Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ҳалокатлар ўз қўлимиз билан барпо этилмаслиги керак Экотизимга бугунги муносабатимиз қандай бўлиши зарур?

Бугун шиддат билан глобаллашиб бораётган бир даврда яшамоқдамиз. Бундай вазиятда дунёнинг бир бурчагидаги қайсидир мамлакатда содир бўлган экологик инқироз бошқа давлатларнинг халқаро муносабатлари, саноати, иқтисодиёти, туризми, демографияси, миграцияси каби турли жабҳаларига бирдай таъсир ўтказиши мумкин. Бундай ҳолатда мамлакат ҳам ички, ҳам ташқи жиҳатдан инқирозга юз тутади.

Ҳалокатлар  ўз қўлимиз  билан барпо  этилмаслиги керак  Экотизимга бугунги муносабатимиз  қандай бўлиши зарур?

Ташқи чоралар қаттиқлашса...

Бир вақтнинг ўзида ҳам атмосфера ҳавоси, ҳам сув ресурслари ҳамда тупроқ унумдорлиги йўқолишига таъсир қилувчи комплекс хатарлар юзага келмоқда. Бундай офатлар ҳатто фауна ва флорага ҳам катта зарар етказяпти. Мисол сифатида дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган сув тошқини, сел, ўрмон ёнғини, зилзила, вулқон каби табиий офатларни санаб ўтиш мумкин. Энг ачинарлиси, бундай офатларнинг олдини олиш ёки бартараф этишга инсоният ҳамиша ҳам қодир бўла олмайди. Лекин уларнинг баъзилари айнан инсон омилининг иштироки, тўғрироғи, мавжуд экотизимдаги мувозанатни ўта қўпол равишда бузишга бўлган уриниши оқибатида юзага келади.

Баъзан инсоннинг биргина ноўрин хатти-ҳаракати туфайли атмосфера, сув ресурслари, туп­роқ жиддий зарар кўради. Бу зарарни қоплаш учун яна бир неча ўн йиллар тизимли фаолият керак бўлади.

Гоҳида эса, ўйламай қилинган биргина ҳаракат туфайли она табиатдаги ноёб бир тур ер юзидан мутлақо йўқ бўлиб кетиши мумкин. Борлиқдаги қайта тикланмайдиган ресурслар йўқотилганда уларни бунёд этиш имконсиз эканини эсдан чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Бугун биз дарахт кесишга қарши мораторий жорий қилиб, яшил ҳудудларни асраш ҳақида амалий ҳаракатларга киришяпмиз. Чиқиндиларни утилизация қилишнинг энг мувофиқ йўллари устида бош қотиряпмиз. Энергия тежовчи янги технологиялар авлодидан фойдаланишни йўлга қўйиш арафасида турибмиз. Броконьерликка қарши аёвсиз курашишга киришганмиз. Экотизимга нотўғри муносабатда бўлингани учун жавобгарлик ва жарималарни кучайтириш таклифлари илгари суриляпти. Буларнинг барчаси мавжуд муаммолар ечимида катта аҳамиятга эга. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Шу билан бирга, мавжуд муаммолар ечимига шу йўл билан узил-кесил эришиб бўлмаслигини ҳам асло эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Ташқи чоралар қанчалик кучли бўлгани сари инсонда уларга нисбатан тескари муносабат пайдо бўла бориши табиий бир ҳолат сифатида қаралади. Инсон табиати чеклов, тартиб, низом, қонун-қоидаларни фақат масъул шахслар ёки ташкилотлар назорати остидагина бир маромда бажаришга одатлангани ҳам бор гап. Масалага ёндашувда ана шу тескари муносабат бизни доим ҳушёр бўлишга ундайди. Астойдил шунга жаҳд қилган киши мутасадди ва масъуллар кўзини шамғалат қилишнинг бир йўлини албатта топа олади. Ташқаридан туриб қилинадиган назорат ҳамиша бирдай самара бермаслиги ҳам бор. Аммо шу назорат ташқарида эмас, табиий равишда инсоннинг ўз ичида – қалби ва онгида бўлса, кутилган натижаларга эришишга ҳеч қандай шубҳа қолмайди.

Табиатни енгаётган инсон

Ресурс ва энергия тежовчи, сув ва ҳавони тозаловчи ускуналар бизга албатта зарур. Яшил технологияларнинг янги-янги русумлари йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Лекин улар такомиллашган сари яна бир муҳим муаммо пайдо бўлаётганига алоҳида эътибор қаратиш ўринлидир. Ўта сифатли ва кучли технологияларни муомалага киритиш қандай эҳтиёж орқасидан юзага келяпти? Бу саволга бериладиган жавоб бизни анча жиддий мулоҳазаларга ундаши керак.

Эътибор берилса, бугун катта хатар сифатида қаралаётган кўпгина муаммолар айнан инсон омилининг экотизимга нотўғри муносабати оқибатида юзага келаётганининг гувоҳи бўламиз. Атмосферага турли заҳарли газларнинг кўп миқдорда чиқарилиши, сувнинг ифлосланиши, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташламаслик ёки уларни тўғри утилизация қилмаслик, фауна ва флорага шафқатсиз муносабатда бўлиш кабиларда инсонларнинг «ҳисса»си катта. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш биринчи навбатда аҳолига кенг тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари олиб бориш орқалигина амалга ошиши мумкин.

Ҳатто энг адолатли қонунлар ҳам – агар фуқаро уни ҳурмат қилмаса, етарлича самара бера олмайди.

Кўринадики, буларнинг барчасига фақатгина маънавий тарғибот, тушунтириш, аҳолининг бу борадаги саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш орқали эришиш мумкин. Бундай қарашни биз фарзандларимизга мактабдан эмас, оилада – бола оқ-қорани таний бошлаганидан  ўргатиб, қулоғига қуйиб, унга ўзига мос тилда гапириб тушунтириш устида жиддий ишлаш орқали сингдиришимиз мумкин.

Асрлар давомида экотизимга муносабат барқарор равишда сақланиб келган. Аммо охирги бир-бир ярим асрнинг нари-берисида бу борадаги вазият анча кескинлашди. Ҳатто, инсоннинг экотизимга тажовузкорона муносабати ўзгармаса яқин ўттиз-қирқ йил ичида инсоният жуда катта муаммолар билан юзлашишини ҳам мутахассислар илмий ҳисоб-китобларида таъкид­лашяпти. Башарият тақрибан ярим асрдан кейин дуч келадиган катта экологик хатарлардан огоҳлантириляпти. Аммо бу хусусда қилиниши керак бўлган тўғри ва аниқ амалий чораларга, афсуски, тўла кириша олганимиз йўқ. Экология соҳасидаги фалокатларни мажлислар ташкил қилиш, жойларда тадбирлар ўтказиш, қилинган ва қилинмаган навбатчи ишларни тиркаб, узундан-узоқ ҳисоботлар тайёрлаш билан ўнглашнинг имкони йўқлиги кўпчиликка тобора аён бўлиб боряпти.

Ҳаммага аён ҳақиқатлар

Аслида далиллар шафқатсиз бўлади. Атроф муҳитдаги ўзгаришлар, инсон омили таъсирида рўй бераётган аянчли вазиятлар ҳамманинг кўз олдида содир бўлиб турибди. Энди одамлар ҳеч қандай мажлис ёки ҳисоботсиз, ҳатто уйидан чиқмасдан ҳам атрофда нималар бўлаётганини жуда яхши билади. Мисол учун, ичимлик сувдан фойдаланишда ҳақиқатан катта ижобий натижаларга эришилаётган бўлса, нега одамлар ҳалигача ариқ ёки ер ости сувларидан ичяпти? Атмосфера мусаффолигини сақлашда қатъий ва барқарор механизм яратилган бўлса, нега одамларнинг нафас олиш тизимида янгидан-янги касалликлар пайдо бўляпти? Дарахт кесишга қарши узоқ муддатли мораторий самара бераётган бўлса, шаҳар ва қишлоқларимиздаги, соя-салқин ва хушҳаво хиёбонларимиздаги дарахтларга нима бўлди?.. Бу каби саволлар экология соҳасида қилинадиган ишларда ойни этак билан ёпиб бўлмаслигини бутун башариятга қайта-қайта хотирлатиб туради.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўришга зарурат бор. Табиий ресурслар, хусусан, сув танқис бўлган кўпгина ҳудудларда муносабат бизникидан кўра анча қадрлироқ эканини яхши биламиз. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида тоза сувдан икки, уч, ҳатто ундан ҳам кўпроқ марта фойдаланиш жорий қилинган. Шунинг учун улар ичимлик сувни унитазга оқизишни ёки у билан экин суғоришни тасаввур қила олишмайди. Шунингдек, оқовани тоза сувга оқизиш ҳам дунёнинг кўпчилик аҳолиси учун ақл бовар қилмайдиган ҳолат. Бизда бундан бир неча барабар мудҳишроқ ишларга кўникилган бир одатий ҳол экани – энг катта маънавий фожиамиз.

Экотизимга инсон қўли билан етказилаётган талафотларнинг барчаси сарҳисоб қилиб чиқилса, уларга асосан ресурс етишмовчилиги, мувофиқ ижро механизмининг яратилмагани ёки тизимдаги оқсоқликлар ҳамда айрим кимсаларнинг кўпроқ фойда топиш илинжидаги тажовузкорона фаолияти сабаб бўлиши кузатилади. Мисол учун, ичимлик сув ресурслари тақчиллиги оқибатида ер ости сувларидан нотўғри фойдаланиш, табиий газ билан етарли таъминланмаганлик оқибатида дарахтларни кесиб ёқиш каби ҳолатлар асосан ресурс етишмовчилиги важидан юзага келиши маълум.

Чиқиндилар йиғиш ва тўплаб, олиб кетиш ишлари тўғри ташкил этилмагани сабабли белгиланмаган ҳудудларни чиқиндихонага айлантириш, канализация тизими йўқлиги боис барча заҳарли оқовани тоза сув ҳавзаларига оқизиш, фильтрация масаласида мақбул чора-тадбирлар тўлиқ йўлга қўйилмаганидан заҳарли газларни ҳавога чиқариш ҳолатлари анчагина.

Булар аҳолининг муайян эҳтиёжлари орқасида пайдо бўлаётганини балки ўйлаш мумкиндир. Лекин инсоннинг кўнгилхушлик учун ноёб бир жонзотни ов қилиши ёки табиатда йўқолиб кетаётган бир дарахт турини кўпроқ фойда орттириш мақсадида кесиб йўқ қилишини тушуниш анча қийин ҳолат.

Миллионлар фойдага қолиши мумкин

Инсон қачонки ўзини табиатнинг бир бўлаги деб ҳис қилмас экан, бу каби ҳолатларга барҳам бериш мураккаблашиб бораверади. Ҳақиқатан, борлиқдаги барча тирик мавжудот инсон омилидан катта зарар кўраётгани инкор этиб бўлмайдиган далилдир. Биз инсонни атроф муҳитда юзага келаётган экологик муаммоларга қарши курашишда ташқи омиллардан унумли фойдаланиш билан бирга, энг бирламчи ва муҳим бўлган жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратишга ундашимиз зарур. У ҳар бир инсонда она табиатга, атроф муҳитга ва ундаги ҳар бир тирик жонзотга меҳр билан оқилона муносабатда бўлиш туйғусини шакллантиришдир. Бир қарашда бу қилинаётган шунча чора-тадбирлар олдида шунчаки ҳавойи гапга ўхшайди. Лекин ҳар бир болага ўз оиласида болалигидан етарлича сингдирилган ушбу тарбиявий муносабат катта-катта техника ва технологиялар бажара олмайдиган натижаларни қўлга киритишда кутилган самарани бериши шубҳасиз.

Яъни, демоқчимизки, ўн минг долларга табиий ресурсни қайта ишлаш ё тозалаш учун хориждан керакли ускунани харид қилгандан кўра, ўша маблағнинг ўндан бирини фарзандларимиз бўлган келажак авлодни атроф табиатга тўғри муносабатда бўлишга ўргатолсак, муаммонинг энг мақбул ечимини топган ва чинакам ютуққа эриша олган бўламиз. Мисол сифатида кунчиқар юрт кишиларининг бу борадаги ахлоқи ҳаммага ҳамиша намуна қилиб кўрсатилиши ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, бундай муаммоларни юксак ахлоқий муносабат воситасида бартараф этиб келаётган бошқа давлатлар ҳам йўқ эмас.

Иккинчи тарафдан, бундай ёндашув бизнинг миллий турмуш тутумимиз, урф-одат ва қадриятларимиз тизимида олдиндан мавжуд аслида. Агар шундай йўл тутсак, ота-боболаримиз ишини муносиб давом эттирган бўламиз. Асосий куч табиатни инсондан муҳофаза қилувчи ташқи омилларга эмас, инсоннинг онги, билими, кўникмасини шакллантириш воситасида унинг ахлоқини юксалтиришга сарф қилинади. Зотан, бунга эришилса, бошқа муаммолар ҳам ўз-ўзидан бартараф этилиши шубҳасиз.

Дунё ҳамжамиятининг турли шакл­даги инсонпарварлик ёрдамлари баъзан фақат аҳолига мўлжалланган бўлиб, экотизимнинг бошқа объект­лари учун манфаатли бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун Ер шарининг қаерида бўлишидан қатъи назар экотизимнинг ўз барқарор мувозанати бузилмаслиги учун ҳамма ўзини масъ­ул ва жавобгар деб билиши керак.

 

Абдукарим АВАЗБЕКОВ,

«Оила ва табиат» мухбири

 

 

 




Ўхшаш мақолалар

Дунёни қамраб  олаётган  сув муаммоси  Бизни нима қутқаради,  қандай оқибатлар кутмоқда?

Дунёни қамраб олаётган сув муаммоси Бизни нима қутқаради, қандай оқибатлар кутмоқда?

🕔16:08, 16.09.2021 ✔33

Бугунги кунда Ер шаридаги жами аҳолининг 40 фоизи тоза ичимлик сув етишмаслигидан азият чекмоқда. Яна 30 йилдан сўнг тоза ичимлик сув энг танқис ресурслардан бири бўлиб қолиши мумкин. Ҳар йили ичишга яроқли сув етишмаслиги туфайли 1,2 млн. киши турли хасталикларга дучор бўлади.

Батафсил
Емирилиб бораётган  Осмон  ёки озон қатламини  нега ҳимоялашимиз шарт?

Емирилиб бораётган Осмон ёки озон қатламини нега ҳимоялашимиз шарт?

🕔16:05, 16.09.2021 ✔33

Озон қатламининг емирилиб бориши дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг долзарб экологик муаммолардан биридир. Юзага келган мазкур экологик вазиятнинг атроф муҳитга ҳамда инсониятга салбий таъсири катта.

Батафсил
Озон –  ягона  ҳимоячимиз

Озон – ягона ҳимоячимиз

🕔16:04, 16.09.2021 ✔32

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси, Давлат Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзгидромет маркази ҳамкорлигида «Озон – ягона ҳимоячимиз» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Дунёни қамраб  олаётган  сув муаммоси  Бизни нима қутқаради,  қандай оқибатлар кутмоқда?

    Дунёни қамраб олаётган сув муаммоси Бизни нима қутқаради, қандай оқибатлар кутмоқда?

    Бугунги кунда Ер шаридаги жами аҳолининг 40 фоизи тоза ичимлик сув етишмаслигидан азият чекмоқда. Яна 30 йилдан сўнг тоза ичимлик сув энг танқис ресурслардан бири бўлиб қолиши мумкин. Ҳар йили ичишга яроқли сув етишмаслиги туфайли 1,2 млн. киши турли хасталикларга дучор бўлади.

    ✔ 33    🕔 16:08, 16.09.2021
  • Емирилиб бораётган  Осмон  ёки озон қатламини  нега ҳимоялашимиз шарт?

    Емирилиб бораётган Осмон ёки озон қатламини нега ҳимоялашимиз шарт?

    Озон қатламининг емирилиб бориши дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг долзарб экологик муаммолардан биридир. Юзага келган мазкур экологик вазиятнинг атроф муҳитга ҳамда инсониятга салбий таъсири катта.

    ✔ 33    🕔 16:05, 16.09.2021
  • Озон –  ягона  ҳимоячимиз

    Озон – ягона ҳимоячимиз

    Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси, Давлат Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзгидромет маркази ҳамкорлигида «Озон – ягона ҳимоячимиз» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

    ✔ 32    🕔 16:04, 16.09.2021
  • Бир чивин учун минг доллар  ёхуд жарималар бизга ёрдам берадими?

    Бир чивин учун минг доллар ёхуд жарималар бизга ёрдам берадими?

    Болалигимиздан бизга озода халқ эканимиз айтилади, китобларимизда сув сепилган боғу кўчалар, саранжом ҳовлилар кўрсатилади. Эртакларда одобли қизчалар, болалар албатта покиза, ҳаммаёқни чинни-чироқ қилиб ўтирадиган қилиб тасвирланади. Хуллас, ёшлигимиздан тозаликни севувчи халқ эканлигимиз қулоғимизга қуйилади.

    ✔ 43    🕔 10:03, 10.09.2021
  • Ҳалокатлар  ўз қўлимиз  билан барпо  этилмаслиги керак  Экотизимга бугунги муносабатимиз  қандай бўлиши зарур?

    Ҳалокатлар ўз қўлимиз билан барпо этилмаслиги керак Экотизимга бугунги муносабатимиз қандай бўлиши зарур?

    Бугун шиддат билан глобаллашиб бораётган бир даврда яшамоқдамиз. Бундай вазиятда дунёнинг бир бурчагидаги қайсидир мамлакатда содир бўлган экологик инқироз бошқа давлатларнинг халқаро муносабатлари, саноати, иқтисодиёти, туризми, демографияси, миграцияси каби турли жабҳаларига бирдай таъсир ўтказиши мумкин. Бундай ҳолатда мамлакат ҳам ички, ҳам ташқи жиҳатдан инқирозга юз тутади.

    ✔ 37    🕔 09:51, 10.09.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар