босқичига кирганига алоҳида урғу берган эди. Ҳукумат илгари ҳибсга олинган бир неча нафар таниқли журналистларни озодликка чиқарди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларнинг адолатли ва оммавий суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқларини таъминлашда ҳам салмоқли йўлни босиб ўтди. 2017-2020 йилларда судларда 2 770 кишига нисбатан оқлов ҳукмлари ўқилди. Фақат 2018 йилнинг ўзида далилларнинг етишмаслиги сабаб 1 881 та жиноят иши тўхтатилди.

Тергов давомида асоссиз равишда илгари сурилган жиноят таркибидан 5462 нафар шахсга нисбатан айбловлар чиқариб ташланди, 3 290 нафар фуқаро суд залидан озод қилинди. 2019 йилда 859 киши оқланди, 3 080 киши суд залидан озод қилинди. Таққослаш учун айтиш мумкинки, 2016 йилда бутун суд тизимидаги оқлов ҳукмлари сони фақат 28 тани ташкил этганди. Суд-ҳуқуқ соҳасига инсонийлик тамойилини амалий татбиқ этиш натижасида 2019 йилда 1 853 нафар, жумладан, 210 нафар ёш ва 270 нафар хотин-қиз жазодан озод этилди. Шунингдек, 3 333 нафар шахс, шу жумладан, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этгани учун қамоқ жазоси тайинланган 646 нафар маҳкум ўз оиласига қайтди.

Мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги асосий ютуқлардан бири қийноқлар ва шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган муомала ёки жазони йўқ қилиш бўйича бажарилган тизимли ишлар бўлди. Ноқонуний усуллар натижасида олинган далиллардан фойдаланганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Жиноят кодексининг 235-моддаси ( қийноқ ) БМТнинг Қийноқларга қарши Конвенциясининг 1-моддасига мувофиқлаштирилди. Халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, Ўзбекистон Президенти Қорақалпоғистондаги Жаслиқ колониясини тугатиш тўғрисида фармон имзолади.

2019 йил март ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) «миллий профилактика механизми» вазифасини бажариб келмоқда. Ушбу механизм жазони ижро этиш муассасалари, қамоқ жойлари ва махсус қабулхоналарда қонун билан кафолатланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланишини ўрганиш бўйича мониторингни ташкил қилишни таъминлайди. Шикоятларни, шунингдек, ўз ташаббуси билан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда Омбудсман жазони ижро этиш муассасаларига, ҳибсга олинган жойларга ва махсус қабул қилиш жойларига монеликсиз ташриф буюришга ҳақлидир.

Уларнинг маъмурияти Омбудсманга ҳибсда бўлган шахслар билан тўсиқсиз ва махфий учрашув ва суҳбат учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга мажбур. Мониторинг гуруҳлари таркибига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари киради. Пандемия пайтида шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда, Омбудсман 10 та жазони ижро этиш муассасасига (4 та жазони ижро этиш колонияси ва 6 та манзил колонияси) ташриф буюрди.

Гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ислоҳотлар ҳам яна бир муҳим йўналишга айланди. Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача бўлган даврда гендер тенглигини таъминлаш стратегиясини ишлаб чиқди, махсус процедура жорий этилмоқда, унга кўра, барча янги қонун лойиҳалари гендер нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. 2019 йилда Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича парламент комиссиясининг ташкил этилиши аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам берди. Ўзбекистонда қонунчилик ва давлат сиёсати даражасида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмлари яратилди. «Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларнинг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайланиш учун аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқларнинг таъминланишини ва сиёсий партиялардан депутатликка номзодларни кўрсатиш имкониятини кафолатлайди. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, «ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал қилиш, бошқарув с амарадорлигини оширишда аёлларнинг роли катта».

Масалан, 2019 йилдаги парламент сайловларида гендер квотаси қўлланилди: аёл депутатлар сайланган депутатлар умумий сонининг 32 фоизини ва Сенат аъзоларининг 25 фоизини ташкил этди. Бу БМТнинг белгиланган тавсияларига мос келади. Аёл депутатлар сони бўйича Ўзбекистон парламенти сўнгги беш йил ичида дунёнинг 190 та миллий парламенти орасида 37-ўринга (аввал 128-ўринда эди) кўтарилди. Шунингдек,  аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар тизимли, комплекс даражада амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия 2020 йил 22 июнда қабул қилиниб, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш бўйича узоқ муддатли мақсадли чора-тадбирлар мажмуини белгилаб берган Ўзбекистон тарихидаги илк стратегик ҳужжат бўлди. 2020 йилда унинг асосидаги «йўл харитаси»нинг 78 та пунктидан 32 таси бажарилди. Хусусан, Стратегияда 33 та қонун лойиҳаси, шу жумладан, 20 та янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган бўлиб, улардан 4 та янги қонун қабул қилинган: «Таълим тўғрисида»ги (янги таҳрир), «Одам савдо сига қарши курашиш тўғрисида»ги (янги таҳрир), «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги ва «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги.

Шубҳасиз, эришилган натижалар халқаро даражада муносиб баҳоланмоқда. 2020 йил 13 октябрда Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлиб, уч йиллик муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Ушбу сайловларда Ўзбекистон энг кўп овоз олди – БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси мамлакатга овоз берди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини таъминлаш статистика учун эмас, балки доимий такомиллаштириш ва тўла фидойиликни талаб қиладиган динамик жараёндир. Ушбу мантиққа асосланиб, келажакда бир қатор вазифалар турибди, уларнинг ечими мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга ёрдам беради, дейиш мумкин. Хусусан, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар давомида БМТнинг Қийноқларга Қарши Конвенциясининг Ихтиёрий протоколини ратификация қилиш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, Омбудсманнинг молиявий ва функционал мустақиллигини, шу жумладан, Котибият ва Омбудсманнинг минтақавий вакиллари учун қўшимча ресурслар ажратиш йўли билан мустаҳкамлаш зарур. Гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш масаласини кўриб чиқиш лозим. Сўз эркинлигининг асосларини такомиллаштириш мақсадида оммавий ахборот воситалари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларига эътибор қаратиш ва уларни янада бартараф этишга қаратилган чораларини ишлаб чиқиш керак. Маълумки, яқинда Ўзбекистонда «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги янги Қонун кучга кирди ва яқин келажакда Ўзбекистон Парламенти БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилади. Мамлакат, шунингдек, Болалар омбудсмани тўғрисида қонун қабул қилишни режалаштирмоқда ҳамда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш ниятида.

Юқорида айтиб ўтилган фикрларни умумлаштириб, шуни айтиш мумкинки, санаб ўтилган фактлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро ислоҳотлар йўлидаги муҳим босқичлардан ва халқаро ҳамжамият томонидан ушбу соҳада олиб борилаётган сиёсатнинг тан олинишидан далолат беради. Мамлакат эришилган ютуқларда тўхтамоқчи эмас ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш йўлини давом эттиради. Бунинг учун мамлакат раҳбариятининг юқори сиёсий иродаси борлиги қувонарли, албатта. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзоси деган тарихий мақом Ўзбекистонга тажриба алмашиш ва халқаро ташаббусларини янада самарали тарғиб қилиш учун халқаро платформалардан кенг фойдаланиш имконини беради.

Элдор ТУЛЯКОВ, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори




Ўхшаш мақолалар

Кўнгилни кашф этган ҳақиқат

Кўнгилни кашф этган ҳақиқат

🕔16:52, 11.06.2021 ✔51

Жаҳон бадиий тафаккурининг «катта адабиёт» деб номланишга лойиқ қай бир асари бўлмасин, ўз моҳиятида одам қайдан келди, нима учун яшайди, қаёққа кетади, деган зоҳиран турлича ифодаланадиган, моҳиятан ягона муаммони пинҳон тутади. Асл адабиёт намуналари мана шу улкан муаммо ечими англанган нуқтада кесишади, умумлашади.

Батафсил
ВАҚТ ЎҒРИЛАРИ

ВАҚТ ЎҒРИЛАРИ

🕔16:46, 03.06.2021 ✔53

Вақт инсонга берилган энг катта неъматлардан биридир. Унинг бебаҳолиги ҳақида кўп гапирилади. Лекин уни фойдасиз нарсаларга сарфлаб зое қилиш иллати азалдан мавжуд. Инсоният бошқа неъматлар қатори вақтни ҳам исроф қилишга одатланиб қолган.

Батафсил
ВИРТУАЛ ҚАРАМЛИК

ВИРТУАЛ ҚАРАМЛИК

🕔16:45, 03.06.2021 ✔55

Болани ундан қандай қутқариш мумкин?

Фарзанд ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб вояга етишида ота-онанинг оиладаги амалий ёрдамларига жуда катта эҳтиёж сезади. Ота-онанинг шахсий намуна кўрсатиши энг катта амалий ёрдам ҳисобланади. Чунки бола, асосан, панд-насиҳат эшитиш билан эмас, ўрнак олиш орқали тарбия топади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Кўнгилни кашф этган ҳақиқат

    Кўнгилни кашф этган ҳақиқат

    Жаҳон бадиий тафаккурининг «катта адабиёт» деб номланишга лойиқ қай бир асари бўлмасин, ўз моҳиятида одам қайдан келди, нима учун яшайди, қаёққа кетади, деган зоҳиран турлича ифодаланадиган, моҳиятан ягона муаммони пинҳон тутади. Асл адабиёт намуналари мана шу улкан муаммо ечими англанган нуқтада кесишади, умумлашади.

    ✔ 51    🕔 16:52, 11.06.2021
  • ВАҚТ ЎҒРИЛАРИ

    ВАҚТ ЎҒРИЛАРИ

    Вақт инсонга берилган энг катта неъматлардан биридир. Унинг бебаҳолиги ҳақида кўп гапирилади. Лекин уни фойдасиз нарсаларга сарфлаб зое қилиш иллати азалдан мавжуд. Инсоният бошқа неъматлар қатори вақтни ҳам исроф қилишга одатланиб қолган.

    ✔ 53    🕔 16:46, 03.06.2021
  • ВИРТУАЛ ҚАРАМЛИК

    ВИРТУАЛ ҚАРАМЛИК

    Болани ундан қандай қутқариш мумкин?

    Фарзанд ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб вояга етишида ота-онанинг оиладаги амалий ёрдамларига жуда катта эҳтиёж сезади. Ота-онанинг шахсий намуна кўрсатиши энг катта амалий ёрдам ҳисобланади. Чунки бола, асосан, панд-насиҳат эшитиш билан эмас, ўрнак олиш орқали тарбия топади.

    ✔ 55    🕔 16:45, 03.06.2021
  • ПРЕЗИДЕНТДАН ОҚ ФОТИҲА ОЛИШ БАХТИ

    ПРЕЗИДЕНТДАН ОҚ ФОТИҲА ОЛИШ БАХТИ

    Бу йилги сўнгги қўнғироқнинг ҳаяжони ўзгача бўлди

    ✔ 86    🕔 13:48, 27.05.2021
  • Оёқларга урилган – ПРОПИСКА, бартараф бўлган МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ва бемаъни  «ҚОРА РЎЙХАТЛАР»...

    Оёқларга урилган – ПРОПИСКА, бартараф бўлган МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ва бемаъни  «ҚОРА РЎЙХАТЛАР»...

    Ёхуд Ўзбекистон бугун ислоҳотларни «инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» тамойилига асосланган ҳолда олиб бормоқдами?

    ✔ 92    🕔 16:11, 21.05.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар