Давр нафаси      Бош саҳифа

Экология соҳасидаги янги ислоҳотларда ҳар бир инсоннинг муносиб улуши бўлиши зарур

Дунёда кузатилаётган экологик вазиятлар бугун бу борада ҳар доимгидан кўра сергакроқ ёндашувни талаб этмоқда. Табиий ресурсларга инсон таъсирида етказилаётган талафотлар инсоният бошига катта офатлар келишига сабаб бўляпти.

Экология соҳасидаги  янги  ислоҳотларда  ҳар бир инсоннинг муносиб  улуши бўлиши зарур

Мамлакатимизда бу каби ноқулай ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, табиат ва атроф муҳитга зарарли таъсирларни имкон қадар камайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш мақсадида бир мунча тизимли ва самарали ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур фаолиятнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини барпо этиш масалага ёндашувнинг тўғри йўлга қўйилганидан далолат беради.

Кейинги йилларда кузатилаётган айрим масалалар, жамоатчиликни ташвишлантириб келаётган муаммоларнинг оқилона ечимини топиш ва бартараф этишга кўмаклашувчи янги ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ўзига хос аҳамиятга эга бўлди. Улардан бири – Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада амалга оширилиши зарур бўлган фаолиятни тўлақонли қамраб олишга йўналтирилгани билан эътиборлидир. Унда мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлаш ҳамда соҳада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш ишлари асосий мақсад қилинган. Қарорда Давлат экология қўмитасининг янгиланган вазифалари алоҳида белгилаб берилган. Унга кўра, мазкур қўмита экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини олдини олиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши назарда тутилган.

«Атмосфера ҳавоси, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини ўрнатиш» каби тизимли фаолият учун Давлат экология қўмитаси асосий жавобгар ҳисобланади. Қарорда бундай кенг қамровли фаолиятни амалга ошириш учун қўмита раисига бир қанча ваколатлар бериш масаласи ҳам назарда тутилган. Эндиликда қўмита раиси нафақат масъул лавозимларга малакали кадрларни ишга қабул қилиш ёки ўз вазифасини талаб даражасида бажара олмаган ходимларни ишдан озод қилиш, балки зарур ўринларда штат бирликлари ва иш ҳақи миқдорига тегишли ўзгартиришлар киритиш, хорижий ва маҳаллий мутахассис, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш ваколатига ҳам эга бўлади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ ҳудудларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларга қарши курашиш тизимини янги даражага кўтариш мақсадида «Экологик патруль» ишлаш тизимининг жорий этилиши кўпчилик учун айни муддао бўлди. Мазкур тузилманинг ҳаққоний фаолияти соҳадаги кўплаб қонунбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз.

«Давлат экология қўмитасининг маъмурий ҳуқуқ­бузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш ҳуқуқига эга ходимлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 285-моддасига асосан ҳуқуқбузарни маъму­рий йўл билан ушлаб туриш, шахсан кўрикдан ўтказиш, унинг ашёлари ва транспорт воситаларини кўздан кечириш ҳамда ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш ваколатларига эга».

Қарорга мувофиқ Давлат экология қўмитаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар фақат дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш, йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш каби бевосита соҳага оид фаолият билан чекланмасдан ер участкаларини обод ҳолда сақлаш; болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш; аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш каби бир қатор масалаларга ҳам бевосита масъул ҳисобланади. Буларнинг барчаси бугунги кунда экологик масалаларга кенг қамровли ҳамда комплекс ёндашув юзага келаётганидан далолат беради.

Айниқса, яшил ҳудудларни кенгайтириш мамлакат миқёсида катта аҳамиятга эга бўлиб турибди. Яқинда ўтказилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида сафарбарлик билан амалга оширилган ишлар ҳам шу фикримизнинг ёрқин намунаси бўла олади. Энди бошланган ушбу хайрли ва муҳим тадбирни келгусида янада ривожлантириш, тизимли давом эттириб бориш каби долзарб масала кун тартибимизда турибди. 2021 йилнинг 30 декабрида чиқарилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ана шундай фаолият учун мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини бажариши шубҳасиздир. Фармонда яшил ҳудудлар барпо этиш, уларни сақлаш ва парваришлаш, сув ва бош­қа таъминотини қилиш, масъуллар белгилаш, агротехник хизмат кўрсатиш сингари барча зарурий жиҳатлар қамраб олинган. Мазкур фармон билан бир қанча янгиликлар ва ўзгаришлар жорий қилиниши кутиляпти. Масалан, турли объектлар орасидаги ерлардан яшил майдон сифатида фойдаланиш, уларга эга, масъул ва қаровчиларни белгилаш кўзда тутилган. Шунингдек, хиёбон, истироҳат боғлари ва шу каби объектлардан олинадиган ер солиғи ставкаларига камайтирувчи коэффициентларни қўллаш масаласи илгари суриляпти. Бундай ёндашув мулкдорларга янги имкониятлар яратиши баробарида мазкур объектларнинг янада ривожланиши учун йўл очади.

Фармонда назарда тутилган яна бир муҳим янгилик ҳар бир яшил табиатнинг махсус реестри юритилишидир. Халқаро тажрибада мавжуд бўлган шундай ёндашув ҳар бир дарахтнинг махсус тарзда давлат ҳимоясига олинганидан дарак беради. Эндиликда ўтқазилган ҳеч бир ниҳол нест-нобуд бўлиб, йўқолиб кетмаслигининг мувофиқ механизми яратилади, деб бемалол айта оламиз. Ҳудудларнинг ўзига хос иқлим-тупроқ шароитларини инобатга олган ҳолда яратилаётган боғларга сарф қилинаётган меҳнат зое кетмаслигида бу механизм яхши самара беради. Дарахтларни вақтида сув билан таъминлашдан ташқари зарур бўлганда уларни қирқиб парваришлаш ёки турли касалликлардан муносиб ҳимоя қилиш масаласи ҳам жуда муҳимдир. Кейинги пайтларда тупроқ, сув, атмосфера ёки дарахтнинг ўзида пайдо бўлган турли касалликлар туфайли катта харажатлар билан ўтқазилган дарахтлар нобуд бўлаётгани ҳам кузатилди. Фармонда ҳар бир ниҳолга алоҳида масъул бириктирилиши назарда тутилган, бу эса, келажакда ҳеч бир ниҳол қаровсиз қолмаслигини билдиради. Юридик шахслар – аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарага олувчилар ўзига бириктирилган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш учун масъул этиб белгиланиши ҳар қандай ҳолатда ҳам дарахт учун парваришловчи шахс мавжуд бўлишини кафолатлаб туради. «Дарахтлар реестри»ни мунтазам юритиб бориш нафақат атроф муҳит муҳофазасида яшил оламни асраб-­авайлаш, балки шу соҳада қилинадиган илмий фаолият учун ҳам катта аҳамиятга эга.

Фармонда дарахтларга ноқонуний муносабатда бўлишга нисбатан жиддий чоралар назарда тутилган. Жарималар икки, ҳатто беш баробарга оширилиши белгиланган. Бир қарашда бу бироз шафқатсиздай туюлиши мумкин. Аммо бугун яшил табиатни, атроф муҳитни, экологияни асраб-­авайлаш, сақлаб қолиш борасида шундай талабчан йўл тутиш вақти аллақачон етган эди. Ҳар бир дарахт худди инсон каби тирик бир борлиқ эканини ақлан мулоҳаза қилиш, англаб етиш ва шунга яраша муносабатда бўлиш зарурати ана шундай жазо чоралари қўллашга сабаб бўлмоқда. Мақсад фақат қонунбузарни жазога тортиш эмас, аксинча, жамиятнинг ҳар бир аъзосида она табиатга меҳр-мурувватни шакллантириш воситасида соҳани тартибга солишдан иборат.

«Яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари» жойлашган ер участкалари уларнинг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари тасарруфида бўлади».

Бир пайтлар улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаган тарбия масаласи бугунги кунимиз учун ҳам фалокат ё саодат масаласи бўлиб турибди. Энди биз бу тарбия негизига экологик тарбияни ҳам албатта, киритишимиз зарур. Шу нуқтаи назардан, Фармонда Давлат экология қўмитасининг таълим борасидаги ваколатлари ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган. Соҳа бўйича турли мутахассислар тайёрлаш, зарур бўлганда, фаолиятдаги ходимлар учун назарий-амалий ўқувлар ташкил қилиш, энг муҳими, соҳани интеллектуал асослари мус­таҳкам бўлишини инобатга олиш олдимиздаги долзарб вазифалардандир. Бу борада жамоатчилик фикри ва назорати, давлат ва нодавлат ташкилотларининг сид­қидилдан кўрсатадиган ёрдамлари муҳим аҳамият касб этади.

Фармонда Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилиши кўзда тутилган. Зеро, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда ҳимоялаш йўлида мамлакат миқёсида олиб борилаётган ҳаракатлар шундай йўл тутишни тақозо этади. Ҳатто, ноёб бўлмаган турларнинг ҳам ҳимояси қатъий тартибда тутилаётган бир пайтда мораторийни тўхтатиш ёки бекор қилиш мумкин эмас, албатта.

Яна бир эътиборли жиҳат – мазкур фаолиятда намунали иштирок этган фуқароларни моддий рағбатлантириш механизмининг яратилганидир. Энди табиатни асраш учун жон куйдирган фидойи инсонлар ўз меҳнатларига ҳақ олиши, тақдирланиши ёки моддий рағбатлантирилиши назарда тутилмоқда. Бу эса, мазкур фаолиятга жамоатчиликни, аҳолимизни кенг жалб қилиш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлардан биридир.

«Кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган шахсларни Давлат экология қўмитаси томонидан «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш амалиёти жорий этилади».

Мазкур икки ҳужжат экология ва атроф муҳит, айниқса, яшил ҳудудлар масаласида катта ижобий ўзгаришлар яратиши кўзланмоқда. Бунинг учун белгиланган масъуллар билан бир қаторда бутун халқимиз, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси бундай истиқболли, глобал ва хайр­ли ишга ўз ҳиссасини қўшиши лозимдир. Ислоҳотларнинг ҳаётимизга татбиқ этилишида ҳар биримизнинг муносиб улушимиз борлигини ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз зарур.

 

Камол ЖУМАНИЁЗОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси

Марказий Кенгаши раиси ўринбосари,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати




Ўхшаш мақолалар

 Экологик муаммоларнинг  миллий ечими

Экологик муаммоларнинг миллий ечими

🕔16:15, 21.01.2022 ✔28

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Батафсил
Экология соҳасидаги  янги  ислоҳотларда  ҳар бир инсоннинг муносиб  улуши бўлиши зарур

Экология соҳасидаги янги ислоҳотларда ҳар бир инсоннинг муносиб улуши бўлиши зарур

🕔15:49, 14.01.2022 ✔51

Дунёда кузатилаётган экологик вазиятлар бугун бу борада ҳар доимгидан кўра сергакроқ ёндашувни талаб этмоқда. Табиий ресурсларга инсон таъсирида етказилаётган талафотлар инсоният бошига катта офатлар келишига сабаб бўляпти.

Батафсил
Янги йилга ЯНГИ ҒАЛАБА билан:  Ўзбекистон фарзанди Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпиони бўлди!

Янги йилга ЯНГИ ҒАЛАБА билан: Ўзбекистон фарзанди Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпиони бўлди!

🕔22:57, 31.12.2021 ✔79

Ҳар бир ота-она, бобо-буви, хуллас ҳар биримиз фарзандимизнинг ютуқларидан қувонишни, унинг улкан муваффақиятлар билан дунёни ҳайратга сола оладиган инсон бўлишини орзу қиламиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар