Табиат      Бош саҳифа

«Уч ўчоқ» – йирик метеорит тушишидан ҳосил бўлганми?

Хоразмдаги миллий табиат боғи жонли муҳит муҳофазаси ва экотуризм ривожи учун хизмат қилади

«Уч ўчоқ» – йирик метеорит  тушишидан ҳосил бўлганми?

Пойтахтдан Хоразм сари йўлга чиқсангиз, Бухородан ўтгач, чексиз қумликлар ичига шўнғийсиз. Гўё назарингизда бу қумликларнинг чек-чегараси йўқдек. Хоразмга илк бора келаётган меҳмон эса, воҳа фақат қумликлардангина иборат, деган хулосага келиши аниқ. Аммо ундай эмас, Хоразмнинг ўзига яраша чиройли кентлари, сўлим қишлоқлари, ажойиб табиати ва ўзига яраша экологияси бор.

Хоразм вилояти Амударёнинг қуйи қисмида, мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган, Қорақалпоғистон Республикаси ва қисман жанубда Бухоро вилояти билан, ғарбда ва жануби-ғарбда Туркманистон билан чегарадош.
Вилоят ҳудудининг асосий қисми Амударёнинг сўл соҳилида жойлашган. Амударё қадимдан бой тарих ва маданиятга эга бўлган Хоразм тақдирида катта роль ўйнаган. Нил дарёси қадимги Миср учун қанчалик аҳамият касб этган бўлса, Амударё ҳам Хоразм воҳаси учун шунчалик улкан аҳамиятга эга. Бинобарин, бу дарё Хоразм вилояти ва қўшни ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий тарихий-географик омили ҳисобланади.
Хоразм воҳасининг Орол денгизига яқинлиги бир вақтлар вилоят ривожланишига, одамлар ижтимоий ҳаётига қанчалик ижобий таъсир кўрсатган бўлса, ушбу ҳудудда бугун юзага келган оғир экологик танглик шунчалик салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти.
Хўш, бугунги кунда вилоят аҳолисини қандай экологик муаммолар қийнамоқда? Айтиш жоизки, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи биринчи ўринда турибди. Ҳозирги кунда воҳа қишлоқларининг ҳаммаси ҳам водопровод билан таъминланмагани бор гап. Яқин ўн йиллар ва ундан олдинги йилларда аҳоли ер қудуқлардан фойдаланиб сув ичишган бўлса, кейинги йилларда ер ости сувининг ўта шўр чиқиши оқибатида ичимлик суви бутунлай истеъмолга яроқсиз бўлиб бормоқда. Аммо шундай бўлса-да, аксарият қишлоқларда одамлар ҳалиям ана шу шўр сувдан истеъмол қилишмоқда. Баъзи тоза ичимлик сув етиб бормаган қиш­лоқлар аҳолиси сувнинг литрини 150 сўмдан олиб ичишга мажбур бўляпти. Бу бир муаммо бўлса, иккинчиси ерларнинг мелеоратив ҳолатининг бузилгани билан боғлиқ. Яна бир айрим ҳудудларга оқар сувнинг етиб бормаслиги натижасида экин экилмасдан қолиши ҳам экологиянинг бузилишига олиб келаётир. Қолаверса, ноёб экин турлари, йўқолиб бораётган манзарали ва мевали дарахтларни, «Қизил китоб»га кирган қуш ва ҳайвонларни сақлаб қолиш, экологиянинг яхшиланишига оз бўлса-да ҳисса қўшиш мақсадида вилоятда «Хоразм миллий табиат боғи» ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, шунингдек, Амударё дельтасида табиий тўқай ресурс­ларини муҳофаза қилиш, уларни қайта тиклаш ҳамда ҳудуддаги чўл экотизимини сақлаш ва янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм миллий табиат боғини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Шундан сўнг умумий ер майдони 21 минг 687,5 гектар бўлган миллий табиат боғи ташкил этилди. Шу зайлда республикада ўзига хос, ноёб, қимматли табиий объектларни ва мажмуаларни, ўсимликларнинг ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш, инсон фаолиятининг табиатга бўлган салбий таъсирининг олдини олиш, шунингдек, табиий жараёнларни ўрганиш, атроф табиий муҳит мониторингини олиб бориш, экологик таълим ва тарбияни такомиллаштириш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни изчил амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Хусусан, Амударё дельтасида табиий тўқай ресурсларини муҳофаза қилиш, уларни қайта тиклаш ҳамда чўл экотизимларини сақлаш ва экотуризмни янада ривожлантириш мақсадида миллий табиат боғи ташкил қилиш учун табиий ҳудудлардан, Хива тумани ҳудудидан 1 163 гектар, Ҳазорасп тумани ҳудудидан 19 минг 538,8 гектар, Янгибозор тумани худудидан 743,2 гектар, Урганч тумани ҳудудидан 197,5 гектар давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ер майдонлари ажратилди.
Ушбу миллий боғ «Қизил китоб»­га киритилган ёввойи ҳайвонлар, қушлар ҳамда ноёб доривор ўсимликларни сақлаб қолиш, шунингдек, қайта кўпайтириш ва вилоятнинг экотуризм салоҳиятини кучайтириш, келажак авлодга она табиатни софлигича қолдириш мақсадида ташкил қилинди.
Янгибозор туманидаги Амударё соҳилида ноёб ва йўқолиб кетаётган ҳайвон ва қушларни асраш ҳамда кўпайтириш бўйича питомник ташкил қилиниб, унинг ҳудудидан 3,5 гектар табиий тўқайзор темир панжара билан ўралди. Бу ерда Бухоро буғуси, жайрон ва бошқа ноёб ҳайвонларни сунъий равишда кўпайтириш режалаштирилган. Ҳозирда мазкур ҳудудга 4 та кийик олиб келинди. Келажакда яна олиб келиш режада бор. Илмий тадқиқот ишларини олиб бориш учун моддий-техника базаси ташкил қилинди. Ушбу питомникда чет эл грантлари ва олимларни жалб қилган ҳолда табиатни муҳофаза қилиш соҳасида илмий ишларни олиб боришга шароит яратилади. Питомник биносида 50 кишига мўлжалланган ўқув семинар зали, лаборатория хонаси, ошхона ва бошқа хоналар мавжуд.
Мазкур миллий боғ келгусида албатта чет эллик сайёҳларнинг эътиборини қозониб, мамлакатимизга сайёҳлар оқимининг йил сайин кўпайишида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги кунда мазкур миллий табиат боғида 126 та ўсимлик турлари мавжуд. Уларнинг 20 таси ноёб ҳисобланади. Ҳайвонот дунёси ҳам хилма-хил: умуртқасиз ҳайвонлар 312 тур, шундан, 6 тур ноёб ҳайвон. Амфибиялар – 2 тур, балиқлар – 30 турдан ортиқ, шу жумладан, 8 таси ноёб балиқ турлари. Судралиб юрувчилар – 15 турдан ортиқ, шундан, 5 та ноёб тур. Қушлар – 110 тур, шундан, 14 тури ноёб қушлардир. Сут эмизувчилар – 21 тур, шу жумладан, ноёб сут эмизувчи ҳайвонлар – 5 турни ташкил этади.
Ҳазорасп туманининг Туп­роққалъа мавзесида жойлашган «Уч ўчоқ» геологик тарихий объекти вилоятдаги ягона геотуристик объектдир. Бу маршрут бўйлаб сайёҳларни кун бўйи саёҳат қилдириш мумкин. Бунинг учун маршрут бўйлаб меҳмонхоналар, ошхона-ресторанлар, кэмпинглар ва бошқа жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган объектлар барпо қилиш лозим бўлади.
«Уч ўчоқ» объекти Хоразм Маъмун академияси олимлари томонидан ўрганилгач, йирик метеорит келиб тушишидан ҳосил бўлган, деб тахмин қилинмоқда. «Уч ўчоқ» геологик тарихий объекти чет эллик олимлар ва сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Бу ҳудуднинг табиий кўриниши, унинг юқори қисмидан каръер сифатида фойдаланиш натижасида анча тартибсиз ҳолатга тушиб қолган. Уни сақлаш ва асраб қолиш мақсадида бу ҳудуд ҳам миллий табиат боғига киритилган.
Юртимиз табиий бойликлари ранг-баранг ва ўзига хос олам. Бир ҳудудда мавжуд бўлган жонли табиат намуналари нафақат бошқа вилоятларда, ҳатто Ер юзининг бошқа минтақаларида ҳам учрамаслиги мумкин. Шу жиҳатдан юртимизда ташкил этилган бу каби миллий табиат боғи ҳам экомуҳитни сақлаб қолиш, ҳам экотуризмни ривожлантириш борасида катта аҳамиятга эга саналади.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
журналист




Ўхшаш мақолалар

Жабрланган муҳит бир куни албатта ҳисоб сўрайди

Жабрланган муҳит бир куни албатта ҳисоб сўрайди

🕔16:47, 30.07.2021 ✔5

Ўрта асрларда юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар мазкур заминни ўз эсдалик­ларида «Мовий кўллар ўлкаси» дея тилга олишади. Бу, албатта, мантиқли тавсиф.
 

Батафсил
Мен бу ерда ўт ёқсам, Фарғонада  тутуни...

Мен бу ерда ўт ёқсам, Фарғонада тутуни...

🕔15:59, 30.07.2021 ✔5

ёхуд чўғланма чироқлар савдосига чек қўйиш тўғрисидаги қарор нега ишламаяпти?

Батафсил
«Уч ўчоқ» – йирик метеорит  тушишидан ҳосил бўлганми?

«Уч ўчоқ» – йирик метеорит тушишидан ҳосил бўлганми?

🕔17:35, 16.07.2021 ✔28

Хоразмдаги миллий табиат боғи жонли муҳит муҳофазаси ва экотуризм ривожи учун хизмат қилади

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар