Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Оҳиста ЖАМШИД: «Мени қўшиқларимдан изланг»

Уйғоқ тунларингга суянса кундуз,

Эртак айтиб берсанг эрталарингга.

Сўнг ўзинг эшитсанг, кутилган бир сўз –

Ишон!..

Оҳиста ЖАМШИД:  «Мени  қўшиқларимдан  изланг»

Хайрли йўлларга эзгу ниятлар муштарак, уйғоқ қалблар ҳамроҳ бўлсаю, ерда туриб кўкда яшасанг. Бир шиддат, бир сокин, баланд ва майин шивирларда ҳаётни англаб бораверсанг. Кўчанинг бошига қўл силтаб, охири ҳақида ширин ўйлар чулғаса, тўхташга қароринг бўларми? Якуни гўзал дийдорга ишон, ишон дея қалбинг сўзласа!..

Нафиса Омоннинг «Ишон» шеърига басталанган қўшиқни тинглаш баробарида ана шундай хаёллар чулғарди мени. Авваллари бундай усулдаги куйларни ҳеч эшитмаган эканман. Балки биларсиз, эҳтимол йўқ. Зокировлар сулоласининг истеъдодли вакилларидан бири, таниқли санъаткорларимиз Жамшид ва Гавҳар Зокироваларнинг қизи – Оҳиста Жамшид. Унинг бу йўналиши киши кўнглиги оҳиста эмас, тез кирганига санъаткор билан суҳбат давомида амин бўлдим.

– Анча йиллик танаффусдан сўнг яна сизни кўриб турибмиз ижодингиздаги ўзига хослик бу сизнинг табиатингиз билан боғлиқми?

– 16 йиллик танаффус шу билан боғликки, мен  куйлаш учун етарли даражада куч ва ўзимга ишонч сезмадим. Зокировлар сулоласи деган катта масъулиятни ҳис этиш, шунга муносиб бўлиш бунга сабаб эҳтимол. Бугун эса қанчалик муносиб бўлмасам юрагимдаги нолаларни куйлашга жазм қилдим. Улар улкан санъаткорлар. Ҳар бир инсон ўз савияси, қобилияти ва хоҳишига кўра яшаши керак, назаримда.

– Ижодкор яратаётган асарнинг руҳияти унинг ўқиган китоби, тинглаётган мусиқаларига қайсидир маънода кўзгу. Сиз қайси хонандаларни кўпроқ эшитасиз?

– Мен турли йўналиш ва тиллардаги мусиқани тинглайман – рок, латино, этно, жаз, поп. Шундай бир атама бор: «World music». У миллий ва дунёдаги барча услубларнинг уйғунлашиб кетиши натижасида ҳосил бўладиган мусиқа. Аниқ исмларни айтишни хоҳламайман. Улар жуда кўп.

– Ижод...

– Кимдир шеър билан, бошқа биров расм чизиш билан ўзининг ички сезимларини ифодалашга, тушунтиришга ҳаракат қилади. Ижод мен учун қалбимдаги бор дарду алам, қувончимни ифода этиш, мулоҳазаларим билан бўлишишдир.

– Қўшиқларингизда эрк, мағрурлик умуман бир ўзгача кайфият бор. Сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Инсоннинг қўл-оёғи боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ қалби, руҳининг озодлиги ҳар қандай бандиликдан устун қилади уни. Ўзи истаса осмондек кенг, ихтиёр бўлмаса игна кўзидек тор ҳолатда қолиб кетаверади. Мағрурлик манманлик эмас, ҳар қандай майда ишлару гап сўзлардан ўзни баланд тутиш. Турли синовлардан мардларча ўта билишдир, назаримда. Шу нуқтаи назардан, қўшиқларимда нимаики бўлса, юрагимнинг тубидан чиқади. Ҳаётга нисбатан муносабатим, фикрларимни кўпроқ мунозаралар ёки суҳбатлар орқали эмас, қўшиқларим орқали билдиришни афзал кўраман.

– Классикага мурожаат қиласизми?

– Классикларга келадиган бўлсак, Навоий, Бобур асарларини куйлаш учун форс, араб ва эски ўзбек тилини яхши билиш, англаш  керак. Улар жуда юксак поғонада туради. Муқимийнинг Жомий ғазалига мухаммаси – «Не кун ё не» номланган тожикча қўшиқ яратдик. Яқинда Умар Хайём рубоийларига иккита қўшиқ басталадик.

– Мутолаа хоббингизми ёки ҳаётий эҳтиёж?

– Китоблар ўқишни яхши кўраман. Лекин хобби ёки ҳаётий эҳтиёж учун эмас. Кўпроқ аудио вариантини тинглайман. Яқинда Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом»ини ўқидим. Жуда таъсир қилди.

Назм ёқади. Хуршид Даврон ижодига қизиқаман. Шеърий китобларни кўпроқ ўқигим келади. Турмуш ўртоғим мусиқа басталайди. Мен унга ўзимга ёққан шеърларни айтаман. Сатрлар мусиқа кайфиятига тушсагина куйлайман.

– Бугунги ахборот асрида инсонлардаги бир-бирига бўлаётган муносабатлар ҳақида нималарни ўйлайсиз? Масалан, эътиборсизлик...

– Инсонларнинг бир-бирига бўлган муносабати кўп нарсаларга боғлиқ. Бундай кенг қамровли ва мулоҳазали саволларга жавоб бермай қолай...

Жимлик. Суҳбат телеграмм ижтимоий тармоғи орқали бўлгани учун суҳбатдошимнинг айни ҳолатини ўзимча тасаввур этдиму қолган саволларимга жавоб ёзгунича хаёлим таниқли шоир ва публицист Хуршид Давроннинг ушбу сатрлари қанотида дунёнинг бу бошидан, у бошигача бориб келди.

Ер эмас бирлаштирган,

Юракдаги қайғудир.

Ўлим эмас ўлдирган,

Ўлдиргувчи уйқудир!..

Ҳа, уйғоқмиз деб ўйлаймиз. Чунки турли шовқинлар, талотўплар қулоғимизни кар қилар даражада. Кўряпмизу англамаяпмиз. Айтяпмизу фикрламаяпмиз. Ҳорғинмиз, чарчоқлар эзаётгандай, худди. Хона эшиги дерезадан кирган шабададан очилиб кетди. Аллақачон Оҳиста опа жавоб ёзган экан.

– Яратган асарим, қўшиғим моҳиятида ўзим бўлмасам яхши мусиқа чиқмайди. Шеърларда ҳам шоир фикрларига қўшилсам, у кўнглимга яқин бўлса, асар кечинмаларини ҳис қилсам шу ҳолат мени ҳаяжонлантирса танлайман. Масалан, «Кўзларимнинг оқи» қўшиғимда ўзимга яқин кечинмаларимни топдим. Шунингдек, онамни дадамларга бўлган муносабатларини кўргандим. Назаримда, моҳияти гўзал асарларда ҳамма ўзининг сийратини кўради. Қўшиқ куйлаётган пайтимда нимани ҳис қилсам, шуни ифодалашга уринаман. Мен ҳақимда билишни исташса, менга қизиқишса мени тинглашсин. Қўшиқларимда ўзим яшайман.

Кўксингда туғилса соғлом орзулар,

Кўзи кўр бўлмаса, сўзи бор бўлса.

Яралган бир зарра эмас бесамар,

Ишон!

– Орзулар сиз учун...

– Орзулар – бизни олға юришга ундайди. Ҳаракатланишимизга ёрдам беради. Орзуйим амалга ошса, албатта бахтли бўламан, деб ўйлаймиз. Ниятимизга етганимизда, ўзимизни бахтиёр деб ҳисобламаймиз, нимадандир кўнглимиз тўлмай тураверади. Шунда яна бошқа нарсаларни орзу қила бошлаймиз ва шу йўсинда ҳаёт доирасида айланаверамиз, айланаверамиз...

– Мазмунли суҳбат учун раҳмат. Сиздан янгидан-янги бетакрор қўшиқлар кутиб қоламиз.

Шоҳиста ЮНУСАЛИЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Қалбида она табиатга меҳри бор ҳар бир инсон Экологик партия тарафдоридир

Қалбида она табиатга меҳри бор ҳар бир инсон Экологик партия тарафдоридир

🕔17:43, 16.07.2021 ✔210

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов билан суҳбат

Батафсил
Оҳиста ЖАМШИД:  «Мени  қўшиқларимдан  изланг»

Оҳиста ЖАМШИД: «Мени қўшиқларимдан изланг»

🕔15:57, 08.07.2021 ✔209

Уйғоқ тунларингга суянса кундуз,

Эртак айтиб берсанг эрталарингга.

Сўнг ўзинг эшитсанг, кутилган бир сўз –

Ишон!..

Батафсил
«Боринг, яхшиси ёлғонингизни ёзинг...»

«Боринг, яхшиси ёлғонингизни ёзинг...»

🕔17:31, 12.04.2021 ✔848

Ёзувчи Исмоил ОЛЛОБЕРГАН билан суҳбат

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар