Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

«Ўзларидан ортмаган» қизларнинг аччиқ қисмати ёхуд «...вачча-никоҳ»га замонавий назар

Давлат хизматлари агентлиги хабарига кўра, мамлакатимизда жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида қариндош бўлган 675 жуфт келин-куёвнинг никоҳи қайд қилинган. Шундан 285 жуфти – бир-бирига холавачча, 172 жуфти – тоғавачча, 114 жуфти – амакивачча ва 104 жуфти – аммаваччалар экан.

«Ўзларидан ортмаган» қизларнинг аччиқ қисмати  ёхуд «...вачча-никоҳ»га замонавий назар

Аввало шуни айтиб ўтиш керакки, Оила кодексининг 16-моддасига асосан, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-си­нгиллар, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади. Динимиз ҳам маҳрамлар ўртасидаги никоҳни тақиқлайди. Яъни, ота ё она билан, ака-ука ё опа-сингил  ёки уларнинг фарзандлари билан, амаки-амма ё тоға-холалар, бува ё буви билан никоҳ қатъиян ман қилинган. Лекин маҳрам бўлмаган бошқа қариндошлар – холавачча ва тоғавачча, амакивачча ва аммаваччалар билан, улардан узоқроқ хеш-ақрабо билан турмуш қуришга монеълик йўқ.

Ўз-ўзидан савол туғилади: ким билан никоҳланган маъқул – қариндош ёки бегона билан?

Албатта, ҳаётни қариндош билан боғлашнинг ўзига яраша ижобий томонлари бор. Қариндошлар болаликдан озми-кўпми ўзаро мулоқотда бўлиб, бир-бирининг хулқ-атвори ва феъл-хўйини яхши билади. Уларнинг никоҳи қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, томонлар бир-бирига муайян «преференциялар» беради – маҳр шакли ва миқдори, тўй харажатлари ва бошқа жиҳатдан енгиллик яратади. Бундай никоҳ нисбатан мустаҳкам ҳам бўлади, чунки келин-куёв қариндошлик важидан ва яқинларининг юз-кўзи учун ҳам ахлоқ-одоб меъёрларига кўпроқ риоя қилади, бир-бирини яхшироқ тушунади, бир-бирига қулоқ осади, уларнинг ўзаро кечиримлилиги юқорироқ бўлади. Қолаверса, қариндошлар ўртасида қурилган оилаларда ажрашишлар нисбатан кам бўлади, зеро келишмовчиликлар юзага келган ҳолатда бегона одамлар бир-биридан айб ахтармайди, балки эр-хотинни уларнинг ўз нас­лидан бўлган яқинлари муросага келтиради.

Балки шунинг учун бўлса керак, бўй етган бир яхши қизга кимдир оғиз солса холаю аммалар дарров ўртага тушади: «ўргилай, қизимиз ўзимиздан ортмайди...»

Лекин ҳар қандай танганинг икки томони бўлади. Олимлар қариндошга уйланиш ё турмушга чиқиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисидаги саволларга аллақачон бир қатор жавобларни тайёрлаб қўйган. Чунки бундай никоҳлар жуда кўп мамлакатларда расм бўлган ва афсуски, айрим ҳолларда шундай оилаларда туғилган фарзандлар ота-онасидан юксак ақл ва истеъдод, соғлом жисму тан эмас, ирсий касалликларни мерос қилиб олади. Статистика ҳам қариндошлар ўртасида тузилган оилаларда ирсий нуқсон билан туғилган фарзандлар улуши кўпроқ эканини тасдиқлаган. Албатта, «нормал» оилада ҳам нуқсонли фарзанд дунёга келиши мумкин. Олимлар буни инкор этмайди. Лекин қиёсий таҳлил қариндошларнинг оилаларида бунинг эҳтимоли анча катта эканини кўрсатади.

Шу сабабли бугунги кунда Ғарбдаги ўттиздан зиёд мамлакатда «...вачча» мақомидаги инсонларнинг ўзаро никоҳланиши мумкин эмас. Айрим давлатларда эса бундай никоҳларга муайян чекловлар жорий қилинган.

Аммо инсоният бундай натижага бирдан эришгани йўқ. Тарихдан яхши биламизки, масалан, ўша Ғарб давлатларини оладиган бўлсак, ҳукмдор сулолаларда қариндошлик асосидаги никоҳлар кенг тарқалган. Чунки, қирол оиласининг фарзандлари кўп жиҳатдан монархиянинг бир неча асрлик тақдирини белгилаб берган.

Гарчи, азалдан барча цивилизацияларда – у Жануби-шарқий Осиёдами ё Инклар империясими, Марказий Африкадами ё қадимги Мисрми – бундан қатъи назар, қариндошлар ўртасидаги никоҳларга муайян тақиқ ва чекловлар жорий этилган бўлса-да, ҳукмдор сулолалар истисно қилинган.

Масалан, Европа қироллик хонадонларида «...вачча» мақомидаги қариндошларнинг никоҳи кенг тарқалган, удум бўлган. Пруссиялик Гогенцоллернлар, франциялик Бурбонлар, Британия Қироллик сулоласи, испаниялик Габсбургларни ёдга олишнинг ўзи кифоя. Испания тахтининг сўнгги вориси Карл II нинг тақдири, айниқса, аянчли бўлган. Унинг тўрт ёшида оёғи, саккиз ёшида тили чиққан, улғайганидан кейин ҳам овқатни чайнашга қийналган, бепушт бўлган.

Ёки Гольштейн-Готторп-Романовлар – Россиясининг император оиласини мисол келтириш мумкин. Сулоланинг сўнгги фарзанди шаҳзода Алексей Николаевич катта бувиси – Англия Қироличаси Викториядан гемофилия генини мерос қилиб олган эди. Унинг ҳаёти қонхўр большевикларнинг бешафқатлиги туфайли фожиали якун топган. Лекин воқеалар бундай тарзда ривожланмаган тақдирда ҳам шаҳзода асло соғлом ва фаровон ҳаёт кечира олмаслиги аниқ эди.

Бугун илғор очиқ жамиятларда қариндошларнинг никоҳлари, тасодифларни ҳисобга олмаганда, деярли йўқ. Лекин ёпиқ ё қисман ёпиқ жамият ва ҳамжамиятларда (бу 1,5 миллиарддан зиёд одам, деганидир) аҳвол ундай эмас.

Ҳатто мутлақо бегона деб саналган умр йўлдоши ҳам, текшириб келинса, нечанчидир даражадаги «...вачча» бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас.

Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, «биз фалон ва фалон маҳалла ё қишлоқлар билан олди-берди қиламиз», «биз эскитдан фалон ва фалон уруғлар билан қуда-андалик ришталарини боғлаб келганмиз», «биз шу минтақа эшонлари билан қариндошлик қиламиз» қабилидаги гаплар онда-сонда эмас, тез-тез қулоғимизга чалинишини тан олиш керак. «Қаердан бўласиз? Э-э, шунақами, ундай бўлса, фалончини танисангиз керак, яқинда қизи биз томонларга келин бўлиб тушди ёки ўғлига биздаги фалончининг қизини олиб берди», «Сиз айтаётган одам бизга узоқроқ тоға бўлади!» ёки «Ўша тўй бўлган йигит аммамнинг уруғларидан – бизга жиян бўлади», деган ибораларни эшитмаган одам камдан-кам топилади.

Олимларнинг хавотири шундаки, қариндошларнинг никоҳи популяцияга янги генлар оқимини кескин камайтириб юборади ва оқибатда генетик хилма-хилликка путур етади. Бу ҳолда эса авлодларнинг яшовчанлик қобилияти, чидамлилиги пасаяди, иқлим ўзгариши ё мавсумий грипп каби ҳамма осон енгиб ўтадиган оддий муаммолар улар учун ўта ҳалокатли тус олиши мумкин.

Буюк Британияда нашр этиладиган Daily Mail газетасида ёзилишича, қариндошлик асосида вужудга келган оилалар ҳафтасига иккита болалар ўлими ҳолатининг асосий омили ҳисобланади. Бу нашр Буюк Британия Таълим департаментининг маълумотига таяниб, кейинги беш йилда шундай никоҳлар натижасида дунёга келган 545 нафар бола гўдаклик чоғида ҳаётдан кўз юмганини хабар қилади. Бундай оилалардаги минглаб бошқа болаларнинг жони омон қолган, лекин уларнинг ҳаёти оғир жисмоний ва руҳий дардлар – кўрлик, кар-соқовлик, қон касалликлари, юрак ё буйрак етишмовчилиги, ўпка ё жигардаги муаммолар, бедаво ёки мураккаб неврологик касалликлар билан давом этмоқда.

BBC корпорацияси қариндош­лар ўртасидаги никоҳларнинг нуқсонини Буюк Британиядаги покистонликлар мисолида яққол кўрсатиб берди: бу мамлакатда муқим яшайдиган, келиб чиқиши покистонлик бўлган фуқаролар оилаларида ирсий касалликларга чалинган болалар умумий аҳолига нисбатан олганда 13 баробар кўп экан. Чунки покистонликларда бегона қонни аралаштиришга иштиёқ кўп ҳам катта эмас. Биргина Бирмингем шаҳрининг ўзида шундай никоҳлар натижасида дунё­га келадиган фарзандларнинг ўртача ҳар ўнинчиси гўдаклигида вафот этади ёки генетик хасталиклар туфайли бир умрга ногирон бўлиб қолади.

Турмуш фаровонлигига ҳам кўп нарса боғлиқ. Масалан, Миср­да уйланиш учун уй бўлиши керак. Айримларга уй мерос қолади, лекин тўйга етарли маблағи бўлмайди. Ноилож келишув асосида камхарж никоҳ билан қариндошига уйланади. Ҳиндистонда эса никоҳларнинг умумий сонида қариндош бўлганларнинг улуши 52 фоизни ташкил қилар экан.

Туркияда бу борадаги кўрсаткич 1968 йилда 27 фоиз бўлган бўлса, 2008 йилда 24 фоизни ташкил қилган (яъни, вазият деярли ўзгармаган). Маҳаллий тадқиқотлар қариндошлар никоҳи болалар ўлимини 45 фоизга оширишини кўрсатди.

Хуллас, бундай никоҳларнинг барчаси аянчли оқибатлар эҳтимолини оширса оширадики, асло камайтирмайди.

Гап шундаки, «...вачча» мақомидаги йигит-қизларда ДНКнинг 12,5 фоизи умумий бўлади (туғишган ака-сингиллар, ота-она ва фарзандларда – 50 фоиз). Демак, бундай оилада туғилган фарзандларда бир хил генлар улуши кўпроқ ва ўз-ўзидан уларнинг «рецессив» (рецессия – тараққиётнинг акси, таназзул, ортга кетиш) генетик нуқсонларга кўпроқ мубтало бўлиш эҳтимоли каттароқ бўлади. Бунинг оқибати эса ё ҳаёт билан видолашув, ё бутун умрга ногиронликдир. Негаки, одам организми геннинг битта вариантини мерос қилиб олса, уни осон енгиб кетади, ҳам отадан, ҳам онадан унинг иккита вариантини олса, курашишга қодир бўлмай қолиши мумкин. Бошқача айтганда, оддий ҳолатда хавфсиз бўлган ген, қариндошлик никоҳида паталогияга (яъни, чинакамига ривожланадиган касалликка) айланади. Хулоса шуки, ДНКдаги нуқсонлар карра-карра кўпайишидан яхшилик кутиб бўлмайди.

Science журнали қариндошлик никоҳлари қачон «модадан чиққани» ва эр-хотинларнинг эҳтимолий қариндошлик даражасини ўрганишга (донорлар ёрдамида сунъий ҳомиладорлик туфайли туғилганлар орасида ёки тақдирнинг бошқа тақозоси билан тасодифан қариндош чиқиб қоладиганлар ҳам бўлар экан) бағишланган мақола чоп этди. Унда фақат еттинчи поғонага боргандагина «...вачча» мақомидаги йигит-қизлар тўлиқ бегоналашиши мумкинлиги қайд этилган. Шу сабабли қатор давлатларда, айниқса, АҚШ ва Скандинавия мамлакатларида ёш авлод никоҳдан олдин генетик текширувдан ўтиб, ДНК таҳлили «рухсат берса»гина оила қурмоқда. Журнал айрим генетикларнинг «...вачча» мақомидаги никоҳларни ҳам босқичма-босқич тақиқлаш ё ёшларнинг яхшигина текширувдан ўтиши ва бир-бирига мослигини тиббий тасдиқлашни мажбурий қилиб қўйиш керак, деган фикрини ҳам келтирган. Чунки, икки мингдан зиёд генетик касаллик мавжуд экани аниқланган бўлиб, ҳар бир соғлом инсон шундан камида икки-учтасининг эҳтимолий ташувчиси саналади.

Бундай генларнинг бир танада – бўлажак фарзанд организмида бирлашиши эса турли хавфли нуқсонлар эҳтимолини камида 30 фоиз оширади.

Албатта, қариндошлар никоҳи билан қурилган ва фарзандлари мутлақо соғлом оилалар ҳам кўп. Гап шундаки, бу ота-оналар зарарли генларнинг ташувчиси бўлмайди ва шу боис фарзандларини хавф-хатар четлаб ўтади. Никоҳларни мана шундай бехавотир қилиш мақсадида Скандинавия ўлкаларида ҳар бир фуқаро учун тиббий дафтарча тутилиб, унда аввал ўтган бир неча аждоднинг касалликлари кўрсатилади. Бу фуқаронинг генеологик шажараси бўлиб, унинг ким биландир никоҳ тузиш-тузмаслиги шунга қараб белгиланади.

Бошқа мисол, олимлар 367 минглик Исландия аҳолисининг аксарияти IX асрда бу оролга ўрнашиб қолган бир неча викинг гуруҳларининг авлоди эканини, исландларнинг популяцияси генетик жиҳатдан бир турлилигини аниқлади. Шу сабабли DeCode Genetics компанияси ДНК таҳлиллари асосида дастурий илова ишлаб чиқди. У йигит-қизлар тасодифан яқин қариндоши билан никоҳ қуришининг олдини олишга хизмат қилади.

Ислом таълимотига келадиган бўлсак, ушбу долзарб масала борасида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин: «(Никоҳ борасида) Узоқлашинг (бегоналашинг), соғлом бўласиз». Баъзи уламолар бу заиф ҳадис, дейди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотимани амакиларининг ўғли Алига никоҳлаб берганлар. Бошқа уламолар Пайғамбар алайҳиссалом бу никоҳдан жисмонан соғлом ва ақлан етук фарзандлар дунёга келишини билганлари учун шундай қилганлар, ҳамма гап оила қариндошлар ўртасида тузилгани эмас, балки аждодлар соғлиғига бориб тақалади, дейди. Бизнингча, мантиқан ҳам, тиббий нуқтаи назардан ҳам мана шуниси тўғри. Бинобарин, аждодларингиз орасида хавфли касаллик ташувчилар бўлмаганига ишончингиз комил бўлса, қариндошлик никоҳини тузишингиз мумкин. Худди шу хулосадан келиб чиққан ҳолда, кўплаб халқларда насл-насаб шажарасини тузиш расм бўлган ва бундай ҳужжатдан аждодларнинг соғлиғи ҳақида ҳам муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Хуллас, барча тадқиқот ва таҳлиллар никоҳ борасида имкон қадар бегоналашиш афзал эканини кўрсатмоқда. Янги қон, янги генлар бирлашиши туғилажак фарзанд жисмонан соғлом, ақлан комил бўлишини таъминлар экан. Таваккалчилик эса фақат хавф-хатар эҳтимолини кўпайтиради. Ака-ука ё опа-синглисининг қизини кўз остига олиб юрганлар, амаки-амма ё тоға-холасининг ўғлидан умид қилиб турганлар бир муддат ширин хаёлларни четга суриб, ҳар қанча эзгу бўлса-да, хавф эҳтимоли бўлган орзуларидан бир дам четлашиб, реал воқеликка ҳушёр назар билан қараши лозим. Фан-техника, юқори технологиялар бемисл тараққий этган ҳозирги замонда авлоднинг қандай ҳолда дунёга келишини аниқ билиш учун жуда катта саъй-­ҳаракат талаб қилинмаяпти. Модомики, орзу-ҳавас қилган эканмиз, унинг мукаммал ҳолда рўёбга чиқмоғи учун атрофга теранроқ қараб кўришимиз лозим бўлади.

 

Мадина МАШРАБХОН




Ўхшаш мақолалар

«Ўзларидан ортмаган» қизларнинг аччиқ қисмати  ёхуд «...вачча-никоҳ»га замонавий назар

«Ўзларидан ортмаган» қизларнинг аччиқ қисмати ёхуд «...вачча-никоҳ»га замонавий назар

🕔16:15, 07.10.2021 ✔49

Давлат хизматлари агентлиги хабарига кўра, мамлакатимизда жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида қариндош бўлган 675 жуфт келин-куёвнинг никоҳи қайд қилинган. Шундан 285 жуфти – бир-бирига холавачча, 172 жуфти – тоғавачча, 114 жуфти – амакивачча ва 104 жуфти – аммаваччалар экан.

Батафсил
ИНСОНИЯТ УСТУНИ — ОТА

ИНСОНИЯТ УСТУНИ — ОТА

🕔13:46, 27.05.2021 ✔297

Қадим замонларда адолатпарвар Саодатшоҳ ҳукмронлик қилган улусдаги бир деҳқон йигитнинг онаси қазо қилиб, ўғил отаси билан қолибди. Боз устига, ота қутуриш касалига йўлиқиб, шоҳнинг буйруғига кўра ўтда куйдирилиши керак экан...

Батафсил
120 ЁШЛИ ЎҒИЛЖОН МОМО

120 ЁШЛИ ЎҒИЛЖОН МОМО

🕔17:34, 23.04.2021 ✔643

Шовот туманининг Бешмарган қишлоғида 120 ёшни тўлдириб 121 ёшга қадам қўйган Ўғилжон момо Эшёзова умргузаронлик қилади. Момо вилоятимиздагина эмас, балки Ўзбекистондаги энг ёши улуғ инсонлардан бўлса ажаб эмас.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Ўзларидан ортмаган» қизларнинг аччиқ қисмати  ёхуд «...вачча-никоҳ»га замонавий назар

    «Ўзларидан ортмаган» қизларнинг аччиқ қисмати ёхуд «...вачча-никоҳ»га замонавий назар

    Давлат хизматлари агентлиги хабарига кўра, мамлакатимизда жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида қариндош бўлган 675 жуфт келин-куёвнинг никоҳи қайд қилинган. Шундан 285 жуфти – бир-бирига холавачча, 172 жуфти – тоғавачча, 114 жуфти – амакивачча ва 104 жуфти – аммаваччалар экан.

    ✔ 49    🕔 16:15, 07.10.2021
  • ИНСОНИЯТ УСТУНИ — ОТА

    ИНСОНИЯТ УСТУНИ — ОТА

    Қадим замонларда адолатпарвар Саодатшоҳ ҳукмронлик қилган улусдаги бир деҳқон йигитнинг онаси қазо қилиб, ўғил отаси билан қолибди. Боз устига, ота қутуриш касалига йўлиқиб, шоҳнинг буйруғига кўра ўтда куйдирилиши керак экан...

    ✔ 297    🕔 13:46, 27.05.2021
  • 120 ЁШЛИ ЎҒИЛЖОН МОМО

    120 ЁШЛИ ЎҒИЛЖОН МОМО

    Шовот туманининг Бешмарган қишлоғида 120 ёшни тўлдириб 121 ёшга қадам қўйган Ўғилжон момо Эшёзова умргузаронлик қилади. Момо вилоятимиздагина эмас, балки Ўзбекистондаги энг ёши улуғ инсонлардан бўлса ажаб эмас.

    ✔ 643    🕔 17:34, 23.04.2021
  • УНИ ОНА ДЕРЛАР...

    УНИ ОНА ДЕРЛАР...

    Халқимиз қариси бор уйнинг париси бор дейди. Дарҳақиқат, хонадонларимиз тўрида ўтирган нуроний инсонлар бизларнинг беқиёс бойлигимиздир. Улар ҳаётимиз ҳикмати, умримиз мазмунидир.

    ✔ 640    🕔 17:33, 23.04.2021
  • ҲИКМАТ

    ҲИКМАТ

    Турмуш қурганлар учун ҳам, қурмаганлар учун ҳам, турмуш қуриш арафасида турганлар учун ҳам ибратли воқеа.

    ✔ 604    🕔 17:32, 23.04.2021
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар