Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

ЙИГИРМА ЁШЛИ «МЎЙСАФИД»НИНГ ДИЛ ДАФТАРИ

«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асарини ўқиб...

ЙИГИРМА ЁШЛИ «МЎЙСАФИД»НИНГ ДИЛ ДАФТАРИ

«Уруш номинг ўчсин жаҳонда!» Уруш ҳақидаги асарларни ўқиганинг сари, ҳар мутолаада кўз олдингда уруш даҳшатлари рўйи-рост гавдалангани сайин бу сатрларнинг шунчаки айтилмаганига, юракдан чиққан оташин мисралар эканига амин бўларкансан.

Уруш даҳшатлари, унинг инсоният бошига солган кулфатлари асрлар давомида қалбларда чандиқ ҳосил қилган, қорачиқларда қонли кўз ёшдай қотиб қолган, унинг асоратлари кейинги авлодни-да нимадандир, кимлардандир мосуво қилгани, шубҳасиз. Уруш номи билан уруш… Унда бирор бир мамлакат ғалабасининг аҳамияти йўқ, урушда бутун инсониятнинг қалби вайрон, орзулари, мақсадлари мағлуб, келажаги снаряд парчалари янглиғ кунпаякун.

Уруш ҳақиқатини, унинг даҳшатга тўла дақиқаларини содда тилда, қандай бўлса шундайлигича қаламга олган немис ёзувчиси Эрих Мария Ремаркнинг «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асари урушнинг инсон бошига солган кулфатларини ёниб куйлагувчи асарлар сирасига киради. Асар неча йиллардирки, миллионлаб нусхаларда чоп этилиб, турли тилларда турли қалбларга бирдай таъсир қилган, ҳаяжонга солган ва ҳамон қўлдан тушмай ўқилмоқда. Ўз даврида гулханларга асир бўлган бу асарнинг тақдири нима учун аянчли эканини китобхон китобни ўқигач англайди. Асар бир сўз билан айтганда, тўрт-бешта давлат катталарининг аҳмоқликлари ортидан бутун бошли оддий инсонлар кўраётган жабр-ситамлар… душман томоннинг бир ўғлонини ўлдириб, кейин ундан кечирим сўраб, бутун бошли умрини бахшида этишга тайёр инсоннинг қалб кечинмалари… қалбида ҳали севги куртаклари очилмасданоқ, уни тиканаклар билан тўлдирган аёвсиз жанглар ва мурғак қалб эгасини бир зумда мўйсафидга айлантирган қонли уруш ҳақида...

Асарнинг бошланишига эпиграф сифатида олинган ушбу сўзларни ўқир экансиз, олдинда сизни руҳиятингизга кучли таъсир этувчи, ҳар сатрида ҳаяжонга тушишга мажбурловчи тақдирлар турганини ҳис этасиз: «Бу китоб айбнома ҳам, афвнома ҳам эмас. Бу шунчаки уруш дастидан жув онм арг бўлган авлод ҳақидаги, гарчи замбарак ўқидан қуруқ қолса-да, шу урушнинг қурбонига айланганлар тўғрисидаги кўнгил изҳоридир». Ҳа… асар қаҳрамонлари ҳали ҳаётнинг оқ-қорасини танимаёқ, қора бўшлиққа ирғитиб юборилган, ҳали орзу қилишга улгурмасиданоқ, орзуси ҳам, мақсади ҳам урушга айланган тенгдошларимиз, энди йигирма ёшни қаршилаётган – Паул, Кропп, Мюллер, Леер, Кеммерих каби ўспиринлар.

Бир куни синф раҳбари ўз хатида уларни «метин ёшлар» дея таърифлаганига жав обан , Паулнинг ичидан шундай сўзлар ўтади: «Метин ёшлар эмиш-а! Ҳеч қайсимиз йигирмадан катта эмасмиз. Лекин ёшлигимиз қоптими? Наҳотки ёш бўлсак? Тўғри, қачонлардир ёш эдик. Ҳозир кексайиб қолганмиз... Ёши биздан каттароқларнинг ўтмиши ёдида, оёқлари заминдан узилмаган, уларнинг оилалари, бола-чақалари, касб-корлари ва орзу-ниятлари бор, бу ришталар шунчалар мустаҳкамки, уруш бу ришталарни парчалаб ташлаёлмайди… Нима кўрибмиз биз: осмоний ҳою ҳавас, баъзи бир нарсаларга ишқибозлик ва мактаб – бошқа нимани биламиз? Мана энди, шулар ҳам йўққа чиқиб турибди». Мана уруш инсонни нималардан маҳрум қилди? Ота-онани фарзанддан, ака-укани жондай жигаргўшасидан, ёшларни орзу-умидларидан, қалбни соф ҳис-туйғулардан… Асар бош қаҳрамони Паул асли софдил йигит, унинг қонида одам ўлдириш тугул, жониворга озор бериш хислати ҳам бўлмаган, аслида. Лекин уруш мўмин-қобил инсоннида жаллодга, меҳрли қалбнида тош метинга айлантириши ҳақиқат: «Биз йўлга чиққанимизда оддий аскарлармиз, гоҳ дилгир, гоҳ қувноқ бўламиз. Аммо фронт чизиғига етиб келишимиз билан ярим инсон – ярим махлуққа айланамиз».

Ремарк китобхон хаёлини уруш қозони қайнаётган қонли гирдобга етаклар экан, аскарнинг оддий турмуш тарзини, фронт чизиғидан наридаги ҳаётини ҳам тасвирлашга урғу беради. Биринчи жаҳон урушида қатнашиб, шиддатли жанглар гувоҳи бўлгани учун ҳам аскарнинг бир нафас илинжида яшашини қонли сатрларга сингдира олади: «Белимиздаги камарни охиригача тортиб, оғзимизга бир тишламдан нон соламиз, лекин чайнамаймиз – шимамиз. Чунки уни тежаш керак. Қорнимиз пиёзпўсти бўлиб кетган. Мен ноннинг юмшоқ жойини еб, устки қатламини халтамга яшираман, кейин уни яна олиб, ҳар замонда сўриб-сўриб қўяман». Қандай даҳшат… бу сўзларни тушунтириб бўлмайди, уни ҳис қилиш, қалб билан англаш керак, холос. Паул ҳар бир қонли жангдан сўнг, дўстлари билан кечги овқатга ўтирар экан, уларнинг сафи борган сари камаяётганини, ҳар гал қайси бир сафдоши омонат жонини топшираётганини ўйлаб ўксинади. Дўсти Кеммерих ҳаёт билан олишиб шифохонада ётар экан, унинг қайта оёққа туришига кўзи етмаган Мюллер дўстининг ўлимидан сўнг, ботинкасини ўзи олишини айтади. Мюллер Кеммерехнинг ботинкасига кўз тиккани, унга ичи ачимаяпти дегани эмас, аслида. Агар дўстини асраб қолиш имкони бўлганида у ҳамма нарсага тайёр бўларди, фақат оёқ кийим аскарга ҳар доимгидан-да зарур. Энг ёмони, бир пой ботинка уч инсоннинг ўлимига гувоҳ бўлади, ҳайҳот… инсон қадри ҳатто шу оёқ кийимчалик ҳам аҳамиятга эга эмасми?!

Шиддатли уруш пайтида улар омон қолиш мақсадида, снарядлардан беркиниб, очиқ мозорларга тушиб олишади. Баъзиларининг ичида мурдалар, бироқ энди улар ўлиб бўлган. Қабрлар тирикларни асраш учун ҳимоя қалқони. Улар шу тобда, дилдан ҳис қилишади, гўё ўз қабрида ўтириб, устига тупроқ тортилишини кутаётган одамларга ўхшашини. «Хўп, тирик қолдик ҳам дейлик , лекин яшай оламизми?» дея ўзларига савол беришади . Чунки уларнинг мақсадлари шу тупроқ остида, жўшқин қалблари снаряд парчасидай нимта-нимта бўлган. Уруш тугаган тақдирда ҳам уйга бориб, нима билан шуғулланишни, кейинги ҳаётлари қандай бўлишини тасаввур қилишолмайди. Ахир, кўз олдида жон берган дўстларининг ёди, нигоҳида бир умр муҳрланиб қолган қонли кўлмаклар, бошсиз таналар, гавдасиз қўл-оёқлар туну кун тушидаю ўнгида таъқиб қилиши тайин.

Паулга бир оз муддат таътил беришади, у болалиги ўтган мўъжаз уйи сари одимларкан, хафа бўлишни-да, хурсанд бўлишни-да билмайди. Негаки, уни яна шу даҳшатли кунлар, қонга тўймайдиган ваҳималар кутиб турибди. Паулни уйида онаси бемор ҳолида, тўшакда ётган ҳолда кутиб олади. У тузалмас дардга чалинган, бироқ фарзандининг қонли қисмати ҳақидаги ўйлар унинг дардига яна дард қўшади. Паулнинг оиласи, унинг кўчасидаги одамларнинг ҳаётини ўқиб, фронт орти ҳам урушдан кам эмаслигини, бу ер ҳам жон билан кураш ўлкасига айланганини англайсиз: «Биламанки, уйда бир бонка мураббодан бошқа ширинлик йўқ, уни ҳам менга асраб қўйишган. Ҳозир олдимга қўйиладиган қотган печеньени ҳам ойим аллақайси гўрдан амал-тақал қилиб топгану, дарров яширган. Менга илинган».

Паулнинг таътили тугаб, яна фронтга йўл олади. Аёвсиз жангларнинг бирида у душманнинг бир ўғлонининг кунларига сўнгги нуқта қўяди. Лекин у қарши томондан бир аскарнинг камайганига мамнун бўлмайди. Аксинча, унинг уйи, оиласи, фарзандлари борлиги, аёли унинг саломатлиги ҳақида хат кутиб ўтиргани ҳақида ўйлайди. Уруш тугагач, унинг оиласига ёрдам беришини, пул жўнатиб туришини айтиб, ўзига сўз беради. «Ҳалок бўлган аскарнинг яшамаган умри менинг ҳаётимда давом этади, бинобарин, қўлимдан келган ҳамма яхшиликни қиламан, бутун ҳаётимни унга ва оиласига бағишлайман. Шояд, гуноҳим жиндай бўлса ҳам камайса, зора, бу ердан эсон-омон чиқиб кетсам!» Ҳа… асар душман тарафнинг бир ўғлонини оиласидан маҳрум қилишга бел боғлаган аскар ҳаёти ҳақида эмас, балки тепкини босишга мажбур бўлиб, бир инсоннинг ўлими қошида айтилган кечирим изҳори, яшамаган умрини етти ёт бегонага беришга тайёр инсоннинг одамийлиги ҳақида айтилган нола. 1918 йилнинг ёзи…Окопдаги ҳаётимиз ўқ ёмғири остида қолган пайтимиздагидан кўра юз чандон оғир. Ерга қапишиб, Худога нолалар қиламиз: «Йўқ! Йўқ! Ҳозир эмас! Уруш тугай деб турганда омонатингни олма, э Худо!» Аскарлар уруш тугаши, тезроқ сулҳ тузилиши ҳақида айтилаётган миш-мишларни эшитиб, бошқалар қатори Паул ҳам охирги нуқтага келай деганда, тинч кунларга етай деганда ширин жонидан айрилишни хоҳламайди. У тинчлик ҳақида хаёллар сура бошлаётган бир пайтда, фронтда сокинлик ҳукм сураётган вақтда ҳалок бўлади. 1918 йилнинг октабрида эса ҳарбий ахборотлар биргина жумлани такрорлашади: «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ».

Бу асарни тинч кунларга шукрона келтиришни истаган ҳамма ўқишини, уруш сабаб орзулари хазон бўлган тенгдошимнинг дилидаги маҳзун кечинмаларни барча инсон ҳис қилишини хоҳлардим.

Маҳфуза ПЎЛАТОВА




Ўхшаш мақолалар

ЙИГИРМА ЁШЛИ «МЎЙСАФИД»НИНГ ДИЛ ДАФТАРИ

ЙИГИРМА ЁШЛИ «МЎЙСАФИД»НИНГ ДИЛ ДАФТАРИ

🕔16:43, 03.06.2021 ✔56

«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асарини ўқиб...

Батафсил
ТЎРТ ЮЗ ТУЯГА ОРТИЛГАН КУТУБХОНА

ТЎРТ ЮЗ ТУЯГА ОРТИЛГАН КУТУБХОНА

🕔16:09, 21.05.2021 ✔80

Яқинда қўлимга бир китоб тушиб қолди. Уни ўқиб чиқиб, тафаккуримдаги мезонлар анча ўзгаргандай бўлди. Тарихда, хусусан, ислом тамаддунида аждодларимиз нақадар катта ва салмоқли ўрин эгаллаганига гувоҳ бўлдим.

Батафсил
МУТОЛААНИНГ 10 ФОЙДАСИ

МУТОЛААНИНГ 10 ФОЙДАСИ

🕔14:43, 17.04.2021 ✔554

Олимлар ақл ва фикр тиниқлигини бир умр сақлаб қолишнинг йўлини аллақачон кашф қилиб бўлган – бунинг учун мияни муттасил равишда ривожлантириш, яъни ҳамиша «машқ қилдириб бориш» керак.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЙИГИРМА ЁШЛИ «МЎЙСАФИД»НИНГ ДИЛ ДАФТАРИ

    ЙИГИРМА ЁШЛИ «МЎЙСАФИД»НИНГ ДИЛ ДАФТАРИ

    «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асарини ўқиб...

    ✔ 56    🕔 16:43, 03.06.2021
  • ТЎРТ ЮЗ ТУЯГА ОРТИЛГАН КУТУБХОНА

    ТЎРТ ЮЗ ТУЯГА ОРТИЛГАН КУТУБХОНА

    Яқинда қўлимга бир китоб тушиб қолди. Уни ўқиб чиқиб, тафаккуримдаги мезонлар анча ўзгаргандай бўлди. Тарихда, хусусан, ислом тамаддунида аждодларимиз нақадар катта ва салмоқли ўрин эгаллаганига гувоҳ бўлдим.

    ✔ 80    🕔 16:09, 21.05.2021
  • МУТОЛААНИНГ 10 ФОЙДАСИ

    МУТОЛААНИНГ 10 ФОЙДАСИ

    Олимлар ақл ва фикр тиниқлигини бир умр сақлаб қолишнинг йўлини аллақачон кашф қилиб бўлган – бунинг учун мияни муттасил равишда ривожлантириш, яъни ҳамиша «машқ қилдириб бориш» керак.

    ✔ 554    🕔 14:43, 17.04.2021
  • Энди ҳар йили «КИТОБХОНЛИК ҲАФТАЛИГИ» бўлади

    Энди ҳар йили «КИТОБХОНЛИК ҲАФТАЛИГИ» бўлади

    Ҳукумат қарори билан 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тасдиқланди

    ✔ 638    🕔 17:34, 12.04.2021
  • Зиёлининг кураш майдони

    Зиёлининг кураш майдони

    Бошқаларни билмадиму мен Достоевский асарларини ўзгача бир иштиёқ билан ўқийман. Унинг ҳар бир асаридан профессионаллик уфуриб туради.

    ✔ 620    🕔 17:34, 12.04.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар