Табиат      Бош саҳифа

«Табиатнинг биз билмаган сирлари жуда кўп, унга эҳтиёткорона муносабат зарур!»

Минг йиллар мобайнида сақланиб келган экологик мувозанат бузиляпти.

Чўлланиш оқибатида дунёда 250 миллиондан ортиқ аҳоли озиқ-овқат тақчиллигидан жабр чекмоқда.

Иқлим ўзгариши ўсимлик ва ҳайвон турларининг 40 фоизгача қисми йўқолишига таъсир қилиши мумкин.

«Табиатнинг биз билмаган сирлари жуда кўп, унга эҳтиёткорона муносабат зарур!»

Она ер 
огоҳлантиради!
Ҳар бир инсон табиатга ўз дунё­қарашидан келиб чиқиб муносабатда бўлади. Аслида табиат нимаю, инсон ким? Табиат – оламнинг, моддий дунёнинг бир қисми, Ер юзидаги мавжудотнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш манбаи. Табиат билан жамият чамбарчас боғланган. Инсон ўзига керакли ҳамма нарсани табиатдан олади ва ўзи ҳам шу табиатда мавжуд.
Ер аҳолиси кўпайиб, тараққиёт жадаллашгани сари инсоннинг табиатга таъсири ҳам кучайиб бормоқда. Оқибатда, табиий бойлик­лар камайиб, атроф-муҳит ифлосланяпти, минг йиллар мобайнида сақланиб келган экологик мувозанат бузиляпти. Табиий офатлар, кутилмаганда юзага келаётган экологик тангликлар жаҳон аҳлини тобора ташвишга солаётир. Бу эса инсониятни табиат билан муносабатларни тўғри ва оқилона изга қўйиш, уни муҳофаза қилишда кечиктириб бўлмас чораларни кўриш ҳақида огоҳлантирмоқда.
Хўш, бугунги кунда инсоннинг табиатга муносабати қай аҳволда? Она сайёрамиздаги экологик вазият тобора жиддий тус олаётган асримизда одамзотни қандай хавф-хатарлар кутмоқда? Фан ва техника ҳали ривожланмаган даврларда инсоннинг табиатга таъсири маҳаллий хусусиятга эга бўлиб, ўша ҳудуддагина сезилган бўлса, ҳозирда бир минтақадаги экологик инқироз бутун сайёрамиздаги ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, инсоннинг табиатга таъсирини уч гуруҳга: маҳаллий, регионал, сайёравий турларга бўлиш мумкин. Табиатга маҳаллий таъсир кичик ҳудудда рўй беради. Масалан, бир дарё ҳавзасида сувнинг ифлосланиши, корхонанинг атроф-муҳитга чиқараётган зарарли газлари таъсирида ҳавонинг бузилиши шу атрофдаги табиатга хавф солади. Текислик ерларда сув омбори қурилса, иссиқ ўлкаларда ер ости шўр сувлари сатҳи кўтарилиб, тупроқ шўрланади. Иқлими мўътадил, илиқ ўлкаларда эса ботқоқлик кўпайиб, ўсимлик ва ҳайвонот оламида салбий ўзгаришлар рўй беради.
Инсоннинг табиатга йирикроқ таъсири регионал хусусиятга эга бўлиб, бунга Орол ҳавзасида юзага келган экологик танглик оқибатида қуйи Амударё ҳудудида тупроқнинг шўр босиши, тўқайларнинг қуриб бораётганини мисол қилиш мумкин. Орол денгизи сатҳи 1960 йилдагига қараганда салкам 30 метрга пасайди, сув шўрлиги 10 ҳисса ортиб, 110 г/л. га етди. Денгиз майдони 6 марта кичрайиб, 64 минг километр квадратдан 10 минг километр квадратга тенг бўлиб қолди. 50 минг километр квадрат майдонда туз билан қопланган чўллар пайдо бўлди.
Сайёравий таъсирга инсоннинг хўжалик фаолияти – саноат корхоналари ва транспорт воситаларидан кўп миқдордаги углерод (ис гази), азот, олтингугурт оксиди чиқарилиши оқибатида ҳаво ҳароратининг кўтарилиб бораётгани, шимолий ва жанубий қутбдаги асрий музликлар эриб, у билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг келиб чиқаётганини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. 

БМТ маълумотига кўра, ҳозирги вақтда ер юзида қуруқликнинг тўртдан бир қисми чўллашиш хавфи остида қол­япти. Чўллашиш сабабли дунёда 250 миллиондан ортиқ киши озиқ-овқат етишмаслигидан жабр чекмоқда.

Дахлсиз қонуниятлар
Ҳозирда инсоният ва табиат муносабатларида амал қилиниши зарур бўлган тўртта умумий географик қонуният мавжуд. Биринчиси, табиатнинг бир бутунлиги қонунияти. Табиатнинг барча таркибий қисмлари бир-бири билан ўзаро боғланиб, бир бутунликни ҳосил қилади. Яъни, ер юзининг тузилиши (рельеф), тоғ жинслари, иқлим, сувлар, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси доимо яхлитлик касб этган. Ҳар бир жойнинг табиати ана шу таркибий қисмларнинг миқдор ва сифат кўрсаткичларига боғлиқ. Ҳар бир таркибий қисм (компонент) яна элементлардан ташкил топади. Масалан, иқлим ҳаво массалари, шамоллар, ҳаво ҳарорати, намлик, қуёш радиацияси, нур сочиб туриш вақти, ёғин-сочинлар, ўсимлик ва ҳайвонот тури, уларнинг миқдори ҳамда ҳаёт тарзидан таркиб топади.
Кейинги йилларда ер юзида иқлимнинг исиб бораётгани олимларда катта ташвиш туғдирмоқда. 

Метеорологларнинг маълумотларига кўра, кейинги 15 йил сайёрамизда ҳарорат энг юқори йиллар бўлган. Оқибатда, ўтган асрнинг 60-йиллари охиридан бошлаб Ердаги қор ва муз қоплами 10 фоиздан ортиқ камайган.
 
Чунончи, Ер иқлими кейинги 30-40 йил ичида ўзгариб, ўртача ҳарорат турли жойларда 0,60 дан 0,90 гача кўтарилгани қайд қилинган. Олимларнинг ҳисобига кўра, иқлим ўзгариши оқибатида ўсимлик ва ҳайвон турларининг 15 фоиздан 40 фоизгача қисми йўқолиши мумкин. Масалан, ке­йинги йилларда Тошкент шаҳри ва унинг атрофида олақанот (афғон майнаси)нинг кўпайиб кетиши туфайли қалдирғоч, чумчуқ, мусичалар сезиларли камайган, булбул, сўфитўрғай, сассиқпопишак деярли кўринмай қолган.
Иккинчиси, табиат таркибий қисмларининг ўзаро модда ва энергия алмашиниши орқали бир-бири билан боғланганидир. Ҳар бир тирик организм нафас олиш чоғида атмосферадан кислород ютади ва карбонат ангидрид (углерод) чиқаради, яшил ўсимликлар эса уни ютиб, яна атмосферага тоза кислород чиқаради. Ана шу ҳаракат бузилса, табиатда модда алмашинуви издан чиқади. Инсон ўзининг хўжалик фаолияти билан табиатда модда ва энергиянинг миллионлаб йиллар давомида таркиб топган мувозанатининг ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Бу жараённинг маҳаллий кўринишига техника экинлари, чунончи, пахта етиштиришда зарарли ҳашаротларни йўқотиш учун ерга пестицид ва гербицидлар, дефолиантларнинг солиниши оқибатида тупроқ ҳосил қилувчи майда организмлар (масалан, чувалчанглар) қирилиб кетиб, тупроқнинг ўлик тупроққа айланишини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Инсон амал қилиши зарур бўлган географик қонуниятлардан яна бири – зоналлик ва регионалликдир. Табиатда рўй берадиган бирор ҳодиса ўз-ўзидан содир бўлмайди, балки энергия таъсирида рўй беради. Бу энергия манбаи асосан иккита: Қуёш ва Ернинг ички энергиясидир. Сайёрамиз шарсимон бўлгани сабабли Қуёшдан келадиган нур Ер сатҳида нотекис тақсимланади. Оқибатда иссиқлик минтақалари (иссиқ, ўртача иссиқ, мўътадил, ўрта совуқ ва совуқ каби) ҳосил бўлади. Бу табиатда зоналлик қонуни дейилади. Инсон табиатдан фойдаланганда, қайси соҳада иш олиб бормасин, бу қонуниятни эътиборда тутиши зарур. Регионаллик қонунияти Ер ички энергиясининг ер юзига таъсирини англатади. Ернинг ички энергияси таъсирида унинг сатҳида нотекисликлар – океанлар ҳавзалари, материклар кўтарилмалари, тоғ ва текисликлар, уларнинг ҳаракатлари, ер қимирлашлари, вулқонлар отилиши рўй беради. Натижада, бир хил географик кенгликларда жойлашган ҳудудларда иқлим, табиат зоналари бир-биридан кескин фарқ қилади. Масалан, Ўзбекистон Болгария, Италия, Испания, Португалия, Шарқий Хитой, Корея, Япония билан бир хил географик кенгликларда жойлашган, лекин мамлакатимиз табиий шароити санаб ўтилган мамлакатларникидан кескин фарқ қилади.

Умуммиллий бойлик ташвиши
Қонуниятлардан яна бири – атроф муҳитда рўй берадиган барча табиий ҳодисаларнинг даврийлигидир. Табиат ҳодисалари муайян тартиб билан маълум вақтда такрорланиб туради. Энг кичик даврийликка бир кеча-кундузда ҳаво ҳарорати, ўсимлик ва ҳайвонлар ҳаётида рўй берадиган ўзгаришларни, сувда, ерда, ҳавода бўладиган қалқиш ҳодисасини, ёруғлик билан қоронғуликнинг алмашиниши кабиларни киритиш мумкин. Даврийлик икки хил бўлади: ритмиклик ва цикллик. Воқеаларнинг маълум бир вақтда такрорланиб туриши ритмиклик бўлиб, ушбу ҳодиса суткалик, йиллик ва кўп йиллик турларга ажратилади. Агар биз қайси йилда нима бўлишини билсак, унга олдиндан тайёргарлик кўришимиз, нохуш ҳодисаларнинг олдини олишимиз мумкин. Бироқ кейинги вақтда табиатда ҳеч кутилмаган ҳодисалар кузатилмоқда. Жорий йил қишининг Шимолий Америка, Европа ва Осиёда қаттиқ келгани, қор босиш­лари, кучли сув тошқинлари бунга мисолдир. Бу ҳол табиатнинг биз билмаган сирлари ҳали кўплигидан далолат беради.
Ер юзида аҳоли 7 миллиарддан ортиб бормоқда. Шунча одамнинг эҳтиёжини қондириш баробарида, она сайёрамизни келажак авлод учун ҳам бус-бутунлигича сақлаб қолиш керак. Мамлакатимизда табиатдан оқилона фойдаланиш, унинг бойликларини муҳофаза қилиш, табиат билан инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида тегишли қонунларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида «Фуқаролар табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар», 55-моддасида «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир», деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, экологик вазиятни тартибга солиш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш юзасидан муҳим саъй-­ҳаракатлар олиб борилмоқда ва бу ишлар ўз самарасини бермоқда.

Ҳокимхон МАКСУМОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят Кенгаши раиси




Ўхшаш мақолалар

Жабрланган муҳит бир куни албатта ҳисоб сўрайди

Жабрланган муҳит бир куни албатта ҳисоб сўрайди

🕔16:47, 30.07.2021 ✔3

Ўрта асрларда юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар мазкур заминни ўз эсдалик­ларида «Мовий кўллар ўлкаси» дея тилга олишади. Бу, албатта, мантиқли тавсиф.
 

Батафсил
Мен бу ерда ўт ёқсам, Фарғонада  тутуни...

Мен бу ерда ўт ёқсам, Фарғонада тутуни...

🕔15:59, 30.07.2021 ✔3

ёхуд чўғланма чироқлар савдосига чек қўйиш тўғрисидаги қарор нега ишламаяпти?

Батафсил
«Уч ўчоқ» – йирик метеорит  тушишидан ҳосил бўлганми?

«Уч ўчоқ» – йирик метеорит тушишидан ҳосил бўлганми?

🕔17:35, 16.07.2021 ✔27

Хоразмдаги миллий табиат боғи жонли муҳит муҳофазаси ва экотуризм ривожи учун хизмат қилади

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар