Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«Гапга нўноқ» сериаллар, бизга нени ўргатар?

– Ишлар яхшими?

– Яхши, хўжайин!

«Гапга нўноқ» сериаллар, бизга нени ўргатар?

– Ҳаммаси яхшими?

– Яхши!

– Яхши бўлса, яхши!

– ...

– Хў-ў-ў-ш, гап бундай, яхши ишла! Бўшашма! Яхшими?

– Хўп, яхши!..

Телеэкранда намойиш қилинаётган миллий сериалларда тунд персонажлар бир-бири билан юқоридаги каби, томошабиннинг энсасини қотирадиган даражада саёз мулоқот қилишади. Баъзида нима ҳақида гап кетаётганини тушунмайсан. Баъзан эса ижрочилар айтишга сўз тополмай бир-бирларига тикилиб туриб қолишади. Нега шундай? Ўзбек тили шу қадар ночор, дағал, маза-матрасиз сўзлардан иборатми?

Йўқ, асло! Тилшунос олимларимиз томонидан айтилган фикрларга қараганда, ўзбек тили дунё тиллари орасида сўзга бойлиги жиҳатидан юқори ўринларда туради. Чунки тилимизда қадимий сўзлардан ташқари форс, араб ва бошқа халқларнинг энг гўзал сўзлари асл ҳолида ёки бироз ўзгартирилган ҳолда ўзлаштирилган. Шунинг учун мулоқот жараёнида фикримизни ифодалаш учун бир маънони англатадиган, фалсафий жиҳатдан алоҳида мазмунга эга бўлган ўнлаб сўзлардан фойдаланишимиз мумкин. Масалан, юқорида келтирилган диалогдаги «яхши» сўзи ўрнига «хўп», «хўп бўлади», «дуруст», «маъқул», «майли», «тушунарли» ва «тузук» каби қатор ўриндош сўзларни қўлласак бўларди.

Ўзи, сериалдан мурод нима? Зериккан кимсаларнинг вақтини беҳуда ўтказишга хизмат қилишми? Бундай ғализликлар роль ижро этган актёрларнинг камчилигими ёки сценарий муаллифи, режиссёр каби масъул шахсларнинг сўзга эътиборсизлигими, деган савол туғилади. Менимча, ҳар икки томон ҳам сўзга масъул. Чунки ўтган асрда яратилган классик мақомдаги фильмларни, сериалларни яратиш жараёнида сценарий муаллифлари билан бир қаторда актёрлар ҳам жавобгарликни ҳис этишган. Сўзга, фикрга нозик дид, фаросат билан ёндашганлар. Фильмда актёр ўз қиёфаси, кўз қарашлари ва хатти-ҳаракатларини мазмунли диалоглар, мушоҳадага бой фикрлар билан баён этишган.

Ҳар қандай замонда ҳам томошабиннинг ўз нуқтаи-назари бор, у анойи эмас, ўта синчков, ўта талабчан. Бугунги томошабин ҳам бундан мустасно эмас, у ҳар бир ҳавола этилган фильмни, сериални, кўрсатувни кузатиб боради. Мўлжалига келмадими, дарров бу каналдан бошқа каналга ўтиб кетади. Халқимизда: «Севдирган ҳам тил, бездирган ҳам тил», деб бежиз айтилмаган. Шундай экан, воқеаларни экранлаштиришда синчковликка, сўзамолликка алоҳида аҳамият бериш керак. «Сўзамол» дегани биламизки, сўзга уста, гапга чечан, гапдон, деган маъноларни англатади. Биз аслида, ҳар бир персонажни сайратиб юборадиган сўз бойлигига эга халқмиз. Ўтган асрда яратилган, саҳналаштирилган ҳар бир бадиий жараёнлар бунга мисол бўла олади. Ҳатто таржима қилинган чет эл фильмлари ҳам бизнинг тилимизда аслидан-да кучли ва мазмунга бойлиги билан ажралиб турган. Устоз санъаткорларимиз ўзбек тилининг жозибасини дубляжда ҳам қойиллатиб ижро этишган.

Жамиятдаги ҳар қандай нуқсон ўқимасликдан, илмсизликдан келиб чиқади. Замонамиз «қаҳрамон»ларининг уқуви йўқ. Шунинг учун мулоқотга, сўзга нўноқ. Фильмни бошдан охиригача чайналиб-чайналиб, ўтказиб юборишади. Томошабин тасаввурида сақланиб қоладиган ҳеч гап йўқ. Тугадими, тамом – эсдан чиқади. Бундай нуқсонлар бўлмаслиги учун сериалларда сўз ўйинига алоҳида эътибор қаратиш, бир сўзнинг турли маъноларидан ёки турли маънодаги шаклдош сўзлардан, томошабинни завқлантирадиган ўйноқи иборалардан фойдаланишимиз шарт! Чунки саҳнадаги асар саёзлигига фикр саёзлиги сабаб бўлади.

Алоҳида характерга эга бўлмаган актёр бачкана ҳаракат қилади, сўз бойлигига эга бўлмаган актриса ғализ сўзлайди. Халқ артисти Раҳим Пирмуҳаммедовнинг: «Ўғлим, овқатингни емайсанми?» деган жайдари гапи; халқ артисти Шукур Бурхоновнинг: «Ўша, жаноби олийлари деган жойидан йиртиб беринг», деган кинояси; хизмат кўрсатган артист Абдурайим Абдуваҳобовнинг: «Ўзинг-чи, бировнинг ўчоқбошисида нима қилиб юрибсан?» деган қитмир сўзи зукко томошабиннинг онгига муҳрланиб қолганига йиллар бўлди.

Суҳбат асносида хаёлингизга қайсидир фильмдаги бир сўз келдими, у билан бирга актёр ҳам, унинг қиёфаси, воқеа жойи ҳам майда-чуйда деталларигача кўз ўнгингизда гавдаланади ва бир лаҳзада бутун бошли фильмни кўрган каби таассуротга эга бўласиз. ...Фойдаси йўқ ишларга бошимни қотириб нима қиламан, деган хаёлга бориб, шахсий фикрларим битилган мақолани ташлаб қўйгандим. Орадан бир ҳафта ўтиб, фикримни охирига етказиб қўймасам бўлмас экан, деган қарорга келдим.

Ўша куни кечки пайт ҳовлида сайр қилиб юрган чоғимда телевизордан яна ўша мен юқорида тилга олган ҳолат – сериалнинг давомидаги персонажларнинг мулоқоти қулоғимга чалиниб қолди: – Ало, яхшимисан, хотин! – Ҳа, яхши! Ўзингиз яхшими? – Болалар яхшими?.. – Яхши ўтиринглар, хўпми... – Хўп, яхши...

Адашмасам, кулгим қистаб, беш дақиқа орасида ўша сериалда яна ўндан зиёд «яхши» дега сўзни эшитдим. «Яхши»га бой бу сериал яна қачонгача шу тарзда давом этади, билмайман...

Хўп яхши, шу пайтгача «яхши»-дан нарига ўтолмаётган эканмиз, бундан буёғига бир гап бўлар. «Гапни гапир, уққанга!» деган халқ мақоли бор. Бизнинг холисона фикримиздан хулоса чиқарилса маъқул, бўлмаса...

Муҳиддин ОМАД




Ўхшаш мақолалар

Умид ва  ишонч билан  яна сизлар билан мулоқотни бош­ладик

Умид ва ишонч билан яна сизлар билан мулоқотни бош­ладик

🕔15:48, 14.01.2022 ✔55

Мана, 2022 йил ҳам бошланди. «Оила ва табиат» газетасининг илк сонини сизларга тақдим этмоқдамиз.

Батафсил
Чиқинди  Муаммосини  дунё қандай ҳал этмоқда?

Чиқинди Муаммосини дунё қандай ҳал этмоқда?

🕔15:37, 14.01.2022 ✔51

Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳар йили инсоният ўзидан 2 миллиард тоннадан ортиқ маиший, қаттиқ чиқиндиларни чиқаради. 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 3,4 миллиард тоннага кўтарилиши башорат қилинган.

Батафсил
Ер юзи учун энг яхши совғани сўраб қоламан

Ер юзи учун энг яхши совғани сўраб қоламан

🕔22:49, 31.12.2021 ✔73

Ҳар Янги йил арафаси кўплаб болалар қандай совға олиш ҳақидаги орзу ва тилакларини ёзиб сенга йўллашади. Сен эса мактубларни оласан ва улар кутаётгандек совғаларни улашасан.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар